Темур тузуклари (5)

САЛТАНАТИМНИНГ ДАСТЛАБКИ ДАВРЛАРИДА ҚИЛГАН ТЎРТИНЧИ КЕНГАШИМ

Менга эргашганлар сони олтмиш отлиққа етиб қолгандан сўнг ўзимча ўйладим, агар келган манзилда тураверсам-у, мабодо ерлик аҳоли менга қарши қўзғалиб, ўзбекларга хабар бериб қўйсалар-чи, унда нима бўлади? Яхшиси, бу ердан кетиб, эл оёғи етмаган ерга бориб жойлашсам, тез фурсатда атрофимга салтанатимнинг куч-қудрати бўла оладиган қўшин тўпланар.

Шу фикрда у ердан кўчиб, Хуросон томонга юзландим. Йўл устида Моҳон ҳокими Муборакшоҳ Санжарий юз отлиқ аскари билан келиб, менга қўшилди ва яхши отлар тортиқ қилди. У ернинг жами саййидлари ва аҳолиси ҳам менга қўшилди. Ўша саҳрода отлиқ, яёв бўлиб икки юзга яқин киши ёнимга кирди.

Шу пайт Муборакшоҳ, саййид Ҳасан ва саййид Зиёуддин менга арз қилдиларким, бу саҳрода туравериш [қўшин] тарқаб кетишига боис бўлур, бирон томонга юриб, бирон вилоятни эгаллашимиз керак. Мен ўзимча кенгашиб, сўнг уларга айтдимки: «хотирамга бир фикр келди. Самарқандга борайлик. Сизларни [вақтинча] Бухоро томонларга тарқатиб турамен, ўзим эса Самарқанд теварагига бориб, эл-улус ичига кирамен ва уларни ўзимизга қўшиб олишга [интиламен]. Етарли лашкар йиғилиб [куч-қувват қўлга кирганидан сўнг], сизларни чақириб олурмен. Кейин Жете ва Илёсхожа қўшинига қарши жангга отланурмиз ва Мовароуннаҳр мамлакатини қўлга киритурмен». Уларнинг ҳаммаси менинг бу кенгаш ва тадбиримни тўғри деб топдилар.

Юришга фотиҳа беришгач, мен йўлга тушдим. Икки юз одамимни Бухоро атрофлариға тарқатдим. Амир Ҳусайннинг синглиси Ўлжой Туркон оғани ҳам яширинча ўша ерда қолдирдим ва ўзим Самарқанд томон йўл олдим. Йўлда Тамуқа қавчин ўн беш отлиғи билан менга қўшилди. Сиримни унга айтиб, Муборакшоҳ олдига юбордим. Ўзини яширинча улус оралаб, икки мингга яқин кишини иттифоқдош қилдим. Самарқанд узра салтанат байроғини кўтаргудек бўлсам улар ёрдамга келадиган бўлдилар.

Тунда пинҳона Самарқандга кирдим ва тўнғич опам Қутлуғ Туркон оғанинг уйига бориб жойлашдим. Кечаю кундуз фикр оғушида чора-тадбир изладим. Шу тариқа қирқ саккиз кун яшириниб ётдим. Охири шаҳарликларда биттаси менинг бу ерга келганимни пайқаб қолди. Сирим очилишига оз қолганда, ночор, кечаси ўзим билан келган эллик отлиқ билан Самарқанддан чиқиб, яна Хоразм томон йўл олдим. Мен билан бир тўп пиёда кишилар ҳам бор эди. Йўл давомида туркманларнинг бир пода йилқисидан бир нечтасини қўлга киритиб, пиёдаларимни уларга миндирдим.

[Кўп вақт] йўл юриб Амударё бўйидаги Ачиғи деган ўнқир-чўнқир ерга келиб тушдик. Шу ерга келганимда, Бухоро теварагида қолдирган ҳарам аҳли, Муборакшоҳ, саййид Ҳасан ва бошқа жамоа ҳам етишиб келдилар. [Булардан бошқа] Темурхожа ўғлон, Баҳром жалойир ўзларига қарашли қўшин билан келиб, менга мулозим бўлдилар. [Шу тариқа], мингга яқин отлиқ аскар атрофимга жамланди. Шу ерда кенгаш қилиб, Бохтарзамин ва Қандаҳор томонга равона бўлишга ва у ерларни тасарруфимга олишга қарор қилдим.

(ДАВОМИ БОР).

 

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: