Темур тузуклари (14)

ЖЕТЕ ВА ИЛЁСХОЖА ЛАШКАРИГА ШИКАСТ ЕТКАЗИШ ҲАҚИДА ҚИЛГАН ЎН УЧИНЧИ КЕНГАШИМ
Биринчи навбатда Илёсхожанинг барча зафарли фавжларини бир жойга боғланган ҳолда ушлаб туришга қарор қилдим. Шу мақсадда амир Муайяд орлот, Учқора-баҳодир, Амир Мусо бошчилигида икки минг отлиқ аскаримни Илёсхожа рўбарўсидаги кўприк ёнига жойлаштирдим. Ўзим бўлса беш минг отлиқ билан Илёсхожа қўшини тепасида жойлашган тоққа чиқиб ўрнашдим ва кечаси кўп жойга гулхан ёқишни буюрдим. Жете сипоҳийлари тоғдаги кўп гулханлар, қаршиларида Пули сангин бошида турган лашкаримнинг катта фавжини кўриб, қўрқувдан саросимага тушиб қолдилар. Ўша тунни Илёсхожа қўшини «жангга ҳозирлан!» буйруғини кутиб [уйқусизликда] ўтказди.

Мен туни билан тоғ устида ухламай тангри таоло даргоҳига илтижо қилиб, ундан ожизу муҳтож бандасига мадад беришини тилаш ва пайғамбаримиз Муҳаммад, саллоллоҳу алайҳи васаллам, унинг яқинлари ва саҳобаларига салавот айтиш билан машғул бўлдим. Ярим уйқу ва ярим уйғоқлик орасида қулоғимга аллакимнинг: «Темур, фатҳу зафар сенга ёр бўлади!»— деган овози эшитилди. Тонг отиб, ёруғ тушгач, намозни жамоат билан ўқидим. Шу вақт қарасам, Илёсхожа ўз амирлари билан отланиб, фавж-фавж бўлиб кетаётибдилар. Амирларим ва сипоҳийларим уларнинг кетидан қувиш қасдида мендан буйруқ беришимни илтимос қилдилар. Мен ўзимча кенгашиб, уларни то мақсадлари маълум бўлгунча таъқиб этишни бир оз кечиктиришни маслаҳат кўрдим. [Тахминан] тўрт фарсанг ерга бориб тўхтаганларидан кейин мен уларнинг фикрини тушундим. Максаддари бизни тоғдан. тушириб, яланг ерда жанг қилиш экан. [Бир неча кун илгари] мен шикаст етказган ҳировул амирлари ҳам [Илёсхожа] қошига қочиб борганди ва Илёсхожа уларни тоза койиб берганди.

Бу пайт мен уларнинг фикридан воқиф бўлганим ва тоғдан тушмаётганлигимни кўриб, орқаларига қайтишга ва менга ҳужум қилишга мажбур бўлдилар. Мен фавжларимни тоғ этагида сафга тизиб, жангга киришни мўлжалладим. Жете лашкарлари тоғ этагига етиб келиб, нима қилишини билмай ҳайрон бўлиб турганда, баҳодирларимга ёв устига қалин ўқ ёғдиришни буюрдим. Душманнинг кўпини ярадор қилдилар. Кеч кириб қоронғу тушганда, қўлларидан бир нима келмаслигини кўришгач, тоғ этакларини гир айлантириб жойлашдилар. Ўша кеча лашкаримни тўрт фавжга бўлиб, ўзим бош бўлиб, тунда ғаним устига тўсатдан босқин қилиш фикрига келдим.

Менинг бу кенгашим амирларимнинг ҳам дилига ўтиргач, тонгга яқин отландим ва тун панасида тўрт томондан ғаним устига ҳамла қилдим. Жете лашкари ўзини йиғиб, тартибга келтиргунча баҳодир йигитларим уларни тўзғитиб ташладилар. Чопқилаш пайтида ҳар икки томондан кўп одам ўлди. Жете лашкари «ал-фарор», «ал-фарор» дея чекиндилар. Мен Илёсхожага етиб олиб, «Йўл бўлсин?»— деб бақирдим. Овозим Илёсхожанинг қулоғига етгач, у ғазаб билан лашкарига дўқ-пўписа қилди ва аскарлари ортларига қайтдилар. Кун кўтарилгунча қўшинларимиз ўртасида жангу чопқин давом этди. Садоқ-ўкдонларимиз бўшади. Ғаним лашкари чекина туриб жанг қилдилар ва тўрт фарсанг узоқликдаги ўз қароргоҳларига йўлда тўкилиб-сочилиб, шикаета ҳол, базўр етиб олдилар. Мен ҳам тизгин тортиб, ортларйдан бошқа қувмадим ва ўша атрофда қўндим.

Жете лашкари урушда енгилганига иқрор бўлганидан кейин иккинчи бор жанг қилишга ботинолмади. Мен эса сипоҳим билан Илёсхожа қарорюҳи (ўрду)ни қуршаб олдим. Сўнг вақти-вақти билан уларга қужум қилиб, муҳорабалар солдим. [Ҳоли жонига қўймай] тинкасини қуритдим. Охири чорасиз қолган Илёсхожа Хўжапд сувидан ўтиб кетди. Мен ҳам уларни таъқиб қилиб ўтирмасдан фатҳу зафар билан Мовароуннаҳрга қайтдим.

[Шундан сўнг] салтанатимнинг мустақиллиги ва мустаҳкамлиги борасила кенгашлар ўтказдим. Кенгашларим ўзини шавкатли буюк амир (амири азим уш-шаън) деб ҳисоблаган ва бошқа амирлардап ўзини улуғроқ билаётган амирларни- итоат эттириб, бўйсуидиришга қаратилганди. Биринчи навбатда Мовароуннаҳрда салтанат байроғини кўтарган амир Қозогоннинг набираси Амир Ҳусайнни давлатимга шерик деб [элга] эшиттирдим ва у билан муросаю мадора қилдим. Гарчи у ташқи кўринишидан менга дўстлик билдирса ҳам, аммо ичидан ҳамиша ҳасад ва нифоқ мақомида турди. Унинг ўзи Мовароуннаҳр салтанати тахтига ўтиришнй орзу этардй. Унга ишончим йўқлиги туфайли хожа Шамсиддип [Кулол] мазорига бошлаб бориб, дўстлик изҳор қилиб қасам ичдим. У ҳам дўстликка хилоф бирон иш қилмаслик ҳақида ақду паймон қилди.

Шундан кейин яна уч бор Қуръони мажидни қўлига олиб, дўстлик бобида онт ичди. Аҳдига вафо қилмагани учун охири менинг [жазойимга] гирифтор бўлди.

Амир Боён сулдуснинг ўғли амир Шайх Муҳаммад ўзини улуғ амир деб ҳисобларди. Унинг ҳам [кўнглини топиб] ўз томонимга огдириб олдйм ва етти қўшинга бошлиқ қилиб, ўзимга мутеъ ва мулрзИм этдим. Мазкур қўшинларнинг амирларидан ҳар қайсисига иплоят инъом қилдим. Мендан ажралиб ўз улусига кетиб қолган Шер Баҳром ҳали ҳам менга бўйсунишни истамас эди. Уни ҳам ўзимга оғдириб олдим ва ҳузуримга чақиртирдим. У ўз улуси билан келиб, менга итоат қилажагини билдирди. Шер Баҳромни ўз мулозимим этиб, бир вилоятни унга тортиқ қилдим.

Амир Ҳусайн билан орамизда қариндошчилик бор бўлганлигидан унга ҳар хил мурувват кўрсатиб, муросаю мадора қилдим, лекин дўст бўлмади. Иш шу даражага бориб етдики, Балх ва Ҳисори Шодмон вилоятларини мендан тортиб олди. Мен [эсам] унинг синглиси ҳарамимда эканлигининг хотирини қилиб, Амир Ҳусаййни сиқувга олмадим. Илгари менга ёвлик қилган барча амирлар охири бўйсундилар-ку, деган хаёлда у билан муроса қилиб келдим. Лекин Амир Ҳусайн ҳамиша мени мағлуб этиш пайида фириб бериб келарди. Охир-оқибат уни шамшир зарби билан мутеъ қилишга қарор қилдим.

Турон вилоятини забт этиб, Мовароуннаҳр вилоятини ўзбеклар вужудининг хас-хашагидан тозалаганимдан кейин, баъзи улусларнинг амирлари менга итоат этиб бош эгишни истамадилар ва ҳар бири ўз қабилалари олдида [ҳеч кимга бўйсунмаслигини кўрсатмоқчи бўлиб] ноз қилиб турардилар. Амирларимдан баъзилари уларнинг ёнини олиб менга «бу давлатга баримиз шерик бўлганимиздан кейин, уларни ҳам давлатга шерик деб билайлик» дедилар. Лекин уларнинг гаплари менинг салтанат юритишимдаги ғайратимга таъсир қилмади. Ўзимча кенгашдимки, «худо битта, унинг шериги йўқдир. Шундай бўлгач, Аллоҳ таолонинг муқаддас мулки — ер юзига эгалик қиладиган (кадхудо) киши ҳам битта бўлиши керак».

Шу вақт [авлиёлардан деб ҳисобланган] Бобо Али Шоҳ олдимга келди ва: «Ҳой Темур, тангри таоло буюрганки, агар ерда ва кўкда икки худо бўлса, жаҳоннинг иши бузилур» деди. Мен унинг сўзларига эргашдим. Қуръони мажиддан фол очсам ушбу қутлуғ оят чиқди: «Инно Жаалнока халифатан фил арз», яъни «Биз сени ер юзида халифа қилдик». Мен буни [истиқболнинг] хайрлик ва муборак фоллари сирасига кйритдим ва ўзларини давлат шериги билиб, менга бўйсунишни истамаган амирларни турли тадбирлар ишлатиб ўзимга итоат эттириш учун бир неча бор кенгаш ўтказдим. Кейин, энг аввал Амир Ҳожи барлос олдига бориб, уни ўзимга иттифоқдош қилдим. Баён сулдус ўғли Шайх Муҳаммад шаробхўрликка муккасидан берилиб кетганди. Охири атароб унинг бўғзидан олди ва у олам билан видолашди. Унинг вилоятини ўзимга қўшиб олдим.

Амир Боязид жалоир ҳам Хўжанд вилоятини тасарруф этган эди. Унга [дўстона] насиҳат қилсам қабул қилмади. Оқибатда ўз улусининг одамлари унга қарши чиқишиб, тутиб олдимга келтирдилар. Мен [ўтган ишларни юзига солмай] унга илтифотлар кўргиздим. Буни кўргач, ўзи [уятдан] шарманда бўлди.

Элчи-Буғо сулдус Балхда ўз салтанати туғини кўтарган эди. Бобоси Амир Қазоғон тахти шу ерда бўлганлиги учун Балх тахтига даъво қилаётган Амир Ҳусайнни Элчи-Буғога қарши қайрадим.

Муҳаммад Хожа Аперди, найман аймоғидан бўлиб, Шибирғоно вилоятини босиб олгач, менга қарши исён туғини кўтарганди. Мен унга бошқа вилоятни бериб, уни ўзимга содиқ навкар қилиб олдим.

Бадахшон вилоятига эгалик қилаётган Бадахшон шоҳлари эса менга қарши душманлик йўлини тутдилар. Уларнинг ҳар бири билан турли келишув қилдимки, бир-бирлари билан урушиб кетдилар. Охири менинг паноҳимга кириб, [бўйсундилар].

Кайхусрав Хутталон вилоятини ва Ўлжойту Аперди Арҳанг вилоятини эгаллаб олгандилар. Кайхусравга Ўлжойту Апердининг вилоятини босиб олиши учун мадад кучи жўнатдим. Оқибатда Ўлжойту Аперди паноҳ излаб менинг хизматимга келди.

Амир Хизир Ясовурий халқи — ясурийлар билан Тошканд вилоятини босиб олган эди. Кайхусрав билан Ўлжойту Апердини бир-бири билан яраштирдим. Буларга ёрдамчи куч йўсинида бир тўда киши қўшдим. Икковлари бирлашиб Ясовурий фуқароларига ҳужум қилиб, талон-торож қилдилар. Амир Хизир [Ясовурий] ожиз қолиб, менинг паноҳимга келди. Шундай қилиб, Мовароун-наҳрни уруш-талашдан тинчитдим. Менинг қаҳрамон аскарларим тўла куч-қувватга кирди. [Ҳар томонга] барлос улусининг номи ва донғи тарқади. Менинг ҳимматим билан Чиғатой қўшинлари ва тумонларининг овозаси [оламга] ёйилди3. [Мовароуннаҳрдаги] жами элу халқ, қўшунот ва тумонот ҳамда кўчманчилар менинг ҳукмронлигим остига ўтди. Бироқ Мовароуннаҳрдаги баъзи қалъ-алар [ҳамон] Дмир Ҳусайн қўлида бўлиб, уларга менинг ҳукмим ўтмасди.

Амир Ҳусайн салтанатим азимати ва шан-шавкатининг кучайганини кўргач, унда ҳасад томирлари ура бошлади. Қасам билан қилган аҳд-паймонларини бузиб, менга қарши исён туғини кўтарди. Мен унинг олдига кўп марта [лутф-марҳаматлар кўрсатиб] бордим, у бўлса асло қошимга келмади. Бунинг устига сиртидан такаллуфлар билдириб, аслида ҳийла-найранг ишлатиб, мендан Қарши қалъасини олиб қўйди. Қарши қалъасини қўриқлаб туриш учун қўрғонбеги амир Мусо бошчилигида етти минг отлиқ аскар тайинлади.

Кейинроқ у ерга яна қўшимча беш минг отлиқ аскар юборди. Бу билан кифояланмай мени ўлдирмоқчи бўлди. Мендаги салтанат ғайрати туғёнга келиб, мени Қарши қалъасини ундан тортиб олишга ундади. Баъзи амирларим у ерга юриш қилиб, қальани жанг билан қўлга киритишни менга маслаҳат бердилар. Жанг режаларини туза бошладим. [Улар айтгандай] уруш билан олсам, бунинг хатарли томонлари кўплиги кўнглимдан ўтди. Ўзимча, «мабодо қалъани жанг билан олмоқчи бўлсаму ғаним лашкарининг ёмон кўзидан қўшинимга зарар етса-чи?» — деб ўйладим. Шундан сўнг бошқа тадбирни қўллашга киришдим. Хуросон томонга юзланиб, бу билан Қарши қалъаси бекларининг хотирини жам қилмоқчи бўлдим.

Кейин эса қўшиним билан [яширинча] орқага қайтиб, тунда тўсатдан қалъага ҳужум қилиб, у ерни босиб олишни режаладим. Хуллас, бу ердан кўчиб, Хуросон томонга қараб йўлга тушдим. Аму дарёсидан кечиб ўтганимда, Хуросон томондан Қаршига келаётган карвонга дуч келдим. Карвон бошчиси менга совғалар тақдим этди. Мен ундан Хуросон амирларининг ҳол-аҳволини суриштирдим ва Хуросон вилоятига кетаётганлигимни изҳор этиб, кетишларига рухсат бердим. [Лекин] карвонга айғоқчи қўшиб юбордим ва у хабар келтиргунича дарё соҳилига жойлашиб, кутдим. Айғоқчи олиб келган хабарга кўра, карвондагилар Амир Мусога шундай деган эмишлар: «Амир Темурни Амударё ёқасида кўрдик, Хуросон тарафга кетаётган экан».

Бу гап Амир Мусо ва Амир Ҳусайннинг лашкарига етгач, хурсанд бўлиб ва ўйин-кулги, айш-ишратга берилибдилар. Бу хабарни эшитишим билан қўшиним ичидан энг ишончли, довюрак, жанг кўрган баҳодир йигитлардан икки юз қирқ учтасини танлаб олдим ва дарёдан ўтиб, олдинга юбордим. Ширкент аталмиш ерга етдим ва ўша ерда бир кеча-кундуз тўхтаб, [сўнг] яна йўлга тушиб, Қарши қалъасидан бир фарсанг масофага келиб тушдим. [Одамларга] арқонларни бир-бирига боғлаб зина ҳозирлаб қўйишларини буюрдим.

Шу пайт амир Жоку тизза уриб: «Бир гуруҳ баҳодирлар орқада қолдилар, улар етиб келгунча тўхтаб туриш зарур»,— деб ўтинч қилди. Шунда хотирамга бир фикр келди. Баҳодирларим етиб келгунча қалъани ўзим кўздан кечирмоқчи бўлдим. Қирқ киши ҳамроҳлигида Қарши қалъаси томон йўл олдим. Йироқдан қалъа қораси кўринганда, баҳодирларимни келган ерда тўхтатиб қўйдим ва уйимизда туғилиб ўсган Мубашшир ва Абдулло исмли [йигит]ларни бирга олиб ўзим кетдим. Сув тўлатилган ҳандақ бўйига етдим. Қарасам, ҳандақ сув билан лиммо-лим экан. Теварак-атрофга назар солиб, ҳандақ тепасидан ўтган, қалъага сув олиб борадиган тарновга кўзим тушди. Отимни Мубашширга қолдириб, ўша тарнов орқали ҳандақ устидан ўтиб, қалъанинг хокрезига етдим. Дарвоза олдига бориб, эшик қоқдим. [Лекин] дарвозабонлар ухлаётган экан, [ичкаридан садо чиқмади]. [Ҳар эҳтимолга қарши] дарвозани ташқарисидан кесак-тош ва лой билан тўлдириб қўйишган экан. Қалъа девори атрофини кўздан» кечириб, нарвон ва зиналар қўйса бўладиган жойни топдим. [Сўнг] орқамга қайтдим ва отланиб баҳодирларим ҳузурига бордим.

Орқада қолган лашкар фавжи ҳам нарвонлар билан етиб келишган экан. Ҳаммалари шайланиб, нарвонларни кўтаришди ва қалъа сари юзландик. Ҳандақдан тарнов орқали қалъага ўтдилар. Зиналарни ҳам олиб ўтдилар ва деворга қўйдилар. Эр йигитлардан қирқтаси тепага чиқишиб, қалъага кириб олдилар. Мен ҳам нарвонга оёқ қўйиб энди қалъага кирмоқчи бўлгандим, карнай тортиб, бурғу чалдилар. Тангри таолонинг қўллаши билан қалъани қўлга киритдим.

Бу хабар Амир Ҳусайнга етгач, [энди] макру ҳийла йўли билан, дўст-ошно либосини кийиб, мени ром этмоқчи бўлди.

(ДАВОМИ БОР).

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: