Жаҳонгир Муҳаммад

КАРИМОВНИНГ КИРДИКОРЛАРИ

39. МУТТАҲАМЛИК

Одил Ёқубов 80 йиллик юбилейида унвон олмади. (Хабарлар оқимидан).

1992 йилда ёзилган “Ламбада” сарлавҳали мақоламда янги қабул қилинган Конститутция муносабати билан Тошкентдаги “Наврўз” ресторанида ўша йили 8 декабр оқшомида берилган зиёфатда ўзбек зиёлиларининг демократларга қарши қатағонлар бошлатган Каримовга хушомадлари ҳақида ёзгандим.

Унда қуйидаги сатрлар бор׃
…Саид Аҳмад эса ҳали сўзларида давом этмоқда эдилар.
-Муҳтарам президентимиз Ислом ака Каримов мустақиллигимизни эълон қилган паҳловон халқимизнинг Алпомиш ўғли, умидларимизнинг ёрқин шўъласидирлар. Мана, яна у кишининг дадил ва жасоратли одимлари билан юртимизнинг янги Бош қонуни қабул қилинди…

Саид Аҳмад бисотидан териб – териб ҳамду сано ёғдиргани президентни шод қилди. Аммо Одил Ёқубов янада жозибали, янада образли нутқ ирод этди:
-Ўзбекистон ярадор, мажруҳ бир от, тўғрироғи тойчоқ эди. Рус мустамлакаси пайтида эзилган бу тойчоқнинг кўзлари ёш, дарди оғир эди. Ислом Абдуғаниевич унинг ёшларини авайлаб, ёлларини тараб, силлиқлаб, ярасига малҳам босиб парваришладилар. Бу тойчоқ тезда куч тўплаб, парвозга шайланган от ҳолига келди. Бугун Ислом ака соҳиби давлат сифатида уни эгарладилар. Дул-дул юксак парвозларга шайланди. У ўз чавандозига, чавандози эса унга ярашиб турибди…

Балки вақт кечиб адибимиз “Ўшанда мен образли қилиб, Каримов халқнинг елкасига миниб олди” деган гапни айтгандим дейишлари мумкин ва ҳеч ким эътироз қилмайди. Чунки “ламбада” ҳар қандай кишининг соғлом фикрларини топтаб, ор-номус кўчасидан узоқлаштиради. (“ЭРК” газетасининг 1994 йил, 16 Май, 5(104) сонидан).

Кейин 1993 йилда Одил Ёқубов Каримов ҳақида “Парвоз” деган туркум ёзди ва у билан чет элларга қилган саёҳатлари, учқичдаги мулоқотлари пайтида унинг буюклигини кашф қилганини айтди.

Маълумки, Одил Ёқубов Совет даврида Поп бирлашмасининг бош директори Аҳмаджон Одилов ҳақида китоб ёзганди. Аҳмаджон Одилов қамалиб кетганда, бу китоб учун уни анча олиб бориб-олиб келишганини биламан. А. Одилов қамоқдан чиққач, “Амир Темур партияси”ни тузди. Ташкилий мажлисда Одил Ёқубов ҳам қатнашганди. Шу билан у Каримовнинг қора рўйхатига тушди. Каримов бир-неча йиллик қадрдонликни бир зумда сувга оқизганди.

Дунёнинг ишларини қаранг, Одил ака 80 ёшга кирганда юбилейини ўша “Наврўз” ресторанида ўтказибди. Ҳар ҳолда бир пайтлар худди ана шу жойда Саид Аҳмад билан бирга Каримовни улуғлаганлари ёдига тушган бўлса керак?! Агар у адашиб, Аҳмаджон Одиловнинг машваратига бормаганда, 80 ёшли юбилейида балки “Ўзбекистон қаҳрамони” бўлармиди? Йўқ, бўлолмасди. Нега?

Чунки у ҳам КПСС Марказий Комитетининг иккинчи котиби Егор Лигачев 1989 йилда “Ислом Каримовнинг акаси қамалган” дея номзодини ортга қайтарганда, “Акалар учун укалар жавоб бермайди” дея Михаил Горбачевнинг йўлини тўсган ва Каримовга кўк чироқ ёқдирган бир неча СССР халқ депутатларидан биридир. Каримов ўзига тахт олиб беришда қатнашганларнинг бошига итнинг кунини солди. Уларнинг орасида калтак емай, саксондан сакрагани Одил акадир.

Ўзбекистоннинг биринчи Бош вазири ва вице президенти бўлган Шукрулло Мирсаидов гапириб берганди׃
-Исломнинг номзоди қайтгач, у Қашқадарёда ичкиликка берилиб, дачадан чиқмай қолди. Биз кўп йиллик яқин дўст эдик. У оиламизнинг бир фарзанди каби эди. Тўй бўлса хизматкор, ўлимда бел боғлар эди. Шунинг учун унинг аҳволидан мен ташвишга тушдим. Солижон ака (Асли андижонлик, ўша кунлари Сурхондарё вилоятида биринчи котиб бўлган Солижон Мамарасулов-ЖМ) билан битта маҳаллада яшардик. Каримовнинг номзодини қайтариб, уникини олишганини эшитдим. У Москвага боришидан олдин ҳовлисига келганда, ташқаридаги сўрида ўтириб, узоқ гаплашдик. У ҳам Каримовни қўллайдиган бўлди. Кейин Москвага бориб, СССР халқ депутатлари Аҳмаджон Мухторов, Одил Ёқубов ва яна 2-3 киши билан гаплашдим. Улар Горбачевни кўндирдилар. Горбачев “Тошкентда пленум ўтказинглар, агар Ўзбекистон Компартиясининг Марказий Комитети аъзолари Каримовни қўллашса, биз ҳам қўллаймиз” дебди. Пленумни тайёрладик. Сўзга чиқувчилардан тортиб, қарсак урувчиларгача…

Каримов аввалига Мирсаидовни Бош вазирлик, вице-президентликка тавсия қилди. Аммо охирида уни ишдан олиб, кўча-куйларда калтаклатиб, бадарға қилиб, бошига солмаган куни қолмади.

Аҳмаджон Мухторовни ҳам қувғин қилди. У ишсиз қолиб, сарсон саргардончиликда миясига қон қуйилиб оламдан ўтди.

Мамарасулов Сурхондарёдан Тошкент вилоят партия комитетига биринчи котиб этиб келтирилди ва Каримовнинг қаҳрига учраб, ижроқўмга туширилди, кейин саҳнадан четлатилди.

Каримовни ёқлаб, Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг пленумида сўзга чиққанлар ҳам қатағон қилиндилар.

Нега? Бу саволга Каримовнинг бир куни сессия танаффусида Мирсаидов билан тортишиб қолганида айтган гаплари жавоб бўлиши мумкин. Каримов бақириб׃
-Менга муттаҳамсан, дегандек бунақа тикилиб қараманг. Мен кимдандир муттаҳам эмасман ва муттаҳам бўлиб яшашни истамайман…

Демак, у муттаҳамлик нима эканлигини ҳис қилган ва билган. Бу яхши, ўз камчилигини ҳис қилиш, кўра олиш бу жуда ижобий ҳолат. Киши кимдан қарздор эканлигини билиши ва уни кўрганда қарзи ёдига тушиши ўша одамнинг одамгарчилиги ўлмаганини кўрсатади.

Каримов эса муттаҳамликдан қутилишнинг янги йўлини кашф қилди. У кимларнидир кўрганда, ўзини муттаҳам деб билмаслик учун уларни кўздан ёки умуман ҳаётдан йироқлаштирди. Бугунга қадар ким Каримовга яхшилик қилса, ўша одам жуда тез саҳнадан ғойиб бўлганини кўриб келмоқдамиз.

“Америка овози”да ишлаганимда бир хат олгандим. Унда жумладан шундай дейиларди׃

“Ўғлим Зокиржон ҳурматли Ислом Абдуғаниевичнинг энг яқин телехранители эди. Бир марта у кишига ҳужум бўлганда вужуди билан қўриб қолган. Шундан кейин ”Сен мени ўғлимсан” деган эканлар. Бирдан нима бўлдию, ўғлимни бошқа ишга ўтказишди. Кейин қамаб юборишди. Тинмай Каримов отамизнинг номларига хат ёзаман. Лекин хатларимни у кишига етказишмаётганга ўхшайдилар. Илтимос, шуни радиодан айтсангиз, балки Каримов отамиз эшитиб, ўғлим, ўзлари ўғлим деганлари – боламни қамаганларни жазолаб, уни озод қилиб юборарлар”.

Биз жуда камтар, хокисор халқмиз, бошимизга нима келса, худди мақолларимизда айтилгани каби ўзимиздан кўрамиз, ҳатто тепиб-тепиб дор остига олиб боришса ҳам, ҳукм берган ҳукмдор эмас, дор остига олиб келган оёғим айбдор деймиз! Балки шунинг учун ҳам шоир ”Бу-халқ эмас, илҳом париси” деб ёзгандир?!

27.10.2006.

(ДАВОМИ БОР).

jahonnona.com.

%d bloggers like this: