Темур тузуклари (3)

ДАВЛАТ ҚУРИШ ОЛДИДАН ҚИЛГАН ИККИНЧИ КЕНГАШИМ

У шундан иборат бўлдики, Туғлуқ-Темурхон мен билан тузган аҳду қарорини бузиб, иккинчи бор Мовароуннаҳр мамлакатига қўшин тортиб келди ва ҳукуматни мендан тортиб олиб, ўғли Илёсхожага топширди. Мени эса унга бош қўмондон (сипоҳсолор) ва маслаҳатчи қилиб тайинлади. Менга Қочувли-баҳодир ва Қобулхон томонидан битилган аҳдномани кўрсатди. Мен улуғ боболаримизнинг сўз ва номаларини қабул қилиб, сипоҳсолорлик қилишга рози бўлдим.
Ҳижрий 762 (милодий 1360—61) йили Туғлуқ-Темурхон иккинчи марта Мовароуннаҳрга қўшин тортиб келиб, мени ўз ҳузурига чорлаб нома жўнатди. Мен [рози бўлиб], унинг истиқболига чиқиб, у билан кўришдим. У орамиздаги аҳдни бузиб, Мовароуннаҳрни ўғли Илёсхожага топширди, мени эса сипоҳсолор қилиб белгилади. Бу ишга ортиқча рўйхушлик билдирмаётганимни кўриб, менинг бобом Қочувли-баҳодир ва ўзининг бобоси Қобулхон-ларнинг аҳдномасини кўрсатди. Пўлат тахтага имзоланган аҳдно-мада «хонлик Қобулҳон авлодининг қўлида, сипоҳсолорлик эса Қочувли-баҳодирхон болаларида бўлсин, улар бир-бири билан ёвлашмасин», деган сўзлар битилган экан. Буни ўқиб кўргач, улуғлар аҳдига вафолик қилиш юзасидан сипоҳсолорликни қабул қилдим.
Мовароуннаҳрда ўзбек’ларнинг жабру зулми ортиб кетди. Чунончи, саййид ва саййидзодалардан етмиш кишини асир олиб банд этдилар. Илёсхожа бўлса давлат ва сиёсат ишларида лаёқатсиз бўлгани туфайли уларнинг зулму ситамига барҳам беришга ожиз эди. Мен бўлсам ўз салобатим ва ҳайбатим билан ўзбеклар устидан ғалаба қилдим ва мазлумларни золимлар жабридан халос қилдим. Бу Илёсхожа амирлари ва ўзбекларнинг менга нисбатан душманлик қилишларига сабаб бўлди. Улар Туғлуқ-Темурхонга хат ёзиб, «Темур бизга қарши исён туғини кўтарди», дедилар. Хон бу ёлғон гапларни чин билиб, мени ўлдириб, йўқотиш ҳақида ёрлиғ юборди. Бу ёрлиғ менинг қўлимга тушиб қолди. Ундан ўлимга ҳукм қилинганлигимни билиб олдим. Бунинг иложини қилиб, қуйидаги тадбирни ишлатдим. Барлос улусининг баҳодир йигитларини ўз атрофимга тўплаб, уларни бирлаштирдим. Менга бўйсуниб кўмакдош бўлмоқлик учун розилик берган биринчи киши — Ики Темур бўлди, иккинчиси — амир Жоку барлос эди. Булардан бошқа улус баҳодирлари ҳам жону диллари билан менга бўйсунмоқчи [ва хизмат қилмоқчи] эканликларини билдирдилар.
Мовароуннаҳр аҳолиси менинг бу ишимдан хабар топиши биланоқ, тезда ўзбекларга ҳужум қилишим кераклиги ҳақида истак билдирдилар. Чунки уларнинг қалби золим ўзбеклар тоифасидан бутунлай безиган эди. Мовароуннаҳр аҳолисининг каттаю кичиги менга бирлашди. Мамлакатнинг уламо ва машойихлари эса ўзбекийа тоифасини йўқ қилиш ҳақида фатво ёзиб бердилар. Улус амирлари ва қўшун бошлиқларининг баъзилари ҳам бу ишга қўшилиб, бизга бирлашдилар. Бу тўғрида ёзилган аҳднома ва фатволарининг нусхаси бу эди: «Тўғри йўллик халифалар, Аллоҳ таоло уларнинг жамисидан мамнун бўлсин, тутган йўлларига ва қилган ишларига мувофиқ Мовароуннаҳрдаги бутун аҳли ислом, сипоҳу раият ёхуд уламою машойих бўлсин, Амир Темурга иззату икром кўрсатиб, уни Амир Темур Қутби салтанати Олий деб атасинлар ва уни Аллоҳнинг [ердаги] қудрати-салтанат тахтига лойиқ кўрсинлар. Мусулмонларнинг ери, номуси, мол-мулки ҳамда жонига зулм-ситам қўлини чўзган ўзбеклар тоифасини дафъ қилишда ва умуман йўқотишда Темурга [ёрдамлашиш учун] ўз мол ва жонларини [аямай], тиришиб харакат килсинлар. Биз ўз ахду байъатимизга содиқ қолурмиз. Агар берган аҳд-паймонимиздан қайтсак, Аллоҳнинг қудратию қуввати ва ёрдамидан чиқиб, шайтон қудрати ва ёрдами йўлига кирган бўлайлик».
Бу фатвони менга кўрсатганларидан кейин жангу жадал байроғини кўтариб, ўзбеклар устига лашкар тортишга қарор қилдим ва мазлумлар ҳақини золимлардан олмоқчи бўлдим. Лекин бир неча разил кишилар бу сирни фош қилиб қўйдилар. [Шундан кейин] ўйланиб қолдим, мабодо Самарқанд шаҳри ичида ўзбекларга қарши уруш бошласаму, бироқ Мовароуннаҳр аҳли [жанг қилишдан] қўл тортса-чи? [Унда нима бўлади?] Шундай бўлгач, яхшиси, шаҳардан чиқиб, Самарқанд тоғларида жойлашай, токи менга қўшилишни истаганлар ҳузуримга келсинлар. Шунда мен катта сипоҳ тўплаб, ўзбекларга қарши жангу жадални бошлагайман»,— деб қарор қилдим. Самарқанддан чиққанимда олтмиш отлиқдан бошқа бир киши ҳам менга эргашмади. Шундан билдимки, ўйлаган кенгашим хато бўлмаган экан.
Ўша тоғда бир ҳафтача кутиб ётдим, бир киши бўлса ҳам бизга келиб қўшилмади. Шунинг учун кенгаш тузиб Бадахшон тарафга ўтиб, у ернинг шоҳлари билан қўшилишга қарор қилдим. Отланиб, Амир Кулолнинг ҳузурларига бордим. Улар менга Хоразмга боришимни маслаҳат бердилар. Агар ўзбеклар устидан ғалаба қозонсам, Самарқанднинг бир йиллик хирожини уларга назр қилишга қарор қилдим. Улар менга зафар тилаб фотиҳа ўқигач, кетишимга рухсат бердилар. Саййид Амир Кулолнинг хизматларидан чиққанимда, ҳаммаси бўлиб олтмиш отлиқ менга ҳамроҳлик қиларди. Илёсхожа менинг Хоразмга юриш қилаётганимдан хабар топиб, Хива ҳокими Тўкал-баҳодирга хат ёзиб, менга қарши чиқишни ва мени ўлдиришни буюрган экан. Тўкал-баҳодир минг отлиқ аскар олиб, менинг устимга келди. Олтмиш отлиқ йигитим 1 йўлда менга қўшилган [қайноғам] Амир Ҳусайн билан бирга минг отлиқ кишилик ғаним лашкарига рўбарў бўлдим ва жанги киришдим. Бу жангда шундайин баҳодирлик қилиб, чидамлик кўрсатдимки, унинг минг кишисидан эллик киши қолди, менинг олтмиш отлиқ йигитимдан ўн кишигина қолди. Шундай бўлса-да зафар мен томонда бўлиб, [уларни қочирдим]. Менинг зафар қучганим хабари Илёсхожа ва Жете амирларига етгач, улар [ҳайрон қолишиб], «Темур ажаб эр киши экан, унга Тангрининг мадади етиб, бахту иқболи очилмиш»,— деб ўзаро сўзлашибдилар Мен бу урушдаги зафарни яхшилик аломати деб билдим. Ўзбеклар мендан чўчийдиган бўлдилар.

(ДАВОМИ БОР).

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: