Темур тузуклари (13)

ЛАШКАРИМНИ ИТТИФОҚҚА КЕЛТИРИШ УЧУН ҚИЛГАН ЎН ИККИНЧИ КЕНГАШИМ

Амир Жоку, Ики Темур, амир Сулаймон ва амир Жалолиддинларни хилватроқ ерга чорладим ва уларни ўзимга иттифоқ қилмоқчи бўлдим. Хилватда улар билан суҳбат қуриб, «давлатимга шерик бўласизлар»,— дедим. Бу билан ўзларига ишонч ва менга хизмат қилишда қатъият уйғотдим. Шунга ўхшаш, мен билан иттифоқи бузилган тоифадаги бошқа амирларни ҳам бирма-бир холи жойга чорлаб, ҳар қайсиси билан алоҳида гаплашдим.

Булардан мол-дунёга ҳирс қўиган очкўз ва тамагирларига мол-ашё ваъда қилдим, мансаб-мартабага ва мамлакатларни бошқаришга кўз тиккан амалпарастларни қўлим остидаги мамлакат ва вилоят-лардан бирига   [ҳокимлик]   қилишга  номзод қилиб кўрсатдим.

Уларнинг ҳаммасини умид ва қўрқинч орасида сақладим. Ҳар бирига биттадан ноиб ва кутвол тайинладим.

Қолган лашкарларни ҳам емак-ичмак (луқма) ва кийим-кечак (хирқа) билан умидвор қилдим, ширин сўз ва очиқ юз билан уларни ўзимга ром этдим. Қилган бир хизматини ўн баробар қилиб тақдирлаб, дилларини хушнуд қилдим. Натижада мени қўллаб-қувватлаганлар ҳам, тескари бўлган мунофиқлар ҳам барчаси энди атрофимда бирлашди. [Ҳар ерда] ва ҳар ишда бирлик-иттифоқликни қўлдан бермасликка, амримдан чиқмасликка ваъда бериб, мен учун мол-жонларини аямай, майдонда жонбозлик қилишга аҳд қилдилар.

Лашкардан кўнглим тинчлангач, Илёсхожага қарши жангга ҳозирлик кўра бошладим. Уни дафъ этиш ва қай йўсинда уруш олиб боришим ҳақида қилган кенгашим шу бўлдики, ғанимлар хабардор бўлиб улгурмасдан, чапдастлик билан уларнинг устига қўққисдан босқин қилиш (турктоз) га қарор қилдим. Бу хусусда Қуръони мажиддан фол очиб қарасам, ушбу ояти карима (улуғ) чиқди: «Қанчадан-қанча кичкина гуруҳлар Аллоҳнинг изни билан катта гуруҳлар устидан ғалаба қилган».

Ушбу башоратни топганимдан кейин лашкаримни тартибга келтирдим, уни етти фавжга бўлиб, йўлга тушдим. Тонг ёриша бошлаганда [Туғлуқ-Темурхоннинг] ҳировули бўлмиш Туғлуқ сулдус ва Кайхусравга етишдим. Икки ҳамла билан уларни енгдим ва Илёсхожа жойлашган Пули сангин (Тош кўприк)гача қувиб бордим.

Оқшом тушгач, етган еримизда тўхтадик. Жанг майдони совиб қолмасдан, қизиғида Илёсхожанинг қарийб ўттиз минглик Лашкари устига тўсатдан босқин қилишга қарор қилдим. Бордию [юришни] тўхтатсам ва бирон кор-ҳол юз бергудек бўлса, унинг иложини топиш учун [ўзгаларнинг] кўмагига муҳтож бўлиб қолишим мумкинлиги тўғрисида ўй сурдим. Орқадан Амир Ҳусайн [лашкари билан] мени қўллаб-қувватлаб келаётган бўлса ҳам, бироқ мен ўзимни унинг ёрдамига муҳтож бўлиб қолиш даражасига етказма-дим. Тўғри чораю тадбир ишлатиб, Илёсхожа лашкарини синдирдим.

(ДАВОМИ БОР).

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: