РИЗО ОБИД

Бир таклиф бор…

(Жиддий тилда ёзилган жиддий ҲАЖВИЯ)

У ҳох арбоб бўлсин, ҳох сиёсатчи ё у оддий қаламкаш бўлсин яхшилаб эътибор берсангиз, бир гапни кўп такрорлайдиган бўлиб қолишди. Яъни бугунги кун кишиларини, ҳозирги замон одамларини у ё бу фикр, ажабтовур воқеа, оламшумулдай туюлган ихтиро ва ҳакозо шов- шувлар-у, янгиликлар билан қойил қолдириш қийин.

Баландпарвоз гаплар, эрта ўтиб индин кўз кўриб қулоқ эшитмаган инқилоблар қилиб юбораман, дея аюҳаннос солишлар одамларни заррача бўлсада митирғасини мит эттириб қўймаяпти.

Бу нима? Лоқайдликми? Ўзаро ишонч туйғуларининг барбод бўлишими? Ёки бўлмаса бугун турли соҳалар билимдониман деганларнинг уқувсизликлари оқибатими?

Бошқа мамлакатлар, бошқа миллатларнинг бу борадаги муаммолари ўзлариники ва аксарияти уларни ҳал этишнинг турли йўлларини қидиришяпти ва топишяпти ҳам.Демак уларни ўз йўлларига қўйиб турсакда, ўзимизнинг муаммоларимиз ҳақида сўз юритсак.

Мана, неча йилки ҳукуматнинг алдовларини эшитиб, у ёлғонларнинг ростга айланишига умид қилиб келдик ва умид ҳалиям яшамоқда. Расмий ҳукуматга гўё мухолиф гуруҳларнинг айрим вакиллари эса мухолифатнинг барча жабҳасини бугунги ҳукумат билан муроса қилишга чорлаб ҳам туради.Бугун мулоҳаза юритмоқчи бўлганимиз кимлиги “отнинг қашқаси”дай аён расмийлар эмас, балки қашқасини яширмоққа уринувчи “мухолифатчилар” ҳақида.

Ўша муросага чақираётганлар ўзлари бугунги расмийларга ошкора ва пинҳона мурожаатлар қилишаётганлари сир бўлмай қолди.Лекин ўзбек жамиятидаги аҳвол эса ҳамон ўзгармай қоляпти.Ўзгармай қоляпти эмас, сиртдан қараганда дурустга ўхшаб кетадиган бу жамият шиддат билан фалокатдан ўтиб, ҳалокат йўлида елиб боряпти.Нега шундай?

Одамлар лоқайдлик ботқоғига ботган, дейишади.Тўғри, шундай.Хўш бунга ким айбдор?Дарров бугунги ўзбек расмий ҳукуматини бармоғимизни бигиз қилиб кўрсатамиз.Тўғри.Ҳамма нарсаям бирор сабабсиз юзага келмайди. Демак расмийларнинг коррупцияга ботишига, диктатура йўлини танлашларига ким ёки нима сабабчи? Яна уларнинг ўзлари деймиз, ўзлари яратган тизим деймиз.Тўғри.Лекин ҳар қандай иллатга йўл очиб берувчи манбаси бўлади.Ҳукуматнинг коррупция ботқоғига ботишига, жамият таназзулига, одамларнинг лоқайдликлари сабаби боши, манбаси, ўзини юқорида айтганимиз иллатларга қаршиман, деб аслида бугунги ҳукумат билан муроса йўлини истаганлар айбдор эмасми? Уларга ўзбекча айтганда муроса-ю мадора йўлини тутиб, кенг имкониятлар яратиб берганларда эмасми?

Биз биримиз бошқамизни айбдор топишга устамон бўлиб кетганмиз.Танқид қилинса дарров тескари тўнни кийиб, “тамом вассалом, мен оппоқ эдиму, ола деб қўйишди”, дея ёш болага ўхшаб араз- дарозга тушамиз.Илло, айтмаймизки:” бу гапларда жон борга ўхшайди.Нима қилсакки ўзбекнинг ҳам пешонасининг шўри қуриса?”

Аксинча, шўри қуриш ўрнига “кундан кунга кун баттар”, деганларидек ҳолга тушиб бормоқдамизку.

Ҳозир бехавф жойларга чиқиб олганларнинг кўпчилиги сукут сақлаш “сиёсати”га ўтиб олишган.Ўшандайлардан биридан:”нега жимсиз?” деб сўрасам.”Минг бақир- чақир қилган билан бефойда, Ўзбекистонда ёруғ кунлар келгунча биз ердан кўкариб чиқамиз.У ёқдаги яқинларимизга жабр қилганимиз қолади”, дейди.Бу шунчаки оддий кишининг гапи эмас, бола чақаси-ю, амма холасигача четга чиқариб олган ўзича мухолифат “алломаси”нинг гапи.Ҳозир бир мисол келтирдим.Мавзу мақсади ундайларни фош этиш эмас.Лекин кези келганда :” ўзингизда ишонч бўлмасада , аммо эзгулик сари умид билан бораётганларга бу каби тушкун ақидангизни сингдиришга уринманг эди”, дегингиз келади.

Ўзбекистондаги бугунги жамият таназзулидан чиқиш йўллари йўқми? Бор.Фақат у йўлни энг аввало йўлбошчининг ўзи кўра билиш керак.Ўзи боши айланган қўй каби айрим даҳолар ортларидан одамларни эргаштиришга уринадилару аслида қаёққа бориб, қаёқдан чиқишни билмайдилар.

Ҳамма мамлакатларда бўлгани каби Ўзбекистон пойтахти Тошкентда анчайин имкониятлар бор.Жамиятда демократик ўзгаришлар ясаш йўлида курашамиз, инсонлар ҳақларини ҳимоя қиламиз, дея мавжуд икмониятларни ўз жиғилдони ўпқонига ташлаб, грантларни лиқиллатиб ютиб юрганлар оз эмас.Ош бўлсин, деймиз биримиз.Эплабди, қандини урсин, деймиз бошқамиз.Натижада аҳвол ўзингиз билгандай.Кел, менга нима, дея диктатурага мадад бераётганимизни тан олгимиз келмайди.Лекин еган луқмани оқлаб ҳам қўйиш керакмасми?

Айтмоқчиманки бугунги айрим “мухолифатчи” ва “ҳуқуқбонлар” расмий ҳукуматдагилардан кўра хавфлироқ бир кучга айланиб боришмоқда.Четдан моддий “озиқланадиган” айрим ОАВлар эса уларнинг тегирмонига сув қуйишаётганга ўхшайди.

Масалан: четдаги ОАВларида “Ўзбекистонда нефть маҳсулотларига эҳтиёж ортиб бормоқда”, деган гўё ташвишли хабарлар билан танишиб қолдим.Ёқилғи танқислиги асосий сабабларидан бири Ўзбекистонда автоулов, техникаларнинг ҳаддан зиёд кўпайиб кетагнида эмиш.Демакки, бу билан нима дейилмоқчи?Ўзбеклар бойиб кетишди.Автомобилларга бензин етказиб бўлмай қолдими?

Ёки бўлмаса ўзича гўё бутун ер юзи сиёсатини юргазиб турган “бир аллома” худонинг берган куни “Ўзбекистоннинг у ё бу бурчида мухолифат йиғини ёки бўлмаса мухолифат намоёндасининг унча мунча расмий бойнинг кучи етмайдиган тўй қилгани” хабарини тарқатади, ортидан яна “ҳукумат у, ҳукумат бу” , дея гўё ғингшиб ҳам қўяди.Мухолифатчилар ҳеч тўсиқсиз йиғин ўтказса, мухолифатчи мамлакатнинг энг таниқли юлдуз санъаткорини тўйга чақира олса ва ҳеч қандай таъқиб бўлмаса, ҳа унда Ўзбекистонда демократия эканда, а?Шуларни айтсангиз бизни кўролмаяпти деб ҳам қўйишади.Сизда ўзи нима бор кўролмайдиган? Шарм ҳаё, уят бўлса экан сизларда озгина, балки “кўролмайди” деган гапни ишлатмасдингиз.

Гапириб- гапириб ортидан: “ҳа, майли худо инсоф берсин ишқилиб”, деб қўямиз.Лекин сира инсофи бўлмаган кимсага эллик ва ундан ҳам кўп олтмиш, етмиш ёшларга қараб кетаётганда инсоф бермадими демак энди мўъжиза рўй бериши мушкулдиров.

Демак, инсофи асли бўлмаганлар ўзбек жамияти инқирозидан олиб чиқиш йўлини кўрсатади деб умид қилиш, осмондан чалпак ёғишини кутгандай гап.Шунинг учун ҳам олди қочди гаплардан қочиб, аниқ бир мақсадли кишилар бирлашмоғи керак.Кўпчиликдан бир фикр чиқади.Аммо афсуски аввалдан кўп эшитганимиз уч кишининг боши бир жойга қовушди дегунча бир ташкилот, бир фирқа тузилиши янгилик бўлмай қолди.Балки уларнинг кўпайгани яхшидир, лекин мақсад ягона бўлса ундан ҳам яхши.

Шу нуқтаи назардан келиб чиқиб, “Ердан кўкариб чиқишнинг олдини олиш Иттифоқи” деб номланган бир ҳаракат тузиш зарурати бор деб ўйлайман.У шундай иттифоқ бўлиши керакки жамиятида туб ўзгаришлар ясаш ишига чин кўнгилдан ўзини сафарбар билган ташкилотми ё фирқами ёҳуд кишилар бирлашуви бўлиши керак. Буни исботлаш учун эса чин кўнглидан ишонган киши бу ташкилотга бир қоп взнос тўлаши керак. Бугун АҚШ ва Авропада ҳукумат ёрдамига аранг яшаб юрганлар озми? Ана шу ёрдамнинг ярмини бу Иттифоққа ташласа, кўкариб чиқишнинг олдини олади. Бошқача айтганда бу Иттифоқ кўкармаслар иттифоқи бўлади.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: