Холдор Вулқон

Ҳаёт – мантиқий жараён

Биз яшаётган олам сабабнинг оқибатидир. У сабаб ҳақида бизнинг ақлимиз бовар қилмайдиган чексиз оламларни биронта устунсиз, муаллақ ҳолатда яратиб қўйган Зот – Худои Таолонинг Китобларида ёзиб қўйилган. Сабабсиз оқибат бўлмайди.

Ўзбек мухолифатининг давомли мағлубиятлари ва президент Ислом Каримовнинг сурункали ғалабаларини логика ғалвиридан ўтказилса, бу икки хил оқибатнинг асосий сабаби нимада? деган савол сувга бўккан эшакнинг ўлигидай рўйи обга қалқиб чиқади.

“Жавоб эса ҳаддан ташқари одми. Ўзбек дунёвий мухолифати миллатчилик сабаб, уларнинг ўз таъбири билан шоирона қилиб айтганда, миллиятчилиги сабаб шу ахволга тушдилар” деган одамни миллиятчилар жинидан бадтар ёмон кўрадилар.

Ундай одамни улар бир зумда ёвуз душманга, МХХчига, ҳеч бўлмаса космополитга чиқарадилар. Уларга фақат мақтов бўлса. Танқидга тоқатлари йўқ, яъни сиркалари сув кўтармайди.

Ислом Каримов хукумати эса дунёвий мухолифатни қачонлардир биргина “Миллий” деган сўз билан махв этди қўйди. Ўзбек мухолифати аксинча, биргина ўша сўз сабаб барча имкониятларни бой берди, пароканда бўлиб, қамоқларда чириб, бу ҳам камдай, хорижга сургун қилинди.

Мухолифатни аслида “Миллий мажлис” ғоясини ўйлаб топганлар барбод қилдилар. Айнан шу биргина “МИЛЛАТЧИЛИК” деб аталган дахшатли хато –сабаб мамлакатимиз аҳолисининг каттагина қисмини ташкил этувчи русийзабон ватандошларимиз ва миллатчиликни, бўлгинчиликларни ёқтирмайдиган маҳаллий ўзбеклар сайловда Каримов номзодига кўп овоз бердилар. Кейинги сайловларда ҳам улар ўзбек мухолифат лидерларида, улар раҳбарлик қилаётган партиялар сиёсий платформасида миллатчилик ғоясини кўрганлари учун ҳам рус тилида сўзлашгувчи юртдошларимиз ҳамда ўзбекларнинг аксарияти яна Каримовни қўллаб – қувватладилар.

Каримов хукумати ўз мухолифати манглайига усталик билан “Миллатчи” тамғасини уриб, “Мана, бу ғаламисларни кўриб қўйинглар! Олий мажлисга муқобил “Миллий мажлис” деган бошқарув механизми қурмоқчилар! Бунинг оқибати нима бўлишини биласизларми?!” дея кўпмиллатли халқимизга намоиш қиларкан, бу нарса мухолифат қатоғонини қонунийлаштиришга дастак бўлди.

Ўзбек мухолифати лидерларига: “Миллиятчиликни йиғиштириб қўйиб, умуминсоний ғояларга таяниб иш юритсак бўлмайдими?” десангиз, улар сизга шоша – пиша Грузияни, Украинани ва Болтиқ бўйи республикаларини рўкач қиладилар.

Гўёки давлат бошқарув тизими миллиятчилик ғояси устига қурилган ўша давлатлар ягона пул бирлигига, шаффоф чегарали ҳамжамиятга бирлашаётган Европа давлатларидан, Канада, Америка сингари, ирқчиликдан, диний ва дунёвий бўлгинчиликлардан, миллатчиликдан аллақачонлар қутулган, мутараққий давлатлардан ҳам илғорлаб кетгандай .

Агар биз Ўзбекистонни тараққий этган мамлакатлар қаторида кўрмоқни истасак, биз ҳам Канада, Америка давлатлари каби миллатчиликдан, турли диний ва дунёвий бўлгинчиликлардан мумкин қадар тезроқ қутилишимиз керак.

Ўзбекистон халқини миллий ва диний бағрикенглик бирлаштиради ва дунё халқларига уйғунлаштириб ўз қобиғига ўралиб олган унитаризмдан, тоталитаризмдан алалоқибат авторитаризмдан қутқаради. Бошқа йўллар юзаси мох ва лишайник босган тубсиз ботқоқларга, боши берк кўчаларга элтади ҳалос.

Пайғамбаримиз Ҳазрати Муҳаммад Мустафо Соллоллоху Алайҳи Васаллам ўз хадисларида, яъни умматга кўрсатиб кетган йўл – йўриқларида “Сийлаи раҳим”га кўпроқ урғу берганлар. Сийлаи раҳимнинг маъноси қариндош – уруғчилик ришталарини узиб юбормаслик деганидир. Пайғамбаримиз қариндошчилик деганларида дунёдаги тамоми инсонларнинг бир – бирларига қариндош эканлигини назарда тутарканлар, қариндошчиликни узилиши оғир оқибатларга олиб келишини таъкидлайдилар.

Шу маънода бошқа халқлар билан ўзаро қардошлик ришталарини узмай уйғунликда яшаган халқларнинг душмани бўлмайди. Уйғун яшай олмаган халқларнинг душмани кўпаяди.

Душмани кўп халқлар эса Соҳибқирон бобомиз Ҳазрати Амир Темур айтганларидай заифлашиб қоладилар.Худди туғишган ака- укаларидан, опа – сингилларидан, қариндошларидан юз ўгирган нодон кимса каби ёлғиз қолади, заифлашади ва жуда кўп фойдалардан махрум бўлади.

Худди бугунги Ўзбекистон МУРОСАсиз, ТАКАББУР сиёсат туфайли сувдан махрум бўлаётгани, ҳар тамондан хавфу хатар гирдобида қолаётгани каби.

Кўзларингизни каттароқ очиб Европа ва Ғарбга қаранг!

Америка, Канада ва Европа халқларининг қудрати ИРҚИЙ, МИЛЛИЙ, ДИНИЙ, ДУНЁВИЙ УЙҒУНЛИКДА, яъни (Гармония)да.

Бизда ҳам Европа ва Ғарб давлатларидаги каби миллатидан, динидан, ирқидан қатъий назар юртимизда яшаётган барча элатларни бирлаштиргувчи ЎЗБЕКИСТОНЛИКЛАР деган ягона ном халқимиз ифтиҳорига айланмоғи керак.

Миллатчилик деган оғир тошни ўзи шундоқ ҳам афкор халқимиз оёғига боғламайлик!

Агар миллатчилик, диний, дунёвий бўлгинчиликлар яхши бўлганда, ЕВРОПАликлар ва АМЕРИКАликлар сиз – билан биздан бир – икки аср аввалроқ миллатчилик йўлини танлаган бўлар эдидлар.

УЙҒУНЛИКни, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий ГАРМОНИЯни танламаган бўлардилар.

Бизнинг сиёсатчиларимиз ҳам биргина миллат манфаатларидан эмас, Ўзбекистонликлар манфаатидан келиб чиқиб иш юритсалар, уларнинг сиёсатлари Халқимиз манфаатларига муштарак келарди, яхши оқибатларгагина сабаб бўларди.

Сабаб эса юқорида айтганимиздай бирламчи. У обод қилиши ҳам, вайрон қилиши ҳам мумкин. Сабаб деган нарса инсонга бўйин сунмаслиги билан хатарли.

Бир яхши тамони, одамзодга ОҚИБАТНИ ЎЙЛАБ ИШ ТУТИШ ихтиёри берилган. Бизнинг “Лидер”ларимиз оқибатни ўйламай иш тутганлари учун биз кўзланган мақсадга ета олмадик.

Лидерлари заиф, бирлашмаган, пароканда, интизомсиз тўда эса ҳамиша ҳалокатга маҳкумдир!

4 март, 2011 йил.

Тунги соат 12 дан 5 дақиқа ўтди.

Торонто шаҳри, Канада.

muvozanat.info

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: