Жаҳонгир Муҳаммад

КАРИМОВНИНГ КИРДИКОРЛАРИ

45. Аёлларга қарши кураш

Аёллар ҳам  Ўзбекистонни тарк этишмоқда. (Хабарлар оқимидан).

1990 йиллар бошида Президент девонида Дилбар деган бир қиз ишларди. Фамилияси ёдимда йўқ. Зеро уни тўйга таклиф қилиб келганида кўрганман, холос. Дилбаргина қиз эди, уни жуда бахтиёр бир қиёфада кўргандим. Аммо орадан кўп ўтмай, бу қиз “ўз жонига қасд қилгани” ҳақида эшитдим.

Ҳеч ким тафсилотини “билмас” ва ҳеч ким бу ҳақда гапиришни истамас эди.

Ўшанда президентга бир муддат котиба бўлган ва гўзаллиги билан ном чиқарган Муҳаббат деган қизнинг бошига ҳам турли савдолар келгани ҳақида гап очилиб қолганда, Каримовга маслаҳатчи бўлган Бахтиёр Назаровнинг гап орасида׃
-Оқсоқол аёллардан нафрат қилади, лекин рашки ёмон,-дегани ҳалига қадар мени ўйлатади.

Дарҳақиқат, Каримовнинг ёнида аёллар деярли кўринмас эди. Иккита котиби ҳам эркак эди. У бошқаларга ҳам ўз йўлидан юришни ўз “ибрати” билан “тавсия” қиларди.

Талантли, бир неча тилларда эркин гапира оладиган Лола Ҳатамова ўшанда тележурналист сифатида бутун элга танилган эди. Уни Вице президент Шукрулло Мирсаидов Вазирлар маҳкамасига Матбуот котибаси этиб ишга олгач, “Каримов ўзбекка уйланмоқда” дея гап тарқалиб қолди. Истеъдод соҳибаси Лола Ҳатамова бу миш-мишнинг қурбони бўлди ва Каримов уни қувғинга солди.

Ўзбекистоннинг биринчи Ташқи ишлар вазири аёл эди. Шаҳло Насимовна Маҳмудова. Истараси иссиқ бир аёл эди. Бир неча ой ҳам вазир бўлмади. Эшитсак, у Каримов билан коридорда ёнма-ён кетаётганда, гиламга тўқнашиб, йиқилиб тушибди. Бўлган гап шу. Каримов уни ишдан қувди…

1990 йилларнинг бошида Хоразм вилоятини бир семиздан келган аёл бошқарар эди. Номи ёдимга тушмади. Бир куни Каримов Олий кенгашнинг кичик мажлислар залига вилоят раҳбарларини чақирди, мажлис бошлаётганди, ҳалиги аёл нимадир сўради. Шунда Каримов уни шундай буралаб сўкдики, у гапларни асло ёзиб бўлмайди. Ҳатто эркаклар ҳам уялиб бошларини эгиб қолдилар. Кўп ўтмай у аёлни ҳайдаб, ўрнига Маркс Жуманиёзов деган одамни тайинлади. Шу аёл нима бўлиб кетди, билмайман.

Олий Кенгашда Каримовни президент этиб сайлаш масаласи кўтарилганда, ўзбекнинг фидойи аёлларидан бири Тойиба Тўлаганова минбарга чиқиб, қарши бўлганди.

У биринчидан, якка номзод кўрсатилишига қарши эканлигини айтган бўлса, иккинчидан, Каримовнинг яккаҳокимлигини ва унинг демократияни ҳазм қила олмаслигини далиллаганди.

Тойиба Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг биринчи котиби аёлларга нисбатан шавқатсиз эканлигини фош этганди. У Каримов мансабга келиши билан партия ва ҳокимият тизимларидаги хотин-қизларни ишдан қувишга тушганини айтганди. Кейин ҳам у Каримовнинг камчиликларини қўрқмай танқид қилиб юрди.

Каримов эса “Аёллар-товуқмия, бу гаплар Тойибадан чиқмайди, унинг ортида турганлар бор” дея Тойибани Парламент минбаридан туриб камситиш баробарида бутун аёлларга паст назар билан қарашини 1990 йилдаёқ ўртга қўйганди.

Тойиба оддий халқ дарди билан ёнган ва оддий халқ учун елиб югурган, ўнта эркакнинг жасоратини ўзида мужассам этган инсон эди. Каримов ҳокимиятда зарпечак отиб олгач, дастлаб Тойибани Олий Кенгашдан четлаштирди ва кейин норасида болаларнинг онаизори сирли равишда оламдан ўтди.

Бундан тўрт йилча аввал Тойибанинг сирли ўлими ҳақидаги саволларга жавоб қидириб, суҳбатлашар эканмиз, 1990 йилларнинг бошида Халқ депутати бўлган ва кейин Каримовнинг зулмига учраб, Америкага келган Ҳалима Усмонова׃
-Мен Каримов сайланиши учун кўп югурганман. Аммо у мени Мирсаидовнинг одами деб шу қадар қийнадики, ҳатто менга сув бермай ўз сийдигимни ичиртирди,-дея юм-юм йиғлаб бошидан ўтганларни радиога гапириб берганди.

Ҳалима опа АҚШда бир неча марта юрак хуружига учради ва шу дард чангалида Айдаҳо штатида оламдан ўтди…

Мисолларнинг сон саноғи йўқ…

Бу Каримовнинг 17 йилдан бери этиб келаётган зулмининг кичик бир кўриниши…

3.12.2006
(ДАВОМИ БОР).

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: