Сатира: Нофизийдан нома (58)

ЙЎТАЛ
Кеча чойхонага чиқсам, режимчи ошнам ўша ерда экан, “ўҳўў-ўҳўў”лаб ўтирибди. Шамоллаган шекилли. Шунда ҳам одатимизга кўра озгина баҳслашиб қолдик. Мен унга:
-Кўрдингизми, Тунисда бошланган инқилоб Мисрга кўчди. Унинг таъсири дунё бўйлаб ёйилмоқда. Иордания Қироли Абдуллоҳ ўз ҳукуматини тарқатиб юборди ва янги бош вазир Маъруф Бахитга сиёсий ислоҳотларни бошлашга буйруқ берди,-десам у:
-Нима қипти?-деб бамайлихотир жавоб қилди.
“Э, онангни эри қипти” демоқчи эдим, кейин балога қолмайин, бола-чақа бор, деб тилимни тийдим ва унга одамга ўхшаб тушунтира бошладим. Нима, одам эмасмисан, деяпсизми? Бунақаларни кўраверсангиз сиз ҳам одамлар сафидан четга чиқиб қоласиз. Хуллас унга:
-Яманни 30 йилдан буён бошқариб келаётган Президент Али Абдуллоҳ Солиҳ бундан кейин президентлик муддатини чўзмаслиги ва ҳокимиятни ўғлига топширмаслигини эълон қилди,-дедим.
-Хўп, эълон қилса қилгандир? Осмон узилиб ерга тушибди-ми?-деди у ва муштини оғзига қўйиб давомли йўталиб олди. Ўпкаси “гурс-гурс” қилгани эшитилиб турарди.
Унинг гапидан яна жаҳлим чиқди. “Осмон узилиб онангни устига тушибди” демоқчи эдим, лекин “Бечора онасида нима айб, нега энди ўзи қолиб онасини сўкишим керак?”, деган гап хаёлимдан ўтди ва “Астағфурулло” деб ўзимни тийдим. Онаси қайнонам бўлгандаку, майли эди, “онахонда” деган сўзни ўзгартириб, “анаконда” деб сўкардим. Хуллас, тилимни тийиб, мўмин-қобиллик пўстинини кийиб ошнамга яна гап суқдим:
-У ёқда Сурия раҳбари Башир Асад ҳам ўз мамлакатида сиёсий ислоҳотларни бошлаш зарурлигини айтди.Булардан хулоса чиқариб олиш керак. Сиз бўлсангиз “Нима қипти?”дан бошқа нарсани билмайсиз.
-Биламан,-деди режимчи ошнам “қанг-қанг” йўталиб.
-Нимани биласиз? Билганингизда янги шамол эсаётганини ва бу бизни ҳам четламаслигини англаган бўлардингиз,-дедим тутоқиб.
Мана шундай янтоққа ўхшаб бирдан тутоқаман, “гуп” этиб ёниб кетаман, кейин “тап” этиб ўчаман. Ҳали ўчмасимдан ошнам жавоб қилди:
-Нималар деяпсиз? Хулосани чиқариб олдик: улар биздан орқада. Бизнинг олампаноҳ ислоҳотлар қилиш кераклигини улардан уч ой олдин эълон эттилар ва ўзларига бир нарса бўлса, Сенат раисига ишора ҳам қилиб қўйдилар. Так что, сиз айтган шамол биздан ўтиб, уларга етди, ўҳў-ўҳўў…
-Ҳм, энди тушундим, бунчалик ўпкадан йўталиб юрганингизни, ўшанда шамоллаб қолган экансиз-да!
-Яна адашдингиз, ўшанда эмас, анча олдин шамоллаганман.
-Э, тузалмаяти денг бўлмаса?
-Ҳа, тузалмаяпти…
-Тузалмас нарса борми? Парво қилманг, ҳеч бўлмаса гўр тузатади.
Шундай дедиму бир сапчиб, чойхонадан чиқиб кетдим. Ошнам қизариб-бўзариб гумбур-гумбур йўталаётган эди. Қанча узоқлашсам, унинг йўтали шунчалик кучаяётгандек туюларди…

Нофизий,
Тошкент.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: