“Туронзамин” почтасидан

Ислом акадан Ислом отага етмаган гаплар

Халқимизда, бозор билан мозорга тегма, деган гап бор. Гарчи бу гап уларни жойидан кўчирмаслик маъносида айтилган бўлса-да, бозор ишларига тама илинжида, бўлар-бўлмасга аралашавериш ҳам яхшиликка олиб бормаслиги турган гап – инсоф йўқолади, давлат бюджетига тушиши керак бўлган маблағ талон-тарож бўлади – қисқаси, элдан барака кўтарилади.
Қашқадарё вилояти Чироқчи туманидаги бозорларнинг аҳволини кўрганда кишининг хаёлидан беихтиёр шу гаплар ўтади. Ҳамма шу бозорга ёпишган, мелиса ҳам, прокурор ҳам, ҳоким ҳам, ҳатто туман Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари ҳам шу ерда. Берсанг бердинг – бермасанг, тортиб оламиз, қабилида иш кўраётган бу шоввозларнинг эртага ўзига бюджетдан маош бўлиб қайтадиган тушумлар билан иши ҳам йўқ. Бугун юлиб қолса, қорни тўйса бўлди…
Гапимиз қуруқ бўлмаслиги учун яқинда Қашқадарё вилояти Чироқчи туманига қарашли масъулияти чекланган жамият (МЧЖ) – Кўкдала деҳқон озиқ-овқат бозори раиси бўлиб ишлаётган Ислом Усанов билан суҳбат тафсилотларини келтирсак.
Айтишича, ҳамма бало унинг таркибига 12 та турли қишлоқ бозори кирадиган ўша МЧЖга раис бўлиб ишга қабул қилганидан сўнг орадан 5-6 ой ўтгач бошланган.
– Мен бозор паттачиларидан ойлик режасини бажаришни талаб қилганимдан сўнг очиқ жанг бошланди. Эътибор қилсам, вилоят молия бошқармаси ўша режани ҳар ойнинг учинчи ёки тўртинчи ҳафтасида берар, яъни режани бажариш учун деярли вақт қолмас экан. Бу ҳали ҳолва экан. Вилоят, туман молия ва солиқ ходимлари бозорлар фаолиятини мониторинг – қаранг, шу сўз Чироқчи даштларига ҳам кириб борибди-я – қилиш баҳонасида у ерларни айланиб, паттачилар билан тил бириктириб, далолатномага расмиятчилик юзасидан озгина пул ёздириб, қолганини ўзлари ўзлаштириб кетаётганини билиб қолдим. Ўша назоратчилардан бунинг сабабини тушунтириш хатига ёзиб беришни талаб қилганимда ёзишга рози бўлишмади. Бу ҳам етмагандай, паттачиларга бизга пул берганингни айтсанг, бозорда сотилиши тақиқланган 7 хил озиқ-овқатни баҳона қилиб, сени ишдан бўшатиб юборамиз, деб пўписа қилибди.
Бу жанжал шу заҳотиёқ туман ҳокими Камол Равшанов ва ички ишлар бўлими бошлиғи Ислом Ишмуродовнинг қулоғига бориб етди. Улар Ислом Усановни чақириб олиб, у раҳбарлик қилаётган 12 та бозорнинг ҳаммасини масъулияти чекланган жамиятга айлантирасан, деб туриб олди. Ҳатто туман ҳокими у раҳбарлик қилаётган МЧЖ билан келишмасдан унинг тасарруфидаги бозорларни МЧЖга айлантириш учун 4-5 кишига қарор ҳам чиқариб берибди.
Баъзи маълумотларга қараганда, Кўкдала деҳқон озиқ-овқат бозорига қарашли 12 қишлоқ бозорини МЧЖ қилиш учун бундан манфаатдор бўлган кишилар 100 миллион сўм йиғиб, туман ва вилоят раҳбарларига берган. Оқибатда керакли ҳужжатларга туман ҳокими К.Равшанов ҳам, вилоят ҳокими Нуриддин Зайниев ҳам қўл қўйди. Аммо Вилоят Адлия бошқармаси МЧЖ раисининг розилиги бўлмагани учун уларни рўйхатдан ўтказа олмай турибди.
Сабаби, биринчидан, МЧЖ таркибидаги бозорларни масъулияти чекланган жамиятга айлантириш учун раис сифатида И.Усановнинг розилиги керак. Иккинчидан, қишлоқ бозорлари МЧЖ бўлиш талабига жавоб бермайди. Сабаби, МЧЖ тасарруфидаги қишлоқ бозорлари ҳар куни эмас, ҳафтасига бир марта 2-3 соат ишлайди, холос. Бу ҳам етмагандай, туман раҳбарлари паттачилар билан тил бириктириб, давлат бюджетига тушиши керак бўлган пулни чўнтагига ураётгани учун пул топшириш режаси зўрға уддаланмоқда. Масалан, МЧЖ раиси 2010 йилнинг январь ойида бир ярим миллион сўм пул тушадиган бир мол бозори паттачисини, бор-йўғи, 100-200 минг сўм пул топширгани учун ишдан бўшатганда туман фуқаролик суди раиси уни берган пораси эвазига қонунга хилоф равишда ишга тиклаш тўғрисида қарор чиқариб берди. У ишга тиклангач, яна эски ишини қолган еридан давом эттираверди, И.Усанов унинг камомадини аниқлаб, туман прокурори Н.Раҳимов номига шикоят аризаси берганига олти ойдан ошяптики, у ердан на жавоб бор, на хабар.
И.Усанов МЧЖга қарашли бозорларда тартиб ўрнатиш мақсадида Шўрқудуқ, Чорвадор, Катта қишлоқ бозорлари паттачиларини 7-8 миллион сўм ўрнига 1 миллион, 3.5 миллон сўм ўрнига 270 минг, 2.5 миллион сўм ўрнига 200 минг сўм пул топширгани учун ишдан бўшатди. Улар раисга, одамларимни олиб келиб, уруғ-аймоғинг билан қуритиб юбораман, Чироқчи тумани ҳокими билан Миллий хавфсизлик хизмати ходимини олиб келиб, қаматтириб юбораман, деб дағдаға қила бошлади.
Унинг айтишича, Чироқчи тумани ҳудудидаги Кўктош мол бозорининг ҳафталик тушуми 20 миллион сўмдан ошади, аммо шу маблағнинг нари борса 30 фоизи крим қилинади, қолгани талон-тарож бўлади. Буни Туман марказидаги деҳқон бозори ёки Қалқама бозори мисолида ҳам бемалол айтиш мумкин.
Энг қизиғи, орадан кўп ўтмай И.Усановни чиндан ҳам туман ҳокими билан туман МХХ бошлиғи олдига чақириб, “разбор” уюштирди. Демак, паттачиларни қутуртирган нарса фақат пул эмас, ўша пулни биргаликда баҳам кўриб, орқаларида суянган тоғи бўлиб турган “катталар” экани аён бўлди. Туман ички ишлар бўлими бошлиғи И.Ишмуродов ҳам ундан ишдан бўшатган паттачиларини қайта жойига тиклашни талаб қила бошлади.
Бу ҳам етмагандай, туман ҳокимлиги ва Ички ишлар бўлими раҳбарлари МЧЖга қарашли, тушуми яхши бўлган Чиял, Шўрқудуқ, Катта қишлоқ, Чорвадор деҳқон озиқ-овқат бозлари ва Чиял қорамол бозоридаги И.Усанов ишдан бўшатиб юборган катта паттачиларни ўзбошимчалик билан ишга тиклаб, уларга пул йиғдириб оляпти. Ўша паттачилар ёрдамчи паттачилар номидан йиғиб олинаётган пулнинг ўзларидан ортганини МЧЖга топширяпти. Бу ҳақда МЧЖ раиси Чироқчи тумани фуқаролик суди, туман прокуратураси ва туман давлат солиқ инспекциясига бир неча марта шикоят хати берди, лекин ҳеч қандай чора кўрилмаяпти.
Қандай қилиб, МЧЖга қарашли бозорлардаги патта пулини раис И.Усанов ишдан бўшатган одамлар териб олиш мумкин? Бу мавжуд қонунларни уни муҳофаза қилиши керак бўлган амалдорлар, прокурору милиционерлар оёқ ости қилиши-ку!
“Дев билан пакана” фильми қаҳрамонларидан бири, министрни ишдан олиш мумкин, лекин бозор паттачисини ишдан олиб бўлмайди”, деган аччиқ истеҳзоли гапи тўғрига ўхшаб қолди.
Туманда адолатга эриша олмаслигини билган И.Усанов вилоят ҳокими Н.Зайниевдан паноҳ сўраб борди, лекин у киши, бунақа майда-чуйда нарсаларни менга кўтариб келма, раҳбарлар билан келишиб ишлайвер, деб қабулидан чиқариб юборади.
Шундан сўнг И.Усанов ҳақиқат ва туман раҳбарларининг зўравонлигию қинғир ишларидан паноҳ истаб, Тошкентга йўл олди, турли идоралар эшигини қоқди, лекин натижа бўлмади. Фақат бош вазир номига ёзга шикоят аризаси Давлат солиқ қўмитасига юборилгач, қўмитанинг икки нафар ходими шикоят аризасида келтирилган далилларни текшириб кўриш учун Чироқчига келдди. Унда келтирилган фактлар тасдиқланди.
Узунқулоқ гапларга қараганда, туман давлат солиқ инспекцияси бошлиғига чора кўрилиб, гўёки у ишдан бўшаган эмиш. Лекин И.Усанов бу гапларга ишонмайди. Чунки солиқ идоралари ёпиғлиқ қозонни ёпиқ ҳолича қолдиришга уриниши, ҳеч бўлмаганда ўша бошлиқни вилоят солиқ бошқармасига ўтказиб юбориши ҳам мумкин. Лекин Тошкентдан борган Давлат солиқ қўмитаси ходимлари И.Усановнинг гапига тасдиқлаб, МЧЖга қарашли қишлоқ бозорларини МЧЖ қилиб бўлмаслиги, улар бу талабга жавоб бермаслигини айтди.
Бундан ташқари, солиқ инспекцияси И.Усанов бошлиқ МЧЖни текширганида бу ташкилот давлат бюджетига 2010 йилнинг январь-июнь ойларида 19 миллион суҳўмдан ошиқ маблағни ошиқча тўлашга мажбур қилингани маълум бўлди. Энди И.Усанов бу пулни қайтариб ололмай сарсон, чунки МЧЖда 44 киши меҳнат қилади.
И.Усанов бундай қинғир ишлардан президент билан бош вазирнинг хабари йўқлигини, шикоятини уларга етказишга қўли калталик қилаётганини, уларнинг атрофидаги амалдорлар бунга йўл бермаётганини айтади. Мабодо, улар туман, вилоят раҳбарларининг бундай қинғир ишларидан хабар топиб қолса, айбдорлар жазоланишига, адолат қарор топишига ишонади.
У шикоят кўтариб Ўзбекистон телевидениесига ҳам борди, аммо у ердагилар ҳам, келишиб ишлаб юраверинг, Зайниев осонликча жон берадиганлардан эмас, деб ноумид қилиб қайтариб юборишдан бошқасига ярамади. Мана сизга бугунги ўзбек оммавий ахборот воситаларининг аҳволи. Ҳечқурса, шу одамга ёрдам берай, деб уриниб ҳам кўриш йўқ. Чунки улар танқидни, айниқса, вилоят ҳокими фаолияти танқидини экранга олиб чиқа олмаслигини, бунгу уриниш бефойда эканини яхши билади.
– Шундан билдимки, Қашқадарё вилоятининг камчиликларини яшириш учун жаноб Зайниев Тошкентнинг керакли тешигини ва эшигини ёпиб ташлаган экан, – дейди И.Усанов алам билан.
Афсуски, жойлардаги адолатсизликлар, коррупция ошкоралик йўқлиги учун ҳам чуқур илдиз отиб кетмоқда.
“Трансперенси Интернешнл” халқаро ташкилоти яқинда дунё мамлакатлари ўртасида коррупция даражаси рейтингини эълон қилди. Ўзбекистон 180 мамлакат орасида Судан, Афғонистон, Сомали сингари мамлакатлар қаторига тушиб, 174-ўринни эгаллабди. Эҳтимол, шунинг учун ҳам президент Ислом Каримов Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисида сўзлаган нутқида матубот эркинлигидан сўз очгандир.
Лекин И.Усановнинг қарори қатъий, охиригача курашаман, дейди.
Нега туман раҳбарлари ёки Н.Зайниев сизни шу кунгача ишдан олиб ташламади, десаб сўрасак, улар ёзган шикоятларимдан чўчиб турибди, бўлмаса, мен раҳбарлик қилаётган МЧЖ аллақачон хомталаш бўлиб кетар эди, дейди.
Сўнгги сўз ўрнида бир мулоҳаза. Бугунги кунда Чироқчи тумани ҳудудида ҳеч қандай саноат корхонаси йўқ. Туман ҳокимлиги инвестиция киритиш йўли билан янги иш ўринлари яратиш ҳақида ўйлаб ҳам кўрмайди. Туманда бирорта ҳам саноат корхонаси йўқ. Ишсиз аҳоли эса тирикчилик илинжида вилоят маркази, бошқа вилоят, Тошкент ва чет элларда мардикорлик қилиб, сарсон-саргардон бўлиб юрибди.
Бу аҳвол қачонгача давом этишини, афсуски, ҳеч ким билмайди.

Эшбек Турдиев,
журналист

eshbek@gmail.com

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: