Темур тузуклари (7)

ХУРУЖ ВАҚТИДА ҚИЛГАН ОЛТИНЧИ КЕНГАШИМ
У шундан иборатки, Гармсир тасарруфимга ўтгач ва яраларим ҳам тузалгач, Балх сарҳадидаги тоғларда туриб, ўша ерда етарли қўшин тўплаб, Мовароуннаҳр мамлакатини бўйсундириш учун юриш қилмоқчи бўлдим. Кенгаш шунда тўхтагач, бу ердан отланиб чиқдим. Одамлар тарқалиб кетиб қирқ отлиқ кишигина қолган эканмиз. Лекин уларнинг бариси аслзода, амирзода ва насли пок йигитлар эди. Шундайин азаматлар бу оғир кунларда нимадандирки мен каби олтину молсиз, озиқ-овқатсиз бир кишига ҳамроҳлик қилиб, менинг изнимга кириб [тоғ-тошларда эргашиб юрганлари] учун тангри таолога шукрлар айтдим. Ўзимча: «Аллоҳ таолонинг мен билан қиларлик улуғ ишлари бўлғайким, ўзим каби йигитларни менга бўйсундирмишдир»,— деб ўйладим.
[Сўнг] Балх тоғларига қараб йўлга тушдим. Кетаётганимизда Йилдирин Қорачор нўён авлодидан бўлмиш Сиддиқ барлосга дуч келдим. Мени излаб саргардон бўлиб юрган экан, ўн беш отлиғи билан менга қўшилди. Унинг қелганини яхшиликка йўйдим. Ўша кунлари ов гўштлари билан кун кечирмокда эдик. Шу зайлда илгарилаб борарканмиз, йироқдан тепа устида бир тўп кишининг қораси кўринди. Олдинга юрганимиз сари соатма-соат уларнинг сони ҳам ортиб борди. Тўхтадим. «Булар ким бўлди экан?»— деб уларнинг олдига қоровуллар юбордим. Қоровуллар бориб, Амир (Темур)нинг собиқ навкари Қозончи-баҳодир экан ва Жете лашкаридан юз отлиқ билан ажралиб чиқиб, шундан бери амирни излаб, саргардон бўлиб юрган эмиш,— деб хабар олиб келдилар.
[Буни эшитиб] ерга бош қўйиб тангри таолога шукр қилдим Дарҳол Қозончини ҳузуримга олиб келиш учун одам юбордим У келгач, тизза уриб оёқларимни ўпди. Мен ҳам унинг кўнглини олиб, ёғлиғимни бошига қўйдим. Сўнг бу ердан юриб Дарайа Арсиф деган жойга келиб тушдим. Эртасига отланиб, дарани айлана бошладим. Унинг ўртасида бағоят хушҳаю бир тепалик бор экан, мен ўша баландликка чиқдим. Лашкарлар ул тепаликни қуршаб жойлашдилар. Ўша кеча жума туни эди, тонг отгунча [худодан мадад сўраб] ухламай чиқдим. Тонг отгач, бомдод намозини ўтадим, сўнг қўлимни дуога очган эдим, кўзларим ёшланди. Юрагим бўшашди. Тангри таолога ёлвориб, мени бу сарсонликдан қутқаришини тиладим. Дуо тамом бўлганича ҳам йўқ эдики, узоқдан бир тўп одам кўринди. Улар тепаликни ёнлаб ўтиб кетмоқда эдилар. Отланиб, уларнинг кимлигини билиш мақсадида ортларидан бордим. [Қарасам] ҳаммаси бўлиб етмиш отлиқ эканлар. Улардан сўрадим:
— Баҳодирлар, ким бўласизлар? Улар дедилар:
— Амир Темурнинг навкарларимиз. Уни излаб тополмай, кезиб юрибмиз.
Мен дедим: «Мен ҳам амирнинг навкарларидан биридурмен. Юрингиз, сизларни унинг олдига бошлаб борайин».
Улардан бири отини чоптирди ва бориб гапимни ўз сардорларига етказдики, «биз Амир Темурнинг ҳузурига олиб борадиган йўл-бошловчини топдик», деб.
Улар отларининг жиловини буриб, мени дарҳол ҳузурларига келтиришни буюрдилар. Улар уч фавж эканлар. Биринчи фавжнинг сардори — Туғлиқхожа барлос, иккинчисиники — амир Сайфуддин, учинчисиники — Тубак-баҳодир экан. Кўзлари менга тушгани ҳамоноқ, ўзларидан кетаёзиб, отдан тушдилар. Тизза уриб, узангимни ўпишди. Мен ҳам отдан тушиб, ҳар бири билан қучоқлашиб кўришдим. Мандилимни Туғлуқхожанинг бошига қўйдим. Жуда нозик ишланган, олтин билан зийнатланган камаримни эса амир Сайфуддиннинг белига боғладим. Чопонимни Тубак-баҳодирга кийдирдим. Уларнинг кўнгли юмшаб бағоят таъсирландилар. Мен ҳам қаттиқ таъсирландим. Намоз вақти етишгач, жамоат билан намозни адо этдик. Сўнгра отланиб қароргоҳга бориб тушдик, мажлис қуриб, тўй бердик. Эртаси куни Шер Баҳром ҳам келди. У илгари ёшлик қилиб, мендан ажраб, Ҳиндистон заминини ҳавас қилиб кетган эди. Қилган ишларидан пушаймон бўлиб, мендан кечирим сўради. Мен уни қучоғимга олдим ва узрини қабул қилдим. Шу қадар унга меҳрибонлик кўрсатдимки, у хижолатдан бутунлай фориғ бўлди.

(ДАВОМИ БОР).

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: