Темур тузуклари (4)

ЎЗ САЛТАНАТИМНИ ТУЗИШ ЙЎЛИДА ҚИЛГАН УЧИНЧИ КЕНГАШИМ

Ўша вақтда давлатимнинг кучи кетиб, салтанатимнинг асоси емирила бошлади. Чунончи, менга эргашган йўлдошларим ўн кишидан ортиқ эмас эди. Улардан еттитаси отлиқ, уч киши эса пиёда эдилар. Улардан бошқа мен билан ҳеч ким қолмаганди. Муҳтарама жуфти ҳалолим бўлмиш Амир Ҳусайннинг синглисини ўзимнинг отимга миндириб олган эдим. Шу алфозда Хоразм чўлларида бир неча кун саргардон бўлиб юрдим.

Кунларнинг бирида кеч тушгач, қандайдир қудуқ бошига келиб тушдим. Ўша кечаси пиёда юрган уч нафар хуросонлик бевафолик қилиб, отларимизни миниб қочдилар. Етти киши тўрт от билан қолдик. Аҳволим жуда оғирлашди. Лекин кўнгил тўқ эди. Бу ишни чакки қилган эканман деб, ҳеч ўкинмас эдим. Сўнгра бу кудуқ бошидан ҳам кўчдим.

Шу вақт Алибек Чун Ғурбоний ёпирилиб тепамга кедди. Мени [ўз элига] элтиб, бургаси кўп бир қоронғу уйга қамаб қўйди. Бир неча кишини менга соқчи этиб тайинлади. Олтмиш икки кун мени тутқунликда ушлади. Ундан қутулиш чорасини излаб, ўз-ўзим билан кенгашдим ва тангрининг инояти етиб баҳодирлигим тутди. Кучли ва чаққон билакларим иш бериб, соқчилардан бирининг қўлидан қиличини тортиб олдим-да, уларга ҳамла қилган эдим, бариси қочиб қолди.

[Қилич кўтарганимча], тўғри Алибекнинг устига бостириб кирдим. Мени кўргач, [ҳуши бошидан учди]. Қилган номуносиб ишидан пушаймон бўлиб, мендан узр сўради. Отларимни, яроқ-жабдуқларимни ҳозирлатиб, менга бир ориқ от ва бир қари туя тортиқ қилган бўлди. Оғаси Муҳаммадбек менга атаб юборган бир қанча совға-саломларини эса очкўзлик қилиб ўзига олиб қолди. Сўнг кетишимга рухсат берди.

Хоразм чўлига томон равона бўлдим. Ўн икки отлиқ атрофимга тўпланди. Икки кундан сўнг бир манзилга етиб, қандайдир уйга тушдик. Шу орада бир гуруҳ ўша ерлик туркманлар пайдо бўлиб, мени кўргач, «Ўғри, ўғри!» — дейишиб ҳужум қилмоқчи бўлдилар. Амир Ҳусайннинг синглисини бир уйга яшириб қўйиб, ўша жамоага қарши отландим. Туркманлар ичида Ҳожи Муҳаммад деган одам мени таниб қолди, «Ҳой, тўхтанглар, бу Амир Темур-ку!»— деб уларни урушдан қайтарди. Ўзи эса тизза уриб олдимга келди. Мен ҳам унинг кўнглини овлаб, бошига мандилимни қўйдим. Сўнгра бу киши ўз оға-инилари билан менга мулозим бўлишди.

(ДАВОМИ БОР).

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: