Ярми чин, ярми химчин!

ЯША!
Тирикчилик жуда жонидан ўтиб кетган Афанди бир куни Амир Олимхон лашкарбошисининг ҳузурига бориб:

-Тақсир, бирор жойда уруш бўлаётган бўлса, мени ўша ёққа юборсангиз,-дея илтимос қилипти.

-Ие, ҳамма урушга бормай яшириниб юрса-ю, сен нодон ўз ихтиёринг билан ажалга рўпара бўлмоқчимисан?-сўрапти лашкарбоши.

-Э, ўзимни эмас болаларни ўйлаяпман-да!-депти Афанди.

-Болаларнинг урушга нима дахли бор?

-Болаларим: “Отам очликдан тиришиб ўлипти”,-деган иснодга қолганидан кўра: “Отам урушда ҳалок бўлипти”,-дейишгани яхши-да,-дермиш Афанди…

Майитни қабрга қўйишаётганларида унинг қариндошларидан бири белбоғига тупроқ олиб жамоага бир сиқимдан тарқатади, иккинчиси йиғиб чиқади. Шу аснода ҳар бир одам билган дуосини ўқиб тупроққа уч марта дам уриб белбоққа солади. кейин уни майит қўйилган лаҳадга тўкишади. Шундай маросим пайтида бир сиқим тупроқни чангаллаб турган шеригимдан қандай дуо ўқишни ўргатишни сўрадим. У ҳам билмас экан шекилли: “Тупроқдан келгайсан, тупроққа кетгайсан”,-десанг бўлди, дуо ўрнига ўтади, деб қўяқолди. Одамзод тупроқдан келмаганку! Ундай бўлса, “Балчиқдан келгайсан, тупроққа кетгайсан”,- ёки бўлмаса, “Тўймаган кўзингни бир сиқим тупроқ тўлдирсин”,-деган яхши эмасми, деб ўйладим мен.

Одамзот узоқ умр кўриш, яхши яшаш учун нималарни синаб кўрмаган дейсиз? Ремарк мангу ҳаёт бодасини топиш учун бадавлат одамларнинг маблағи эвазига тузилган экспедицияга бош бўлиб икки марта тибетлик шаманлар ҳузурига бориб қайтган. Учинчи маротаба шу кетганича Ҳиндистоннинг хушманзара жойидан ҳашаматли вилла сотиб олиб, мангу барҳаёт бўлиб қолишни истаган лақма бойваччаларнинг устидан кулиб ўтган.

120 ёшли кавказликдан “Узоқ умр кўриш сири нимада?”-деб сўрашганида у: “Мен бир умр ичмадим, чекмадим, хотинни кўпайтирмадим, шунинг эвазига асабийлашмадим. Доимо сут-қатиқ ичаман, гўшт емайман”,-деб жавоб берипти. Шу пайт қўшни ҳовлида бақир-чақир, тўс-тўполон бўлиб қопти. “Нима гап?”-деб сўрашса, узоқ умр соҳиби: “Э-э, сўраманг, у ҳовлида 137 га кирган акам туради, ҳар куни ичади, чекади, ҳар хил хотинларни олиб келади қариб қуйилмаган бу сассиқ така!”-дермиш.

Ҳаётда одамнинг умрини узайтиришдан кўра камайтирадиган омиллар кўпроқ. Американинг Висконсин-Мэдисон университети олимларининг олиб борган тадқиқотларига кўра семириб кетиш одам умрини 5 йилга, ичиш-чекиш 10 йилга қисқартирар экан. Яхши хотин умрни 5 йилга, асабийлашмаслик ва 7-8 соатлик уйқу яна 10 йилга узайтирар экан. Агар юқорида келтирилган умрни қисқартирувчи омилларга яраша, хотин яхши бўлса ва тўйиб ухлаш учун имкон бўлса, бахтингизнинг чопгани шу. Мабодо буларнинг ҳаммаси сизга қарши ишласа, умрингиз биратўла 30 йилга қисқариб кетди, деяверинг.

Британиянинг “Дейли Миррор” газетаси кўпгина машҳур кишилар ҳаётини тест синовидан ўтказган. Бу ҳисоб бўйича 30 ёшли актёр Робби Уилямс ичиш-чекиш, гиёҳванд моддалар қабул қилиш билан ўз умрини 28 йилга қисқартирган. Лекин у қўлга ўргатилган бўри боласига муҳаббати кучли бўлгани учун яшаяпти. Ёки таниқли қўшиқчи Мадоннанинг умри мактабда тўлиқ ўқимаганлиги, эридан ажрашганлиги учун 13 йилга қисқарган. Лекин қайта турмушга чиққанлиги туфайли умри узайган.

Чилининг 89 ёшли собиқ диктатори Августо Пиночет касаллиги туфайли аллақачон бу дунё билан хайр-хўшлашиб кетиши керак эди, лекин ўша пайтда бир неча минг нафар бегуноҳ одамларнинг қонини тўкканлиги учун яшаяпти. Ёсир Арофат ёш хотини эвазига яна 21 йил яшаши керак эди, лекин душманлари билан қўл бериб кўришганида секин таъсир қиладиган оғудан заҳарланиб ҳаётдан кўз юмди. Ҳазрати Али ибодат қилаётган пайтда маҳв қилинган бўлса, Саддам Ҳусайн Бағдодда ибодат қилаётган пайтда қўлга олинган. Шунинг ҳисобига унинг умри чексиз қисқарди, лекин ўз қўшинлари билан бостириб кирган тўққизта давлат эплолмаган мамлакатни бир ўзи осойишта ва фаровонликда бошқарганлиги туфайли яшаяпти.

Туркиянинг Ғозиантеп шаҳрида умрни узайтиришнинг ўзига хос йўли топилди. “Одай” газетаси узоқ йиллардан буён шу газетани ўқиб келадиган энг ашаддий обуначиларининг 35 нафарига шаҳар қабристонидан жой олиш ҳуқуқини берадиган сертификат тақдим этди. Мангу қўнимгоҳга бепул эга бўлиб кўнгли тинчиган газетхонларнинг ўртача умри 30 йилданга узайди. Ҳозир у ерда ҳамма ўз умрини узайтириш учун газетага обуна бўлишга киришиб кетган эмиш.

Умрни узайтиришнинг шарқликларга хос энг ишончли воситаси барибир бошқа ҳеч жойда йўқ. Тўғри, эркак уйига қадам қўйиши билан хотини пул сўраб каллани гангитади, умри 5 йилга қисқаради, ҳар куни каллаи саҳардан тирикчилик учун чиқиб кетади, тўйиб ухлолмайди, 5 йил, топган-тутганини тўйга сарф қилиб яна пул топиш учун югуради, 10 йил, сўраб чекади, 5 йил, ўраб чекади, 5 йил, қуйиб беришса ичади, 5 йил. Иморат қуради, 5 йил, хотинни кўпайтиради, 5 йил, болам-чақам деб югуради, яна 5 йил. Қарабсизки, 50 йил қулоғини ушлаб ке-е-тди! 50 ёшга кирган одамни ҳали туғилмаган, деса ҳам бўлаверади.

Лекин шунга яраша умрни узайтирадиган омиллар умрни қисқартирадиган омиллардан кўпроқ. Масалан, эркакда асаб йўқ, шунинг ҳисобига унинг умри 25 йилга узаяди, ҳеч нарсага парво қилмайди, 25 йил, ҳар куни чойхонага ош ейишга чиқиб туради, 30 йил! Шунинг ўзи эркакнинг умрини 80 йилга узайтиради. Бутун дунё эркаклари маҳалласида чойхона бўлмаганлиги учун ажалидан беш кун бурун ўлиб кетаяпти. Бизнинг эркаклар ўрмалаб бўлса ҳам чойхонага етиб олса бас, умри 30 йилга узаяди. Ана энди унинг 20 ёшда уйланганлигини ҳисобга оладиган бўлсак, ҳар бир эркак ўртача 100 йил яшайди! Демак, биздан узоқроқ умр кўрадиган халқ ҳали дунёда йўқ. Яшавор азамат!

ЖЎЛМОН.

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Hajv, Uzbek. Bookmark the permalink.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

w

Connecting to %s