Ғафур ЙЎЛДОШЕВ

У Й Ш У Н  О Т А   Ғ О Р И

( Қ и с с а. Д а в о м и)

(7)

Юраги ўйнайдими ёки кўр-соқов, гунг, чўлоқ, баданлари оппоқ-оқарган бўладими – неки дардга гирифтор бўлмасин-да – муҳаббат бари бир ҳаммани ўз домига тортаркан. Севишга – севилишга ундаркан.

… Пахта терими мавсуми эди. Мактабда дарслар тўхтатилган, ўқувчилар қўшни колхоз дала шийпонида тунашарди. Кунларнинг бирида:

– Қизлар, янгилик! – дея энтикканча эшикдан кириб келди Сожида. Хонадагилар унга қарашди. Улжамол бу пайтда кўрпасини ёзиб, устида ўтирганича нимчасига тугма қадаётганди, у ҳам беихтиёр ўгирилди.

– Синфдош йигитлар бизни бўлиб олишибди! – деб янгиликни айтди Сожида.

Икки дақиқа жимлик чўкди.

– Вой-й, яш-шамагурлар-эй! – деди Мавжуда кампирлар товушига тақлид қилиб.

– Нима, биз молмизми, хоҳлаганча бўлиб олишса! – Феруза эса жиддий сўзлади.

– Қўрқма, сени яхши йигит танлаган, – деди Сожида.

– Пишириб е, ўзингдан ошмасин ўша яхши йигитинг!

– Ким экан у я-хш-и-и йигит? – қизиқсинди Мавжуда.

– Рустам!

– Нима?! Ҳозир кириб ўзини етаклаб чиқаман, кейин сен билан гаплашаман! – Феруза жаҳл билан ўрнидан турди.

– Бор, боравер, – деди Сожида. – Кийимларини ечиб ётишибди, қани бир кўрайлик-чи қандай кирар экансан.

Феруза жойида бирров туриб қолди.

– Мен сенга ўхшаган… – деди-ю, гапининг давомини айтмай, ётар жойига бориб “гуп” ташлади.

– Эй, менга қара, менга нима қипти! – Сожида унга томон интиларкан қизлар тутиб қолишди. – Мен икки дунёда ҳам у ерга қадам босмайман, билдингми!.. – деганича жаврай кетди у.

– Ана, ўйиндан ўт чиқди, – деди Мавжуда Сожиданинг овози тингач. – Хаҳ Феруза ўлгур-а, жичча жим турганингда-ю, биз ҳам йигитлик бўлиб қолардик.

– Сени ўзингга ўхшаган тили икки қарич Аливой танлаган! – деди Сожида терс оҳангда.

Мавжуда худди ҳаво етишмаётгандек кўксини сийпалаб, ҳазил оҳангда гапирди:

– Оҳ-оҳ-оҳ-ҳ, нималар деяпсан-эй! Ҳозир мени ўйлаб, деразадан юлдузларни санаб ётибдимикин-а!

Гурра кулги кўтарилди.

Сожида ҳам бироз тиржайди.

– Ке энди, қолганлар ҳам биртўла йигитлик бўлиб қолишсин, буларникини ҳам айтиб берақол. Мени-ю, суюнтирдинг, энди кечаси бемалол, тушимда қўл ушлашиб ухлайман, булар-чи, булар нима қилишади? – деди Мавжуда қизлар томон имо қилиб Сожидага.

Сожида юрагида гап ётмас, шалдир-шулдир қиз эди. Ҳозир ҳам хиёл лабини бурди-да, Мавжуда яна бир зўрлагач, чиройи очилиб, гапиришга тушди. Унинг айтишича, синфдош йигитлар қизларни “севиб”, бир-бир танлаб олишибди. Хусусан, ким кимни танлаганини у навбат билан айтишга тушди.

– Синфкомни комсорг яхши кўраркан. Иккита бошлиқ зап бир-бирига мос келибди-да, – деди Сожида навбат Улжамолга келганида. “Синфком” – Улжамол, “комсорг” – Фатҳиддин эди.

Улжамолнинг юзлари ловуллаб кетди.

– Пишириб е ўша комсоргингни! Ҳе-э, гап топиб келмай ҳам ўл! – деди Улжамол кўрпа қатини очиб ўринга кираркан.

Лекин шу заҳоти бошқа қизларда бўлгани каби Мавжуда орага гап қўшди:

– Тек! – деди у. – Гапир Сожи, гапиравер, бу уларнинг хурсандлигидан.

Сожида яна-да оловланиб навбатдагиларни санашга тушди.

Уларнинг синфида Эргаш исмли боши каттароқ бир бола бор эди. Гап тинглаганда оғзи очилиб, бошини дам у ёнга, дам бу ёнга ташлаб туришидан уни Эргаш калла деб чақиришарди. Худди шунингдек, Бахтиқуш деган бир қиз улар билан бирга ўқирди. Бахтиқушни – “артист” дейишарди, гаплашганда саҳнадаги артистлардек қилпиллаб турадиган одати бор эди. Сожида ҳозир шулар ҳақида гапириб, Эргаш калла “артист”ни танлаганини айтди. Қизлар қийқириб юборишди.

Улжамол ҳам дугоналарига қўшилиб кулди-да, девор томонга ўгирилиб ётди. Беихтиёр Фатҳиддин ҳақида ўйлай кетди. Бу тенгдошини у ёшлигидан биларди. Биринчи синфга келмасидан олдин Паст маҳалладаги аммасиникига борганида уни кўп кўрарди. Тан олиш керак, синфдош болаларнинг ичида уни ўзига яраша обрўси бор эди. Яна у шеърлар ёзарди. Ҳақиқий, деворий газеталарда неча маротаба чоп этилган шеърлар ёзарди. Ҳа, айтгандай, улар жуда кўп марта биргаликда деворий газеталар чиқаришган. Фақат… фақат, нега энди бу ўлгур яхши кўриб қолибди! Қачон яхши кўришга улгура қолди экан-а?! Охирги пайтда муомаласи ўзи сал бошқача… ҳалиги… қарашлари ҳам ғалатироқ бўлиб қолувдими. Бугун Улжамол терган пахтани ҳисобчи Қаҳҳор ака кўтариб чиқаётганида ҳам бир ғалати қараб қўйганди. Ўшанда буни роса ёмон кўриб кетгандир-а? Ажаб бўпти! Баттар бўлсин! Ким айтипти унга яхши кўрсин деб! Агар шунчалик экан, пахтани ўзи олиб чиқиб берсин эди…

Шундай хаёллар билан Улжамолни кўзи илинди. Қизиқ, тушида ҳам Фатҳиддинни кўрди. Бу тинмай пахта терармиш, у тўхтамай хирмонга таширмиш. Бу тераверармиш, у ташийверармиш… Фақат йигитнинг кўзлари унинг олдидан ҳеч жилмасмиш. Бирам аломат: Фатҳиддин пахта кўтариб кетса ҳам кўзлари Улжамолнинг олдида тикилиб тураверармиш. Гоҳ қувноқ, гоҳ маъюс, гоҳ чақиндек порлаган, гоҳ таънали, гоҳ нимадандир хафа кўзлар…

Эртасига эрталаб яна янги гап чиқди. Бугун йигитларнинг ҳар бири ўзи танлаган қизи билан эгатга ёнма-ён тушиб пахтани бирга терармиш. Бу янгиликни ҳам Сожида қизлар энди нонуштага ўтирган вақтда топиб келди.

– Мени ёнимга биронтаси яқинлашиб кўрсин, ўлдираман! – деди қошларини чимириб Феруза.

– Оҳ, ёнимга қандай келаркин-а! – одатдагидек ҳазил-мутойиба ила гапирди Мавжуда. – Кундузлари пахтазорда – ёнгинамда, кечалари тушларимда, вой-эй!

Қизлар кулишди.

Ниҳоят нонушта тугаб, йўлга тушишди. Бугунги кун ўзига хос бир бошқача эди. Йигитлар қизларга аралашмай, алоҳида тўп-тўп бўлиб кетишарди. Икки чақиримча юриб, Тошлоқ қартасига етилган жойда, олдиндаги йигитлар тўпида бирданига қийқириқ янгради. Қизлар дарҳол ҳушёр тортишди.

– Айтсам айтавераман-да, нимага айтолмас эканман! – дегани эшитилди Рустамнинг.

– Қани, амалда бир кўрайлик-чи! – деб кимдир гижгижлади.

– Мана ҳозир, бор, сенлар нарироққа бориб тур, – деди Рустам ва йўлнинг четроғига ўтиб тўхтади. Йигитлар ҳиринглаб нари кетишди. Йигирма қадамлар босишгач ўгирилиб, томошаталаб қараб қолишди.

Қизларнинг юраги музлади. Ҳамманинг уни ўчиб кетди. Узоқдан келаётган тракторнинг бўғиқ шовқуни ва оёқ шарпаларигина жимликни буза бошлади.

– Феруза, тўхта, бирга кетамиз, сенда гапим бор, – деди Рустам, қизларнинг тўпи рўпарасига келганида.

Феруза индамай қизлар орасидан ажралиб чиқди. Индамай Рустамнинг олдига борди. Борди-да, нон, пиёла, коса ва яна бошқа нарсалар солинган қўлидаги халта билан йигитнинг қулоқ-чаккасига солди. Рустам мувозанатини йўқотиб, гандираклаганча ағдарилди.

– Вуй!!! – деб юборишди қизлар. Тиржайиб турган йигитлар қотиб қолишди.

Рустам тезликда ўрнидан туриб, Ферузага рўпарў келди. Урмоққа чоғланиб шарт қўлини кўтарди Лекин қиз киприк қоқмай тик қараб тураверди. Йигитга бу таъсир қилди, қўли ҳавода муаллақ қолди. Гезариб, кўзларини пирпиратиб, қалтираганича турди-да, уят гап билан сўкиб юборди. Сўнг пахтазор томон бурилиб, югурганича кетди. Айни чоғ Феруза ҳам халтани бир четга улоқтириб, юзини кафтлари билан тўсди-ю, йиғлаб юборди.

Кечқурун синф раҳбари Нурматов йиғилиш ўтказди.

– Эркак дегани – Ватаннинг шаънини, шу ҳисобда аёлларнинг ор-номусини ҳимоя қилувчи – муқаддас инсон деган номдан олинган! Зинҳор-базинҳор муҳаббатдай покиза туйғуни топтаб, ҳиринглаб юрувчи хотинчалиш деган бир ибора эмас! – деди муаллим.

Йигитларнинг боши эгилди.

– Аёл, айниқса қиз бола – тўғри келган одамни супургиси билан қулочкашлаб солувчи – ялмоғиз кампир деган сўздан олинган эмас! Андиша, ҳаё, иффат – бу қиз боланинг бўйнига осилган марварид, қалбининг тубидаги маёқ бўлади! Унинг муқаддас аёл эканлигини сурбетлик ёки бетгачопарлик кўрсатмайди! – деди синф раҳбари.

Қизларнинг юзлари лоларанг бўлиб, бошлари эгилди.

Шу кўйи Нурматов роса гапирди. Кимгадир қаттиқ тегди, кимгадир насиҳат қилди. Яхши кўриш деган гапларга ўша куни чек қўйилди. Эртасига эрталаб йигит-қизлар бирга-бирга пахтазорга жўнашди.

Аммо, Улжамол билан Фатҳиддиннинг ўртасидаги бошқача муносабат сақланиб қолди. Йигит қизни кўзлари билан таъқиб этиб, хурсанд ёки нимадандир норозилигини шу орқали изҳор қиладиган бўлди.

Бир куни эса мактабдан қайтган Улжамол “Адабиёт дарслиги” китоби қатидан озода конверт топди. Юраги қафасдаги қушча мисол безовталанди. Бармоқлари қалтираганча шундоқ ҳам очиқ конвертдан бир дона варақни зўрға суғуриб олди. Чиройли ҳуснихат билан битилган шеърга нигоҳлари мисоли оч бўридай ёпишди:

“Улжамолнинг йўлларида толди кўз,

Лабларида ҳаётимдан қолди сўз.

Жоним ҳалак уни кўрган ҳар кунда,

Айрилиши дард қўзғайди зор кунда.

Мурод айтар, Фатҳиддин-да бу кунда:

Орзусига ошно бўлай бир умрга,

Лайли бўлсин, Мажнун бўлай бир умрга.

Жавобини эртага дарсдан кейин кутаман. Ф.”

Қиз ҳеч нарса тушунолмади. Қайта ўқиди. Қоғозни мижиғлади. Йўқ, яна текислади, тағин ўқиди. Шартта мижиғлаб четга отди. Шу замони-ла бориб қўлига олди, текислади… тағин… тағин… тағин…

Эртасига охирги дарсгача Улжамол минг хил ўйда, минг хил кайфиятда ёнди-ўчди. Аввалига Феруза Рустамни ургани каби Фатҳиддиннинг ҳам таъзирини бериб қўймоқчи бўлди. Лекин йигитнинг кўзларини кўз олдига келтираркан, ўла қолса унга қўл кўтара олмаслигини ички бир туйғуда тан олди. Вақт эса ўжар қалбига қулоқ тутиб имиллар, айни дамда югурарди.

Шу вазиятда куннинг ярми ўтди-кетди. Чарх урган ўйлар, танаффус пайтида йигитдан ўзини олиб қочишлар, дарсда иложи борича у томонга қарамасликка ҳаракат қилишлардан Улжамолнинг боши оғирлашиб, тоби қочди. Оқибат, бешинчи – “рус тили” дарси бошланишидан олдин, “Мен докторга кирмоқчи эдим, дарсдан сўнг сумкамни олиб кетсанг”, деб Мавжудага илтимос қилди-да, киши билмас уйига кетди.

– Ҳа-а, қалайсиз энди, қочқоқ ойим! – деди унинг сумкасини олиб келган Мавжуда, кўча дарвозаси олдида.

– Бошим оғриётганди, – ўзини бемалол кўрсатишга тиришди Улжамол.

– Ҳо-о, бошингизми? Эҳтимол юрагингиздир? Бизни алдамай қўя қолинг!

Улжамол дув қизарди. Дарров атрофга қаради: кўчанинг икки томони кимсасиз, руҳсиз. У ҳолсиз дарвоза раҳига суянди. Пастки лабини тишлаганча, кўзлари пирпираб осмонга тикилди: осмон зангори. Кўзларини юмди: қаердадир тўрғай сайраяпти. Чуқур нафас олди: одамни ўлгудай лоҳас қилувчи дим ҳаво. У йиғлаб юборди. Чопганича уйга кириб кетди. Мавжуда сумкани кўтарганча унинг орқасидан киришга мажбур бўлди.

Ҳовлида ҳеч ким йўқ эди. Улжамол ичкари уйда, тўшакда юзтубан ётганича йиғларди. Мавжуда дугонасини ёнига чўкди. Худди катта одамлардек дугонасининг бошини силади.

– Жинни бўлдингми? – деди бошқа сўз топа олмай Мавжуда.

Улжамол бундай муомаладан эриб, шарт турганича ўзини Мавжуданинг қучоғига отди. Тўйиб-тўйиб йиғлади.

У йиғидан тўхтаб, ҳиқиллашга ўтаркан Мавжуда аста гапирди:

– Сумкангни олиб келаётсам орқамдан келиб, сени сўради. Кейин… кейин ҳаммасини айтиб берди. Агар йўқ деса ўзимни ўлдираман, дейди. Йўқ десанг, ўзиям ғирт жинни бўласан-да, шундай болага-я! – дугонаси бирров хўрсинди: – Уф-эй, қани энди Тожиддин ака ҳам менга шунақа деса, ўзим билардим-а!

– Қайси? – бор дунёни унутганча қизиқсиниб бошини кўтарди Улжамол.

– Ҳаҳ, сен танимайсан, шаҳардаги холамнинг ўғли.

– Вой, анови, акангни тўйида ўйинга тушган болами?

– Вуй, кўрганмисан-а?! Ўша-ўша, роса зўр ўйнаганди-а, эсингда борми?..

Бўлди, қизларнинг ҳасрати бошланиб кетди. Мавжуда Тожиддин акасини таърифлашга, Улжамол ўзида юз бераётган ўзгаришларни гапиришга тушди.

– Уни яхши кўрмайман-у, лекин биронта қиз билан гаплашиб турганини кўрсам ғашим келади, – деди Улжамол.

– Вой ўл, ана шу севганинг-да! – деди Мавжуда.

– Лекин… лекин… ҳалиги, у билан… – тутилди Улжамол.

– Нима?

– Ҳалиги бор-у… у билан ўпиш… ўпишишни ҳеч…

– Хаҳ ўла! Бу кишимни жи-им-м юради десам, балосиз-у, а! Уни йигитлар ўйлайди, хоним!

– Йўқ, тўхтагин Мавжу, рост, ҳали қўлимиз қўлимизга тегмаган, ҳеч жаҳонда одам шундай ҳам яхши кўрадими, а?

– Ўзи, индамай юрган писмиқдан чиқади ҳамма гап! – деди Мавжуда. – Сен аввал хў-ўп деб жавоб бергин, кейин келиб қандай ўпиб кетганини билмай қоласан.

– Ҳеч ҳам! – деди Улжамол терслик билан.

– Жинними бу! Севармиш-у, тағин йўқ дейди.

– Йўқ! Икки мартадан йўқ!

– Нима “йўқ”? Унда бечора йигит ўлиб кетаверар экан-да, а? Ичингиз ачишмайдими?

– Йўқ, ўлмасин.

– Ростмана жинни бу. Ўлмасин, дейди-ю, тағин йўқ дейди.

– Ўлмасин унда мен ҳам ўзимни ўзим ўлдираман.

– Ҳов, ўйлаброқ гапирсинлар, жон ширин! – Мавжуда дугонасини эрмаклади.

– Менга жон ширинмас, ўзимни ўлдираман! – деди Улжамол жиддий тусда.

– Вой эсим қурсин, сен билан валақлашиб, мен ҳам жинни бўлай дебман, – деб қолди Мавжуда. – Ойим, мактабдан тезроқ қайтгин, укаларингга қараб турасан мен Олтинкўлга бориб келаман, деганди. Ўлдим энди, хўп яхши қол, – Мавжуда шундай дея ўрнидан қўзғолиб ташқарига юрди. Ҳовлидан ўтиб дарвоза ёнига борганида: – Айтгандай, Фатҳиддинга нима дейин? – деб сўради.

– Билмасам, – деди Улжамол.

– Унда, сен ўзингни ўлдирсанг, Улжамол пари ҳам ўзини ўлдирар экан деб айтаман, майлими? – шарақлаб кулди Мавжуда.

– Ўзинг биласан.

– Хўп, ўзим билсам гап шу: у ўлса сен ҳам ўзингни ўлдирасан! – ҳамон кулганича дарвоза ҳатлади Мавжуда. Лекин кўча томонга ўтгач бир зум туриб қолди. – Сен… қизиқ… мен… – дея бирданига тутилиб, рангига қизиллик югурди. Атрофни, кўчани хавфсираб кузатди. – Сен ҳалиги… ўп… ўпишиш тўғрисида ҳам ўйлар экансан-а, мени бу нарса ҳеч хаёлимга келмабди. Тожиддин ака билан биз ҳам ҳалигача қўлимизни бир-биримизга теккизмаганмиз!

– Хаҳ, ўл-а, бор, ойинг кутиб қолди! – деди Улжамол.

Мавжудани кузатиб қайтгач, Улжамол уйга кириб, узоқ ўйланиб ётди: “Фатҳиддин ўзини ўзи ўлдираман деб рост айтдимикин? Ҳазиллашдимикин? Йўқ, унинг ҳазиллашадиган одати йўқ, у жиддий гапиради. Қизиқ, қандай қилиб у ўзини ўлдираркин? Катта каналга ташласа керак-да. Ҳе-э, жинни, у ўғил бола-ю, чўмилишни билади. Пичоқ билан ўзини ўлдирармикин? Уф-э, Фатҳиддин мабода ўлиб қолса, мен ўзимни қандай қилиб ўлдираман? Ҳеч ҳам овқат емай қўяман. Одам уч кун овқат емаса ўлади дейишади-ю…”

Қизнинг хаёллари чексиз эди. У жуда кўп нарсаларни ўйларди. Баайни хаёллар ичида эртага мактабга борса, Фатҳиддиндан ўзини қандай олиб қочишлар борасида ҳам режалар тузарди.

Аммо эртасига мактабда Фатҳиддин унинг олдига келмади. Гўё ҳеч гап-сўз бўлмагандай бемалол юра берди. Дарслар тугаёзди ҳамки, йигитдан севги ҳақида бирор садо чиқмади. Аксинча Фатҳиддин лоқайд бўлиб қолгандек эди. Бу ҳол Улжамолга алам қилди. “Яхши кўрмай қолдимикин?” деб ўйларкан, “Ажаб бўлибди, қутилибман”, – дерди-ю, лекин ўзига бўйсунмас ички бир ўжарлик юрагини ўртарди.

Шу ҳолатда дарслар тугаб у уйга қайтди. Мактабдан узоқлашганида йигит ортидан етиб келди.

– Улжамол, сени кузатиб қўйсам майлими? – сўради Фатҳиддин. Овозидаги дадил охангдан йигит бу гапни аввалдан ўйлаб қўйгани сезилиб турарди.

– Раҳмат, доим юрган йўлим, мени бўри емайди, – деди терс Улжамол.

Қизнинг бу терслигидан Фатҳиддин бирров иккиланиб қолди.

– Эҳтимол бугун бўри еб кетар, – деди кейин йигит орани юмшатишга интилиб, кулимсираганча.

– Еб кетса яхши бўларди, жонимга тегди ҳаммаси.

– Унда… унда мен бўри бўламан

– Мендан ўзи нима хоҳлайсан, бор ишингни қил!

– Тўхта, аввал… Мавжудага айтган гапинг ростми?

– Ҳа! Йўқ деб айтдим! Бор энди, ишингни қил!

– Унга яна бошқа гапни ҳам айтибсан-у.

– Бекоргинани айтибди, бошқа ҳеч нарса демадим!

Фатҳиддин бирдан ҳушёр тортди.

– Демак у мени алдабди-да! Устимдан кулибди-да!

– Билмадим, буни бориб, унинг ўзидан сўра, мени ҳоли қўй.

– Тўхта, олдин айт: мен ўзимни ўлдирсам, сен ҳам ўзингни ўлдираман деганмидинг, йўқми?

– Уф-ф, жонимга тегди ҳаммаси! Бор, ё олдинга ўтиб кет, ё орқада қол! Агар ҳозир кетмасанг дод деб юбораман!

Фатҳиддин жойида қотиб қолди.

– Мавжу мени алдабди-да, – деркан, йигитнинг кўзларида мунг пайдо бўлди. – Сен ростдан ҳам ундай демаганмидинг? У мени аҳмоқ қилибди-да! Ҳозир бориб кунини кўрсатаман!

Улжамол йиғлаб юборди.

– Жонимга тегди ҳаммаси! Бор, йўқол!! – деди ва юзини тўсганича додлаб югуриб кетди.

* * *

(Давоми бор)

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: