Темур тузуклари (15)

МЕНИ ҚЎЛГА ТУШИРМОҚЧИ БЎЛГАН АМИР ҲУСАЙННИНГ МАКРУ ҲИЙЛАСИДАН ҚУТУЛИШ УЧУН ҚИЛГАН КЕНГАШИМ
Амир Ҳусайн, «менинг дўстлик ва қариндошликни риоя қилишдан бўлак ниятим йўқ»,— деб Қуръон устида қасам ичди ва ўша Қуръонни менга жўнатди. У яна мана буларни ҳам айтганди: «Агар сенга айтган гапларимга хилоф бирон иш тутиш ниятим бўлса ва ўртадаги аҳд-паймонимни бузиб сенга ёмонлик қилсам, шу ушлаган Қуръон — Худонинг китоби мени урсин».

Уни мусулмон деб билганим учун сўзларига ишондим. Шундан кейин у менинг ҳузуримга одам юбориб, «ўртадаги аҳд-паймонимизни янгиласак, худо ҳаққи дуруст бўларди», деб мени Чакчек дарасида учрашишга даъват этганди. Унинг мақсади мени макру фириб билан қўлга тушириш эди. Аҳд-паймони, сўзига ишониб бўлмаслигини билсам ҳам, аммо Қуръон ҳурматини сақлаб, [айтган жойига] учрашувга боришга қарор қилдим. [Бироқ бу борада] кенгашиб, Чакчек дараси атрофига баҳодирларимдан бир гуруҳини юбориб, яшириб қўйишни, кейин эса ўзим бир неча одамимни олиб, учрашувга бормоқчи бўлдим.

Амир Ҳусайн хизматида бўлган дўстларимга хат юбориб, улардан Амир Ҳусайн қилмоқчи бўлган ишидан мени огоҳ қилиб туришларини сўрадим. Дўстларимдан бири Шер Баҳром Амир Ҳусайннинг нияти шум эканлигидан мени огоҳлантирди, Амир Ҳусайн [буни сезиб қолиб] Шер Баҳромни қатл эттирди, менинг устимга эса минг отлиқ аскар билан ҳужум бошлади.

Бу хабар менга етиб келганида энди дарага келиб тушган эдим. Қўшинимни тартибга солдим. Шу вақт Амир Ҳусайн лашкарий фавжининг қораси кўринди. Қоровуллар Амир Ҳусайн лашкарининг фақат бир фавжи эканлиги, Амир Ҳусайннинг ўзи келмаганлигини хабар қилдилар ва «Амир Темур бир ўзи келибди, деган гапни эшитиб, сизни қўлга тушириш учун лашкарининг бир фавжини юборди», дедилар.

Мен [жангу жадалга] ҳозирлана бошладим. Мен билан ҳаммаси бўлиб икки юз отлиқ аскар бор эди. Амир Ҳусайн қўшинининг фавжи дарага кириб келгунча сабр қилиб турдим. Ўзим келгунга қадар [бу ерга] юборган одамларимга уларнинг қайтиш йўлини тўсишларини буюрдим, ўзим эса ёғийга юзма-юз турдим. [Шу тариқа] дарада икки ёқдан қамалиб қолган ғаним лашкарининг кўп қисмини қўлга туширдим. [Сўнг] одамларимни тўплаб, саф-саф қилиб туздим ва Қаршига қараб юзландим. Тажрибамдан шуни кўриб билдимки, дўст ҳар ерда асқотар экан.
Амир Ҳусайнга ушбу мазмунда туркий байт ёзиб юбордим:

Ёрга еткур сабо, ким макр қилмишдир манға,
Қилди эрса кимга макрин, қайтадур бир кун анға.

Бу хатим Амир Ҳусайнга бориб етгач, кўп хижолат бўлиб, уялди, мендан узр сўради, [лекин] мен иккинчи бор унинг сўзига ишонмадим.
(ДАВОМИ БОР).

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: