Азиза Абдурасулова:

“Қирғизистон муваққат ҳукумати Ўш, Жалол Обод, Бозор Қўрғон аҳолиси хавфсизлигини таъминлай олмади”

Қирғиизстонлик таниқли инсон ҳуқуқлари Азиза Абдурасулова bbcuzbek.com ўқувчилари ва тингловчиларимиз саволларига жавоб берди.

Қирғизистонлик таниқли инсон ҳуқуқлари фаоли Азиза Абдурасулова

51 ёшли Азиза Абдурасулова Қирғизистонда инсон ҳуқуқлари соҳасида олиб борган фаолияти учун охирги ўн йилда бир неча бор ҳибсга олинган, қўрқитилган ва катлакланган.

У 2003 йилда асос солган “Қылым шамы” (“Аср шами”) инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти Қирғизистонда энг кўзга кўринган нодавлат ташкилотларидан бири ҳисобланади.

Абдурасулова хоним шунингдек яна бир нодавлат ташкилоти – “Эътиқод Маҳкумлари Гилдияси”нинг собиқ ижроий директори ҳамдир.

У Қирғизистон қамоқхоналаридаги шароит ҳақида қатор ҳисоботларга муаллифлик қилган.

Азиза Абдурасулова бир муддат Қирғизистон президентининг Инсон Ҳуқуқлари бўйича комиссияси раиси муовини вазифасини ҳам ижро этган.

У беш фарзанднинг онаси.

Азиза Абдурасулова Би-би-си меҳмони сифатида саволларга жавоб берди.


Би-би-си: Cаудия Арабистонидан Али Умар исмлли мухлисимиз йўллаган савол. Ҳурматли Азиза эже, Қирғизистондаги ҳодисаларни бетараф ва холис ёритиш қанчалар осон?

Азиза Абдурасулова: Бу шунчалар қийинки, мен шу бугунгача қўлимда бор маълумот ва фактларни чоп этишни, халқ эътиборига ҳавола этишни ўзимга эп кўрмадим, ботина олмадим.

Би-би-си: Сиз бу ҳақда очиқ гапиришга қўрқасизми?

Азиза Абдурасулова: Бу ҳақда очиқ гапиришнинг қийинлиги унинг хавфли бўлгани учун ёки кимдир таҳдид солаётгани учун эмас. Мен можаронинг янгитдан бошланмаслиги, унинг қайталанмаслиги учун ўзимни тутиб турибман.

Би-би-си: Али Умар яна сўраган: “Ўзбек халқига нисбатан бўлаётган бедодликларни тўхтатишнинг чораси нимада деб биласиз?”

Азиза Абдурасулова: Мен жаноб Умарга шундай деб жавоб бермоқчиман: бугун ўзбекларга қарши қатағонлар олиб борилаяпти, дейиш унчалик тўғри эмас. Ҳақиқат бугун халқаро саҳнада ёритилаётгандек эмас. Халқаро журналистлар ва ҳуқуқбонлардан бирортаси Қирғизистоннинг ички муаммоларини ўрганиб чиқмаган. Мен мамлакат ичкарисида юз берган ҳодисалар юзасидан икки миллат ўртасида алалоқибат тўғри хулоса чиқарилишига умид қиламан. Мен бунда ташқи аралашувнинг минимал даражада бўлишини истардим. Чунки ташқаридагилар Қирғизистон ичкарисида юз бераётган ҳодисаларни яхши тушунишмайди, яхши билишмайди. Менинг ишончим комилки, Қирғизистонда узоқ йиллардан буён бирга яшаб келган икки миллат – қирғизлар ва ўзбеклар ярашиш учун умумий тил, умумий ечим топа олишади. Менинг бунга ишончим комил.

Би-би-си: Ўшдан Ўктамжон сўрапти: 1. Ҳуқуқ ҳимоячиси сифатида бу хунрезликни ўзбекларга қарши қилинганига қандайдир изоҳ бера оласизми?

Азиза Абдурасулова: Бу жуда қийин савол. Биз бугун ушбу қон тўкишларни ўрганар эканмиз ўзбек миллати вакиллари ҳалок бўлганлар сонини 2 мингдан 6 минггача деб айтишаяпти. Лекин, ҳозирда биз ўтган мониторингларга кўра, ҳам қирғиз ва ҳам ўзбек томонидан ўлдирилганлар сони деярли бир хил. Бу ерда кимдир мағлуб бўлгани ёки ғалаба қилгани ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Бу ерда ҳам қирғизлар ва ҳам ўзбеклар ютқизишди. Қирғизистондаги ҳуқуқбонлар ўнгида бир вазифа турибди – зўравонликни, хунрезликни тўхтатиш ва тинчликка эришиш.

Би-би-си: Ўктамжоннинг иккинчи саволи: “Қирғиз ҳарбийлари ва милициясининг Қирғизистон жанубидаги хунрезликларда роли қандай?”

Азиза Абдурасулова: Милиция зиммасида йирик вазифа бор эди. Милиция қўлидан келганича ҳаракат қилди. Бугун қирғиз милицияси жуда ҳам ночор. У айниқса 7 апрел ҳодисаларидан кейин кучсизланди. Ўшанда қирғиз милициясини оломон парчалаб ташлаганди. Армия масаласида… Ҳодисалар учун баъзи ҳарбий раҳбарлар жавобгар бўлишлари керак. Нега ва қай тарзда ҳарбийлардан қурол-яроқлар тортиб олинганди? Қандай қилиб уларга тегишли БТРлар, автоматлар ва ҳарбий либослар бу қирғинни бошлаган бандитлар қўлига тушиб қолди? Бу саволларга аниқ жавоб топилиши керак.

Би-би-си: “Ўш ва Жалолобод шаҳарларининг бунчалик бўлиб кетишига вақтли ҳукумат айби қанчалик деб ўйлайсиз?” деб сўрапти Ҳусниддин.

Азиза Абдурасулова: Менинг тушунишимча, ҳар қандай ҳукумат ўз фуқаролари хавфсизлигини таъминлаши шарт. Қирғизистон муваққат ҳукумати Ўш, Жалол Обод, Бозор Қўрғон аҳолиси хавфсизлигини таъминлай олмади. Мен бу ерда, айниқса, Мудофаа вазирлиги масъулиятини алоҳида таъкидламоқчиман. Бу вазирлик мулозимлари қўлларидаги қуролларни оломон бошида турган провокаторларга бериб қўйишди.

Би-би-си: Лекин кўпчилик зўравонликларда ҳарбийларнинг ўзлари иштирок этганини айтади…

Азиза Абдурасулова: Биласизми, бугун ташқаридан қараганда зўравонликларда ҳарбийларнинг ўзлари иштирок этгандек кўринади. Лекин биз ўтказган кузатув ва текширувларнинг кўрсатишича, оломон ҳарбийлардан икки БТР ва қурол-аслаҳаларни тортиб олган. Улар шунингдек ҳарбийлар кийим-бошларини ҳам тортиб олишган. Шунинг учун, четдан қаралганда айнан аскарлар, армия ўт очгандек, одамларни ёқиб юборгандек кўринади.

Би-би-си: “Олойдан 3000 қирғиз тушиб келганда генерал Исоқов уларни тўхтатиб қололмагани ҳукуматнинг жуда пассив ишлагани эмасми?” – деб яна сўраган Ҳусниддин.

Азиза Абдурасулова: Ҳа, генерал Исоқов ва нафақат у, балки муваққат ҳукуматнинг бошқа аъзолари, жумладан Роза Ўтинбоева ҳам, оломонни тўхтатиб қолиши шарт эди. Лекин уларда оломонни тўхтатиб қолишга етарли куч йўқ эди. Мен барча шароитни ўрганиб ва мавжуд хариталарга қараб, генерал Исоқов зиммасида ахлоқий жавобгарлик масъулияти ҳам бўлиши керак, деган хулосага келдим. Харитага қарасангиз, икки БТРдан иборат ҳарбийлар карвони Мойлисувдан чиқиб, Ўш шаҳрининг бошқа минтақаси томон юрганини кўрасиз. Генерал Исоқов ва Азимбек Бекназаров оломонни тўхтатиб қололмагач, вертолётда қочишади… Вертолёт деразалари синдирилади. Орадан кўп ўтмай ҳарбий колонна етиб келади. Оломон бу карвонни ҳам ўраб олиб, ҳарбийлардан БТР ва қурол-яроқларни тортиб олади. Бугун бу сир эмас. Бугун бу ҳодисани билишади. Фикримча, оломонга БТРларни эгаллаб олишга йўл қўйиб берган ҳарбий қўмондонлар трибуналга тортилиши керак. Чунки, ушбу амал оқибатида кўплаб тинч аҳоли вакиллари ўлдирилди.

Би-би-си: Қозоғистондан Қодир исмли мухлисимиз берган савол: “Сиёсатшунос Камолиддин Раббимовнинг бу қирғинни: “это киргизская политическая элита…,” деб баҳолашига қандай қарайсиз?”

Азиза Абдурасулова: Қирғиз сиёсий элитаси жуда кенг тушунча. Мен бунда кўпроқ сиёсий элитани эмас, балки қирғиз хавфсизлик хизматлари ва ҳарбий кучларини айблаган бўлардим. Чунки улар жанубдаги ҳодисаларни бартараф эта олишмади.

Би-би-си: Ўшдан Одилжон Маҳдумий йўллаган савол: 1. Ўш ва Жалолободда бўлган хунрезликларда оломоннинг БТРлар ёрдамида ўзбек халқига ҳужум қилгани барчага маълум. Бу ҳолатни ўзбекларга қарши қирғин (геноцид) дея тан оласизми?

Азиза Абдурасулова: Мен айни ҳодисани геноцид деб аташдан тийилган бўлардим. Аммо инсоний талафотлар миқдори ҳам ўзбек ва ҳам қирғиз миллати томонидан катта.

Би-би-си: “Қирғиз телевидениеларида фақат бир томонлама ахборотлар берилмоқда, яъни фақат қирғиз халқи жабр кўргани ёритилмоқда. Бунга муносабатингиз?” – деб яна сўраган Одилжон Маҳдумий.

Азиза Абдурасулова: Мен бу ерда ушбу ҳодисаларга етаклаган омилларга тўхталмоқчиман. Йигирма йил муқаддам юз берган Ўш воқеаларидан буён вилоят аҳолисининг ижтимоий-иқтисодий шароитига етарли эътибор қаратилмади. Бугун муаммони ўрганар эканмиз, ўзбеклар зич яшайдиган маҳаллалар иҳоталаниб қолганини кўрдик. У ерда боғчалар ҳам, мактаблар ҳам ўзбек тилида. Ҳеч ким бундай жойларда аҳоли аралаш яшаши кераклиги ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаган. Маҳаллаларда нафақат ўзбеклар, балки руслар, татарлар ва қирғизлар ҳам яшашлари керак эди. Чунки Қирғизистонда 80 дан ортиқ миллат вакиллари яшайди. Ўзбек оилаларида фарзданларнинг кўп бўлиши ва уларга қирғизлар яшайдиган маҳалла куйларда қўшимча ерлар ажраталиши зарурлиги ҳақида ҳеч ким ўйламаган. Натижада, қирғизлар ва ўзбеклар ўртасида интеграция умуман юз бермади. Айнан мана шу сабабли қонли ҳодисалар юз берди, деб ўйлайман. Мисол учун, қирғизлар ва ўзбеклар аралаш яшаган жойларда зўравонликларга йўл қўйилмади. У ерларда уйлар ҳам ёнмади.

Би-би-си: Сиз Одилжон аканинг телевидениеларда фақат бир томонлама ахборотлар берилаётгани ҳақидаги эътирозига муносабат билдирмадингиз…

Азиза Абдурасулова: Афсуски, бугунги кунда Жалол Обод вилоятида ҳам, Ўш вилоятида ҳам телевидение йўқ. Бишкекдан берилаётган хабар ва лавҳалар жанубдаги вазиятни тўлақон экс эттира олмаётир. Шунинг учун, хабарлар бир томонлама ва эскидек туюлаяпти. Шунинг учун биз муваққат ҳукуматдан маҳаллий телевидениелар кўрсатувларини қайтадан бошлашга изн беришни сўрадик. Бизга бугун Ўш ва Жалол Обод вилоятларида воқеа ва ҳодисаларни тез ва аниқ ёритадиган кўрсатувлар керак.

Би-би-си: Тошкентдан Шоира Йўлдошева Ўш ва Жалолободдаги ҳодисалар учун масъул бўлган “учинчи кучлар кимлар?” деб сўраган.

Азиза Абдурасулова: Афсуски, учинчи кучларнинг кимлигини аниқ айта олмайман. Лекин, иғвогарлар ва учинчи кучларнинг бўлганига ишончим комил. Чунки 10-дан 11-июнга ўтар кечаси қора футболка кийиб олган ёшлар гуруҳи можароларни бошлаб берган. Улар на оқсоқоллар ва на ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари сўзларига қулоқ солишган. Яна бир ҳолатни алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман, улар орасида маҳаллий аҳоли вакиллари бўлмаган. Жалол Обод, Ўш ва Бозор Қўрғон шаҳарлари маҳаллий аҳолиси зўравонликлар ва ўт ёқишларда иштирок этишмаган. Улар четдан келган одамлар бўлишган.(BBC).

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Shu kunning gaplari, Uzbek. Bookmark the permalink.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

w

Connecting to %s