Ғафур ЙЎЛДОШЕВ

У Й Ш У Н  О Т А   Ғ О Р И

( Қ и с с а. Д а в о м и)

(6)

Бола юрганида ота-она бир қувонса, тили чиққанида бир қувонаркан. Бу каби қувончли дамларнинг уланиб кетавериши эса таърифга сиғмас бир жаҳон бахт бўларкан. Кечагина ҳовучдеккина эди, мана бугун жамалак сочларини силкитиб мактабга қадам қўйди. Яқиндагина бурро-бурро қилиб, “а-а, б-б, в-в”, деганича китоб варақлаб турарди, бугун эса бўйи онасига тенглашиб, отасининг қўлига сув қуядиган бўлди – дунёда бундан-да ортиқ бахт борми!

Чўғолни суюнтирган яна бир нарса – Улжамолнинг китоб ўқишга бўлган ҳафсаласи эди. Бошқа бирон иш чала қолса қолардики, бироқ қизининг қўлига тушганки китоб албатта ўқиб тугатиларди.

– Менинг отинча қизим-да бу! – дея Улбиби кампир Улжамолнинг кўп китоб ўқишидан фахрланишини яширолмасди. Худо хоҳласа, ҳали каттакон бўлиб, “Волга”ларда юради бу қизим.

– Овқат маҳалида ўқишга бало борми, – дея Тўмиғ чол аксинча ғўлдирарди. – Қиз бола аслида камроқ ўқигани маъқул. Пушти кўйиб “Волга”ларда юргандан кўра, бир этак боласи билан уйда ўтиргани яхши эмасми. Каттакон бўлиб, ўшнақа лўмбиллама машиналарда юрганлардан қанчасини кўрганмиз, ҳе-э, ит ўхшасин-эй унақаларга!

Лекин Улжамолнинг китобни кўп мутолаа қилиши салбий таъсирини ҳам кўрсата бошлади. У соатлаб хаёл сурадиган одат чиқарди. Бир куни – Улжамол ўн икки ёшлардалигида – Чўғол қизига юк ташийдиган қўлбола аравани ҳовлининг этагидан олиб келишни буюрди. Қош қорайиб қолганди. Қизи негадир тайсалланиб тураркан, Чўғол буни дангасаликка йўйиб, “Бўл тез!” деди.

– Этакдаги зовурда девлар бор, – деди Улжамол.

Чўғолнинг жаҳли чиқса-да, ўзини тутолмай кулиб юборди:

– Ҳе-э, кўкнорихаёл девлар эртакда бўлади.

Қизи барибир тайсалланиб тураркан, ноилож Чўғолнинг ўзи бориб аравани ғилдиратиб келди. Бироқ, кейинчалик бу воқеа отанинг хаёлига ўрнашиб қолди. Қизининг тасаввури бойиб бораётганига тан берса-да, бу аҳволдан хавотирга тушди. Шундан сўнг Чўғол ҳам Тўмиғ чол каби Улжамолнинг қўлида китоб ёки газета кўрса тергайдиган одат чиқарди. Бироқ Улжамол отаси ва бобосидан яшириб бари бир кўп мутолаа қиларди. Бунга сайин эса унинг “кўкнорихаёл”лиги ортиб борар, баъзида борган жойида тўхтаганича соатлаб ўйланиб турарди.

Афсуски, навбатдаги дарднинг унга ёпишиши ҳам китоб ўқиётганида рўй берди.

Улжамол балоғат остонасида турган кунларнинг бири эди. Ҳовлининг адоғидаги қизил олма дарахтининг соясига эски шолча ташлаб, қўлида китоб, чўзилиб ётарди. Аввалига оёқ томондан кимдир юриб келаётгандай туюлди. У китобга берилиб кетгани учун уй юмушларини қилиб юрган катталардан бири бўлса керак, деган ўйда аҳамият бермади. Лекин ортидан келган “кимса” худди уни силаган мисол, гардани оша муздек “қўл” сирғалиб олдинга ўта бошлади. Улжамол сесканганча шошиб ўгириларкан, нақ рўпарасида ўзига ўқдай тикилиб турган бир жуфт кўзларни кўрди. “Қизиқ: ғалати кўзлар – одамникими бу, бироқ одамникига ўхшамай…”

– А-а, ило-о-н-н!!! – у бақирганча ҳушидан кетди.

Чорпояда кўрпа қавиб ўтирган Улбиби эна:

– Вой, туф-э! Ҳой-ҳуй, ким бор! Холниса!? Ҳув Холниса, ким бақирди?! Улжамол эмасми, қараб қўйинг! – деркан сабри чидамай ўзи ўрнидан турди. Қизил олма дарахти ёнига етиб келди-ю, неварасини ўраб олган, баайни уйнинг устунидек йўғон илонни кўриб ҳуши бошидан учиб кетди. – Войдод ким бор?! Войдод, ёрдам беринглар! – деб бақиришга тушди.

Ҳовлида Тўмиғ чол билан Холниса бор эди, чопиб келишди. Тўмиғ чол дарҳол ҳассасининг учини илонга ўқталганча аста яқинлашди.

Илон Улжамолнинг юзидан бир қарич берида, қаддини ғоз тутиб, кўзларини қизнинг жипслашган киприкларига тикканича карахт ҳолда селпиниб турарди.

– Кет!! Кет-кет!!! Кет!!! – деб бақирди чол, ҳассасининг учини нуқтаган кўйи.

Илон қаттиқ бир силкинди. Чолга ўгирилиб, кўзларини чақчайтирганча вишиллади. Тўмиғ чол энди овозига мулойимлик берди:

– Кет жонивор! Кетгин, кет-кет!! – у шу сўзларни тинмай қайтаришга тушди. Бу орада Холниса қаердандир бешилик топиб келди. Илонга санчмоқчи бўлиб интилаётганди, қайнотаси келинининг қўлидан бешиликни тортиб олди-да, ўзи газандани ўдағайлашга тушди. Илон вишиллай-вишиллай, охири оғушидан Улжамолни бўшатди. Сирғалиб ҳовлининг этагидаги зовур томон кетди. Шу заҳотиёқ Улбиби эна билан Холниса оғзидан оқ кўпик келганича беҳуш ётган Улжамолга ташланишди. Тўмиғ чол аёлларни нари суриб, неварасини даст ердан кўтарди, ёшига ярашмаган эпчиллик билан иликлари қалтираб, қоқилиб тушгундай бир алпозда, узум сўртаклари остидаги чорпояга олиб борди.

– Сув! Сув олиб келинглар! – деди аёлларга Тўмиғ чол. Чўмичдаги сувни олгач эса дарров неварасининг юзига сепди. Улжамол бир сесканди. Кўзларини очиб, тепасида турганларга бирров қаради-ю, нафаси бўғзига тиқилиб келди. Ўқчиди. Ҳиқиллаб, бутун гавдасига титроқ кирди. Силкиниб-силкиниб йиғлади. Бу худди Улбиби кампирнинг дарди тутиб қолгандаги ҳолатнинг ўзи эди.

– Қизим, мен шу ердаман, қизим! – Холниса ўзини йўқотиб Улжамолга ташланди.

– Отинча қизим, бу биз… бизмиз бу, қизим! – деди Улбиби кампир ҳам неварасининг қўлларига ёпишиб…

Улжамол эса ўша куни кечгача дам ўзига келиб, дам ўзидан кетиб, алаҳлаб чиқди.

Кечқурун даладан қайтган Чўғол аҳволни кўриб ўзини тутолмай қолди. Пичоғини қинидан суғуриб, зовур томон кетди. Дарахтзор этагидаги зовур ғира-шира уммонида, қуруқшаган ўт-ўлан-у шовуллаган қамишлари билан одамни ютаман деб турарди. У дарахтдан қулочдай бир шохни синдириб, зовурнинг ичини ағдар-тўнтар қилишга киришди. Ҳансираганича анча жойни кезиб илондан асар ҳам топа олмади. Охири, юз-қўлларини қамишлар тилиб ташлаган ҳолда, этиклари балчиқ юқи, бўшашиб қайтиб келди.

Бу пайтга бориб Улжамол ниҳоят ухлаб қолганди. Катталар қизнинг ёнида чой ичиб ўтиришарди. Холниса дарҳол эрига илиқ сув келтирди. Чўғол этигини ечди, юз-қўлини ювди. Дастурхонга яқинлашаркан отасига зардали нигоҳ билан қаради. Умрида отасига ҳеч қаттиқ гапирмаган одам бу сафар ўзини тута олмади:

– Бешиликни санчиб, калласини мажақлаб юбормайсизми, падарлаънати ўша илонни!

Тўмиғ чол бошини эгди, индамади. Мийиғида кулган бўлди.

– Менга қара, – деди бир оздан кейин отаси. – Улжамолни ўзи қўрқиб кетди, аслида илонга тегмасанг, жониворни одамга зиён қиладиган жойи йўқ. Буям итга ўхшаган бир жонивор – одамга дўст бўлади. Раҳматли энам илонларни бўйнига ўраб юрарди. Авваллари илонлар бу атрофда тозаям кўп бўларди. Мана энди, ўн-ўн беш йилнинг буёғида номига илон кўринмай қолди.

Чамаси, бу узоқдан келган шекилли. Илоннинг келиши аслида яхшилик аломати, илон бор жойда қут-барака бўлади.

– Э, ашнақа қут-баракани ҳам! – Чўғол чидаёлмай жаҳл билан ўрнидан туриб кетди. Уй ичига йўл оларкан ғудранди: – Неварасини ўлдириб қўяй дебди-ю, яна йўқ ердаги гаплар билан насиҳат сўқади-я!..

Ўғли ичкарига кириб кетгач Улбиби кампир чолига танбеҳ берган бўлди:

– Аҳволини кўриб турибсиз-у, хўп деб қўя қолиш ўрнига, одамнинг энсасини қотириб, йўқ ердаги гапларни гапирасиз-а!

– Нега йўқ ердаги гаплар бўларкан! – деди Тўмиғ чол. – Энам раҳматли нақ менга иккита келадиган басавлат аёл бўлган. Бунақа илонлардан тўрттасини бемалол кўтарарди. Болалигимда бир воқеа ҳеч эсимдан чиқмайди. Бир куни эрталаб уйғонсам, болишимнинг тагидан қамчининг учидек бир нарса чиқиб турибди. Илоннинг думи эканига фаҳмим етмай, шарт болишни кўтарибман-да, илон кулча бўлиб ётган экан! Дод деб бақирдим. Энам жонҳолатда югуриб келди. “Хаҳ, боласи тушмагур-а, юрагимни чиқариб юбординг, бу ҳам Худонинг яратган битта жонзоти-да, тегмасанг одамга ёмонлиги йўқ!” деб илонни қўлида ушлаганча, ҳовлига олиб чиқиб қўйиб юборган.

У пайтдаги одамлар билан ҳозиргиларни солиштириб бўларканми, – деди Улбиби кампир. – Унда одамлар қишда музни тешиб чўмилишарди. Эндигиларнинг аҳволини кўриб турибсиз-у, “деҳқон шабода”га ҳам шамоллаб қолаверади. Бошқаларни қўйинг, мана ўзингиз-чи, икки кунда бир апчшулайсиз.

– Ҳамма нарса ўрганишга боғлиқ, – гапдан қолмади Тўмиғ чол. – Мен ҳам энди сенларнинг кўйингга тушиб шунақа бўлиб қолдим. Асли умримда илон зотидан қўрққан одам эмасман. Бизни кўзи пишсин деб, энам раҳматли илонларни қўлида ушлаб туриб эртаклар айтиб берарди. “Ҳайвон борми, парранда борми – ҳаммаси одамга ўхшайди, уларда ҳам одамникидақа юрак бор, гаплашсанг, сенга дўст бўлади”, дерди, Худойим руҳини шод қилгур энам. Сен ўзи илоннинг келиб чиқишини биласанми? Икки ошиқ-маъшуқ: “Бундан кўра бирон махлуқ бўлиб яралганимиз ҳам яхши эди”, деб бир-бирига етишолмасдан нолиганларида, ношукурчилиги бошига етиб, илонга айланиб қолган экан. Энам раҳматли айтарди: “Агар илоннинг кўзига тикилиб, яхшилаб қарасанг, ана ўша икки ошиқ-маъшуқнинг…”

– Вой, туф-туф-эй! Бўлди қилинг, гапингиз қурсин-эй! – деди Улбиби кампир чолининг сўзларини бўлиб. – Турқига ўт тушсин ўша илонларни! Қўйинг бу гапларни, бундан кўра, бошқа нарсадан гапиринг, ё яхшиси жим ўтиринг!

– Ҳозир хаёлимда айланаётган яна бир гапни айтсам, сенлар тунов кунгидақа, бу мияси айниган чол, деб, мени устимдан тағин куласан, биламан. Лекин шунақа бўлса-ям, айтмасам бўлмайди: чунки бу яна келади. Мени фаҳмимча бу илон неварангга бекорга ёпишмаган-ов! Илоннинг ниятини кўрдинг ёмон эмасди…

– Э, тавба, нима демоқчисиз бу гапингиз билан! Бўлди қилинг, дедим-ку, сизга! Ҳа ахир, неварангизни ўраб олиб, авраётганини ўзимиз ўз кўзимиз билан кўрдик-ку!

– Ҳеч ҳам аврамаётганди. Илон одамни қандай аврашини мен биламанми, сен биласанми. Биринчидан, фақат қора ёки тўқ жигарранг илонлар одамни аврайди. Неварангга ёпишгани оқ олачипор эди. Иккинчидан, Имин бригадир шийпонда ухлаб ётганида, ёнидаги толдан илон тушиб авраётганини ўз кўзим билан кўрганман. Илон одамни бу тахлитда аврамайди.

– Яхши ҳам ўша Имин бригадирни авраётганини кўрган экансиз, шу бир умр сизга дастак, минг марта айтгансиз шуни!

– Айтган бўлсам нега мен билан тағин тортишасан, индамай гапга қулоқ солсанг-чи. Бу илон неварангни авраётган эмасди. Агар илоннинг нияти ёмон бўлганида ўша заҳотиёқ қилгулигини қилиб бўларди.

– Хўп, сизники тўғри, – деди Улбиби кампир. – Боринг энди, таҳоратингизни янгиланг, шомни ўқийдиган вақтингиз бўлди.

– Йўқ, тўхта, мен ўзи нима демоқчи эдим, ана гапимдан ҳам адаштириб юбординг, – деди Тўмиғ чол. – Ҳа-а, бўлди, эсимга келди. Бу илон раҳматли энам ўша пайтларда сийлаб юрган илонлардан бири бўлса керак. Ўшанда бу жониворлар энамнинг ўлимини олдиндан сезиб, бизникидан кетиб юборишган. Жониворларда ўзи шундай бўлади – одамнинг ўлимини олдиндан билиб улар эртароқ кетворишади. Айтдим-ку, бизникида илонлар олдин кўп бўларди деб. Бу ҳойнаҳой ўшалардан бири, узоққа кетган бўлса дунёни айланиб, мана энди қайтиб келди. У ёғини сўрасанг: яхши ният қилиб неварангга Улжамол деб энам раҳматлининг отини қўйганмидик, тўғрими? Энамни излаб келган илонлардан-ов бу.

– Э, овозингизни ел олсин-э! Ҳақиқатдан ҳам миянгиз айниб қолибди! Боринг, намозни ҳам ҳозир қазо қиласиз! Гапираётган гапларингиз бугун бир-биридан совуқ.

– Уф, булар мана шунақа, тўғри гап туққанингга ёқмабди дейишади-ю, ҳа майлим Худойим ишқилиб тинчлигидан берсин, – Тўмиғ чол ўрнидан туриб таҳорат ушатишга кетаркан, нарироқдан бари бир гап қўшди: – Ҳар эҳтимолга қарши ҳушёрроқ бўлгин, демоқчи эдим-да, агар мени чамам тўғри бўлса, Худо сақласин-у, илон яна келади.

– Бўлди-бўлди, боринг энди. Холниса, ҳув Холниса! Қаёққа кетингиз, келинг, айвоннинг чироғини ёқиб юборинг, бугун қоронғи ҳам эрта тушдими дейман.

Холниса келиб чироқни ёқаркан, Улбиби кампир кутилмаганда бор овози билан бақирди-да чорпоядан отилиб тушди.

– Войдод! Войдод!! – дерди кампир тепадаги узум сўртагига қараганча.

Узум сўртаги ораларидан эса бояги илон осилиб нақ Улжамолнинг устига тушиб келарди. Ўчашгандай кампиринг шовқунидан Улжамол ҳам уйғониб кетди. Илонга кўзи тушиб, қочмоққа интилди. Бироқ қоқилиб кетаркан чорпоядан ағдарилган кўйи қимир этмай қолди.

Чўғол ичкари уйдан югуриб чиқди. Аҳволни кўрди-ю, атрофга аланг-жаланг қаради. Икки қадам нарида ётган болтани кўриб, тезликда олди. Илонга яқинлашиб, қоқ бошига туширди. Газанда борлиғи билан чорпояга шалоплаб тушди. Чўғол ўзлигини унутганча, кўзлари қонга тўлиб, илонни чопиб-чопиб ташлади.

Бу фурсат Холниса билан Улбиби кампир Улжамолни нари судрашди. Қизнинг яна оғзидан оқ кўпик келган, оёқ-қўллари шалвираганча, беҳуш ётарди. Тағин юзига сув сепишди. Қиз ўзига келар-келмас титрашга тушди. Титради! Титради!! Гўё еру жаҳонни вужудига қамраб титради! Ёнидаги – ёрдам беришга қурби етмай иложсиз турган қондошларининг юракларини узиб-узиб титради!..

Шу баҳона Улжамол юрак ўйноғи касалини орттириб олди. Баъзида: “Вой-ей, юрагим ўйнаб кетди!” деб, ранги-рўйи оқарганча ҳолсизланиб, ўтириб оладиган одат чиқарди.

* * *

(Давоми бор)

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: