“Озодлик”ка кўра:

Ўнта аёлдан саккизтаси Каримовчи (??????)

1. Тошкентлик 51 яшар Гавҳар опа:

– Шахсан мен учун, Ислом Каримов, ҳар тарафлама, идеалний эркак деб ўйлайман. Чунки ҳақиқатан ҳам ҳаммани ўйлайдиган инсон. Катта республикамизни тутиб ўтирибдилар. Телевизорларни кўрамиз бошқа давлатларни, бошқа нималарни. Уруш, бошқа нималар бўлаяпти. Бизларда¸ Худога минг қатла шукур¸ шунақа нарсалар йўқ. Кечқурун ҳам бемалол кўчада юра оламиз. У кишининг¸ айниқса аëлларга жуда ҳам ҳурмати баланд. Шунинг учун ҳам яхши кўраман. Ўзимнинг отамдай ҳурмат қиламан. Ҳаммани ўйлайдилар¸ деб ўйлайман. Чунки ҳар йили “Ëшлар йили”, бошқа, бошқа ҳеч бир давлатда йўқ, бизларда бор. Демак, ҳаммани ўйлайдилар. Ҳар йил мана шунақа нималарни ўйлаб топаяпти. Ҳаммага эътибори бўлса керак бу тўғрими? Президентимизни яхши кўраман. Агар ëшроқ бўлсалар¸ ўзим тегволардим….

2. Каримовга тенгдош тошкентлик Муяссар хола:

– 20 йилдан бери¸ Оллоҳга шукур¸ тинчлик бизларда. Шунга хурсандмизки¸ мана кўраяпсиз арабларда, ҳамма ëқда бутун дунë нима қилаяпти. Биз тинчмиз. Шунга миллион-миллион раҳмат¸ деймиз бу тинчлигимиз учун. Ислом Абдуғаниевич президентимиз бизларга. Президентимиз, бошқа нима деймиз, отамиз ҳам дея олмаймиз, икковимиз тенг эканмизда бундай қарасак. Энди қанақа яхши кўради, одам ота-онасини яхши кўради. Мен ҳурмат қиламан. Ислом Абдуғаниевич аëлларни кўпроқ кўтарди, кўп жойларда аëллар раҳбарлик қилаяпти. Бу томондан жуда ҳам яхши қилди, хотинларни қўллаб-қувватлади. 1999 йил аëллар йили эди. Шунда жуда кўп кўтарилган эди. Шуни биламан, чунки ўша вақтда мен ҳам ишлардим. Битта нарса борки айтишим мумкинки, хотинлар байрамига бозорлар арзон бўлса экан. Жуда қиммат ҳамма ëқ. Уларничи маҳаллий бозорқўмлар қиммат қилаяпти исскуственний. Бўлмаса нима қила олади Каримов битта ўзи? Худога шукур¸ ҳамма ëқ тинчлик. Бозорқўмлар қилишади-да бу ишларни…

3. Шаҳрисабзлик 49 яшар Гулбаҳор опа:

– Мен учун нима десам, мен чўпоннинг қизиман-да асли ўзи. Қўполроқ битта мақолим бор. Пода бўлмаса, подачининг кераги йўқ. Каримов бошимизга шунчаки бир подачи, шунчаки бир отадай бўлиб турибдилар. Энди ота ҳам ҳамма боланинг кўнглини ололмайдию. Оддий гапнинг тайини шу бизларнинг тинчлигимизга шукур. Ота ўрнида кўра олмайман у кишини. Ота бўлса, аввал оилавий ишларни бир ëқлик қилиши керак. У киши четга кўп эътибор қиладилар. Ëшларини Худо берсин умрларинию, мана ўзимизнинг муҳитга қараганда четга кўп нима қилади. Халқаро яхшию, ичкариларга унча эътибор йўқ. Биласиз ўзи бизлардан, Қашқадарëдан зинадан чиқиб у ëққа борганлар, президент бўлганлар. Унча рози эмасман. Айниқса¸ ўтган йил аëлларни бичишга мажбур қилишаяпти. Ишонасизми, агар шароитим яхши бўлса, 10та туққим келади менинг. Мен болани яхши кўраман. Биринчидан, ўзбекнинг уруғи қурияпти. Очиғи шуда! Шунақа бўлаяпмиз. Қўшнилардан неча киши шу бугун туғса, шу бугун ўшани бичиб ташлашаяпти. Ўз кўзимнинг олдида бўлаяпти бу ишлар. Яхши ҳам кўрмайман, ëмон ҳам кўрмайман. Параллелний.

4. Ўш қирғини кунлари Ўзбекистонда жон сақлаган ўшлик 65 яшар онахон:

– Яхши инсон¸ деб ўйлайман энди ҳозир. Ҳақиқатан яна бор бўлсин бу киши дейман. Анча вақт далда бўлди-да. Қирғизистонда яшаган ўзбеклар миннатдор бўлдикки, вақтинча бўлса ҳам далда бўлди-да. Ҳалиги битта гапларига, Москвадами қаерда бўлган гапга, Роза Ўтунбаева ўтирганда гапирилган гапига тоғдан осмонларгача кўкраги очилиб, қадди баланд бўлди. Ўзбек яшаб келган, ўзбек яшайди ва яна яшайди ўзбек, деб гапирганини телевизорда кўриб¸ яхши деб ўша билан ҳам кўнгиллар кўтарилдида. Шунинг учун мен яхши одам дейман. Шу гапидан кейин Каримовни яхши кўриб қолдим. Мана шу фожиалардан кейин яхши кўрдим, дуо қилдим. Мана шу киши яна турсин, дедим.

5. Хоразмлик 60 яшар Рўзигул опа:

– Каримов президентимизнинг муносабати ëмон эмас аëлларга. Президентимиз яхши. Фарзандлар учун ота ўрнида яхши. Болаларни яхши қайғуради. Оналарнинг ҳам мана пенсияларини кўпайтириб, болаларнинг ҳам пулини кўпайтириб, халққа яхши қарайди. Миннатдормиз Каримовдан.

Болаларни туғишни тўхтатиб турибди, иккита бўлса бўлади¸ деб тўхтатиб турибди. Ëшларни туғдирмай турибди. Бизлар пайтда замон бошқача эди. Шу ишлари бўлмайди. Келинларни бичиб ëтгани бўлмайди, лекин бошқа томондан яхши. Ўқиш томонлама, спорт томонлама, ҳар томонлама шароитни ярат деб мажбур қилиб турибди халқни. Президентимиз яхши. Халқни ўйлайди. Яхши кўраман Каримовни.

6. Ҳизбут-Таҳрир ташкилотига алоқадорликда айбланиб¸ узоқ йиллик қамоқ жазосини ўтаëтган йигитларнинг онаси:

– У киши президентимиз, бизнинг уларга ҳеч эътирозимиз йўқ. Президентимиз отамиз. Яхши президент¸ нима деймиз. Уларга ҳеч эътирозимиз йўқ. …


7. Европада ўқиëтган 24 яшар талаба қиз Маҳлиë:

– Каримов мен учун диктатор¸ ўз халқни азоблаëтган бир диктатор. Ўзбек халқининг эркинликларини бермаëтган инсон. Йилда бир кун 8-март бўлади. Шу куни хўрозқандга алданган болага ўхшаб¸ совға берса¸ ширин гапирса¸ “Каримов яхши” деëлмайман. Бир кун бу ҳеч нима. Каримов халқимизни 20 йилдан ортиқ вақт давомида шунақа азобда, қашшоқликда сақлаб келаяпти. Шунинг учун мен яхши кўра олмайман Каримовни. Минг совға берсин 8-март куни, лекин кечирасизу мен айта олмайман бу гапни. Менда Каримовга нисбатан на ота, на бобо деган тушунча бор. Ўзбекистон жуда ҳам чиройли, жуда ҳам бой давлат. Шу давлатнинг қадрига етмасдан инсонларини шу аҳволга солган одамни мен яхши кўра олмайман ва ота ëки бобо сифатида қабул қила олмайман. Бу гапим кимларгадир ëқмаса¸ узр¸ аммо бошқаси йўқ менда.


8. Хитойда фоҳишалик қилаëтган 29 яшар Раъно:

– Менинг Ўзбекистонда қолган биттаю битта ўғлим бор. Орзуим биринчи ўринда ўғлимни Америкада ўқитиш. Худо хоҳласа, Америкада ўқитсам, бошқа ҳеч қанақа армоним йўқ. Майли қилган ишларим, гуноҳларим жавобини беришга тайëрман. Фақат ўқитиш. Ўғлим ўқиб катта инсон бўлсин. Мен хоҳлайман вақти келиб Каримовдай президент бўлсин. Ҳар доим ўғлимга “Катта бўлсанг, ким бўласан?” дейман. Ўғлим “Президент бўламан” дейди. Ўғлимнинг исми Темур. “Сен¸ Худо хоҳласа¸ Амир Темурдай, Ислом Каримовдай президент бўласан” дейман. Майли яхшими, ëмонми подшоларга Худонинг назари тушар эканки, шу одам президент, подшо бўлар экан. Мен хоҳлайман менинг ўғлим ҳам Ислом Каримовдек президент бўлсин..

9. Ўшлик 25 яшар ўзбек жамоаси фаолларидан Нодира:

– Каримов диктатор бўлишидан қатъий назар¸ ëки Каримов бошқа бир шахс бўлишидан қатъий назар¸ мен ўзбеклигим учун, менинг миллатимга мансуб ягона давлат президенти бўлганлиги учун ҳам мен Каримовни барибир нимагадир ҳурмат қиламан¸ бизга бефарқлигига қарамасдан. Чунки мен ҳамма давлат бошчиларини битта мафия¸ деб ҳисоблайман. Булар ҳаммаси бир-бири билан боғланишган. Халқдан кимнидир отиш, кимнидир йўқ қилиш ëки кимнидир қувғин қилиб чиқариш айнан давлат манфаати учун керак. Шунинг учун бу нарсани нафақат Ўзбекистонда, бошқа давлатларда ҳам ҳеч қачон тўхтатиб бўлмайди. Бу нарса давом этади. Лекин Каримовни ўзбек миллатининг отаси деб ҳисобламайман. Ўзбекистонликлар¸ масалан Каримовни “бизнинг отамиз” дейишади. Фақат юзаки бу нарсалар ҳаммаси. Қўрққанидан “отамиз” дейишади. Мен отам демайман ҳеч қачон. Мажбурласа ҳам мен ҳеч қачон “Каримов бизнинг отамиз” демайман. Ўзбек миллатининг отаси¸ деб ҳисобламайман.

10. Кореяда йиллардан бери ноқонуний муҳожирликда яшаëтган 39 яшар муҳожир аëл:

– Энди бизнинг президентимизга муҳаббатимиз қандай бўларди? Агар яхшироқ бўлганда, Ўзбекистонда юрган бўлардик-да! Ҳозир Ўзбекистонда бутун ҳаммаси порахўр. Каримов билмайди ҳеч нарсани¸ дейишади. Қандай қилиб Каримов билмайди? Ҳаммасини билади.

Аëлларга қиладиган хушомадларига борку¸ жуда жаҳлим чиқади. Бу гапларга шундай нафратим ошади. Президентга нафратим ошадики, аëлларни жуда севадиган бўлса, мана аëлларимиз турмаларда қанақа азоб еяпти, қанақа зўрланаяпти ҳомиладор бўлиб қолиб. Нима учун ўшаларнинг ҳуқуқини таъминлаб бера олмаяпти? Менга ўхшаган аëллар қийналиб, бошқа юртларда қанақа бўлиб оғир аҳволда юрибмиз. Ким айбдор бўлади? Биринчи навбатда президентимиз айбдорда бунга. Ким айбдор? Аëлларимизни севиб, шунчалик эъзоз қилганларида, аëлларимиз чет элга чиқмаган бўларди. Бориб туриб фоҳишалик қилмаган бўларди. У аëлга қарамаяпти, у эркагига қарамаяпти, у ëшига қарамаяпти, у қарилигига қарамаяпти – ҳаммасини олиб турмага тиқаяптими? Турмада қанақа азоблар еяпти улар. Мажбур¸ кейин Каримовни яхши дейди-да, ëмон дейдими. (Ozodlik.org)

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: