Сатира: Нофизийдан нома (54)

ДАРВЕШМАН, ДАРВЕШ!

Элликтани отиб олиб ёзаяпман. Бундай пайтда ҳар қанақа гаплар айтиб юборишим мумкин. Олдиндан узр сўраб қўяйинки асаби нозиклару ”деволи намкаш”, иши чалкашлар ўқимасин.

Аслида мен ёзганда ҳеч кимни назарда тутмайман, хаёлимга келганини хариллатиб ёзаман. Аммо шундан ҳам хафа бўладиганлар бор экан. Товба-ё, товба!

Кеча муҳаррирдан бир қоп хат олдим.

“Жойи келганда, қўлингиз текканда шуларага ҳам жавоб қилиб юборарсиз”,-дебдилар.

Дарров жойи келди. Дарров қўлим тегди. Мана ўқиб турибсиз. Энг охиргиси- “свежиси”дан бошлайин׃

“Сиз мухолифатчи ҳам эмас, сиз адиб ҳам эмас” дебди биттаси менга. Маладес бўтам! Ота ўғил! Кечаси магазинни тозалаб бўлиб, ақлнинг арқонини қўйвориб, иннанкейин буни ёзганга ўхшайсиз. Жуда тўғри, мен мухолифатчи эмасман.

Мухолифатчи бўлиб кўрдим. Қўлларим қайрилиб, ҳамма нарсамдан айрилиб, ўтганнинг ўпқонига, тепганнинг тўпқонига тушиб, бировнинг бир ишига ё яраб, ё нояраб, саломатликка салом айтолмай, маломатликка калом айтолмай, охири бу ишнинг оғзига нўхта урганман.

Ҳукумат ишига ўтай десам, моҳирона маддоҳлик керак экан. Овозимнинг адавури паст, тилимнинг қалампири баланд. Мухолифатда ҳам пахта қўймасанг бўлмаганидек, бу ёқда ҳам пахтадан жуда кўп керак. Кўриб турибсиз пахтанинг нархи ошиб кетган. Тишга қўйишга топилмайдию ғиштга қўйишга топилсинми? Хуллас, Жаслиқда ётгим, совуқда қотгим келмади.

Сиз жуда зўр гапни айтибсиз, ҳам топиб, ҳам қопиб айтибсиз, тўппа тўғри – адиб ҳам эмасман. Адибликнинг араваси қурсин. Шеър ўқисанг тупугинг тепага қараб сачраши керак. Ҳикоя ёзсанг гапнинг учи тахтли-бахтли келажакка боғлаб қўйилиши шарт. Дилбезорга чиқсам, қўлим кўксимда, радиода гапирсам, тилим тишимнинг орасида туриши даркор. Манга бунақаси бўлмайди. Ўлиб қоламан. Шунинг учун дарвешликни танлаганман. Дарвешман, дарвеш!

Дарвешлик-эркинлик! Биров бирор нарсангни ололмайди ҳам, киссангга ширавойни сололмайди ҳам. Чунки бирор нарсанинг ўзи ҳам, киссанинг кўзи ҳам йўқ. Ҳапар-ҳапар иштонда кисса нима қилсин?!

Бошқа биттаси “Сен нега Нофизий номининг орқасига яшириниб олгансан? Қамоқдан қўрқдингми? Агар сен ҳақиқатдан ҳам халқ томонида бўлганингда қамоқда ўтирган бўлардинг” деб ёзибди.

Нима қилай, Нофизийнинг говдаси катта, орқасига яширинсам сизни кўрганлар, сизни ушлаганлар мени кўрмай қолади. Манфаатим шу! Қамоқда ўтирганларнинг ҳаммаси ҳам миллати учун ўтирган эмас, иллати учун ўтирганлар ҳам тиқилиб ётибди. Биттаси уни урган, биттаси буни сурган. Биттаси кошона қурган, биттаси дайдиб юрган… Қамоқда шунақалар ҳам кўп. Фарқи шуки, булар тез-тез амнистияга илинади, қолганларининг илинмаслиги бутун дунёда билинади. Мен нима қилай, бориб тепадагиларни битта-битта ушлаб ўша қамоқдаги доимийлар билан жойларини алмаштириб қўяйинми? Бунинг учун камида Пахан бўлишим керак. Ҳозирча қўлимдан келмайди. Мажик-пажик керак бунинг учун. Дарвешда эса Худосидан бошқа ҳеч нарсаси йўқ.

Бошқа биттаси “Нега Хиллари деб ёзасан, ҳеч бўлмаса Хиллари опа деб ёзгин” деб буйруқ қилибди.

Мен “Хиллари” эмас, “Ҳиллари” деб ёзганман. ”Ҳ” билан “Х” ни чалкаштиришгача ҳали бор. Ҳали алзаймир манзилига етиб бормадик. Майли сиз айтганча “Хиллари” бўлсин. Бу ҳам ўзбекча, “Хил” сўзидан келган. Узумнинг хили, қовуннинг хили, шап-шап.. шаптолининг хили бўлганидай Клинтоннинг ҳам хиллари бор. Бу ҳам шулардан биттаси эди.

Муҳаррирдан сўрасам, Амриқода онасининг этагига осилиб юрган бола ҳам уни “Ҳиллари” дермиш. У ерда “опа”, “эна”, “ача”, “хоним”, “жонидан”, “акаси ўргилсин”, “яхши қиз”, “бўйгинангдан аканг қарағай”… каби ўзбекча гаплар йўқ экан. Бунақа сўзларни ишлатиб қолганни қишлатиб қўйишармиш. Ҳов Гуантанамода!

Шундай экан, Амриқода арзимас сифатни мандан нега талаб қиласиз, тушунмайман? Бунинг устига ўша “Хиллари” деганингиз мандан ёшроқ экан. Нега уни “опа” дейишим керак, агар адамла умрларида Амриқога бормаган бўлсалар?!

Яна битта мухлисим “Нега Ислом ота дейсан, отам дегин” деб орқасидан сўкиниб ҳам қўйибди. Ока, мабодо прокурор бўмаганмисиз? Чунки саволингиз қисқа, аниқ ва лўнда. Ўқлоқни уқалаб нақд точкасига урвоссизда. Биламан, ҳозир айтилган гаплар эмас, айтилган сўзларни ҳам судда шарҳлаб берадиган мужиксимон мутахассислар чиққан.

Журналистларни суд қилганда кўраяпмиз, гап тагидан гапхона топиб беришмоқда. Нима, мен аҳмоқмики, “отам” деб балога қолсам. “Бу аблаҳ иккита сўзни бирлаштириб ҳурматли зотни ҳақорат қилган” деб пешанамга беш йилни боғламоқчимисиз? Йўқ, кетмайди! “За оскарбление” деган статя борлигини биламан, шунинг учун ҳам мендан бунақа гапларни кутманг!

Хуллас, бошқаларни “танқидни кўрганда таранғлаб кетади” дейману ўзим ҳам чидай олмайман. Бўлмаса шунча гапни ёзармидим-а?

Майли бу ёғига кўнглимни кенг қилдим. Танқидингиз учун раҳмат, истасангиз танқидлаб, истамасангиз шанғиллаб туринг! Теппасига чиқиб тепинг деяйин десам, қабрим ҳали заказ қилинмаган, жуда қиммат, айниқса Чиғатойда, лекин бағримиз баланд, бемалол теша билан тешиб, кетмон билан ковлаб, булдозер билан эзиб, экскватор билан кезиб чиқишингиз мумкин! Фақат қарғишларга учрамай, ҳар томонга сачрамай омон бўлсангиз бас! Худо кўрсатмасин, бир кор-ҳол юз берса, мен девона дарвешнинг дийдиёсини ким ўқийди?!

Эсингизда-а, гапни элликтадан бошлаган эдим. Так что, эртага ҳушёрликда айтадиган бошқа жиддий гапларим ҳам бор. Э, ана… эшик тақиллаяти. Булар маҳалланинг хотинлари. Ҳаммасининг эри қамоқда ёки мардикорликда, ҳаммаси мендан норози. Ҳозир эшикни очсам, яна бошим балода. Яхшиси кутишсин. Сиз ҳам нима гаплигини билмоқчи бўлсангиз, кутинг! Дейдилар-ку: кутганнинг куни юрсин, кутмаганнинг куни қурсин!

Нофизий,
Тошкент.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: