Сатира: Нофизийдан нома (53)

КЎЗ ТЎЙСИН!

Эсингизда бордур, битта латифа бўларди. Ёш қизга уйланган ўлакса чол ҳақида. Бармоғини кўзига суртиб, “кўзим тўйсин” деган чол бору… Ҳа, майли, латифа ёдингизга тушмаган бўлса ҳам гап нимадалигни билиб олдингиз.

Тапичкадан сакрайдиган бундай чолларга Остонада ОБСЕнинг қурултойи айни муддао бўлди. Ҳаммасининг кўзи Ҳилларида эди. Қизталоқ зап чиройли аёлда! Лекин эри бор, қизи бор, уни тўй ҳам қилибди, яқинда неваралик ҳам бўларкан. Бунинг бизнинг чолларга аҳамияти йўқ.

Бундай чоллардан бири Амир Темурнинг завжи ҳалоли Бибихонимга кўзини тикканда у қирқта тухумни тозалатиб, фарқини айтиб бер, деганда жавоб тополмай, қанот боғлаб учиб кетганми ёки ер ёрилиб ерга кириб кетганми экан. Ҳозир қанот боғланмайди, ер ҳам ёрилмай қолган.

Бизнинг ярамас чоллар очиқдан-очиқ кўз олайтириб, очиқдан-очиқ бармоқларини кўзларига сурадилар. Дилбезорнинг мухбирлари ҳам улар каби юрагини Ҳилларига берганми, худди рашкда жизғанак бўлгандек фақат шунақа саҳналарни кўрсатишди.

Ҳиллари учқичдан тушиши билан қаршисига бир қозоқ чол югурди. Апанглаб- лапанглаб унга етиб олди ва юзларидан чўлпиллатиб ўпа бошлади. Бир ўпиб қўймайди… Икки ўпиб қўймайди.. Ҳиллари эса ўзи ва кўзини қаёққа олиб қочишни билмайди. Нима қилсин? Мезбон. Кимсан ОБСЕнинг раиси.

Ҳиллари бироздан кейин “Чол бўлмай ўл, юзим шкатурка қилинган, ўзим кампир бўлиб қолганман, санга ўпадиган қиз қолмадими?” дегандек қозоқ чолга зимдан назар солди. Буни бошқача тушунган чол зип этиб унинг қўлтиғига кириб олди. Қолганлар эса худди Ҳилларининг тагига пояндоз тўшаётгандек қўллари билан олдинни кўрсатсаларда кўзларини тўйдириш билан овора эдилар. Ҳатто Нурсултон аби ҳам!

Кимдир қайсидир сайтда Ҳилларининг сирлари ёзиб ташланиб, у Остонада бундан уялса керак деганди. Қаёқда! Ўша сайтни эслатадиган эркак борми? Ҳаммаси дийдор ғанимат билан овора. Бира марта бўлса ҳам қараб қўйса ё жилмайса етади. Таппа тахт. Ўтиргани ўтирган жойида сузилиб қолаверади. Юриб бораётгани оёқлари қалтираб кетади. Агар Ҳиллари қаҳ-қақаҳа урса борми, тамом, эркаклик ўлди деяверинг!

Қозоқлар бизнинг Ислом отадан ўргансин. Қурултойга бормади. Бориб нима қилади? Керак бўлса, унинг ўзи келади. Эсида бундан ўн йил аввал Ҳиллари 13 ёшли қизчаси билан Тошкентга келганда, Ислом ота (унда Ислом ака эди) сиёсатни эркакликка бағишлаб, ўзлари қўналғага чиқиб, қучоқлаб кутиб олгандилар. Ҳеч кимга ўпиш навбатини бермагандилар ўшанда. Кейин Бухорода махсус тайёрланган олтин тақинчоқларни таққанларида ҳам кулгичларнинг устига чўлпиллаган бўсаларни пачкалаб қўндиргандилар.

Ўша ширин лаҳзалар табиийки рашк уйғотади. Бошқаларнинг ўпганини кўрсалар асабларига зиён етиши мумкин-да! Шунинг учун ҳам бу вазифани алоҳида ва шахсан бажариш учун Остонага бормай, Тошкент остонасида кутадиган бўлдилар. Ана буни эркалик, э…, эркаклик деса бўлади! Яшанг Ислом ота!

Кўз тўйсин! Қолгани бўлаверади! Зотан бу ёғига нима қолди ўзи?!

Нофизий,
Тошкент.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: