Ўзгармаган мавзулар

Ўткир Ҳошимов интернетга қарши

САВОЛ: Сиз Интернетни тарғиб қилиб ёзган эдингиз, лекин Ўткир Ҳошимов “Халқ сўзи” газетасининг 21 Август кунги сонида аксини ёзган.  http://www.CentrAsia.Ru/ Бунга нима дейсиз? (Алишер, 6 Сентябр).

ЖАВОБ: Бу мақолани ўқиб ўзбек зиёлисининг онги, зеҳнияти аввал қандай бўлса, бугун ҳам шундайлигича қолганига афсусландим.

Биринчи марта картошкани кўришганда “Бу кофирнинг калласи” дейишган ва истеъмол қилишмаган.

Помидорни кўришганда “Бу кофирнинг юраги” дейишган ва ҳатто уни етиштирган одамларни тошбўрон қилишган.

Аэропланни кўрганда “Дунёнинг охири келди” деб уйдан ташқарига чиқишмаган.

Машина ихтиро қилинганда уни “Шайтоннинг араваси” дейишган бўлишса, радио пайдо бўлганида уни “Шайтоннинг овози” дейишган.

Аёллар паранжисиз юра бошлаганларида уларни тошбўронгина қилишган эмас, ўтга ҳам отишган.

Аёллар ишга чиққанда ўша корхоналарни ёқиб юборишган.

Телевизор чиққанида уни “Иблислар қамаб қўйилган уй” дейишган ва ҳоказо ва ҳоказо.

Лекин бугун буларни эшитган ўзбекнинг ўзи кулади.

Энди келиб-келиб унинг таниқли ёзувчиси Интернет ўзбекнинг миллийлигига мос эмаслигини ёзибди. Нима эмиш, Интернетда ўз-ўзини ўлдиришнинг бир қанча йўллари ёзиб қўйилган эмиш.

Худди ҳали Интернет йўқлигида зулмдан эзилган ўзбек аёллари ўзларини ёқиб юбормагандек…

Худди таъқибнинг остида қолган ўзбек болалари ўзларини ертўлага, ҳожатхонага, дарахтларга осиб ўлдирмагандек…

Худди саройларда одамлар бир-бирини заҳарламагандек…

Худди Абдулатифлар ўз отасини ўлдирмагандек…

Худди очлик баҳонасида оналар ўз болаларини бўғиб ўлдирмаганидек…

Худди Бухорода одамларни сўйиб, аъзоларини сотмаганларидек… ўлим воқеаси ўзбек учун янги эмиш ва Интернетда бу ҳақда ўқиган ўзбек боласи ўзини ўлдириб қўяр эмиш. Бунга ҳожат йўқ, ўзбек боласини Ўткир Ҳошимов ҳам раҳбарларидан бири бўлган мамлакатнинг миршаблари шундай ҳам уриб-уриб ўлдириб қўйишмоқда.

Ўткир Ҳошимовнинг мақоласи катта бир ўрмоннинг ўртасида яшаб, бир кун эрталаб уйғониб “Ҳаммаёқни қуриган шохлар, жангаллар босиб кетибди” деб ёқиб юборишдек гап. Ҳўлу қуруқ билан бирга ўзини ҳам ёқиб юбориш дегани бу.
Лекин мақола нима учун ёзилгани аниқ. Ҳар ҳолда у киши раҳбар бўлган қўмитага Интернет ҳақида қонун ёки қарор тайёрлаш топширилган ва Ўткир Ҳошимов қўйиладиган таъқиқларни қадриятларимизга зид эканлиги борасида пропаганда бошлатган кўринадилар.

1990 йилда бир сессияда ўзбек телевидениесининг ўзбекча программаларини кўпайтириш мақсадида Рус телевидениеси кўрсатувлари кўплиги ва ўзбек дастурлари озлиги ҳақида гапиргандим. Ўшанда русча ва ўзбекча дастурлар кўлами 3/1 (учга бир)эди. Мен бу нарса тескариси бўлишини айтгандим.

Фикримни кўпчилик қўллади. Ҳатто Каримов “Жоҳонгир тўғри айтди”деб луқма ҳам ташлади.

Кейин танаффусда мени ёнига чақириб, “Бопладингиз, жуда тўғри фикр, дарҳол бир қарор тайёрланг, қизиғида ўтказиб олайлик, новости-повостиларни ҳам жиловлаб қўйишимиз керак” деди.

Ўйланиб қолдим. Чунки ўша пайтда Останкино ТВсининг хабарлар (“новости-повости”) дастурлари Каримовни деярли ҳар куни танқид қиларди. Мен шу куни кейинги сўзга чиққанимда баъзилар мени нотўғри тушунгани, мақсадим Москва дастурларини ёпиб ташлаш эмас, ўзбек дастурларини кўпайтириш бўлганини айтдим. Табиийки, бу Каримовга ёқмади.

Лекин Ўткир Ҳошимов Каримовга ёқмайдиган иш қилишга журъат этадиган одам эмаслигини исботлаб бўлган депутатлардан бири. Шу боис ҳам унинг бу мақоласидаги гаплар бўлажак сессияларда қарорга ёки қонунга айланса ажаб эмас?!

Аммо бу ўзининг уят жойи очилиб қолишига қарамай, этакни кўтариб, ойни бекитмоқчи бўлгандек гап. Бир кун келиб авлодимиз яна бир янгиликка қарши чиқса, бошқа бири менга ўхшаб биз ўзбеклар Интернетга ҳам қарши чиққан эканмиз, бу қандай зеҳният ўзи, деб таажжубга тушишидан афсусдаман.

Мақолада жуда кўп баҳсталаб гаплар бор, лекин савол фақат Интернет масаласида бўлгани учун мен ҳам бошқа жиҳатларига тўхталмадим.

-47-

САВОЛ: Сиз кеча Ўткир Ҳошимовнинг мақоласи ҳақидаги саволга жавоб ёзганда унинг Интернетга қарши чиққанини танқид қилгансиз, наҳотки Интернетнинг ҳеч қандай зарари йўқ ва у ҳам танқид қилинмайдиган зона бўлса?(Муҳсин, 7 Сентябр).

ЖАВОБ: Бу дунёда танқид қилинмайдиган нарса, зона ва одам бўлмаслиги керак. Аммо танқид кимнингдир қабиҳ манфаати учун қуролга ҳам айланмаслиги шарт.

Интернетда танқид қилинадиган нуқталар ошиб-тошиб ётибди. Лекин гап шундаки, қандайдир ёмон саҳифалар бор, дея бутун Интернетдан, қандайдир салбий анъаналар мавжуд, дея бутун Ғарбдан, қандайдир ёмон таъсири бўлиши мумкин, дея бутун танқиддан юз ўгирмаслик лозим.

1986-1989 йилларда “Совет Ўзбекистони”, “Қишлоқ ҳақиқати” газеталари ва “Муштум” журналида юзлаб фелъетонларим босилган. Улардан бирида шундай воқеа ҳақида сўз боради. Бир қизнинг отаси уни у истамаган йигитга узатмоқчи бўлади. Қиз ошхонада турган керосинни бошидан қуйиб, ўзини ёқиб юборади. Отаси “Нима учун керосинни очиқ жойда қўйдинг!’ дея хотинини уриб ўлдириб қўяди. Хўш, гап керосинда-ми, унинг қаерда турганида-ми ёки масаланинг илдизи бошқа-ми?

Ўткир Ҳошимов ҳам муаммони “керосин”га боғлаган. Унга кўра Интернетда ўлимни тарғиб қиладиган саҳифалар борлиги учун эртага болалар уни ўқиб, ўзини ўлдириши мумкин, экан. Гап болани Интернетдан маҳрум қилиш ҳақида бормаслиги, балки уни ота-онаси шундай саҳифалардан эҳтиёт қилиши ҳақида бўлганда, ҳеч нарса демаган бўлардим.

Машина босиб кетиши мумкин, дея болани кўчага чиқармаслик керак-ми ёки уни бундай фалокатдан огоҳлантириш керак-ми?

Сувга чўкиб ўлиши мумкин, дея болани чўмилишга қўймаслик керак-ми ёки уни сузишга ўргатиш керак-ми?

Мана гап қаерда?!

2004.

Жаҳонгир Маматов,

“Оқсарой сирлари” китобидан

jahonnoma.com

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: