Мурожаатнома

Бизга қўл чўзинг, руҳий мадад беринг! 

ДУНЁ ҲАМЖАМИЯТИ, БМТ, ЕҲХТ, ЕИ, БМТнинг ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ ҚЎМИТАСИ, БАРЧА ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ ТАШКИЛОТЛАРИ, МАМЛАКАТИМИЗДАГИ ДИПЛОМАТИК КОРПУСЛАР ВАКИЛЛАРИ, БАРЧА ОАВига

Ўзбекиистон Миллий телерадиокампанияси «YOSHLAR» телерадиоканалининг собиқ тележурналистлари Саодат АМОНОВА ва Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА НОМИДАН

М У Р О Ж А А Т Н О М А

3 май – Бутунжаҳон сўз эркинлиги куни. Дунёнинг барча бурчакларида ҳамкасбларимиз ушбу кунни катта тантана билан нишонлайди. Ҳатто Ўзбекистонда ҳам.
Мана шундай ҳаяжонли дамда Бутунжаҳон сўз эркинлиги кунини байрам қилиш бизнинг ўзбек журналистларининг, оммавий-ахборот воситалари ходимларининг кўнглига сиғармикин, деб ўйланиб қолдик.
Рост. Бу кунда ҳақиқий сўз эркинлиги ҳукмрон бўлган мамлакат журналистлари, оммавий-ахборот воситалари ходимлари байрам қилса ярашади, аслида. Бизда, Ўзбекистондачи? Қалам аҳли истаган ўша сўз эркинлигининг лоақал “С” ҳарфи бормикин?! Аксинча, журналистман дегани бу жумланинг бош ҳарфини тилга олиши биланоқ ҳукумат арбоблари томонидан таъқибу тайзиқ остига олинади. Бу фикрларимизга бизнинг кейинги бир йил давомида бошимиздан кечирган ва айни дамда кечираётган жабру-жафоларимиз, руҳий қийноқларимиз яққол мисол.

Хабарингиз бор, биз 2009 йилнинг декабрь ойидан буён Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясида, хусусан, “Yoshlar” телерадиоканалида содир бўлаётган шафқатсиз цензура, иқтисодий ўғирликлар, маҳаллийчилик, гуруҳбозлик каби иллатларга барҳам бериш мақсадида кураш бошлаган эдик. Сўз эркинлигига амал қилиб, оқибатда нимага эришдик? Бунинг натижасида 2010 йилнинг 9 декабрь куни ЎзМТРК кенгайтирилган ҳайъат йиғилишида ноқонуний тарзда ишдан бўшатилдик. Бироқ, ЎзМТРК раҳбарияти ва “Yoshlar” телерадиоканали директори бу билан қаноатланмади. Милллий хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлигига бир сўз билан айтганда барча ҳукумат идораларига расмий хат билан мурожаат қилиб, бизга нисбатан ҳамон таъқиб ва таҳдид ўтказишда давом этиб келмоқда.
Натижада, МХХ ва ИИБ ходимларининг зуғуми остида ҳар иккаламиз ҳам туғилиб ўсган уйимиз, Самарқанд вилоятига қувғин қилиндик. Аниқроғи, ҳуқуқ идораларининг таҳдид ва таъқиби натижасида бизнинг Тошкент вилоятидаги туманлардан бирида доимий рўйхатга қўйилган фуқаролик паспортимиз суднинг ноқонуний қарори билан ҳисобдан чиқариб юборилди. Айни кунда эса, пойтахтда паспортимиз “прописка”да эмаслиги баҳонасида бизга тиббий хизмат кўрсатилиши ҳам чегараланган. Ҳатто Самарқанд вилоятида бетоб бўлиб, Самарқанд туман марказий поликлиникасига қилган мурожаатимиздан хабар топган Бош вазир ўринбосари А. Ариповнинг “енг учида”ги кўрсатмаси билан бизнинг бетоблигимиз “сохта” деб топилди ва бизга тиббий хизмат кўрсатган шифокорлар ҳам интизомий жазога тортилиб, ишдан ҳайдалишди.
Айни кунда Тошкентда ҳисобда турмаганлигимиз учун кун ора яшаб турган уйимиз эшигига келаётган ИИБ ходимлари бизни тезда паспортимиз “прописка” бўлган жойга чиқиб кетишимизни талаб қилмоқда. Бундан кўзланган мақсад, бизни пойтахтдан қувиш ва овозимизни ўчириш. Бугунги кунда меҳнат ҳуқуқларимизни тиклаш ва фуқаролик ҳуқуқимизни ҳимоя қилиш, яъни паспорт масаласига оид даъво аризаларимизга асосан бўлиб ўтаётган суд маҳкамаси жараёнидаги адолатсизликлар бизни янада толиқтириб қўйди. Шундай таъқиб ва таҳдидлар остида кўнгилга байрам сиғармиди. Аслида биз ҳам хориждаги ҳамкасбларимиз қаторида сўз эркинлиги нашидасидан баҳраманд бўлиш, ўз киндик қонимиз тўкилган, туғилиб ўсган юртда, Ватанимизда қаддимизни ғоз тутиб, мағрур юргимиз келади албатта, бироқ, афсуски….
Энг аянчлиси, бизнинг адолатни тиклашга бўлган умидимиз кун сайин сўниб бормоқда. Бундай бедодликларнинг ҳеч бир ниҳояси бормикин, бўлармикин? Ушбу мурожаатномани ёзишдан мақсадимиз, бизга руҳий далда керак. Модомики, мамлакатдаги ҳамкасбларимиз бизни қўллаб-қувватлашга ожизлик қилар экан, бор умидимиз сизлардан, дунёда сўз эркинлигини муқаддас сановчи жамики инсонлардан, ҳамкасблардан! Бизга қўл чўзинг, руҳий мадад беринг! Токи биз сизнинг эътиборингиздан қувват олайлик, токи бизга қарши чоғланганлар ёлғиз эмаслигимизни билиб саросимада қолсин!

Эҳтиром ва самимият билан “Yoshlar”
Телеканалининг собиқ журналистлари
Малоҳат Эшонқулова ва Саодат Амонова
2 май 2011 йил.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: