Ярми чин, ярми химчин!

КЕСАКНИНГ ТАЪСИРИ
Одам тирикчилик учун нималарни ўйлаб топмайди, дейсиз? Бир-бирини алдайди, лақиллатади, авраб пулини олади, сув қуяди, пахта қўяди, хуллас, бўш ўтирмайди. Бу соҳада омади юришмаганлари “Ҳа, энди ҳаёт шу экан-да”,-дея тақдирга тан бериб, мулла минган эшакдай юввош тортиб, бир ишнинг бошини тутиб кетаверади. Омади юришганлари ё машҳур олим, ёки экстрасенс бўлади. Мана, Ньютон қўшнисининг олма дарахти тагида бекорчиликдан нима қилишни билмай ётганида бошига олма тушиб кетиб, бутун олам тортишиш қонунини яратган. Қўшниси буни билиб қолиб, “Сенга ҳам эмас, менга ҳам эмас”,-дея олма дарахтини кесиб ташлаган.

Менделеев ўз жадвалини яратганида ароқнинг формуласини шунчаки қайд қилган. Лекин бутун дунё алкашлари у дунё-ю бу дунё ундан миннатдор бўлишларини тасаввур қилолмаган.

Пьер Франсуа Паскаль Герлен бундан бир ярим асрча муқаддам атирни кашф қилиб, Наполен III уйланаётган куни унинг қайлиғи Евгенияга совға қилмаганида буюк фотиҳ хотинининг сассиғига чидолмасдан уни ташлаб кетган, Бальзак эса Герлен атирларидан баҳра ололмаган ва оламшумул асарлар яратмаган бўларди.

Бу соҳада кашфиёт қилиб машҳур бўлолмаган уддабуронлар Вольф Мессинг, Дэвид Блэйнга ўхшаб буюк жодугар-кўзбойлоғич, ундан кейин рўйхатда турдиганлари Кашпировскийга, Ширинбек Бойбековга ўхшаб экстрасенс бўлади. Уларнинг орасида яна бир тоифа миллионлар армияси ҳам борки, Остап Бендерга ўхшаб ўнғай келган томонга кеманинг елканини буриб кетаверади. Париждаги Эйфель минорасини содда бир миллионерга шулар сотган. Нью-Йоркдаги Озодлик ҳайкалини пуллаган ҳам шулар. Улар керак бўлса, ғиштни гулқоғозга ўраб сотишади.

Оладиган харидорни аврай олишса бас, кесакни Макканинг тупроғи, сувни Мадинанинг оби-замзами дея нархини келиштириб уриб юборишади. Ҳар гал ҳожилар Мино тоғига бориб шайтонга еттитадан тош отишаётганида, хаёлимга шайтон қаерга беркиниб турган экан, деган савол келади.

Ерда сотиладиган жой қолмаганидан ҳозир миллионлар армияси қўли-қўлига тегмай, пул топиб, ақл топмаган қоқбош миллионерларга Ойни сариёғдай тақсимлаб сотишаяпти.

-Ҳов ока, миллионер бўлсангиз ўзингизга, сизга энг яхши жойни бераяпмиз-у, яна ноз қиласиз. Олмайдиган бўлсангиз, ана, харидор мингта, ҳозир очиритдан чиқариб юбораман,-дейди улардан биттаси инжиқ миллионерга.

-Охир замон бўлиб қолса, энангизни Америкадан ҳам тополмайсиз, миллионларингиз ҳам сабил қолади, берганини олаверсангизчи!-дейди иккинчиси.

-Э қўй шу турқи совуқни, ойга чиқиб ҳам ҳамманинг бошини гаранг қилади, яхшиси шу жойни аммамнинг эрига олиб бераман, у миллионер бўлса ҳам икки ойдан буён очиритга ёзилолмай юрипти,-дейди учинчиси. Буни эшитган миллионер бечора ерини ҳалиги товламачининг аммасининг эри тортиб олиб олишидан қўрқиб отнинг калласидай пулни тўлаб Ойдан иморат қуриш учун жой сотиб олади.

Парижга бориб тирикчилик қилаётган ўзимизнинг икки ишбилармон пули йўқлигидан очликдан тиришиб, шипга қараб ётиб бундан ҳам аломатроқ найрангни ўйлаб топишибди.

Улар ҳадемай охир замон бўлишини, бошқа сайёрада яшаш учун жой тайёрланаётганлигини, ким ўша сайёрага боришни хоҳласа, бунинг учун атиги 1,5 франк пул тўлаб, суратини, соч толаси ва уруғини “Нуҳ кемаси” деган фирмага юбориши кераклиги ҳақида газетага эълон берипти.

Ҳамма ҳам охир замон бўлса, бошқа бехавотирроқ сайёрага ўтиб яшашни истайди-да! Бундан ташқари улар учун 1,5 франк пистага пул тўлашдай гап. Писмири пулга ўзга сайёрага кўчиб ўтишга рози бўлган содда фаранглар товламачилар номига пул билан буюртмани жўнатишни бошлашибди. Қисқа вақт ичида икки ишбилармоннинг бошига осмондан ёққан чалпакдай пул ёға бошлабди. Сабил уруғ кўпайиб кетганидан кейин улар иккинчи бир фирма очишга мажбур бўлишиб, фарзанд кўришни истаган аёлларга ҳозир почта орқали одам уруғининг ҳар қутисини 150 франкдан пуллашаётган экан.

Яқинда ҳамкасблардан бирини учратиб қолдим. Башанг кийинган, бармоғида бриллиант узук, бўйнида бошмалдоқ йўғонлигида тилло занжир, мени қўярда-қўймай бир пиёла чойга таклиф қилди.

-Ишларинг юришиб кетганидан хурсандман, хусусий газета очганмисан дейман-да!-дедим ҳавас билан унга қараб,

-Қаёқда, газетачиликни йиғиштириб қўйганимга анча бўлди, фирма очганман… Ҳайдаркўлда.

-Ҳайдаркўлда? Балиқчилик билан шуғулланаяпсанми?

-Унданам зўрроқ. Қурбақафурушлик қилаяпман.-Ҳамкасбнинг ҳазилидан мириқиб кулдим.

-Ишонмаяпсанми? Мана кўр,-дея у карисча, инглизча ёзилган қоғозларни олдимга ёйиб ташлади.-Ҳозир Корея билан Хитойга қуритиб дудланган қурбақадан 40 мингта жўнатишим керак. Фирмада юз кишини ишлатаяпман, шунда ҳам улгурмаяпмиз.

Ҳамкасбнинг гапларига оғзим очилиб қолди.

-Францияга қурбақа икрасини, Камерунга қовурилган чигиртка консервасини, Австралияга тошбақа гўштини, Италияга тошбақа косасини жўнатишга буюртма олганман, хоҳласанг шерикликка қўшил, катта даромад қолади…

Қурбақа икрасини, чигиртка қовурмаси-ю тошбақа гўштини тайёрлашга шериклик қилишнинг иложини тополмадим. Чунки Москвадан қайтган экстрасенс танишим Ширинбек Бойбеков бир-иккита даволаш сеансида қатнашиб, ўзининг иқтидорига баҳо беришимни сўраган эди. Тайинланган жойга сеансдан сал эртароқ бориб қолипман.

Қарасам, Ширинбекни 20 чоғли одам ўраб олган, у нималарнидир куйиб-пишиб тушунтираяпти. Хонанинг бир бурчагида уч яшик аэрозол турипти. Ширинбек қиёфамдаги савол аломатини сезиб, менга тушунтирди.

-Булар менинг одамларим, сеанс пайтида одамларни транс ҳолатига туширишга ёрдам қилишади. Бу энг синалган усул. Тўртта одам залнинг тўрт томонидан мана бу темир банкачалардаги дорини пуркаб, муолажа таъсирини оширади…

Сеансга шифо излаб келган беморлар учун муолажа таъсирини ошириш усулини кўриш менга насиб қилмади. Ишхонадан қўнғироқ қилишиб, зудлик билан муҳаррир чақираётганлиги айтишди.

-Пекинга борасиз,-деди муҳаррир қисқа қилиб.-У ерда Жаҳон озодалик ташкилотининг обхоналардан фойдаланувчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича тўртинчи халқаро анжумани бўлар экан. Ўшандан материал тайёрлаб жўнатасиз.

-Қанақа материал тайёрлаш керак?-ажабландим обхона ҳақида нима ёзишга ақлим етмай.

-Қанақа бўларди,-меровланди муҳаррир нима дейишни билмай.-Бор дегандан кейин боравермайсизми, ана, ўзимизда жамоат туалетларига киришни юз сўмдан қилиб қўйишибди, ичига кирсанг, сассиғидан кўнглинг айнийди. Балки уларнинг туалетлари яхшироқдир…

Пулини олгандан кейин атир сепиб қўй-да, хумпар, дейдиган одам топилмайди. Ҳеч бўлмаса, туалетига ўтириб келасизку! Анжуман уч кун давом этар экан, дунёдан 400 дан зиёд обхона ҳимоячилари қатнашади, шулардан бирор нарсани ўрганасиз-да! Масалан…, дейлик, уларда обхоналар қандай, пуллими, текинми, ўтиришганида нималардан фойдаланишади ва ҳоказо. Ҳа айтганча,-муҳаррир ёнимга келиб, овозини пасайтирди.-Сўраб кўринг-чи, улар ҳам кесак ишлатишармикан…

-Бу нимага керак?

-Ҳалиям соддалигингиз қолмади-да!-муҳаррир танбеҳ берди.-Агар улар кесак ишлатишни билишмаса, “Кесакдан фойдаланиш ва унинг инсон саломатлигига таъсири” мавзуида чиқиш қилсангиз, биратўла грантга тавсия қилишлари ҳам ҳеч гап эмас-да!

Узоқ ўйлаб ўтирмай, муҳаррирнинг гапи бўйича халқаро анжуманга кесакдан қандай фойдаланиш тўғрисида лойиҳа тайёрладим. Палакат босиб, грант-прант бериб қолишар балки. Бу ёғи энди пешонага боғлиқ. Балки шундан бой бўлиб кетарман…

ЖЎЛМОН.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: