Жаҳонгир Муҳаммад

ia5.JPG

КАРИМОВНИНГ КИРДИКОРЛАРИ

40.ҲАММА НАРСАНИ ЎЗИНИКИ ҚИЛИШ

Ўзбекистонда ит ҳуриши учун ҳам диктатор Каримовнинг изни керак. (Халқ орасидаги гаплардан). 

“2006 йилнинг 1-Ноябр куни Каримов В.Чкалов номидаги Тошкент Авиация ишлаб чиқариш бирлашмасининг бош директори Вадим Кучеровни ишдан олди. Унинг ўрнига бош вазирнинг собиқ ўринбосари, сўнгги вақтларда бош вазир маслаҳатчиси лавозимида ишлаб турган Ўткир Султоновни тайинлади”.

Бу хабар чиқмаган ва айтилмаган жой қолмади. Аммо ҳеч ким “Нега бу ишни Каримов бажарди, бу унинг ваколатига кирадими, йўқми?”,  деб сўрамади. Бу табиий. Чунки одамлар ҳожатхона қоровулини ҳам Каримов тайинлаб, Каримов ишдан олишига кўникиб қолишди.

Тошкент Авиация бирлашмаси аслида акциядорлик корхонаси бўлиб, раҳбарни пайчилар тайинлаши ва пайчилар сайлаши керак.  Аммо бугун Ўзбекистонда ҳамма нарсанинг аслига эмас, васлига қарамоқ керак. Қуйидаги уч мисолнинг ўзиёқ кўп нарсани ойдинлатади.

…Ўзбекистон телевидениесига раҳбар сифатида иш бошлаганим кунларимда эрталаб мажлис ўтказаётган эдим, ҳукумат телефони жиринглади. Олсам, бир киши жуда юмшоқ салом-аликдан кейин׃

-Мен Салим бўламан? Юлдузхоннинг концертларини тез-тез бериб турсангиз,-деди.

-Ким?-дедим.

-Салим, наҳотки эшитмаган бўлсангиз? Салимбойвачча ҳам дейишади…

-Биз мажлисдамиз. Қолаверса, Салим деган одамни танимас эканман, аммо истагингиз учун раҳмат,-дедим-да телефон гўшагини жойига қўйдим.

Қарасам, менинг ёнимда ўтирган Элбек Мусаевнинг ранги оқарган. Парво қилмай мажлисни ўтказдим.  Мажлисдан кейин Элбек ака менга насиҳат қилган бўлди ва Салим деганга ўхшаганларнинг юзига телефонни бекитмаслик кераклигини айтди.

-Мен телефон дастасини атайлабдан қўйганим эмас. Гап битгач ҳам телефон гўшагини тутиб турмайсиз-ку! Истаган одам, ҳар бир томошабин телевидениега телефон қилиши, хат ёзиши ва ўзи истаган санъаткорнинг кўпроқ чиқишини талаб қилиши мумкин,- дедим.

-Аммо Юлдуз Усмонова Салимбойваччанинг изнида. У айтган тўйга боради ва у айтган ишни қилади. У ҳам ўз навбатида ёрдам қилади…

Менинг диққатимни бу масала эмас, балки унинг ҳукумат телефонидан қўнғироқ қилгани тортганди. Хаёлимдан икки фикр ўтди. Мафия ҳам ҳукумат телефонига эга ёки ҳукумат ичидан кимдир ўйин қилмоқда…

Бошқа куни айни телефондан Ислом Каримов қўнғироқ қилиб қолди. Совуққина салом-аликдан кейин русчалаб׃

-Нега Ҳалимани бўшатдингиз?-деди.

Мен ўзбекчалаб жавоб қилдим:

-Ҳалимахонни бўшатганим йўқ. У сатрларни ҳижжалаб ўқигани учун дикторликдан Ахборот бўлимига мухбир сифатида ўтказдим. Дикторлар ўзбекчани яхши билишлари ва яхши гапиришлари керак…

-Менга киноя қилаяпсизми? Бунақа ўзбошимчаликка чек қўйинг ва бугун Ҳалима “Ахборот”да чиқсин!,-деди Каримов.

Гапнинг очиғи ўшанда Салим мафия Каримовга нисбатан анча дуруст одам экан, деб ўйладим.

Биринчидан, дўқ урган эмас, иккинчидан, талаб қўйган эмас, учинчидан, шунчаки истак билдирди. Агар мафия дегани шу бўлса, демак  қўрқмаса ҳам бўлади, деб ўйладим.

Аммо Каримовнинг ўзбекча ёзувни ҳижжалаб ўқиб жонга теккан, ўз вазифасига лойиқ бўлмаган оддий бир дикторни бошқа ишга ўтказганимга аралашганидан жуда хафа бўлдим. Ахир у Президент ва катта мамлакатнинг катта вазифалари билан шуғулланиши керак.

Йўқ. Аслида мафия у эди. Дикторлар ўша кезда казо-казоларнинг “томорқаси” деган гаплар юрарди. Рост экан, деб ўйладим. Менимча, казо-казоларнинг эмас, Каримовнинг “томорқаси”  бўлишган. Акс тақдирда мендан кутилмаган жавоблар олиши мумкинлигини билгани ҳолда Каримов бунақа муомала қилмасди. Мен унинг “томорқаси”га ҳамла қилгандек кўриниб, жаҳли чиққан.

Мен ҳам ўчакишиб Ҳалимахонни қайтармадим, Каримов ҳам бу масалада бошқа телефон қилмади. Унинг “Ҳап, сеними?” деб кин сақлайдиган одати бор. Буни ҳам кин дафтарчасига ёзиб қўйган бўлса, не ажаб?! Телевидениедан тез кетганим учун Салимбойвачча билан ҳам қайтиб гаплашмадим, лекин мен кетгандан кейин Ҳалимахон дикторликка қайтди, у ҳижжалаб ўқишда  ва Юлдузхон ҳар оқшом оинажаҳоннинг юлдузи бўлишда давом этдилар.

…Ўзим депутат бўлиб сайланган Жомбой тумани марказида китоб базаси бор эди. Унинг директори жуда яхши бир одам эди. Бир куни уни бўшатиб, ўрнига туман раҳбарининг “одами”ни тайинлашмоқчи бўлишибди. Ҳар ой бир марта Жомбойда қабул куни ўтказардим. Ана шу директор зорланиб келди׃

-Бу ерда фойда йўқ. Китоб савдосидан қандай фойда келсин? Мени бўшатиб, бошқа иш берса майли эди, аммо бекор қолдиришмоқда,-деди аризасини узатиб.

Бу одамнинг гапига кулгим келди. У жойни биламан. Номи база, аммо бир катта хонадан иборат омбор. Ичида кичкина ойнаванд хоначада директор – яъни омборчи қишда музлаб, ёзда нафаси қайтиб ўтиради. Китоб келса, тушириб олади, дўконлар ва кутубхоналар учун  юклашга ҳам ёрдам қилади. Чунки кўп ҳолларда аёллар келишади. Аммо номи улуғ-директор. Лекин бундай жойдан бўшатганига зорланишга ҳам арзимайди. Шунда ҳам индамадим-да ёнимда ўтирган ижроком раисига қарасам, елкасини қисди. Директорнинг аризасини олиб, унга бераман десам, олмади.

Туман раҳбарининг “одами” тайинланаётган жойга ижроком раиси аралаша олмаслигини айтди. Мен хатни вилоят ҳокими Пўлат Абдураҳмонов номига жўнатдим. Тошкентга келсам, бир-икки кундан кейин Каримов телефон қилди׃

-Биз келишганмиз, депутатлар одамларни ишга тайинлаш ва бўшатиш ишларига аралашмайди,-деди ва омборчи ҳақида гапира бошлади.

Мен унга қабулимга келган ҳар қандай кишини эшитишим шартлигини ва уларнинг аризаларини ҳокимият идораларига юборишга ҳаққим борлигини айтишга ҳаракат қилдим. Ниҳоят Каримов׃

-Ўша жой сизга керак бўлса, мана манга айтинг, ўзим сиз айтган одамни тайинлаб бераман,-деди.

Шунда кўз олдимга Олий Кенгашдаги вазият келди. Сўзга чиққан депутатлар Каримовдан йўл қурилишига ёрдамдан тортиб, янги трактор олишгача бўлган майда-чуйдаларни сўрашарди. Ҳатто 7-сессиядан кейин Каримов билан депутатлар орасида протокол тузилганда ҳам бир қанча депутатлар катта сиёсий масалалар қолиб кетиб, ана шундай майда-чуйдалар борасида ёрдам сўрашгани ҳалига қадар кўз олдимда.

…Бир куни таниқли адиб Мамадали Маҳмудов чойга чақирди. У Маданият фондининг раиси эди ва шу фонд меҳмонхонасида Туркиядан келган ишбилармонларга чой бераётган экан. Шу ерда танишганим-эртасига Туркияга жўнаб кетаётган ишбилармон, Туркистон дарди билан ёнган бир турк׃

-Бугун дунёга хом-ашё сотсангизлар бирларинг икки бўлмайди. Тайёр маҳсулот сотиш керак. Пахтани шу ернинг ўзида қайта ишлаб, маҳсулот қилиб сотилса, бир неча баравар фойда кўрилади. Халққа иш бўлади, пул бўлади, келажак бўлади. Бизнинг буни йўлга қўйиш учун пулимиз ҳам бор, техникамиз ҳам, одамларимиз ҳам. Сурхондарёда бир тўқимачилик комбинати қурмоқчи эдик. Вилоят ҳокимияти, вазирликдан рухсат чиққан. Ҳукуматда ҳам Жўрабеков даражасида гаплашганмиз.

-Ундай бўлса бошлайвериш керак,-дедим мен орага гап қўшуш учун, аслида эса, гап қайси томонга кетаётганини англаб тургандим.

-Аммо Каримовнинг хонасидан ҳужжатларимиз чиқмади. Икки йилдан бери кутдик. Қачон сўрасак, “Ишлари кўп, ҳали навбат келмади”, дейишади. Бу аҳволда ватанни тузата олмайсизлар. Ҳамма нарса битта одамга боғланса ва битта одам ҳамма нарсани ўзиники деб билса, оддий бир ишхона очиш учун ундан йиллаб изн кутилса, бу мамлакат минг йил орқага кетади ва охирида чўкади!-деди оғир хўрсиниш билан.

Бугун ўша туркнинг гапларини бот-бот эслайман ва у қанчалик ҳақ бўлиб чиқди.

Турк ишбилармони айтгани каби Ватанни тузата олмадик, ҳамма нарса битта одамга-диктаторга боғланиб қолди, мамлакат орқага кетди ва чўкди! Чўкканда ҳам жуда ёмон чўкди.

30.10.2006

(ДАВОМИ БОР).

%d bloggers like this: