Жаҳонгир Муҳаммад

КАРИМОВНИНГ КИРДИКОРЛАРИ
43. Фолбинлаштириш

Каримов уч йилдан кейин ўлади. (Украинада яшаётган ўзбек фолбиннинг башорати).

1990 йилларнинг бошида бир кун Президент девонига кириб келаётганимда, ўрта бўйли, семиз бир одамга дуч келдим. Танимадим. Аммоуменитанирэкан׃
-Ассалому алайкум Жаҳонгир ака,-деди менга қўл узатар экан, худди деворлардан қўрқаётгандек атрофга аланглади. Атрофда ҳеч кимйўқлигига ишонч ҳосил қилиб, сўзида давом этди׃
-Сиз мени танимайсиз, аммо мен сизни яхши биламан, сиз ҳақингизда ҳам фол очганман…
Негадир ўша пайтга қадар фолбинлар фақат аёл бўлади, деб ўйлар эканман. Фолга ва фолбинларга ишонмаганим учун ҳам бу соҳага қизиқмаганман. Шунинг учун эркак кишининг “Мен сизга фол ҳам очганман” деган гапи эриш туюлди в агапни чўзмадим. У эса׃
-Келажакда менинг хизматим керак бўлса, бош устига,-деди қўлини кўксига қўйиб. Кейин пичирлаган оҳангда׃

-Ўзларига ҳам фол кўрдим,-деди бармоғини юқорига ишора қилиб ва қаддини ростлаб ташқарига чиқиб кетди. Юқорида эса Каримовнинг кабинети.

Бу кичик воқеа бўлсада, хаёлимда бир қанча саволлар уйғотди. Бу одам агар фолбин бўлса ва Девонга чақирилган бўлса, нега бир ўзи чиқиб кетмоқда? Уни кимдир олиб келган ва кимдир кузатиб қўйиши керак эмасми?

Иккинчидан, у қандай қилиб Девон ичидаги йўлларни билади? Агар билмаганда ўзини бу қадар эркин тутармиди?

Ўшанда Девонда ишлайдиган жиззахлик бир кишига бу ҳақда гап очдим. У Девонга бир фолбин ишга олинганини эшитганини айтди. Девонда биров бир нарсани аниқ билса-да мана шу нарса шундай деб айтмайди. Фақат “эшитдим” деб айтилади.

Масалан, Каримов Самарқанд вилоят ҳокимини ишдан олмоқчи. Буни билган одам дарҳол танишига “Эшитиб қолдим, Нурмуродов кетди”, дейди. У одам дарҳол бошқа танишига югуради. Учунчиси ичкарида гапиришга қўрқиб дўстини чойга бошлайди. Шу зайл ҳар қандай гап девонда тез тарқалади. Ҳамма ўзини ҳамма нарсадан хабардор қилиб кўрсатишга уринади. Шунинг учун ҳам мен танишимнинг “эшитдим” деганидан “Девонга бир табиб ишга олинди”, деган хулосага келдим.
Жиззахлик танишим яна׃
-У наманганлик экан, эшитишимча ҳамма айтганлари тўғри чиқаётганмиш,-деди.

Орадан қарийб бир йил ўтиб, ҳалиги наманганлик фолбинни Девон ҳовлисида кўриб қолдим. У энди жуда совуқ кўришди. Тўғрироғи, менинг саломимга аранг алик олди.

Демак, мен Ўзбекистондан кетиб қолишимни у ўша вақтда билган. Йўқ. Менимча, у ўша вақтда мени қамалиб кетади, деб ўйлаган. Балки фол кўрдим, шундай чиқди, деб бировга айтган бўлса ҳам не ажаб? Лекин Каримов унга нимадир деганини англадим…

Бир куни Каримов москвалик бир фолбинни чақирганини айтиб қолишди. Жуда зўр эмиш. Ҳамма гапни олдиндан билар ва айта олар экан. Ҳатто Каримовга қарши давлат тўнтариши қилмоқчи бўлганларни ҳам айтиб берган эмиш. Бу гапни менга айтган одамга “Наҳотки сиёсат фолбинларнинг айтганига қараб қолди?” деб жавоб қилдим. У одам Девонда жуда нуфузли эди ва ҳалига қадар ҳам нуфузини йўқотгани йўқ.
У׃
-Эртага ўша фолбин Ички Ишлар вазирлиги биносида саноқли одамларга фол очади, бир синаб кўринг, сиздан нима кетди, мен ҳам бораман, истасангиз оилангиз билан келинг, мен ҳам оилам билан бораман, чунки у фолбин биргаликда кўриши керак экан,-деди.

Мендан нима кетди, дедим-да умр йўлдошимни олиб, ҳалиги одам айтган жойга бордим. Биргаликда кирдик. Фолбин бир аёл экан. Бизни қатор қилиб қўйиб, электрни ўчириб, кичик бир шамни ёқди. Кейин бир нималар деб бизни ухлатишга уринди. У бизни ухлатиб, келажагимизни кўрар эмиш. Бу фолбин эмас, гипнозчи бўлса керак, деб кулгим келди. У роса уринди, аммо уйқум эмас, негадир кулгим келаверди. Охири у׃
-Сизнинг елкаларингизда фаришталарингиз бор экан, менга ҳужум қилиб, йўл бермаяпти,-деди.

Шу билан бизга жавоб бўлди. Аммо бошқалар унинг кучли эканлигини анча гапириб юришди.
Кейин Каримовнинг фолбинларга жуда ишониши ҳақида ва у “фолбинман” деган одамни ҳузурига чақириши тўғрисида кўп эшитдим. Бугун бу гапнинг қизиғи йўқ. Чунки бутун Ўзбекистон фолбинга ишонадиган бўлиб қолди. Диктатура шароитида Худога ва ҳукуматга ишонмаган одамлар фолбинга ишонадилар. Деярли ҳар бир қишлоқ ва шаҳарнинг ўз фолбинлари бор ва уларнинг эшиги ёнида турнақатор одамлар туришади.

Яқинда Тошкентдаги танишимдан мактуб олдим. Унинг ёзишича, шу кеча-кундузда мамлакатдаги фолбинлар Каримовнинг қачон ўлишига жавоб қидиришмоқда.

Гап шундаки, Украинада бир ўзбек фолбини бор экан. У Украина президенти Юшченкога сайловдан олдин заҳарланиши, аммо барибир президент бўлишини айтган ва бу тўғри чиққач, унинг яқин дўстига айланган экан. Ана шу ўзбек фолбин׃
-Ислом Каримов уч йилдан кейин, йилнинг биринчи ярмида тўсатдан ўлиб қолади,- деб айтибди.

Айтганлари тўғри чиқадиган бу фолбиннинг башоратини Юшченко МДҲ лидерларининг яқинда Киев учрашувидан кейин “Соғлигингизга қаранг”, деган маънода Каримовга етказибди.

Шундан бери Девондаги фолбинлар украиналик ҳамкасбларининг башоратини ёлғонга чиқаришга уринишаётган экан. Улар бунинг йўлини топа олишмаган шекилли, вилоятлардаги бошқа фолбинлар ҳам бу ишга сафарбар этилган.

Уларнинг кўпчилиги Украинадаги фолбинга тан беришиб, унинг Каримовдан кейин ўрнига у жуда ҳам қўрққан 19 кишидан бири келиши мумкинлигиниайтганига ҳам ишонишмоқда.

Бу хабарни менга етказган танишим катта бизнес бошламоқчи эди. Негадир ишни орқага ташлабди. Сабабини суриштирсам׃
-Уч йилдан кейин…,-деди.

Мен уни тушунгандек бўлдим, лекин ўйланиб қолдим. Балки бу ҳам Каримовнинг кашфиёти бўлса-чи? Буни эшитган одамлар “Яна уч йилгина қолибди, чидаймиз-да”, деб ҳамма нарсага кўз юмишлари ҳам мумкин-да. Лекин…

Дам олиш куни АҚШдаги Атлантик Ситига бордик. Океан бўйидаги тахта тўшалган йўлдан юрарканмиз диққатимни ўнлаб фолбинхоналар тортди. Фолнинг ҳам ҳар турлиси бўлар экан. Аммо энг кўпи мусулмон дунёсидаги мамлакатларнинг номи билан боғлиқ. Масалан, биттасининг пештоқига “Мисрчасига фол очиш” деб ёзилган. Ичкарида ўтирган жувон ҳам мисрлик. Қизиқиб қараганимиздан фойдаланиб, у бизни қўярдақўймай хонасига чақирди. Ҳалиги Тошкентдан келган хабар ёдимга тушди ва׃
-Фақат битта савол бор, биз диктаторимиздан қачон қутуламиз ва мен Ватанга қачон қайтаман?,-дедим.

У қўлимни ушлаб туриб, гапни ҳар томонга олиб қочаётган эди, биз дарҳол у билан хайр-хўш қилдик. Аммо у юзимга қараб туриб׃
-Диктаторинг уч йилдан кейин кетади, ҳов нарёққа,-деди.
Тасодифни қаранг!
12.06.2006

2011 йил қўшимчаси: Фолбинлар хато қилишди. Диктатор тирик. Лекин қачонгача?
(ДАВОМИ БОР).

One Response

  1. Жаҳлонгир ака, менимча “фолбинлаштириш” Каримовнинг кашфиёти эканлиги тўғри. Лекин ундан нотўғри хулоса чиқармаслик керак. Кимнинг қачон, қаерда, қай ҳолатда ўлишини ёлғиз Аллоҳ билади. Фолбинлар эса ўз жинларига таяниб, оғзига келганини гапираверади. Уларнинг айтганлари қисман тўғри чиқиб қолиши ҳам бир Аллоҳнинг бир синови, шу соҳага эътиқод қўйганлар учун алдамчи бир фитна деб тушуниш керак. Бу борада Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам : “Кимки бир фолбинга бориб, унинг айтганларини тасдиқласа, Муҳаммадга туширилган нарсани инкор қилган бўлади(яъни кофир бўлади)” деганлар. Бу билан мен сизга ақл ўргатиш, ёки сайтингизни диний минбар қилиш фикридан йироқман. Шунчаки, биз мусулмонлар ўз эътиқодимизда собит туришимиз лозимлигини айтиб ўтмоқчиман. Каримовнинг ҳокимиятдан кетиши, ёки ўлишини тўғриси мен ҳам жуда истайман. Лекин бунинг учун фолбинлардан эмас, Аллоҳдан мадад сўрашимиз ва ўзимиз ҳам ҳаракатда бўлишимиз лозим.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: