Сатира: Нофизийдан нома (21)

ШАҚАТУЛ

Бир жойда ўқиб қолдим, жаллодларни оқлаш кампанияси бошланибди. Шунга ҳам Сайрамда байрамми? Ахир баҳор келмоқда! Оқлаш кампанияси қачон бошланади? Баҳорда. Эсингиздан чиқдими, ҳар йили баҳорда бўладиган оқлаш кампанияси!  Эслатайинми? Уч хил оқловчилар бўлади. 

1.Мажбурий оқловчилар. Эсингиздами, мактабда сизни мажбурлаб олиб чиқиб дарахтларни, катталар ўтадиган йўллар бўйидаги биноларни оқлатишарди. Мажбур эдингиз. Қилмасангиз мактабдан ҳайдашмаса ҳам бирор жазога тортишарди.

Ихтиёрий оқловчилар. Баҳор келиши билан уйларининг олдини тозалаб, биноларнинг ташқи томонларини ўз ихтиёрлари билан оқлаб қўядиганлар бўлади. Улар ҳамма нарсага ростдан ҳам ишонадиган, ғирт содда, самимий одамлар.

3.Уста оқловчилар. Буларнинг куни шу ишдан ўтади. Бу уларнинг касби. Ишларини сифатли бажарсалар маошлари ошмаса ҳам мақтовлари ошади. Улардан ҳам ўпкалаб бўлмайди. Касблари шу. Бошқа иш қила олмайдилар. Шу ишни танлаганлар. Касбга айб йўқ.

Ана шундан келиб чиқсак, жаллодларни оқловчилар қайси тоифага киришини аниқлаш қийин эмас. Уларнинг орасида елмоялари бор. Елмоя нима дегани деб ўйланиб қолдингизми? Ўзбек тилини ўрганинг. Елмоя дегани бу тез юрадиган букри туя дегани. Уларни елмоя деганимнинг сабаби ҳали режим қуламасдан жаллодларни оқлашга киришиб кетдилар. Тез лўкилламоқдалар. Манзилга шошмоқдалар. Оқ йўл сизга қора йўлда!

Энди уларга янтоқ бераман деб адаштириб турган  шақатуллар ҳам бор. Менимча, шақатул деганини ҳам тушунтиришим керагов!. Чунки “маликаи ўзбакон” номини олган Лола хоним “ўзбекчани равон гапирди” деб байрам қилиб юрибсизда. Ваҳоланки, у ўзбекчани отасидан ҳам баттароқ бузиб гапирди. Биров ёзиб берган матнни ўқишда эса отаси ундан дуруст. Хуллас, ўйламасдан сўйлайдиган, ҳавойи, ҳовлиқма, ўпкасини қучоқлаган кимсаларни шақатул дейдилар. Жаллодларни оқлаш шуларга топширилади. Уларнинг оҳак солинган сатиллари (сатил сабил эмас, яъни челак) яхши товуш чиқаради, шўткаси (шутка эмас) силлиқ, агар шўткасининг қиллари тўкилса, ундайлар тилини ишга солади…

Баҳор келмоқда. Оқлаш кампанияси бошланганига ажабланманг! Бу табиий ҳол! Минг йиллардан бери давом этиб келаётган анъана бу!  Оқлаганни оппоғим дейишади, оқламаганни шапоғим! Яъни қуёшни кўрганда кўзи қамашиб қоладиган шапоқ! Кўзингиз қамашиб қолмасин, каттароқ очинг!

Нофизий.

Тошкент.


Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: