Темур тузуклари (8)

ХУРУЖ КУНЛАРИ ҚИЛГАН ЕТТИНЧИ КЕНГАШИМ

Қўшинимнинг сонини ҳисоблаб кўрсам ҳаммаси бўлиб уч юз ўн уч отлиқ экан. Кенгаш қилиб бирон қалъани қўлга киритиб ўринлашишга қарор қилдим. Дастлаб Аложу қалъасини босиб олишга жазм қилдим, Илёсхожа томонидан Менгли Буғо сулдус бу қалъага қўйилган экан. У ерни озиқ-овқат ва юклар сақланади-ган жойга айлантирмоқчи бўлдим. Шу мақсадда Аложу қалъасига йўл олдим.

Шер Баҳром ва [Менгли Буғо сулдус] ўрталарида қадимдан ошнолик бўлганлигидан, у, «мен қалъага бориб, уни ўзимизга эл қилиб олсам»,— деб рухсат сўради. Бироқ Шер Баҳром қалъа атрофига етиб боргач, менга «Менгли Буғонинг сўзига қараганда, Илёсхожа қалъани унга ишониб топширган, шундай бўлгач, энди Амир Темурга эл тутиниб, қалъани унга топширса, мардлик ва мурувватдан узоқ иш бўлур эмиш. [Шунинг учун] қалъани бизга топширишдан бош тортди»,— деган хабар келди. Лекин менинг қўшин тортиб келаётганимдан хабар топгач, кўнглига ваҳима тушиб, қалъани ташлаб қочди. Илгари менинг хизматимда мулозимлик қилган, дулон жовун қавмидан уч юз йигит у билан (Менгли Буғо бирлан) шу қалъада эди, улар келиб менга қўшилдилар. [Бу ердан кўчиб] Дарайи Суф деган жойга келдим.

Ўша вақтда Туман-баҳодирнинг ўғли Имлис Балх шаҳри атрофида талончилик билан машғул эди. Менинг келганимдан хабар топиб, икки юз отлиғи билан келиб менга мулозим бўлди. Мен ҳам унинг кўнглини олиб овунтирдим. Шу ерда туриб, Тамука баҳодирга уч отлиқ кўшдим ва Термиз дарёсидан кечиб ўтиб, Жете лашкари ҳақида, унинг аҳволи ва режалари тўғрисида хабар топиб келтиришини буюрдим. Тамука тўрт кундан кейин келиб шуни хабар қилдики, Жете лашкари Термиз вилоятига келмишлар, халқини талаб, уруш-талаш билан машғул эмишлар. Буни эшитиб, Дарагез деган жойга бориб туришни лозим кўрдим. Кейинроқ қулай фурсат топиб, Жете лашкари устига тўсатдан бостириб боришни ўйладим. Дарагезга келгач, Жайҳун дарёси бўйида жойлашган Элчибуғо майдонига келиб тушдим. Илёсхожа Дарагезга келганим ҳақида хабар топиши биланоқ қўшинидан бир неча фавжни менга қарши урушга ҳозирлади.

Шу орада Жете қўшинидан бўлмиш амир Сулаймон барлос, амир Мусо барлос, амир Жоку барлос, амир Жалолиддин, амир Ҳиндука барлос Жете амирларидан юз ўгириб, ўз аскарлари билан эски Термизга келиб тушганлари ҳақида хабар келтирдилар. Улар менинг ҳузуримга юборган Тулан-Буға етиб келиб, мулозиматимда бўлди.

[Номлари юқорида тилга олинган) амирлар минг отлиқ аскари билан менга қўшилмоқчи ва мулозим бўлмоқчи эканликларини маълум қилдилар. Мен эрсам уларнинг келишини ишимнинг ўнгланишидан даракчи деб тушундим. Улар менга тунда Жете лашкари устига кутилмаган босқин қилишни маслаҳат бердилар. Отланиб йўлга чиққан ҳам эдикки, Жете қўшини етиб келгани ҳақида хабар келтирдилар. Мен ўз қўшинимни сафга тизиб, душман қаршисига келиб турдим. Ҳар икки лашкар ўртасида сув бор эди. Ғанимларимни чучук сўз, ширин ҳикоятим билан ўз томонимга эгмоқчи ва улар вужудидаги ёндирувчи [ғазаб] ўтини тўгри тадбир суви билан ўчирмоқни маслаҳат кўрдим. Шу тарзда уларни ром қилмоқчи бўлдим. [Айнан шу мақсадда] Жете лашкарининг сардори амир Абу Саъидга [кўп яхши] сўзлар айтдим. У айтган гапларимни маъқуллади. Бироқ бошқа амирлар унга қарши чиқишиб, уруш қилиш тарафдори бўлдилар. [Буни кўргач] менинг ҳам [ғазаб] ўтим алангаланиб, лашкаримни сафга тиздим.

(ДАВОМИ БОР).

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: