Сатира: Нофизийдан нома (60)

Муборакка кетиши муборак!

Зулм фиръавнларнинг инсониятга меърос бўлиб қолган кашфиёти. Инсонни қулга айлантириш, унга ҳайвон каби муомала қилиш, уни қийноқларга солиш, ҳақларини топташ ва унинг кучи билан ўз қудратини ошириш иллатлари фиръавнларнинг ҳокиму ҳукмдорлик найрангидир. Шунинг учун ҳам фиръавнларни севадилар. Найрангни севмаган борми? Балки шунинг учун ҳам найрангбозлик модага айланиб кетган.

Найрангбозликнинг шиори – “Подшо Худонинг ердаги сояси” деган гап ҳам эрамиздан олдин Мисрда, сал бошқачароқ кўринишда пайдо бўлган: Яъни “Фиръавн худоларнинг ердаги соясидир”. Хариятки, ўзларини соя дейишган. Худо деб юборишса нима қилардик? Бугун сиғиниб юрармидик? Санамларга сиғинганлар каби…

Соя бўлишса ҳам улар ўзларига ҳайкаллар қўйишган, шарафларига пирамидалар яратишган, тобутларини мумиёлатишган. Шундан бери “Иншоотлар подшоларнинг қудратидан дарак беради” деган гап ёйилди ва бизга қадар етиб келди. Биз бу иншооотларга қараб анқайиб қоламиз, уларни фахр-ифтихоримиз деймиз. Қабрнинг ичида ким ётгани қолиб, қабртоши ҳақида гапириш ҳам шундан келиб чиққан бўлса кераг-ов?

Ишонмасангиз Ислом ота туғилган кунида “Озодлик”да таниқли журналист, Худо берган истеъдоднинг соҳиби Шароф Убайдуллаевнинг гапларига қулоқ осинг. Шароф ака “Каримовга келажак баҳо беради, у қурган бинолар, йўллар, кўприкларга қараб” деган гапни айтиб юборди. Балки у “Каримов ҳали фиръванлар даражасига етган эмас, ҳали соя бўлолмади, пирамида қуролмади, ҳайкалини ўрната олмади, тобутини мумиёлатолмади”, демоқчидир? Ким билсин яна? Бизнинг зиёлилар жуда ақлли, гап тагида гап билан гапирадилар ва орадан йиллар ўтиб буни ўзлари бизга тушинтириб бермасалар, биз авом англамаймиз ҳам. Хуллас, гап Ислом отада ҳам эмас, Шароф Убайдуллаевда ҳам эмас. Чунки Ислом ота Мисрга 66 йил ҳукмдорлик қилган фиръавн Рамзес иккинчи эмас, Шароф Убайдуллаев эса Миср тарихини ёзган Манефон биринчи эмас-да.

Гап зулмнинг отадан боласига, бобосидан неварасига – қондан қонга, жондан жонга, соядан-сояга меърос эканлигида.

Мисрда Муборакни “Сўнгги фиръавн” (Ундан кейин бир кунлик Сулаймон ҳам бор-ку?) дейишаркан. Ўзи эшитмаган дейсиз-ми? Эшитганда қандоқ? Балки хурсанд ҳам бўлгандир? Чунки ҳамма фиръавнларнинг номлари, пирамидалари, мумиёланган тобутлари тарихда қолган-да. Ҳазилакам одам зиёрат қиладими?

Фиръавнларнинг елкасини уқалаган, оёғини ўпганлар орасида уларнинг пирамидаларига сиғинган ва ҳатто мумиёланган жасадларини қучоқлаб жон берганлари ҳам бўлган. Бу ҳам меърос. Ҳаромдан ҳаромга. Ҳаромидан ҳаромига.

Биттаси Муборакни “Сўнги фиръавн” деб китоб ҳам ёзибди. Дунёбехабар экан. Муборак намойишга чиққанларни ўша куниёк қарсиллатиб отмади-ку! Нима бўлганда ҳам фиръавн эмас, одам экан, бўлмаса Таҳрир майдони тинч намойишлар саҳнаси эмас, Бобур майдонига айланарди, Қоҳира эса Андижон бўларди.

Бу билан Муборакни оқламоқчи эмасман, фақат уни “охирги фиръавн эди” деганларга бекорнинг ўн бештасини айтибсиз демоқчиман. У бўлса-бўлса фиръавнбачча эди. Ортида пирамидаси ҳам, мумиёланган тобути ҳам йўқ. Ҳайкалини эса светофорнинг тиргагига осишди. Араблар маданиятлироқ халқ экан, афғонларга ўхшаб Нажибуллони БМТнинг тиргагига осган каби Муборакни ётган жойидан судраб чиқишмади, фақат ҳайкалини осишди. Балки унинг бахти ҳам шундадир. Ахир баъзан бахтсизлик ҳам бахт. Аммо бунақа бахтга “Ҳе…” деворгинг келади! Чунки бу инсон эрки, озодлиги, равнақи, ҳуқуқлари топталиши эвазига яратилган бахтсиз бахтдир!

Муборакка кетиши муборак! Афсуски, Муборакдан кейин келадигани ҳам ё фиръавнга ёки фиръавнбаччага айланади. Лекин унинг ҳам пирамидаси, сфинкс ҳайкали, мумиёлаб қўйилган тобути бўлмайди. У ҳам нари борса беш ўнта кўприк, йўл ва бино қурдириши мумкин. Чунки бунга ёнидан пул сарфламайди. У ўзини Рамзес бобосидан ҳам ақли деб ҳисоблайди. Бобом соя эди, мен соя эмас, соянинг соҳиби деб билади.

Ўша пайтларда Қуёш худосини Ра (RA) деб аташган, Рамзесни эса -“Ка-нехет-мери-РА” (РAга ошиқ бўлган кучли ҳўкиз) дейишган.

Лекин, “Ликулли фиръавн Мусо” деган гап ҳам бор. Бу “Ҳар фиръавнга бир Мусо” дегани. Яъни зулм ва золимнинг қаршисига кўкрак кериб чиқадиган Мусо ёки мусолар майдонда пайдо бўлганда, фиръавннинг тахти ҳам, ўзи ҳам гурсиллаб қулайди. Лекин хароба ичидан бошини кўтарган битта гавда секин оёққа туради ва янги фиръавнга, бўрдоқи ҳўкизга айланади. Дунё дунё бўлибдики, уни ҳўкизлар бошқармоқда.

Дарвоқе, Ер шарини ҳўкиз кўтариб турибди, деган гапни эшитганмисиз? Буни ўша кучли “ҳўкиз”ларнинг ўзлари айтишган. Улар “бу дунё менинг шохимга илиниб турибди”, деб ўйлайдилар-да… Ҳа, шохинг синиб кетгур! Э, нима деяпман ўзи, шохи синиб кетса, Ер шарига нима бўлади, бизга нима бўлади?!

Нофизий.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: