Темур тузуклари (1)

ТАДБИРЛАР ВА КЕНГАШЛАР

Ўзга мамлакатларни забт этиш, уларни идора қилиш, ғаним лашкарларини синдириш, душманни тузоққа тушириш, мухолифларни [кўнглини овлаб] дўстга айлантириш, дўст-душман орасида муомала, муросаю мадора қилиш хусусида ушбу тадбир ва кенгашларни қўлладим.
Пирим Зайниддин Абубакр Тойбодий менга ёзмишларким, «Абулмансур Темур, салтанат ишларида тўрт нарсага амал қилгин, яъни
1) кенгаш;
2) машварату маслаҳат;
3) қатъий қарор, тадбиркорлик ва ҳушёрлик;
4) эҳтиёткорлик.
Чунки кенгаш ва машваратсиз салтанатнинг барча қилган ишлари ва айтган гаплари риёкор бўлган жоҳил одамга қиёс қилиш мумкин; унинг айтган сўзлари ва қилган ишларини бошга пушаймонлик ва надомат келтиргай. Шундай экан, салтанат бошқаришда машварату маслаҳат ва тадбиркорлик билан иш юргизгин, токи оқибатда надомат чекиб, пушаймон бўлмагайсан. Шуни ҳам билишинг керакким, салтанат ишларининг бир қисми сабру тоқат билап бўлгай, яна бир қисми билиб-билмасликка, кўриб-кўрмасликка солиш билан битур. [Хуллас] бажарилиши шарт бўлган тадбирларнинг таърифидан ва зикридан сўнг [шуни таъкидлаш лозимки] қатъийлик, сабр, чидамлилик, соғлиғу сергаклик, эҳтиёткорлик ва шижоат билан барча ишлар амалга оширилур. Вассалом».
Мактубда ёзилмиш сўзлар эса салтанат ишларида мен учун энг тўғри йўлбошчи эди. Шунга кўра давлат ишларининг тўққиз улуши кенгаш, тадбир ва машварат, қолган бир улуши эса қилич билан бажо келтирилишини англадим. [Донишмандлар] демишларким, ўз ўрнида қилинган тадбир билан саноқсиз лашкар қиличи ожизлик қилган ҳар қандай мамлакат дарвозасини очиб, беҳисоб лашкарни енгиб бўлур. Тажрибамда кўрилганким, ишбилармон, мардлик ва шижоат соҳиби, азми қатъий, тадбиркор ва ҳушёр бир киши, минг-минглаб тадбирсиз, лоқайд кишилардан яхшидир. Чунки тажрибали бир киши минг кишига иш буюради. Мен яна тажрибамда кўрдимки, ғаним лашқарини енгиш қўшиннинг кўплиги билан эмас, мағлуб бўлиш эса сипоҳининг камлигидан бўлмайди. Балки ғолиб бўлмоқлик [тангрининг] мадади ва бандасининг тадбири биландир. Чунончи, мен икки юз қирқ уч киши билан кенгашган ва тадбир юритган ҳолда Қарши қалъаси устига юрдим. Амир Мусо ва Малик баҳодир ўн икки минг отлиқ аскар билан қальа ва унинг атрофини қўриқламоқда эдилар. Тангри таолонинг ёрдами етиб, узим кўллаган тўғри тадбирларим орқали Қарши қальасини қўлга киритдим, сўнг Амир Мусо ва Малик баҳодир ўн икки минг отлик аскар билан устимга бостириб келиб мени Қарши калъасида қамал қилдилар. Мен тангрининг мадади ва иноятига ишониб, тадбиркорлик ва эҳтиёткорлик ишлатган ҳолда қалъадан чиқдим ва [душман билан] бир неча маротаба жанг қилдим. Пировардида шу икки юз қирқ уч йигитим билан ўн икки минг отлиқ ғаним лашкарини мағлубиятга учратдим ва уларни бир неча фарсанг ергача қувиб бордим.
Яна менинг тажрибамдан ўтмишким, гарчи ишнинг кандай якунланиши тақдир пардаси ортида яширин бўлса ҳам, акли расо ва ҳушёр кишилардан кенгашу тадбир истаб, фикрларини билмоқ лозимдир. [Шу сабабли] пайғамбаримиз Муҳаммад, унга тангрининг марҳаматлари ва саломлари бўлсин, саллоллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек, хар ишни кенгашган ҳолда қилдим. Хар вақт кенгашчилар йиғилиб, мажлис очилар экан, яхши-ёмондан, фойда-зиёндан, олдимиздаги ишларни қилиш-қилмасликдан сўз очиб, улардан фикр сўрар эдим. Буларнинг сўзларини эшитгач, ишнинг ҳар икки томонини мулоҳаза қилиб, фойда-зиёнларини кўнгилга келтирардим. Айниқса, ул ишни хатарли томонларига кўпроқ эътибор берардим. Агар икки хатарлик [ёки] бир хатарлик ишларни қилишга тўғри келгудек бўлса, икковидан баробар қутулиш чораси топилмагач, бир хатарлигини ихтиёр этардим. Бунга мисол, Дашти Жете амирлари Туғлуқ-Темурхонга қарши исён туғини кўтардилар. Бу хусусда Туғлуқ-Темурхон мендан маслаҳат сўради. Агар ғанимни тор-мор этгали лашкар юборса икки хатар, ўзи борса бир хатар борлигини билдириб, унга йўл-йўриқ кўрсатдим. Менинг кенгашим билан даштга, исёнчилар устига ўзи бориб эди, барча ишлари мен айтганимдай бўлиб бажарилди.
Ишларимнинг барини кенгаш билан юргизиб, уни битиришда тўғри тадбир қўллар эдим. Бир ишга киришмай туриб, ундан қутулиб чиқиш йўлларини мўлжаллаб қўяр эдим. Уни тўғри тадбир, қатъий жазм, чинлик-чидамлилик кўрсатиб, эҳтиёткорлик билан узоқни кўриб, ортини ўйлаган ҳолда охирига етказардим.
Яна тажрибамдан ўтказдимки, кенгаш эгалари бирлик, иттифоқлик билан сўзда собит, ишда чидамли бўлишлари шартдир. Қилмоқчи бўлган ишларини қилмасдан қолдирмасинлар. Агар бирор ишни қилмасликка сўз берар эканлар, унинг яқинига ҳам йўламасинлар.
Тажрибамдан маълум бўлдики, кенгаш икки турли бўлур. Бири — тил учида айтилгани, иккинчиси — юракдан чиққани. Тил учида айтилганини [шунчаки] эшитардим. Юракдан айтилган маслаҳатни эса қалбим қулоғига қуярдим ва дилимга жойлардим.
Агар [ғаним устига] лашкар тортмоқчи бўлсам, уруш-ярашдан ўртага сўз ташлаб, амирларим кўнгилларининг бу икковидан қай бирига мойиллигини билишга интилардим. Агар ярашдан сўз очсалар, бунинг фойдасини уруш зиёнига солиштириб кўрардим, агар урушга мойил бўлсалар, унинг нафъ ва фойдасини яраш зиёнига таққослаб кўрардим, қайси бири фойдалироқ бўлса, шуни ихтиёр қилардим. Сипоҳни иккилантирадиган [турумсиз] кенгашни эшитишдан сақланардим. Қайси киши ақлга сиққан бир ишни куйиниб гапирса, суйиб эшитар эдим. Кимки оқилона гапларни эрларча кескинлик билан сўзласа, унга ҳам қулоқ солардим. Ҳар кимдан сўз олиб кенгаш сўрар эдим. Лекин айтилган ҳар бир маслаҳатнинг яхши ва ёмон томонлари ҳақида ўйлаб кўргач, тўғри ва савоблироғини танлаб олардим.

Чунончи, Чингизхоннинг набираcи Туғлуқ-Темурхон Мовароуннаҳр мамлакатини босиб олиш қасдида қўшин тортиб, Хўжанд сувидан кечиб ўтгач, менга, амир Ҳожи барлос ва амир Боязид жалойир номига ёрлиқ жўнатиб, унинг ҳузурига боришимизни талаб қилганди. Улар мен билан кенгашдилар. Ўз эл-улуслари билан Хуросонга кетиш ёки Туғлуқ-Темурхон олдига бориш ҳақида маслаҳат сўрадилар. Мен уларга шундай йўл кўрсатдим: Туғлуқ-Темурхоннинг ҳузурига борсангиз икки фойда, бир зиён бордир. Хуросон томонга ўтиб кетишнинг [эса] икки зиёни, бир фойдаси бордир, дедим. Улар менинг кенгашимга кирмай [эл-юрти билан кўчиб) Хуросон томонга кетдилар. Мен ҳам Хуросонга ёки бўлмаса Туғлуқ-Темурхоннинг олдига бориш-бормаслигимни билмай иккиланиб қолдим. Шу ҳол асносида пирим (Тойбодий)дан маслаҳат сўраб хат ёзган эдим, ушбу мазмунда жавоб ёзиб юборибдилар: «Тўртинчи халифа [ҳазрати Али ибн Абу Толибдан], унга тангрининг караму марҳамати бўлсин, бир киши сўрабдики, осмон — камон, ер — камон ипи, ҳодисалар [ва офату кулфатлар эса] ўқ бўлса, инсонлар ул ўқ-ёйларга нишон бўлса, отғучи-худойи таоло бўлса, унинг қудрати яна ҳам улуғ бўлсин, одамлар қерга ҳам қочадилар? Халифа жавоб қилиб, одамлар тангрининг қошига қочсинлар,— дебдилар. Шунга ўхшаш сен ҳам ҳозир Туғлуқ-Темурхоннинг олдига қочгил ва қўлидаги ўқ-ёйини тортиб олгил». Бу жавоб келиши билан кўнглим кўтарилиб, юрагим бундан қувват олди ва Туғлуқ-Темурхон қошига боришга аҳд қилдим.
Лекин бирон ишни қилмоқчи бўлсам, кенгашиб олға, кейин Қуръондан фол очардим ва Қуръон ҳукми билан иш қилур эдим.
Туғлуқ-Темурхон олдига боришдан аввал Қуръондан варақ очсам «Сураи Юсуф алаиҳи-с-салом» чиқди ва Қуръони мажид ҳукмига амал қилдим.

(ДАВОМИ БОР)

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: