Жаҳонгир Муҳаммад: Суратлар тарихи(5)

Бу сурат 1990 йилнинг баҳорида Намангандаги сайловолди учрашувларидан бирида олинган. Минбарда Дадахон Ёқубов (чапдан биринчи) ва Жаҳонгир Муҳаммад (чапдан учинчи).

Бу сурат 1990 йилнинг баҳорида Намангандаги сайловолди учрашувларидан бирида олинган. Минбарда Дадахон Ёқубов (чапдан биринчи) ва Жаҳонгир Муҳаммад (чапдан учинчи).

НОВДАЛАР

1990 йилнинг 18 февралида Ўзбекистон Олий Кенгашига сайловлар бўлганди. Демократия шамоли бор эди. Шунинг учун иккинчи турга қолганлар ёки сайланолмаганлар ўрнига янги номзодлар чиқиши каби ҳоллар ҳам бўлган.  Мен биринчи турда муқобил асосда сайланган эдим. Танишларимдан иккинчи турга қолганлар ёки янги номзод бўлганлар биргаликда уларнинг сайлов округларига боришни сўрашарди. Янги депутатман, ҳаммасига улгуриш мумкин эмас. Фақат 2-3 тасига боролдим, холос. Шулардан бири дўстим Дадахон Ёқубов  сайланаётган округ эди. Унинг номзоди Намангандан кўрсатилганди.

Дадахон билан ТошДУнинг журналистика факултетида ўқиганимиздан бери таниш эдик. Биз аслида икки дунёнинг одамлари эдик. Характер ва ҳаёт тарзимиз билан. Лекин бизни руҳиятдаги яқинлик бир-биримизга тортиб турарди. Орамизда қандайдир ижодий мусобақа ҳам бор эди.

Дадахон дарвешсифат-самимий йигит эди. У бир неча ойлаб кўринмай қоларди. Бирдан метродан чиқишдами ёки кўчадами дуч келиб қоларди. Нималар қилдик ва нималар қилмоқчимиз – бир-биримизга навбат бермай гапирар эдик. У бироз довдир, аммо талантли журналист, кўнглида кири йўқ инсон эди. Яхши гапни ҳам, ёмон гапини ҳам очиқ айтаверарди.

Тақдир  дўстларни ҳар қадамда учратараверади деган гап бор. Бир кун яна кўчада учрашиб қолдик. У телевидениега ишга ўтганини айтди. Кейин “Ҳаёт қувончлари ва ташвишлари” деган дастур қилмоқчи эканини гапирди. Мен уни Самарқандга таклиф қилдим. Дастурни иккаламиз ҳозирладик. Кўрсатилиши билан машҳур бўлиб кетди. Такрор ва такрор кўрсатилди. Бошқа вилоятлардан тайёрланганлари ҳам оғизга тушди. Аммо Қашқадарёдан тайёрлангани ғирт сиёсий бўлгани, вилоят партия комитетининг биринчи котиби Ислом Каримов ва туман котибларига бағишланиб кетгани учун оғизга тушмади. Бундан Дадахоннинг ҳам кўнгли тўлмай юрганди.

Мен депутат бўлиб энг кўп овоз олишимда эса республика матбуотида кескин чиқишларим қаторида “Ҳаёт қувончлари ва ташвишлари” дастурининг Самарқандга бағишланган қисми катта шов-шувларга сабаб бўлгани ҳам ўзига хос рол ўйнаганди. Шунинг учун ҳам Дадахоннинг депутат бўлишини чин дилдан истардим. Унинг таклифи билан Наманганга бориб номзодини тарғиб қилишни бурчим деб билгандим. Учрашувга борган жойимизда одамлар бизни катта ҳурмат ва олқиш билан кутиб олишарди.

Дадахон асли андижонлик бўлса ҳам наманганликлар уни ўз фарзандларидек қабул қилиб, расмий номзодни эмас, уни қўлладилар.

Ўшанда Наманганга борганимизда уламолардан бирининг уйига меҳмонга чақиришди. Ҳовлида бодом дарахти бор экан ва шу дарахт остида  бир кексароқ одам билан гаплашдик. Шу одамнинг бир гапи эсимда қолган׃

-Мен сизларни ака-ука деб ўйлайман. Бирингиз Самарқанддан, иккинчингиз Андижондан.. Мана келиб Наманганни улуғлаб турибсизлар. Жуда ёшсизлар. Келажак олдинда. Ўзбекистонимизнинг йигитлари ана шундай ака-ука бўлсинлар доим! Ўшанда бу ватанимиз зўр ватан бўлади!

У шундай деб ушлаб турган ёш  бир новдани билмасдан тортиб юборди. Новда қирч этиб синди. У одам ўзини ноқулай сезди. Парво қилмагандек ичкарига кирдик.

Лекин мана орадан 20 йил ўтиб ҳам ўша воқеани худди кеча бўлган каби эслаб турибман. Кошки ўша ёш новда… кейин эса минглаб новдалар синмаса эди?!

www.jahonnoma.com

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: