Сатира: Нофизийдан нома (55)

ХОТУНЛАР

Эшик тақиллайверди, очсам укам:
-Ака, сизга нима бўлди? Ростдан ҳам ича бошладингизми?-деди орқасидан бўри қувиб келаётган қуёндек ҳовлиқсираб.
-Биласан-ку, ичишни истаган тақдиримда ҳам ича олмайман, жилутка чатоқ,-дедим унга.
-Унда нега “элликта отиб ёзаяпман” дедингиз, мана! – У қўлимга “Туронзамин”да чиққан “Дарвешман, Дарвеш!” деган ҳажвиямни тутқазди. Тўғриси, укамдан бироз хафа бўлдим. Наҳотки ҳажвия билан ҳақиқатни ажрата олмай қолди?
-Жиннимисан?! Бу ахир ҳажвияку?! Манглайига “сатира” деб ёзиб ҳам қўйибди!
-Билмасам, ўзингиз “ўйлаб ўтирмай, бор гапни айтаман, мастлик ростлик” дебсизда, шундан хавотирга тушдим.
-Уф укам-ей! У ахир мен эмас, у Нофизий. Нофизий ҳамманинг ҳаракатларию гапларидан келиб чиқиб гапиради. Гуручнинг ичидан чиқадиган курмак каби, яхшининг ҳам бир қилиғи ортиқ бўлади. Ўшани ҳажв қиламан, билдингми? Буни тушуниш учун филфакни битириш керак эмас.
-Ундай бўлса, ўша Нофизийга айтинг, шу қизталақ сўкинишни камайтирсин!
-Унинг мақсади ҳам шу. Мана сан ҳам сўкиниб турибсан. Бугун ҳамма сўкинадиган бўлиб қолган. Бу “тепа”дан юққан юқумли касаллик. Бунинг устига одамларнинг асаблари нетуда, не суда бўлиб қолган…
Бу ўта жиддий суҳбатимиз ҳали тугамаган эдики, маҳалланинг “хотунлар армияси” бостириб келди. Ичида битта-иккита шим кийган, елкасига яктаг ташлаган, башарасига соқол қўйгани ҳам бор-да. Шунинг учун “хотин” эмас, “хотун” десак тўғри бўлади. Гапнинг очиғи, бу хотунлардан жуда чарчадим. Аввал юзингдан ўпишади. Кейин шу юзингга тупуришади.
Бундан анча олдин эди. Бир кун маҳаллада мажлис бўлди. Мен ҳам сўз олдим:
-Азиз онажонларим, сингилларим, дўстларим… гап орамизда қолсину кеча бир гап эшиттим. Ҳамма ёқда аблавалар бошланган экан. Мачитларга қатнайдиганларни ушлаб кетишаётганмиш. Шунинг учун эҳтиёт бўлайлик. Болаларни синдириб, майиб қилиб қўйишади. Вақтинча уларни  мачитларга юбормай турайлик…
Арининг уясига чўп эмас, ходани суққан эканман.
“Биз ўғирлик ёки ғарлик қилаётганимиз йўқ, нега бизни ушлайди, нега болаларимизни ушлайди Улар бировнинг қизига кўз олайтирган эмас! Бировнинг уйини урган эмас!”
“Агар кимнингдир боласи йўлдан чиққан бўлса, ўша йўлга солиб олсин! Бизга бунақа сабил гапларини ёпиштирмасин!”
“Худонинг уйига хўжайин бўлиб қолишдими? Энди динимизга, эътиқодимизга етдик деганда, бунга ўхшаган коммунистлар яна бурнимизни қонатадиган бўлдими?”
“У топшириқни қаердан олди? Маҳалламизда шунақа ифлос одам яшашини билганимда, бу ердан кўчиб кетган бўлардим.”
“Нима деса десин, аммо динимиз ва мачитимзига кўз олайтирмасин!”
“Бундай одамни маҳаллаберун қилиш керак!”
Бу гапларни юзимга айтишгани йўқ. Орқадан гапиришибди. Ўша хотунларнинг ўзи гапириб, ўзи менга етказиб туради-да.
Кўпга келган бало аста-секин биз томонга ҳам мўралади. Ҳали унинг боласини, ҳали бунинг эрини ушлаб кетишаверди. Хотунлар эса худди бу балони мен бошлаб келгандай мени кўрганда “башаранг қурсин” деб юзларини ўгириб ўтадиган бўлишди.
Қаёқдан ҳам буларга яхшилик қиламан деган эканман?! Ўша кунга лаънат ўқиб юравердим.
Судлар бошланиб кетди. Ҳали унга, ҳали бунга “159”ни ёпиштириб, узоқ йилга “борса-келмас”га жўнатаверишди. Эркак зотининг уруғига қирон келди. Битта ярим жонини ўйлаганлари мардикорликка кетиб қолди. Унча-бунчаси чет элларга кўчиб кетди.
“Борса-келмас”дагиларнинг аҳволи чатоқмиш. Хотунлардан биттаси келиб, “тепа”га ариза ёзиб беришимни сўради. Кўз ёшини кўриб, гапларини эшитиб, йўқ дея олмадим. Қарасам, қолганлар ҳам она чумолининг орқасидан эргашган муру мурчалар каби ёприлиб кела бошлашди. Ариза ёзишдан бўшамай қолдим. Кейин биттаси келиб, шундай фиғон қилди-ки,  аризасини урусчага таржима қилиб бердим.
-Правакачатникка олиб бораман,-деди.
-Правакачатник эмас, правазашитник, десам ҳам барибир шу сўз модага тушди. Ҳар куни битта аёл келиб, аризасини урусчага таржима қилишимни ва правакачатникка олиб боришини айтарди.
Бир кун неварамнинг иссиғи чиқиб турганди, дорига борсам, пори бердими, ҳеч иссиқ жонивор пастга тушмайди. Шундай пайтда хотунлардан биттаси келиб қолди.
-Опажон эртага келинг,-дедиму бир қоп саримсоқ сотиб олдим.
“Менга қолганда эртагами? Энди сен ҳам сансаларликка ўтдингми? Шундай экан бошида “йўқ” демайсанми? Одам топардик. Худонинг йўлига савоб иш қиладиган битта сенми? Иккита ариза ёзиб берганингга муттаҳам бўлиб қолдикми? Ҳали ўғлим билан эрим келсин, маҳаллага шунақа тўй бераманки, уйингда ёлғиз ялмоғиз бўлиб, уятдан ўласан! Тўйку тўй, ўлигингга ҳам биров келмайди. Ўзим ҳам билардим… нега сени укангга тегишмади, нега куёвингни қамашмади-а?”
Бу гапларни юзимга айтган эмас. Орқадан айтган. Нима ҳам дейман? Унга қийин. На эридан, на ўғлидан дарак бор. Амнистия келади, кетади, аммо унинг яқинлари кўринмайди. Жаслиққа борган экан, кўрсатишмабди. Худо ўзи бундай бандаларига ёрдамчи бўлсин!

Шундай деб турсам, бошқа бир хотун келиб, аризасини радиога чиқариб беришимни сўради.
-Менинг радиом йўқ-ку?- дедиму “хазина”ннинг эшигини очиб юбордим. Шунақа шанғиллаб бердики, ҳалигача қулоқларим бахмалгулнинг рангига ўхшаб турибди.
Қайси кун эса биттаси аризасини ингилиз тилига таржима қилиб беришимни сўради.
-Опажон мактабда немис тилини ўқитган, бу ҳам номига бўлган. Муаллимимиз ўзи немис тилини билмасди, завучнинг хотини эди…
“Кошки ўша муаллиминг билан қўшмазор бўлсайдинг” деганмуш.
Биттаси айтади, иккинчиси “кўтариб” келади. Бу ҳам тактика. Иккинчисининг яхши кўрингиси келадида, иши битгунча. Бу гаплар менга ёқади десангиз хато қиласиз. Эсласам, давланием чиқиб кетади. Лекин эшитгим ҳам келган пайтлар бўлган, буни ҳам айтишим керак!
Хуллас, ана шунақа, ҳозир маҳалланинг энг ёмон одамига айланиб қолдим. Кеча ҳалиги хотунлардан биттасининг ўғли келибди. Амнистияга тушибди. Тўй берди ростдан ҳам. Сўзида туриб, мени чақирмади. Аммо хурсанд эдим. Нима бўлганда ҳам ўғли озодликка чиқибди. Ана шунинг учун элликтани отиб ёзгандимда. Буларни укамга қандай тушунтираман. Бунинг устига ана, яна хотунлар келишмоқда. Наҳотки тағин бирор айтганим уларга ёқмай қолди?

Нофизий,
Тошкент.

One Response

  1. – Ota-onasi ko’nishmasa, bo’ldi bu qizni olib qochamiz, o’rto!
    – Nima? Ey, bekin, men unga rozi-rizolik bilan uylanmoqchiman, tetak!

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: