“Ўзбеклар балогардон қилинмоқда”

Хелсинки Комиссиясида тинглов

Қўшма Штатларнинг Хельсинки Комиссияси номи билан билинган Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Комиссиясида чиқиш қилган жаноб Блейк Қирғизистоннинг янги ҳукуматини тўғридан-тўғри танқид қилмаган, аммо яқинда Ўш ва Бишкекка қилган сафари ҳақида гапира туриб, этник ўзбекларнинг норозиликларига сабаб бўлган бир неча ҳолатларга эътибор қаратган.

Жаноб Блейк хусусан, қирғиз ҳукуматининг вайрон қилинган ўзбек маҳаллаларидаги аҳолини уйларидан маҳрум қилиш нияти қўрқув ва хавотирларга сабаб бўлаётганини таъкидлаган.

“Қирғиз ҳукумати шаҳарни қайта қуриш ҳаракатлари доирасида вайрон этилган ўзбек маҳаллаларидаги аҳолини уйларидан маҳрум қилиш, этник маҳаллалар кўринишидаги анъанавий уйларни аралаш жамоалар учун замонавий кўп қаватли биноларга алмаштиришни режалаётгани ҳақидаги хабарлар ҳуқуқлардан маҳрум бўлиш ва зўравонликларнинг янгидан бошланиб кетиши билан боғлиқ қўрқувларни кучайтирмоқда”, деб айтган АҚШ мулозими.

Унинг айтишича, Қирғизистонда демократияни ўрнатишда кўмак бериш Қўшма Штатларнинг устивор вазифаларидан бўлиб қолмоқда.

Мен Ўш ҳокими миллатчилик қилаётгани ҳақидаги шикоятларни эшитдим ва ҳукуматни зудлик билан чора кўришга чақирдим

Шу йил октябрида ўтадиган парламент сайловларини молиялаш Американинг Қирғизистонга берадиган ёрдамининг бир қисмидир.

АҚШ Давлат Департаментига кўра, Қўшма Штатлар ҳозирга қадар 48.6 миллион долларга тенг инсонпарварлик ёрдами кўрсатган, бундан ташқари 2001 йилгача икки томонлама ёрдам келишуви доирасида Қирғизистонга қарийб 100 миллион доллар беради.

Қўрқув

Роберт Блейкка кўра, Қирғизистон жанубидаги ўзбеклар орасида қўрқув ва кескинлик сақланиб қолмоқда, ўзбекларга қарашли бизнеслар ёпиқлигича қолаётир ва ўзбеклар ишларига қайтишга қўрқишмоқда.

Жаноб Блейк Ўшда бўлган пайт ҳуқуқ фаоллари, ўзбек жамоаси раҳбарларининг ҳибсга олингани, қийноқлар билан боғлиқ хавотирли маълумотларни олганини билдирган.

У шунингдек, Ўш шаҳар ҳокими бир ёқлама ҳаракат қилаётгани ва миллатчилик мазмунидаги кун тартибини илгари сураётгани борасидаги шикоятларни эшитганини айтган.

“Мен бу хавотирларни ҳукумат расмийларига етказдим ва уларни зудлик билан чора кўришга чақирдим”, деган жаноб Блейк.

Қочқинлар

Ўзбекистонга қочиб ўтган 100 мингдан кўпроқ қочқинларнинг тезда ватанларига қайтишлари атрофидаги вазиятга эътибор қаратган АҚШ мулозими қочқинларнинг уйларига қайтишга мажбурлангани ҳақида хабарлар йўқлигини айтган.

“Аммо руҳий босим, молиявий рағбатлантириш, фуқароликдан маҳрум бўлиш ҳақидаги таҳдидлар, шунингдек, 27 июндаги референдумда қатнашиш чақириқлари ва Қирғизистонда қолган яқинларидан хавотирлар уларни тезда қайтишга ундаган бўлиши мумкин”, деб айтган Давлат департаменти расмийси.

Аввалроқ жаноб Блейк Ўзбекистондаги қочқинлар жамлоғида бўлиб, вазиятни яқиндан кузатган ва қочқинларнинг ватанларига қайтишлари ихтиёрий бўлиши кераклигини таъкидлаган эди.

Халқаро текширув

Хельсинки Комиссиясидаги чиқишида жаноб Блейк Қўшма Штатлар ҳозирда Қирғизистондаги инсоний инқирозни ечишга асосий эътиборни қаратаётгани, аммо шу билан бирга хавфсизлик ва ҳодисалар юзасидан халқаро текширув устивор масалалар рўйхатида эканини айтган.

У миллатлараро ярашувни таъминлаш учун қирғиз ҳуқуқ-тартибот идоралари ва адлия тизими фуқароларнинг ишончига эга бўлиши кераклигини таъкидлаган.

Жаноб Блейкка кўра, қирғиз хавфсизлик кучлари барча жамоаларга бирдек муомала қилиши ва ўз вазифасини профессонал бир тарзда бажаришини таъминлаш зарур.

Америка мулозимининг айтишича, Қўшма Штатлар назарида яна бир муҳим жиҳат, бу – халқаро терговдир.

“Ярашув учун жуда ҳам муҳим бўлган қадам, бу – июн воқеаалари ортида турган сабабларни ўрганиш учун жиддий тергов ўтказишдан иборат. Бу янги зўравонликларнинг олдини олиш ва жавобгарларни жазолаш учун муҳим”, деган Роберт Блейк.

У Қўшма Штатлар Қирғизистон жанубида ОХҲТнинг халқаро полиция кучлари тезроқ жойлаштирилишига умид қилаётганини билдирган.

‘Ўзбеклар балогардон қилинмоқда’

Хельсинки Комиссиясида Қирғизистонга бағишланган тингловда қирғиз ҳукумати шаънига анча кескинроқ айбловлар ҳам янграган.

Жумладан, АҚШлик Авросиё бўйича таниқли эксперт Марта Брилл Олкотт расмий Бишкекни аксил-ўзбек кайфиятларини рағбатлантиришда айблаган.

“Этник зўравонликлардан сўнг Қирғизистон жанубидаги маҳаллий гуруҳлар ва маҳаллий ҳокимият зўравонликлар учун ўзбекларни балогардон қилди. Раҳбарият эса… сукут сақлаш билан амалда буни маъқуллади”, – деб айтган Олкотт хоним.

Вашингтондаги тингловда Қирғизистоннинг АҚШдаги элчиси вазифасини бажарувчи Арслон Анорбоев ҳам қатнашган, аммо у этник зўравонликларни умуман тилга олмаган..(BBC).

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: