Сиёсий сатира: Нофизийдан нома(63)

ҲАРАКАТда “БАРАКАТ”

“Баракат” дегани бу Яқин Шарқ томондаги Баракат эмас,   бу Себзордаги “Барак”, “кўки” бору ўша.  Уни илгари “Франклин” дейишган, ҳозир “Барак”. Бугун устида Баракнинг расми бўлмаса ҳам, бизникилар келажакни кўра оладилар, келажакда долларнинг хўрози Баракнинг расми туширилгани бўлади. Унга қўшимча “ат” эса “аттач”нинг қисқаргани. Ҳалиги хатга илова бору, ўшада “аттач”. “Барак”ка  “аттач” , яъни кўкига ёпишганлар, ҳаммаси биргаликда-“Баракат”.

Ану куни “Озодлик”да арслон шоир Юсуф Жуманинг “Ўзбеклигимдан ор қиламан” деган гапини эшитиб, аввалига хафа бўлдим, кейин қойил қолдим, бу одам қамоқда ўтирса ҳам ҳамма гапни билар экан. Маладчина! Гапни кўзири шу!

Мана мен ҳам катта қамоқда. Лекигин ҳамма нарсани кўриб турсам ҳам, қўл силтайман. Масалан, сиёсат дегани  ҳаракатдан келадиган  “БАРАКАТ” дегани. Биламан, аммо гапирмайман. Юсуф Жумани эшитиб, учини чиқаришга қарор қилдим.

Биласиз, ҳамманинг хаёлида битта нарса-“кўки”ни қандай қилиб чўнчакка уриш. Чунтиролдимми гап нимада?

Укеметдагилар океаннинг нарёғидан келадиган ёки олинадиган “кўки”ни ўйлаб ухлайдилар, туш кўрадилар, уйғонадилар ва ҳаракат қиладилар. Гуличка ва Лоличканинг ҳам саждагоҳи шу! Уларнинг “соя”лари ҳам шундай, ўхшамаса учрамас!

Механизм эса жуда оддий. Аввало битта тадбир ўйлаб топасиз. Масалан, “Қамоқдагиларнинг ҳақларини ҳимоя қиламан”. Бўлмади. Сийқаси чиқиб кетди. Неча марта ишлатиб отдингиз буни. “Миршабларни инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилишга ўргатаман”. Бўлмади. Укемет бу сигирни соғиб қаймоғини ҳам ялаб юборди. “Укуметни ағдараман”…  Во! Топилди. Долзабр! Международний класс!

Лекин “кўки”ни қуртдай санаб беришмайди. Арабча ўйнашга тўғри келади. “Тинг-тинг, тинг” ..чапга бир, ўнгга бир… салламно-салламно… “Ҳабиби, оҳ, ҳабиби!” Худди олдингисга ўхшатиб маҳорат билан ижро этасиз.

Бугунгача эсимиздан чиқмайди: “Калинка, калинка мая”ни қандай боплардингиз? Кейин “Шиқидим, шиқидим, янар, дўнар, ажайибсан”га рақсни ҳам михлаб ташлагандингиз. Энди “Ҳабиби, оҳ, ҳабиби!” ни ҳам думба ўйини билан мақомига етказсангиз, бас!

Сиёсат-думба ўйини… Бу ишда ҳамма олдиндагини итаради. Аммо олдиндаги ҳаммадан айёр. Айёр бўлмаса олдинга ўтадими? У орқадагиларни итаради. Хуллас, итара-итар, лекин натижа ҳолваитар.  Ҳамма хурсанд. “Ҳабиби, оҳ, ҳабиби!”

Хуллас, аввал тадбирни топасиз. Топдингиз. Баландпарвоз бўлиши керак. Кейин унга ном қўясиз. Бу энди осмон эмас, юлдузга яқин ном бўлсин. Ўшанда “Барак”нинг бир қисмини беришади. Уни учга бўласиз. Ўнг чўнтак, чап чўнтак ва атрофингиздаги анқовлар. Ҳар битта анқовга яна бештадан анқов топишни айтасиз. Уларга икки бармоқнинг ўртасидан кўринадиган “бешмармоқ” етарли.

“Бешмармоқ” дегани бешта хўрозқанд:

1.Бепул саёҳат

2.Бепул чипта

3.Бепул турар жой

4.Бепул овқат

5.Бепул сўлак

Охиргиси ихтиёрий. Уни истайдиганлар чиқиб қолса меҳмонхонага таклиф қилиб, сийлайсиз.

Атрофингиздаги ўз анқовларингиз ура-урачи бўлсин, уларнинг тагини доим кўкидан ёқилган гулхан билан қиздириб туринг, бўлмаса овозларини йўқотадилар, гўнг, йўғ-е, гунг бўлиб қоладилар. Шундай қилсангиз, тамом ҳамма ёқ ватаванг. Ҳа, айтганча, тадбирга у ёқ- бу ёқдан оти отникидай бўлган бир иккитасини ҳам чақирасиз. Шунақалар кўп. Улар ҳам сиздан ейди, ҳам бошқа ёқдан. Ҳам иш қилади, ҳам ғиш (т).

Шундан кейин бу тадбирни бошқа жойларга ҳам сотасиз. Бу вақт олади. Аммо “Барак” эмаклаб келаверади. Икки йилга борар-бормас мисингиз чиқа бошлайди. Бу пайт атрофга яхшилаб қаранг. Маска кийиш керакми, галстуй тақиш керакми, соқолли бўлиш керакми ёки бесоқоллик афзалми, аниқлаб олинг. Анқовлар нима ҳақда кўп гапирмоқда ва нимага кўпроқ ишонмоқда. Темирни иссиғида ўша жойга босинг, яна ютиб кетасиз, каттароғини. Ишончини арзонга сотволиб, қимматга пулланг. Сиёсий савдогарликнинг олтин қоидаси бу.

Шу ишни уддалай олсангиз сиз  савдогар-сиёсатчи, ҳамма сизга ишонади, ҳамма сизни гапиради. Сизни сўкканлар ҳам бўлади. Бўлмаса ўзингиз  ўзингизни сўкинг. Қанча кўп сўкилсангиз  шунча яхши.. Ҳатто “Барак” ҳам сўкилганнинг ёнида, унга “таважжу”  қилади. Сизга зотан шу керак эмасми?

Эсингиздан чиқдими, сайловда бир пачка чой бериб овоз сотиб олишарди? Сиз ундан ҳам арзонга олдингиз. Қандингизни ураверинг, тишингиз синмасин, пака сотилувчилар бор экан, сотиб олаверинг! Сиз ахир сиёсатчи-лидер, шундан кун кўрасиз, бошқа келадиган “тешик” йўқ. Бошқаларга ҳам бошқа келадиган “тешик” бўлмагани учун “бешмармоқ”қа  қараб ҳаракат қиладилар.

Хуллас, ҳаракатда “Баракат”…

Нофизий, Тошкент.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: