Сатира: Нофизийдан нома (49)

ЖИННИ

Кеча дилбезорни қўйсам, яна ўзлари гапирвоттила. Ҳов, Ислом ота, бу сизга ООНни минбарими, тушинг бу ёққа, десам бўларди, лекин Жамшид Каримовнинг палатасида биттта жой бўшаганини эшитиб, қўрққанимдан мум тишладим.

Ҳада, уйингда ҳам гапиришга қўрқасан. Ҳозир очиқ гапирганлар қолиб, ўраб ёки хаспўшлаб ёки жуда ҳушёрлик билан гапирадиганларни ҳам михлайдиган замон бўлди. Ошнам Малик Мансур шулардан биттаси. Ўттиз икки марта ўлчаб, кейин кесишга уринарди. Ўшанда ҳам қайчиси кесмай қоларди. Ўзаро ҳангомаларимизда унга Маугли деб ном қўйгандик. Ўрмон ичида қолган, ташқарида ўлиб-битгандан хабарсиз, деб шунақа ном бергандик. Ўзи ҳам биларди. Кулиб қўярди, шоввоз. Шунгаки навбат келибдими, демак, мен уйда туриб ҳам гапирсам тилимни танглайимдан тортиб, ҳиқилдоғимга ўраб, ўзимни ҳақиқий Мауглига айлантириб қўйишади.

Агар гапирсам ҳам ёмон гапираман лекин. Масалан, шу дилбезордан кўриб турганим Ислом отада “Жиянигиз Жамшид беш йилдан бери жиннихонада, чиқармаяпсиз, диагнози жуда серёзними?” деб сўраган бўлардим. У тап тортмай, “Серёзний бўлмаса ётармиди?» деган бўларди. Мен эса олимларнинг жиннилик бу ирсият касали деган хулосасини унинг юзига… э, Худо сақласин, унинг столига отиб юборган бўлардим ва׃

-Жамшид Каримовнинг ёнида бўшаган жой сизга тааллуқли экан,-дердим.

Агар Ислом ота соғ бўлса, Жамшид ҳам соғ. Агар Жамшид жинни бўлса, Ислом ота ҳам жинни. Бу ирсият масаласи. Бу исботланган масала! Лекин бизда исботланган масалалар эмас, исботланмаган гаплар амал қилади.

Жаҳлимни чиқарган нарса Ислом отанинг ҚҚга сафари чоғида айтган гапи бўлди. “Орол тақдири-бу миллионларнинг тақдири, демак тақдиримиз учун курашишимиз керак”, деди у. Бу гапни эртага президент бўладиган одам айтса, тушунарли. Лекин 20 йилдан бери тахтни қучоқлаб, Орол жамғармасига тушган доллардан семириб ўтирган одам айтса, бу ғирт жинними, деб ўйлаб қоласиз. “Жинни” демадим. У ҳолда бечора Жамшид Каримовга яна жабр бўлади. Ирсиятида бор экан, деб умуман қўйиб юборишмайди. Шунинг учун ҳам “жиними” деган сўзни ишлатдим.

Нима бало, ё мен жинними? Оролни шу аҳволга туширган менми? Рашидовнинг даврида Госпланнинг тепасида ўтириб, Орол сувини қуритган, кейин Ўзбекистон тахтини босиб олиб, Оролнинг кулини ва пулини совурган менми?

Лекин рост гапни айтайинми, ўзим ҳам жинни орол бўлиб қолдим. Дунёдан ажралиб, дўстларимдан ажралиб орол бўлиб қолдим. Уйнинг бир четидаги орол. Қаршимда битта эски дилбезор. Орада қумлиқ. Бир ҳовучини олиб дилбезорга  сепиб юборай десам, у сабилмонданинг кўзи ҳам йўқ, шамол айлантириб ўзимнинг кўзимга уради.

Уйда шамол нима қилсин, деяпсизми? Қурилишини 15 йил олдин бошлаб, томини 14 йилда аранг ёпиб олсам ва энди эшик-дераза тополмой юрган бўлсам, уйда шамол айланмай, мен айланайинми?

Оролдан эсган шамол қум-пуми билан бизнинг уйга ҳам кириб келган. Шунинг учун ҚҚга боришнинг нима кераги бор? Шундай Хастимомни айланиб, бизникига келса, ҳам кўрадиганини кўрарди, ҳам оладиганини оларди. Аммо қум уйда қумғон қайнамас, қумғон қайнаса ҳам қозон қайнамас! Қозон қайнамадими, ундай уйдан пошшо ҳам юз ўгиради! Чунки қулоқ кардир азонга, қорин қарар қозонга!

Нофизий,

Тошкент.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: