Жаҳонгир Маматов

Акамдан айрилган кун

1986 йил олинган бу суратда ўртада мен ва менинг чап томонимда акам.

Инсоннинг ёши бир жойга қараб кетавергач дийдаси қотарканми ёки кўп нарсани кўравериб, бу дунёнинг асрорини англай бошлар эканми, кўзига ҳадеганда ёш келавермай қоларкан. Лекин кеча оқшомдан бери кўзимда ёш. Ҳаётимда мен учун энг азиз бўлган инсонлардан бири тўсатдан бу оламни тарк этди. Бор-йўғи 62 ёшда эди.

Мендан олти ёшга улуғ бўлсаларда жуда яқин дўст ва сирдош эдик. Ҳар гаплашганимизда яқинда сени кўришга бораман, дердилар. Келолмадилар. Қанд касаллиги кутилмаганда у кишини йиқитди. Бу хабарни олганимда тилим айланмай, сўз тополмай қолдим. Ҳамма нарсага сўз тополаман дер эдим, адашган эканман.

Инсон сўз тополмай қолганда унинг сўзлари кўз ёшларига айланар экан.

Биз болаликдан битта ҳовлида катта бўлдик. У амакимнинг ўғли бўлсада, менинг туғишган акамдан ҳам зиёд эди. Ҳамма бизни ака-ука деб биларди. Мен зулм режими қатағонига учраганимда, золимлар “Уканг қаерда, топиб берасан?!”, деб акамни зиндонга солишганди.

Менга тош отиш керак бўлганда ҳам бу режим акамнинг номини душманларим қўлига тутқазганди. Бугун улар қуролларидан айрилдилар.

Бизни шу даражада ака-ука деб ўйлашардики, ҳатто уни “Аббос Маматов” деб ёзганлар ҳам бўлган. Ваҳоланки, у Аббос Муртазоев эди, яъни бобомнинг номларини таширди. Режим битта нарсада адашмаган эди- бу инсон ҳақиқатдан ҳам менинг акам. Ака бўлганда ҳам шунчаки ака эмас, энг яқин дўст ҳам эди. Ҳаётда оғир жудолик бу энг яқин дўстдан айрилиш экан. Бу жудолик билан 20 йилдан бери курашаман, вақтинча деб ўйлардим, мана энди мангуга айланди.

Мен таниган ва мен билан яқин бўлган ижодкорлар Аббос акамни жуда ҳурмат қилишарди. Чунки у ижод аҳлининг яқин дўсти, ўзи ҳам дилдан, қалбдан ижодкор эди.

У тўйларда сўз айтганда диллар ларзага келарди.

У давраларда шеър айтганда ҳар қандай одамни мафтун этарди.

У жажжи болаларнинг ҳам дўсти эди.

Қулоқларим остида ижод аҳлининг ўша 90-йилларда айтган сўзлари:

Жамол Сирож: Ўтган-қайтганда ака билан бир қучоқлашиб ўтмасам, дилим нотинч…

Нурилла Остон: Аббос акани соғиниб қоламан, у кишининг меҳри бошқача…

Холмуҳаммад Нур: Аканинг уйи ёнида албатта тўхтаб ўтаман, бир салом бермасам, кўнглим жойига тушмайди…

Аҳмаджон Мухторов: Аббосжонни бир неча марта газетага ишга таклиф қилганман, келмаган…

Нусрат Раҳмат: Аббосжон билан суҳбат қилишнинг гашти бор…

Акамни таниган инсонлардан ҳатто сенатор-депутат, вазир ёки вазир ўринбосари бўлганларидан тортиб, турли нашрларда ишлаётганлари ҳам бугунги режимнинг баттоллигига қарамай ҳамдардлик билдиришмоқда. Йигирма йилда бизни унутишган деб юрсам, улар ҳатто акамни эслаб юришган экан. Уларга одамийликлари учун раҳмат.

Аббос акамнинг уйи Самарқанд шаҳридан Ургут-Панжакент томонга борадиган йўлнинг шундай устида эди. Уни кўрганлар менга “Акангиз дарвоза олдига чорпоя қуриб, ўтган қайтганга чой-бериб ўтирибдилар”, дейишарди.

Акам узоқ йиллар санитария-эпидемиология соҳасида врач бўлиб ишлаб, нафақага чиққанди. Кейинги йигирма йил давомида қанд касаллиги билан олишди. У руҳан кучли инсон эди. Лекин касаллик ҳар қандай кучли инсонни ҳам йиқитар экан.
-Қабристоннинг қаерига қўйдингизлар?-деб сўрайман жиянларимдан биридан.
-Жанозаларини ўзлари обод қилган мачитда ўқидик, кўпчиликнинг истаги билан у кишини қабристоннинг кираверишдаги асосий йўллакнинг ўнг тарафидаги тепаликка қўйдик…

У энди ўша ердан Пулимуғоб қишлоғига, ўзи севган, ўзи ардоқлаган  қишлоғига боқиб туради. Биз тириклигимизда йигирма йил бир-биримиздан айрилдик. Орзуим-қудратли яратувчи бизни келажакда бирлаштирсин! Менга ҳам унинг ёнига бориш насиб этсин!

Парвардигор, унинг жойини жаннатдан айлаб, раҳматингга қовуштир!

23 март, 2011 йил.

12 Responses

  1. Ватан ишқида муҳожирликда юришнинг ўзи бир катта дард, бунинг устига яқинларингдан вақт-бевақт айрилиб қолишинг, ажралиб қолишинг яна бир дард. Шундай кезда эса кимдир падари бузруквори, муҳтарама онаси, кимдир эса ёру дўсти, оға -ини, опа- сингилларидан ажралгани дарди устига уларни сўнгги манзилга кузата олмаслик куйган юракларни баттар чўғлайди, эзилган юракларни янада хун қилади.

    Фасллар келинчаги бўлмиш баҳор чечаклари марҳум Аббос аканинг у дунёларини ҳам гулдай соф ҳамда беғубор этсин!

    Жаҳонгир ака, биз сизнинг дўстларингиз, туғишган инилардай қадрдонларингиз дардингизга шерикмиз!

    Бардам бўлинг! Бу дунё барчамиз учун ўткинчи бир дунёдир. Кимдир аввал, кимдир кейин ўша чин дунёга йўл тутишимиз муқаррар. Ўтганларнинг руҳлари шод бўлсин, жойлари жаннатдан бўлсин.

    Шахсан ўзим ва барча оила аъзоларимиз, шунингдек сизнинг “Замондош”даги миллионлаб мухлисларингиз ҳамдардликларини қабул этинг!

    Укангиз Ризо Обид.

  2. Жахонгир ака, акангизнинг вафоти бизни хам қайғуга солди… Бир яқин жигарингни энди мангу кўра олмасликни англаш бу нақадар оғир…
    Бардам бўлинг, ака, Акангизни Оллох рахматига олсин.
    Улуғбек, Ванкувердан.

  3. Инна лиллахи ва инна илайҳи рожиъун,

    Барчамизга булган синов дунёдан барчамизга Оллохнинг узи сабир берсин.
    Утганларни яратганнинг узи рахматига олси.
    Аббос ака нинг охирати обод булсин омин.

  4. Хурматли Жахонгир ака! Самаркандда акангиз Аббос акани вафот этганларини укиб анча тушкунликка тушдим! Якинларни йукотиш огир, аммо мухожиратда туриб йукотиш хар кандай инсон учун катта зарба! Бардам булинг! Олло сизга ва ёнингиздагиларга сабр берсин! Мен сизни ва мархум акангизни шахсан танимасам хам, лекин бу нохуш хабарни узимнинг энг якинларим бошига тушган кулфатдек кабул килдим. Илохим жойлари жаннатда булсин ва охиратлари обод булсин! Дардингизга шерикман!
    Хамдард дустингиз м.м.

  5. ” Туронзамин”ни очиб кўриб, юртдан келган хабар сиз учун нақадар зарбали эканлигини ҳис қилдим. Кўнгилга яқин одамни йўқотиш нима эканлигини биламан. Акангизни яратганнинг ўзи раҳматига олган бўлсин. Дунё шундай
    экан. Иложимиз йўқ. Яхшиларнинг руҳлари ҳам биз билан бўлишига, кейинги қиладиган ва ҳозир қилаётган ишларимизда доим мадад бериб туришларига ишонаман. Энди бемаҳал бизни ташлаб кетганларнинг қилишга улгурмаган ишлари, яхши ниятлари, орзу- армонлари йўлида қўлдан келганча давомли бўлиш- қолганларнинг бўйнида.Сизга ва марҳумнинг бошқа барча яқинларига ҳамдардман. Худо сабр берсин. Қолган барча яхшиларнинг умрини узун қилсин. Ҳурматлар билан: Ёдгор.

  6. Жаҳонгир ака! Бу қайғули хабар мени ҳам юрагимни тирнади. Илоҳим Аббос акангизни жойлари жаннатдан бўлсин, у кишини қолган умрини Аллоҳ фарзандларига берган бўлсин. Бардам бўлинг ака, ўлим ҳаммани пешанасида бор нарса. Иложимиз қанча ҳаётнинг бу синовларига ҳам бардош беришга мажбурмиз. Таъзиямни қабул этинг қадрдоним.

    Насрулло Саййид

  7. Ассалому алайкум Жаҳонгир ака.
    Биринчи оғзимга келган гап, шу бугун, шу сайтни очмасам, шу мақолани кўрмас эдим, балким бу воқеа бўлмас эдими, деган ҳаёл бўлди… Қандайдир ғалати бўлиб қолдим. Жаҳонгир ака, бардам бўлинг. Тақдир шундай экан, бизни баъзан ўз иҳтиёримизга қарши айришяпти, ораларга низо солишяпти, руҳан синдиришга уринишяпти… Ғалати замон бўлди… начора.
    Жаҳонгир ака, албатта бу жуда катта йўқотиш, жуда оғриқли йўқотиш…
    Бардам бўлинг, қалбингиз ўксимасин, аслида сизни атрофингизда Аббос акадай бўлмасада, укалар, акалар, биродар дўстлар кўп.
    Аллоҳ Аббос акани ўз раҳматига олсин, яхши мақомда қабул қилсин!
    Укангиз Ҳ.

  8. Qadrli Jahongir aka! Akangizning vafoti bizlarni ham chuqur qayg’uga soldi. Ta’ziyamni qabul qiling, aka. Qayg’uingizga sherikman. Alloh o’tganlarimizni rahmat aylasin. Sizga va barcha yaqinlaringizga Yaratgandan sabr-toqat tilayman. Hamdardlik bilan ukangiz, Ulug’bek.

  9. Жаҳонгир! Азиз акангиз ва қимматли дўстингиз, Аббос ака, қалби дунё, самимият соҳиби, бутин умир инсонларни оммавий касалланишдан сақлаган доктор, одамийлик, илиқлик нурларини сочган инсон эканликлари, сизнинг Хотираномангиздан яққол кўринмоқда. Негадир яхшилик, поклик ва садоқат уруғларини сочувчи забардаст шахслар, бу фоний дунёдан тез ва бевақт ўтадилар. Акангизнинг бевақт вафотлари муносабати билан сизга, оила аъзоларингизга ва қариндошларингизга чуқур таъзия исҳор этаман.

    Ҳурмат билан Абдуфаттоҳ.

  10. Abbos akaning joyi jannatda bulsin.
    Sizga, muxtaram Jaxongir aka, sabr-bardosh tilaymiz.

  11. Assalomu alaykum Jahongir aka, Alloh taolo sizga va oila a’zolaringizga sabr bersin Akangizni rahmat va magfirat etsin. Hammamiz bu olamni vaqti kelgach tark etamiz ammo kim erta kim kech. Allohdan bacrha iymon bilan olamdan o’tgan bandalar qatori akangizni ham rahmat va magfirat etib qabrini jannat bogchalaridan biri etsin qiyomat kuni rahmat nazari bilan boqsin Paygambarimiz S.A.V shafoatlaridan nasib etsin. Omin.

  12. […] Жаҳонгир Маматов: Акамдан айрилган кун. – https://turonzamin.org/2011/03/24/ayriliq/#more-14335 (www.turonzamin.org […]

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: