Жаҳонгир МУҲАММАД

КАРИМОВНИНГ КИРДИКОРЛАРИ

38.ЧЎЧИТИШ

Ўзбекистон режими жуда кўп одамларни чўчитиб, четга чиқариб юборди. (Хабарлар оқимидан).

1992 йилнинг 16 Январ куни Талабалар шаҳарчасида исён бостирилганда, Каримов жуда катта сиёсий-идеологик ҳаракат бошлатди. Жумладан, Тошкентдаги эркин руҳли талабалар муҳитини йўқотди. Минг-минглаб талабаларни уйларига жўнатди, кейин вилоятлардан марказга қайтармади.

Ўша кунлари у тинимсиз мажлислар, фаоллар учрашувлари, матбуот анжуманлари ўтказар эди. Шундай учрашувлардан бирида русчалаб жуда қизиқ бир гап айтди׃

-Мен аҳмоқ эмас, кеча сайланиб, бугун одамларни оттирсам. Бир жойга қарғалар тўпланган бўлса, ўша томонга яхшилаб битта тош отиш керак, ҳаммаси “пир-шир” этиб учиб кетади. Агар тош биттасига тегса, унинг бошини ёрса, бу сизга яна ташвиш, яна бош оғриғи бўлади. Агар отган тошингиз қарғалардан биттасини ўлдирса, қарғалар кетмай, айланиб ётаверадилар, бунинг устига, ўлганининг ўлиги сасиб кетади. Бу ҳам етмагандек, ўша жойга ўлаксахўрлар келадилар. Шунинг учун тош отишда ҳам кўзга қараш керак. Буни эса мен яхши биламан!Ўшанда Каримов бу гапи билан одамларни қарғага ўхшатганидан хафа бўлгандим. Айниқса, бу сўз русчасида қулоққа ёмон эшитилиши билан бирга, ёмон одамларга нисбатан айтилиши мени ғазаблантирганди. Мана бугун ўша гапни эсласам, Каримов ўз “кашфиёт”ини яширмай, очиқ айтган экан.

У Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетига биринчи котиб бўлган кундан бошлаб худди мана шу сиёсатни юрғизганди. У одамларага қора қарғалар деб қараган. Унинг 1990 йиллар бошида тез-тез такрорлайдиган “қора кучлар” деган ибораси ҳам ана шу билан боғлик эканлигини мана энди тушуниш қийин эмас.

Унинг одамларни чўчитиш сиёсати ҳамма жабҳаларда қўлланилди. Масалан, у бир кун телевидение орқали одамларга мурожаат қилиб, “пулингизни турли тошларга айлантириб, ёстиқнинг остида сақлайверманг, эрта-индин пул алмашса куйиб қоласиз, банкка қўйинг, ҳар нарса сотиб олманг, ваҳима бошланади, ҳамма бирдан нарса сотиб олса, қимматчилик, қаҳатчилик бўлади” деди. Кейин 5-6 кун давомида “пул алмашаркан” деган шов-шув бўлди. Одамлар омонат кассалари ёнида турнақатор эдилар. Ҳамма пулини ҳисобларга қўйди. “Пул алмашади” дегани олдинги минг сўм янги бир сўмга айланиши экан. Ҳамма куйиб қолди. Чўчитиш йўли билан халқ алданди.

Ўзбек халқи худди ана шундай чўчитишни 1990 йилларнинг бошида бир неча марта яшаб кўрди.

Ҳаётнинг турли қирраларида чўчитиш кашфиёти Каримовга катта иш берди ва бугунгача 2,5 миллион одам бу “кашфиёт”нинг қурбони сифатида четга чиқиб кетди. Бошқа соҳаларни қўйиб турайлик-да, биргина мана шу – мамлакатдан чиқиб кетиш масаласига разм солайлик.

Мамлакатдан чўчиб чиқиб кетганларни бугун учга бўлиш мумкин׃

1.Бевосита диктатор томонидан чўчитилганлар.

2.Режим яратган иқтисодий, ижтимоий, сиёсий ва бошқа муаммолардан чўчиганлар.

3.Мамлакатнинг ва ўз тақдирларининг келажагидан чўчиганлар.

Ҳар уччаласи ҳам Каримов билан бевосита ёки билвосита боғлиқ бўлса-да, иккинчи ва учинчи ҳолатларда қарорни чўчиган инсоннинг ўзи беради. У иқтисодий, ижтимоий, сиёсий ва бошқа муаммолардан чўчиган пайтда бошқа бир ердан барқарор жойни қидиради, кўради ёки топади. У шу билан қисман бўлсада мақсадига етади. Истаса, она-ватанига келиб-кетиб юради. Истаса, бошқа жойларда яшайверади. Хуллас, масалани қисман бўлса-да ҳал қилади.

Биринчи ҳолатда эса, Каримов “кашфиёт”ининг ижрочиси бўлган режим кўпинча ўз мухолифларини чўчитиш йўли билан улардан қутилишга ҳаракат қилади. Бу ҳолатда чўчиб кетганлар бошқа жойларга кўника олмайдилар ва доим ортга қайтиш ташвиши, дарди билан яшайдилар.

Табиийки, мухолифлар орасида ҳам иккинчи ва учинчи гуруҳга мансублар бўлганидек, иккинчи ва учинчи гуруҳлар орасида ҳам ўзини биринчи тоифага тааллуқли қилиб кўрсатувчилар бўлади.

Бир йигит Ўзбекистонда экан, менга жуда мактублар ёзиб, қандай қилиб четга чиқиб кетиши мумкинлги ҳақида маслаҳат ва ёрдамлар сўраб юрди. У билан мактублашмаларимиз давомида у четга кетиб, болаларини ўқитиши, ўзини оёққа қўйиши, Ўзбекистонда бунинг имкони йўқлигини рўкач қиларди. Мен эса, биз ҳаётимиз таҳликага кириб, ўлим билан юзма-юз қолганимиз учун кетдик, мана ватан дарди деган тоғнинг остида эзилмоқдамиз, сизга у қадар таҳлика йўқ, иқтисодий жиҳатдан ҳам вазиятингиз ёмон эмас, агар ҳамма кетаверса, ватан кимга қолади, дея уни четга кетиш ҳирсидан совутишга уринардим.

Худди бутун дунё меники-ю мен эса бир қисмини унга беришга қизғанаётгандек у мендан ранжиди. Имкон пайдо бўлиб, четга чиқиб кетди. Четга чиқиши билан Ватан ҳақида фарёд қила бошлади.

Бу менга эриш туюлди. Чунки у қайтиб борса, ҳукумат унга тегмайди. Уни таҳлика деб ҳам билмайди. Лекин бу ерда мен уни айбламоқчи ёки маънавий судга тортмоқчи эмасман. У ҳолда исмини ҳам ёзган бўлардим. Охир оқибатда ҳар ким ўзи учун ўзи жавоб беради! Мен фақат чўчиганларни гуруҳларга ажратишда мана шундай ҳолатлар ҳам бўлиши мумкинлигини кўрсатмоқ ниятида бу мисолни келтирдим.

Асл гап биринчи гуруҳ ҳақида. Нега Каримов ўз мухолифларини дарҳол ўлдириш ёки дарҳол қамаб ташлаш қарорига келишдан олдин уларни чўчитиб, мамлакатдан чиқариб юборишни режалаганди?

Чунки 1990 йилларнинг бошида ҳали демократия учқунлари бор ва қолаверса, Каримовнинг ўзи ҳокимиятини тўла мустаҳкалаб олмаган эди. Шунинг учун ҳам кимларнидир ўлдириб, қамаб юборишдан олдин чўчитиб кўришни афзал билди. Бу икки-уч йил давом этди. Кейин қатағонларга айланди. АҚШ, Авропа билан яқинлашгандан кейин қатағонларни яна чўчитишга айлантирди. Бу икки “кашфиёт” унинг гоҳ чап, гоҳ ўнг қўли сингари навбати билан ишлади.

1990 йилда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раислигига номзодимни қўйганимда, бир кекса журналист Асқар Жалилов׃

-Сизга қарши овоз бердим, балки шу билан ҳаётингизни сақлаб қолдим,-деди.

-Қандай қилиб?-ажабландим мен.

-Аҳмаджон ака танаффусда мени ёнларига чақириб, “Агар Жаҳонгирни сайласак, Каримов уни ўлдиради, ўзимга телефон қилиб қасам ичди” деб айтдилар. Аҳмаджон ака бу гапни айтаётганда титраб кетдилар…,-деди у.

Устозимиз, улкан журналист Аҳмаджон Мухторов бу гапни бошқаларга ҳам айтганларини эшитдим. У киши Каримовнинг важоҳат билан айтган гапларига чин дилдан ишонган… Чўчитишнинг қудратига қаранг!

1993 йил, 6 Январ. “ЭРК” партияси биноси яқинида “номери” олиб қўйилган оқ рангдаги “Жигули” машинаси шиддат билан йўлимни тўсди, мен четга қочгандим, устимга ҳайдади, яна ҳам четга қараб югургандим, йўл четлари бўйлаб қува бошлади. “ЭРК” партияси жойлашган бинонинг орқа томонидан панжара дарича бор экан, ўша жойга кириб, қутулиб қолдим. Бу ҳақда эртасига “Известия” газетасида Мария Лебедева имзоси билан чиққан мақолада суиқасд ортида ҳукумат тургани ёзилганди.

Шунга ўхшаш жуда кўп воқеаларни яшадим. Энди уларни бирма-бир таҳлил қилсам, ўшанда Каримовнинг мақсади ҳали ўлдириш бўлмаган. Бу билан Каримов ўшанда шавқатли бўлган демоқчи эмасман. У айёрлик қилиб, барча мухолифаларни чўчитиб, мамлакатдан кетказишни режалаган. У буюк шоир Юсуф Жума тинмай айтаётгани-руҳимиздаги чўчиш фитратидан усталик билан фойдаланди ва фойдаланиб келмоқда.

1990 йилларнинг мухолифатчилардан бири Ўзбекистондан чиқиб кетишини ёзаркан, ИИВга чақириб кун бўйи ушлаб туришгани, кейин орқасидан кузатиб юришгани ва тунда дўстлари келиб “Кетмасангиз, бўлмайди” дегандан кейингина чўчиб, мамлакатдан чиқиб кетганини айтади.

Бошқа бири ўз тарихи ҳақида гап кетганда, бошини ёришгани, кейин касалахонага олиб боришгани, у ерда даволанишдан чўчиб Ватандан чиқиб кетганини ҳикоя қилади.

Баъзилар эса, аввал қамашгани, кейин авф этишганидан кейин “яна қамаймиз”, деб чўчитишганини ва кетишга мажбур бўлганларини таъкидлайдилар.

Бу айни пайтда ўшанда Каримов минглаб мухолифатчиларни ўлдириб юборишга қўрққанини ҳам кўрсатади. Айниқса, номи чиққанларни ўлдиришга қўрққан. Шунинг учун ҳам аввал чўчитиш усулини ишга солган.

Бир кун Эркин Воҳидов менинг ҳаракатларимдан Каримов норози бўлганини айтиб׃

-Кетсин, мени тинч қўйсин, бўлмаса, ёмон бўлди, деб айтдилар,-деди ва менинг авзойим бузилганини кўриб ўзини ҳам орага қўшди׃-Ростдан ҳам бир муддат кетсакмикан? Мени бирор элчиликка юборсалар, кетардим. Сизнинг ҳам кўзлаб юрган жойингиз бўлиши мумкин? Бу одамлар барибир яхшиликни билмайдилар. Бунинг устига ўрмонга ўт кетган пайтда жонни сақлаб қолиш керак. Барибир, ҳаммани қутқариб бўлмайди…,-деди.

Ўшанда жуда хафа бўлганман. Икки йилдир бир хонада ишлаб юрган ва ўша кезда миллатнинг виждони, деб билинган бир одамдан “кетишингиз керак” деган гапни эшитиб, жуда хафа бўлдим. Ҳатто кетмоқчи ҳам бўлдим. Бу ҳақда сессияда ҳам гапиргандим. Лекин кейин фикримдан қайтдим. Токи ўлим фармонини ўзим эшитмагунча кетмайман, деган гапни кўнглимга туйдим.

Мени қамоққа олишган кун генерал Эркин Тўхтаевнинг кабинетида бу фармон бир неча марта янгради, телефонлардан эшитилиб турди. Баъзан ўйлаб қоламан, балки бу ҳам чўчитишми-ди? Йўқ, агар чўчитиш бўлганда дўстларим мени қамоқдан олиб қочиб кетишгандан кейин қариндошларим, ҳаттто мен йиллаб кўрмаган синфдошларимни зиндонбанд этишармиди, “”топиб бер” деб уларни уриб, тишларини синдиришармиди, ҳар куни телевизордан “Давлат аҳамиятидаги алоҳида махсус жиноятчи қочди” деб, ушлаб берган одамга миллионларни ваъда қилишармиди?! Демак, Каримов бу нуқтага келиб, бошқа усулни ишга солган.

Илгари Самарқанд ички ишлар бошқармасида ишлаган ва кейин тузумдан норози бўлиб, АҚШга келиб, сиёсий бошпана топган Турсунпўлат Назаров׃

-Ўша кунлари бошқарманинг ҳар бир хонасида суратингиз деворга осиқлик эди. Сизни ушлаш учун ҳамма сафарбар қилинган эди…,-дейди ўша кунларни хотирлаб.

-Худога шукур!,- дейман,-жаллоднинг қўлидан қутқазгани учун!

Зотан Каримов унинг чўчитишини  писанд этмаган сафдошларимиздан баъзиларини ўлдиртириб юборди.

Шунинг учун ҳам менга хатлар ёзган ҳалиги ёш йигитга ўшанда “Ватанда тураверинг”, деб бекор айтган эканман-ми, деб ўйланиб қоламан.

Яқинда яна бир танишимдан хат олдим. “Туронзамин рўзномаси”да чиққан бир мақолани ундан кўришибди, уйига келиб “Буни сиз ёздингизми?” деб сўрашибди.

-Чўчиб қолдим, кетмасам бўлмайди, кетишнинг йўлларини кўрсата оласизми?- деб ёзибди у.

Нима дейишимни билмай турибман…

26.10.2006.

(Давоми бор).

%d bloggers like this: