Жаҳонгир Муҳаммад

КЎРИНМАС ОДАМ

ёки Ўзбекистон тақдирини ҳал қилиб юрган ЗЕЛЕМХОН ҲАЙДАРОВ ким?

Яқинда таниқли шоир Ёдгор Обид билан гаплашарканмиз, у киши Зелемхон Ҳайдаров ҳақида сўраб қолдилар. Билганларимни айтиб бердим. Ёдгор аканинг “Ёзиб қўйиш керак” деганлари ушбу мақолага туртки бўлди.

Девонда ишловчиларнинг гувоҳномларини ҳам Зелемхон Ҳайдаров тасдиқларди

Дарҳақиқат, кейинги пайтларда “Зелемхон Ҳайдаров ким?” деб сўраётганлар кўпаймоқда. Чунки Ўзбекистон мустақил бўлибдики, давлатнинг бу иккинчи одами ҳақида бирор жойда батафсил бир нарса ёзилмаган ва бирор жойда суратини ҳам кўрмайсиз. Ваҳоланки, бутун дунёда президент маъмурияти раҳбари халққа кенг танилган одам бўлади. Ўзбекистонда бундай лавозим Ўзбекистон президенти Девонининг Ишлар бошқармаси дейилади.

Демак, бу одам ҳақида ким нима билса ёзиши керак ва шундагина қатралардан дарё ҳосил бўлгани каби кейинги йигирма йиллик тарихимизнинг сирли саҳифаси ҳам ўқиладиган бўлади.

Ўзбекистон президенти Девонининг Ишлар бошқармаси мустақилликнинг илк йилларида асосан хўжалик ишлари билан шуғулланар ва унинг раҳбари деҳқонча қилиб айтганда “завхоз” эди. Табиийки, ҳар қандай хўжаликда “завхоз” бўлиб у доим раҳбарнинг ўнг қўли ҳисобланган.

Ислом Каримов 1990 йилда Ўзбекистон Олий Кенгаши томонидан президент этиб сайлангач, ўзи раҳбари бўлган Коммунистик Партия биносини дарҳол иккига ажратди.

Ўртаси қўшилган бинонинг бир бўлаги Президент девони ва иккинчи қисми Компартия қароргоҳига айлантирилди. Зелемхон Ҳайдаров иккинчи бинода ишларди. Каримов Девонга ўзи билан бирга уни ҳам олиб келди. Девоннинг гиламларидан тортиб, эшикларигача ҳаммасини унинг ўзи бошида туриб янгилатди.

У айни пайтда ҳатто президентнинг хотини ҳам уддалай олмайдиган ишларни бажарарди. Каримовнинг егулик овқатини таъминлаш билан бирга “эллик грамм”ини ҳам қуйиб турарди. Каримовнинг қайси овқатни ёқтириши ва қандай ичимлик ичишини ва қайси пайтда ичишини хотинидан кўра у яхшироқ биларди. Чунки бир ишора билан музлатгичдан Каримов истаган нарсани олиб, столга қўярди.

Чет элларга борганда ва чет элликлар келганда қилинадиган ҳадялардан тортиб, президентнинг жамики харажатларигача унинг бўйнида эди. Бир сўз билан у президентнинг кўзи, чўнтаги, қўли, оёғи ва ҳатто тили вазифасини ҳам бажарарди.

Ислом Каримов каби мураккаб ва инжиқ одамга бундай хизмат қилиш унча-бунча одамнинг қўлидан келмасди. Зелемхон Ҳайдаров бу борада туғма қобилиятга эга одам. “Президент ухлайди, лекин у ухламайди”, дейишаради унинг ҳақида гап очилса. Ҳақиқатдан ҳам, у бутун ҳаётини Каримов учун сарфлади, деса хато бўлмайди.

Мен Зелемхон Ҳайдаровни илк бор кўрганимда уни чин дилдан ҳурмат қилиб қолганман. Унда коммунистик партия раҳбарларига хос тўралик йўқ эди. Жуда хушмуомала. Кўринишидан ҳам совуқ эмас, меҳрли одам. Ҳар қандай кишининг дилини икки оғиз ширин сўз билан ром эта оладиган санъати бор. Президент ёнида турганда доим жиддий қиёфада, ўзи бошқа одам билан гаплашганда юзидан нур ёғиларди. У артистлик қилмасди. У рол ўйнамасди. У шундай туғилган ва табиий равишда кучли маҳорат соҳибидир. Унинг дилидан ўтганини ҳеч ким, ҳатто унинг пири Ислом Каримов ҳам ҳеч қачон уқий олмаган бўлса керак. Агар уқий олганда қачонлардир уларнинг йўллари ажралиб кетарди.

Зелемхон ака Олой бозорининг орқасида, ҳукуматнинг уйида “Қишлоқ ҳаёти” газетасининг Бош муҳаррири Аҳмаджон Мухторов билан айни қаватда турарди. Эшиклари бир-бирига қарши эди. Мен Аҳмаджон аканинг уйига минг марталаб борганман, аммо у ерда Зелемхон акани бир марта ҳам учратганим йўқ. Лекин Олий Кенгашда, президент девонида ишлаганимда уни ҳар кун кўрардим. У доим ишда эди. У касал бўлмасди. У таътилга бормасди. У тоза ҳаво олишга чиқмасди.

У мендан роппа-роса 10 ёшга катта. Бўйи ҳам мендан икки калла баланд десам янглишмайман. Балки бугун ёши етмишга яқинлашиб, бўйи ҳам анча тортилган бўлиши мумкин.

У бирор ишни мустақил бажармас эди.
-Менга ёрдамчи керак эди,-дедим бир куни унга.
-Ислом акадан сўрайлик,-деди.
“Сўранг” демасди. Сўраганимиздан кейин, орадан беш дақиқа ўтмасдан у бир қизни бошлаб келди׃
-Бу сизнинг котибангиз. Секторга ходимликка эса ўзингиз бирор кишини топсангиз, дарҳол ишга оламиз,-деди.

У ҳатто жуда кичик нарсаларни ҳам мустақил равишда ҳал қилмасди. Иш бошлаганимнинг иккинчи ё учинчи куни у менга “Президент уйига кетгунига қадар ҳамма кутиб ўтириши кераклиги”ни жуда юмшоқлик билан англатди.
-Ундай бўлса, хонага телевизор керак, ахборотларни шу ерда кўрамиз,-десам,
-Жоним билан, Ислом акадан сўрайлик,-деди яна.

Ислом акадан сўраганидан кейин, телевизорни ўзи кўтариб келиб қолди. Унинг каттаманлик комплекси йўқ эди.

Иш бошлаган ҳафтамнинг охирги куни-Жума куни навбатчи машинани чақириб, Олой бозори ёнида тушиб қолдим. Бозорнинг шундай ёнгинасида яшайман, қолаверса, ўша куни болаларни олиб, Самарқандга кетмоқчи эдим. Йўлга у-бу харид қилиб, уйга ўтдим.

Душанба куни Самарқанддан қайтиб келсам, хонамга Зелемхон ака кириб келди׃
-Мана буни кеннойимга берасиз, рўзғорга нима керак бўлса шунга ёзадилар, шофер олиб келади ёки мана бу рақамга телефон қилиб айтиб қўйсалар олиб бориб беришади,- у шундай деб махсус чоп этилган буюртма варақалари тўпламини узатди.
Мен ҳазиллашиб׃
-Буни Ислом акадан сўрамаймизми?-дедим.
Зелемхон ака жилмайдида׃
-Биладилар,-деди.- Шанба куни сизни сўраган эканлар, Крайнов кўп қидирди, аммо. Дарвоқе, вилоятларга борсангиз облисполкомга (ҳали ҳокимликлар тузилмаган эди-Ж.М.) телефон қилиб қўйинг. Сизни кутиб олишади, машина билан таъминлашади. Фақат борадиган жойингизни бизга бир оғиз билдириб қўйсангиз, бас. Қидирганларида қийналиб қолмаслигимиз учун.. Ҳа, гараждан машина чақиришда ҳам сизни бошқа рўйхатга олдик. Истаган пайтингизда хизмат машинаси кутиб туради…

“Раҳмат” айтдиму лекин бунчалик ғамхўрлик кўрсатила бошланганидан ҳайрон бўлдим. Кейинчалик тушундим. Демак, шофердан қаерда тушиб қолганимни ҳам билишган. “Нега Девондаги дўкондан маҳсулот олмади?” ёки “Нега бозорга тушди?” деб таҳлил қилиб кўришган бўлишлари мумкин. Бунинг устига бу ерда шанба-якшанба деган гаплар ҳам йўқ экан. Шунинг учун булар мени деб гап эшитишган.

Шунга қарамай Зелемхон ака бу қадар юмшоқ эди. Балки мени ҳамма томонлама “темир из”га солиб қўйиш ҳақида топшириқ бўлган. Акс тақдирда телевизорни “Ислом акадан сўрайлик” дейдиган Зелемхон ака бунчалик мустақил иш тутмаган бўларди-да.

Ўшанда ҳам унинг қўлида кўп одам, кўп нарса ва кўп ваколат бор эди. Масалан, “Шарқ” матбуот концерни каби бир қанча ташкилотлар бевосита унга бўйсунарди. Яна президент оиласи учун Девонга яқин жойда қурилаётган уч қаватли бинодан тортиб, Девоннинг соҳил томонида қўшимча қурилишга қадар, ҳаммасига у раҳбар эди. Шунга қарамай у ўзини раҳбар каби тутмасди.

У билан кўп суҳбат қурганмиз. У дилбар суҳбатдош. Кимга қандай муомала қилишни ва кимнинг дилини қандай олишни биларди. Камтарлик бобида унга тенг келадиган одамни ҳалига қадар кўрмадим. Лекин давлат тепасидагиларнинг деярли ҳаммаси ундан буйруқ оларди. Ҳатто Исмоил Жўрабеков ҳам унинг оғзига қараб турганига бир неча марта гувоҳ бўлганман.

У Ислом Каримовни ўзини билгандай билади. Унга қачон, қандай гапни гапириш ва қачон ундан нимани ундиришни “михлаб” ташлайди. Бугун Ўзбекистон раҳбарияти тизимида 1990 йиллардан бери ишлаб келаётганларнинг ҳаммаси унинг кадрлари. Улар маълум бир муддат ишлагандан кейин Каримов уларни четлатган. Шундай кезда улар Зелемхон Ҳайдаров ёнига келадилар.
-Тўнни елкага ташлаб беш-олти ой орадан ғойиб бўлинг,-дейди у.
Беш олти ойдан кейин айни гапни Ислом Каримовдан эшитасиз׃
-Бу одамни ишдан ҳайдагандик. Лекин тўнни елкасига ташлаб кетди. Олти ой орада кўринмади. У мансаб деб ўлган эмас. Майда гап ҳам қилмади. Бизга содиқ экан. Унга энди мана бу ишни топширамиз…

Бу гаплар Зелемхон Ҳайдаровнинг гаплари ва у қайси пайтда буни Ислом Каримовнинг хотирасига ёзиб қўйди буни фақат унинг ўзи билади.

Шавкат Мирзиёев бир неча марта “ишдан урилди” деган гапларни эшитгансиз, ўқигансиз. Лекин у мана бугун ҳам Бош вазир лавозимида қолмоқда. Уни қутқариб, асраб юрган Зелемхон Ҳайдаровдир.

Зелемхон Ҳайдаров асли сирдарёлик. Шавкат Мирзиёев Зоминдан. Улар қачон танишганларини билмайман. Шавқат Мирзиёевни талабалик йилларидан танийман. Унинг бир яқини билан бирга ўқиганмиз ва бирга ижарада турганмиз. Ўша кезлар Зоминга тўй-маъракаларга бориб, бир неча кунлаб қолиб кетардик.  Кейин у билан Олий Кенгашда бирга ишладик. Олий кенгашда Президент сайланган кун у саноқ комиссияси-мандат комиссияси вазифасини бажарганди. Вақт ўтиши билан уни тез-тез Зелемхон Ҳайдаровнинг хонасига кираётгани ёки чиқаётганида кўриб қолардим. Ҳаммани эшик ёнига қадар кузатиб чиқадиган Зелемхон Ҳайдаров унга ўз укасидек муомала қиларди.

Балки Ислом Каримов унга шундай муомала қилишни топширган бўлиши ҳам мумкин. Лекин Ислом Каримовнинг хотирасига Мирзиёевга шундай муомала қилиш ҳақида кўрсатама беришни Зелемхон Ҳайдаровнинг ўзи “битган”, десам янглишмасам керак.

Зелемхон Ҳайдаров Каримовга хиёнат қилмайди. Тўғрироғи хиёнат қилишим мумкин эмас деб билади. Лекин у истаса Каримов бир кечада Туркманбоши каби оламдан ўтиб қолиши мумкин. Бу истак унда қачон пайдо бўлади, буни билиш мумкин эмас. Умуман пайдо бўлармикан? Чунки у Каримовга содиқ ва Каримов унга содиқ. У Мирзиёевга содиқ ва… Мирзиёев унга содиқ бўладими, йўқми? Бу даргумон.

Раҳматли Аҳмаджон Мухторов “Зелемхон менинг энг яқин дўстим” дерди. Лекин Аҳмаджон ака ишдан олиниб, бир неча йиллар ишсиз қолиб, инсулт кечириб, оламдан ўтиб кетди.

Адиб Мамадали Маҳмудов (Эврил Турон) Зелемхон Ҳайдаров билан жуда яқин эди. Қарийб йигирма йилдирки қамоқда.

Собиқ халқ депутати Самандар Қўқонов ҳам Зелемхон Ҳайдаров билан яқин эди. У ҳам қарийб 20 йилдирки, қамоқда ва бу рўйхатни узоқ давом эттириш мумкин.

Зелемхон Ҳайдаров ё бу каби инсонлар учун орага кирмаган ёки бу одамлар унинг кадрлари рўйхатига кирмаган. Яна билмадим, чунки унинг бир оғиз гапи билан бу одамларнинг тақдири ўзгариши мумкин эди-да.

Зелемхон Ҳайдаров 20 йилдан бери Ўзбекистон олтинларининг ҳам хўжайини. Бутун ҳисоб-китобни у қилади. Айни пайтда президент қўримасини ҳам Темур Алимов билан у тузган ва унга одам танлаган. Қолаверса, Президент ўз оиласида хўжайин эмас. Бу иш ҳам унга топширилган.

Ислом Каримовнинг собиқ қудаси Абдурауф Мақсудий билан 2003 йилнинг Августида “Америка Овози” учун суҳбат ўтказганимда, унинг мана бу сўзларини магнит лентасига ёзиб олганман׃

МАҚСУДИЙ׃ Ука, сиз билмайсиз, мани иккита неварам уларни қўлида. Учта қариндошимни улар қамаб олишди. Бир кун ўтирганимда Америкада… Зелемхон Ҳайдаровни билсангиз керак, Зелемхон Ҳайдаровдан манга телефон келди.

Ж.МУҲАММАД׃ Ўзбекистон президентининг Умумий Ишлар Бошқармасининг бошлиғи…

МАҚСУДИЙ׃ Ўнг қўли дейилади Ўзбекистонда. У одам кучли… Зелемхон акадан манга телефон келди-ки, “Абдурауф ака, Ислом ака ва оиласи чақириб менга буйруқ бердики, Абдурауф акага телефон қилинг, шу Мансур Гулнорани қўйган талабларига…” Талабларининг ичида биттаси шу-ки, Мансур авлодидан кечсин. “Авлодидан кечса, на сизларни заводларингизни оламиз, на сизларни жойларингизни оламиз, на уйларингизни оламиз, ҳаммасини сизларга қайтариб берамиз. Шу Мансурга айтинг, шу ишга қўл қўйсин”. (“ИАК” китобидан).

“Ўнг қўли дейилади Ўзбекистонда. У одам кучли…” Ҳа, ҳам кучли, ҳам кўринмас бўлиш жуда қийин. Лекин Зелемхон Ҳайдаров буни уддаламоқда. Тағин 20 йилдан буён!

Бу одам орадан кетса, Каримовнинг 20 йиллик жуда кўп сирлари ҳам у билан кетади…

2 Июл, 2010 йил.

www.jahonnoma.com

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: