Набижон Боқий

Абдулла Қодирийни кимлар, қандай йўсинда, қаерда, қачон ва нима учун қатл қилган эдилар? (17)

Н. Триғулов «ижоди»дан айрим намуналар ана шулардир.
Эътибор берган бўлсангиз, учала жиноий иш бўйича тузилган апбнома ҳам айнан бир куни — 1937 йил 16 декабр куни тасдиқланади. Демак, Триғулов учала жиноий ишни ҳам бир вақтнинг ўзида, «конвейер усулида» олиб борган. Қолаверса, учала айбланувчи ҳам дастлаб ўта енгил айб қилганликда шубҳаланиб ҳибсга олинишади-ю. сўнг терговчининг ғайрати туфайли ҳаммаси олий жазога ҳукм қилинадилар. Устига-устак, ДХБнинг IV бўлими «контрразведка» билан шуғулланмаса ҳам, лекйн Триғулов Қ. Рамазонов бўйнига «Англия жосуси» айбини тақиб қўяди: вахрланки, «меҳнат тақсимоти» бўйича Триғуловга чет эл жосуси билан шуғулланиш ваколати берилмаган эди. Бу нарса ўша ййлларда Давлат Хавфсизлиги Бошқармасида ўзбо-шимчалик, тартибсизлик ҳукм сурганини кўрсатади, холос.

* * *

Ниҳоят, Абдулла Қодирийнинг иши юзасидан айбнома тузилади. Муаллиф Н. ТРИҒУЛОВ, д/х лейтенанти Богомолов деган кимса унга ҳамкорлик қилган (чой-пой дамлаб бернб турган бўлса керак). 1938 йилнинг 11 апрел куниёқ айбнома ЎзСШЖ Ички Ишлар комиссари, д/х майори АПРЕСЯН томонидан тасдиқланади. Лекин, СШЖИнинг Бош прокурори ВИШИНСКИЙ айбномани фақат 1938 йилнинг 3 октябр куни тасдиқлайди. Жумҳурият Давлат Хавфсизлиги Бошқармаси IV бўлими бошлиғининг ёрдамчиси, д/х лейтенанти МАТВЕЕВ ҳам «РОЗИМАН» деб қатлномага ўз улушини қўшади.
Н. Триғуловнинг тўрт ойлик меҳнати самараси эл-лик икки йилдан бери ҳужжатгоҳда чанг босиб ётганини ҳисобга олиб, тубанда қатлноманинг тўлиқ (таржима) нусхасини юзага чиқармоқчимиз.

«АЙБНОМА»
Ўз СШЖЖМнинг 58-, 64-«а», 57-моддаларида кўзда тутилган жиноят содир этганликда айбланаётган Абдулла Қодирийнинг (Жулқунбой) шии юзасидан

Ўзбекистонда троцкийчи-ўнгчилар билан баҳамжиҳат ҳаракат қилган миллатчиларнинг аксилшўравий ташкилотининг жинояти бўйича олиб борилган тергов жараёнида маълум бўлдики, айбланувчи Абдулла Қодирий (Жулқунбой) ўша ташкилотнинг фаол аъзоси экан. Шунга кўра, 1938 йилнинг 1 январ (?) куни Абдулла Қодирий (Жулқунбой) ҳибсга олинди ва айбланувчи сифатида жавобгарликка тортилди.
Кейинги тергов натижасида маълум бўлдики, Шўро ҳокимиятининг ашаддий душмани бўлган Абдулла Қодирий Ўктабр инқилобининг биринчи куниданоқ миллатчиларнинг уюшган аксилинқилобий ҳаракатига ёндошади ва сўнгги пайтгача буржуй миллатчиси сифатида изчиллик билан аксилшўравий, миллатчилик ишлари олиб боради. У миллатчиларнинг аксилинқилобий «Миллати иттиҳод», кейинчалик «Миллий истиқлол» деб аталган ташкилотининг аъзоси эди; шу ташкилотнинг амалий ишларида бевосита фаол иштирок этади.
«Муштум» жаридаси идорасига ишга жойлаштирилгач, 1923 йилдан 1926 йилгача ана шу жарида саҳифаларида Шўро ҳокимияти билан фирқа сиёсатига қар-ши фаол чиқишлар қилади, махсус ёзилган мақолала-рида Шўро тартиботини ва давлат тузумини обрўсизлантиради. Ўрис халқига қарши йўналтирилган миллатчилик руҳидаги асарлар ёзади.
Худди шу даврда аксилшўравий, миллатчилик ғоялари яққол кўриниб турган «Ўткан кунлар» романини яратади, унда инқилобгача бўлган тузумни ва ўзбек миллатчилигини очиқ-ойдин кўкларга кўтаради. Ҳар хил йўллар билан оммани Шўро ҳокимиятига қарши оёққа турғазишга уринади; Шўро Иттифоқини мустамлакачилик давлати сифатида тасвирлайди. Шўро сўсалистик жумҳурнятини эса гўё ўрисларнинг ҳукмронлигв остидаги мустамлака Туркистондек акс эттиради. Аксилшўравий, миллатчилик ташкилотининг раҳбарлари Акмал Икромов билан Файзулла Хўжаев томонидан маъқулланган бу роман миллий жумҳуриятлар аҳолиси ўртасида кенг тарқатилди; айни замонда Файзулла Хў-жаевнинг топшириғига биноан қўшни Шарқ давлатларига жўнатилди.
Абдулла Қодирий томонидан кейинги йилларда ёзилган «Меҳробдан чаён» (1928 й.), «Обид кетмон» (1935 й.) асарларида Шўро ҳокимиятига қарши бўлган буржун-миллатчилик ғоялари илгари сурилади. Ана шу асарларда («Обид кетмон») Бутуниттифоқ қўммунистик (болшовойлар) фирқаси устидан аксилинқилобий бўҳтон ағдарилади.
Қамоққа олинган пайтга қадар ўз атрофига аксил-инқилобий унсурларни уюштирди ва улар орасида аксилшўравип ишлар олиб борди (Шўро ҳокимиятининг тадбирларига қарши ташвиқот юритади). Чет эл билан алоқада бўлди.
Айбланувчи сифатида тергов қилинган Абдулла Қодирий ўзига тақилаётган айбларга иқрор бўлди; айни пайтда миллатчиларнинг аксилшўравий ташкилотига расман аъзо зканини инкор этяпти. Лекин ўша ташкилотнинг ҳибсга олинган аъзоларининг — Саъдулла Тур-сунхужаев, Салимхон Тиллахонов, Назрулла Иноятов, Ғанпхон Хамидхўжаев (?), Қурбон Берегин, Мўмин Усмонов, Ғози Олим Юнусов ва бошқаларнинг, ҳаммаси бўлиб 15 кишининг кўргазмалари асосида фош этилди.
Юқорида рақам этилган далил-исботлар асосида: 1897 йили (?)Тошкент шаҳрида туғилган, ўзбек, фирқасиз, боғбон оиласидан чиққан, хизматчи-адабиётчи, кейинги 10 йил мобайнида ҳеч қаерда ишламаган, матбуотдаги аксилшўравий чиқишлари учун илгари судланган Абдулла Қодирий ЎзСШЖ ЖМнинг 58-, 64-,67-моддаларида кўзда тутилган жиноятларни содир этган жиноятчи сифатида фош этилди; шунинг учун Абдулла Қодирийни (Жулқунбой) айблаш бўйича тузилган ушбу жиноятнома СШЖИ Олий судининг Ҳарбий Ҳайъатида кўриб чиқишга тавсия этилмоғи лозим.
Ўзбекистон ИИХКДХБIII бўлими IV бўлинмаси бошлигининг ёрдамчиси, д/х
лейтенанти ТРИҒУЛОВ (имзо). д/х лейтенанти БОГОМОЛОВ (имзо). «Розиман»: IV бўлинма бошлиғининг ёрдамчиси, д/х лейтенанти Матвеев (имзо).

Англатма: айбланувчи Абдулла Қодирий 1938 йил 1 январдан бери Ўзбекистон ИИХК қошидаги ички қамоқхонада (ДПЗ) сақланмоқда. Жиноий ишга алоқадор ашёвий далил йўқ. IV бўлинма бошлигининг ёрдамчиси, д/х лейтенанти ТРИҒУЛОВ (имзо)».
(А. Қодирийнинг жнпоятномаси, 78—79-саҳифалар).

Хуллас, ТРИҒУЛОВнинг «умр китоби» — бу Абдулла Қодирийнинг жиноий иши юзасидан тузган АЙБНОМАдир. Натижаси эса…

* * *

«ТИЛХАТ

Менким, қуйида имзо чекувчи Абдулла Қодирий (Жулқунбой), жиноий ишим юзасидан тузилган айбнома нусхасини олдим ва жиноятномам кўриб чиқиш учун СШЖИ Олий судининг Ҳарбий Ҳайъатига топширилгани ҳақида огоҳлантирилдим.
Судланувчи: Абдулла Қодирий (имзо) Топширувчи: СШЖИ Олий судиҲарбий Ҳайъатининг котиби, ҳарбий ҳукукшунос…
(имзо)».

* * *

«Сўсалистик Шўро Жумҳуриятлари Иттифоқи Олий суди Ҳарбий Ҳайъати сайёр мажлисининг
ТАСДИҚНОМАСИ

Тошкент шаҳри, 1938 йил 5 октябр

Раислик килувчи: ҳарбий хукукшунос-бригадир АЛЕКСЕЕВ. Аъзолари: ҳарбий ҳукукшунос-бригадир Зайцев, Iранг ҳарбий ҳукукшунос БОЛДИРЁВ.
Котиб: Iранг ҳарбий ҳукукшунос БАТНЕР.

Соат 12 дан 45 дақиқа ўтганда мажлис бошланди.
Раислик қилувчи ЎзСШЖ ЖМнинг 58-, 64-, 67-моддалари бўйича жиноят содир этганликда айбланаётган Абдулла Қодирийнинг (Жулқунбой) иши кўриб чиқилиши лозимлигини эълон қилди.
Котиб эса айбланувчи суд залида экани ва судга гувоҳлар чақирилмагани ҳақида ахборот берди.
Раислик қилувчи судланувчи шахсини аниқлагач, ундан айбноманинг нусхаси топширилганми, деб сўради ва саволига судланувчидан қониқарли жавоб олди Судланувчига унинг суддаги ҳуқуқи ҳақида тушунтирилди ва суд таркиби эълон қилинди.
Судланувчининг ҳеч қандай илтимоси йўқ экан, у суд таркибига эътироз билдирмади.
Раислик қилувчининг таклифига кўра, котиб айбномани ўқиб эшиттирди.
Раислик қилувчи судланувчига қўйилаётган айбнинг моҳиятини тушунтирди ва ундан, сиз ўзингизни айбдор деб биласизми, деб сўради; бу саволга судланувчи, 1917 йилдан 1932 йилгача буржуй миллатчиси бўлганимга, адабиёт соҳасида аксилшўравий ишлар олиб борганимга иқрорман, шу маънода ўзимни айбдор деб биламан, деб жавоб берди. Тергов пайти берган ўз кўргазмасини тўлалигича (?) тасдиқлади. 1936 йили аксилшўравий йиғинда иштирок этганини инкор этмади.
Суд тергови тугади.
Судланувчи ўзининг сўнгги сўзида сўсалистик ватан фойдасига ишлаши учун имкон берилишини сўради.
Суд маслаҳатлашгани кетди.
Соат 1300да ҳукм эълон қилинди ва мажлис ёпилди…
Раислик қилувчи: (имзо)
Котиб:    (имзб)

ҲУКМ

Сўсалистик Шўро Жумҳуриятлари Иттифоқи номи билан СШЖИ Олий суди Ҳарбий Ҳайъатининг сайёр мажлиси қуйидаги таркибда…
Абдулла Қодирийни (Жулқунбой) жиноий жавобгарликнинг олий жазосига — отувга, унга тегишли мол-мулкни мусодара этишга ҳукм қилади.
СШЖИ Марказий Ижроия Қўмитасининг 1934 йил 1 декабр кунги қарорига мувофиқ ҳукм тўхтовсиз ижро этилиши лозим.
Раислик қилувчи: (имзо) Аъзолари: (имзо) (имзо)».
(А. Қодирийнинг жиноятномаси, 86—87-саҳифалар).

«МУТЛАҚО МАХФИЙ» АНГЛАТМА

Абдулла Қодирийни (Жулқунбой) отиш ҳақидаги ҳукм 1938 йил 4 октябр куни Тошкент шаҳрида ижро этилган. Ҳукм ижро этилгани ҳақидаги тузилма СШЖИ ички ишлар Нозирлигининг 1-махсус бўлимининг алоҳида ҳужжатгоҳида сақланмоқда: жилд рақами—10, 531-саҳифа.
СШЖИ ИИВ 1-махсус бўлимининг 10-бўлинмаси бошлигининг ўринбосари, майор
Михайлёв (имзо)».
(А. Қодирийнинг жиноятномаси, 88-саҳифа).

* * *

Марсия ўрнида

…Буюк бошни кесди қилич ярақлаб. Туркда бош қолмади, қолмади довлар, хотин-халаж қолди мотам кўтариб, «Бизга тик қарама!» — буюрди ёвлар, ёвларга терс қараб яшади бари. Таланди самовий тулпор уюри, таланди зарлари, зеру забари, терс қараб ўлинг деб, ёвлар буюрди, ёвларга терс қараб жон берди бари. Лаҳадга кирдилар ўзларин қарғаб, қолмади арабий, туркий хатлари. Туғингиз, деди ёв, таскари қараб — ёвларга терс қараб туғилди бари. Туғилди, туғилди —туғилди қуллар, қирқида қирилган — имдодга муҳтож, ёвларга терс қараб, итлардай ҳурар, бир-бирига душман, бир-бирига кож. Жўмардлар қирилган Туронзаминда дўзахий тажриба палласин кўрдим: эшшак суврати бор қай бир қавмда, қай бирида тўнғиз калласин кўрдим. Бу ҳолдан буваклар бўғилиб ўлар, қул Билол эзилиб йиғлар фалакда. Ўзларин ёндирар борлиқдан тўйган Бадахшон лаълидай асл малаклар. Мўминлар беш бора Аллоҳни эслар, саждага бош қўйиб жаллод тошига, ўгрилиб сал ортга қарайин деса, бошига урарлар, фақат бошига! Борми эр йигитлар, борми эр қизлар, борми гул бағрингда жўмард нолалар. борми гул туфроқда ўзлигин излаб, осмони фалакка етган болалар? Бор бўлса, аларга етказиб қўйинг, бир бошга бир ўлим, демаган эрмас! Шаҳидлар ўлмайди, бир қараб тўйинг:
ёвга терс қараган мусулмон эмас! Ёвга терс қараган мусулмон эмас! Евга терс қараган мусулмон эмас! Ёвга терс қараган мусулмон эмас! Ёвга терс қараган мусулмон эмас!
(Шавкат РАҲМОНдан)

(ДАВОМИ БОР).

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: