Жаҳонгир Муҳаммад: Суратлар тарихи(4)

ТАСЛИМ

Урушни бошлаганлар ютқазадилар деган гап бор. Тарих бунга кўп маротаба гувоҳ бўлган. Лекин ютқазганда ҳам қандайдир аҳмоқ лидерларнинг аҳмоқона амбициялари учун минглаб бегуноҳ инсонларнинг умрлари барбод бўлган.

Сичқоннинг ўлгиси келса, мушук билан ўйнашади. 1941 йилнинг 7 декабр куни Япония АҚШнинг Зумрад оролчаси – Пёрл-Ҳарбор(Pearl Harbor)даги ҳарбий флотига кутилмаган ҳужум қилади. Бу АҚШнинг иккинчи жаҳон урушига қўшилишга ва япон халқининг асрий азобларига йўл очган воқеадир.

Аслида японлар бу ҳужум учун 1941 йилнинг 26 ноябр куни йўлга чиққанлар. Афсуски, амалиётни мутлоқ сирли тайёрлаган вице-адмирал Нагумо ва флот қўмондони Исороку оқибатни тахмин қила олмаганлар.

Японлар олтита йирик кораблда 441 та бомбардимончи учқичлар  билан амалиётга чиққанлар. Иштаҳаси карнай бўлган япон императори Жанубий Осиёни босиб олмоқчи бўлган ва бунинг учун аввало АҚШнинг Ҳавайидаги флотини тор-мор этиш керак деган хулосага келган.

7 декабрда АҚШ аскарлари уйқуда эканида кутилмган ҳужум билан японлар Оаҳу оролини олов кўлига айлантиришган. Пёрл-Ҳарбордаги корабл ва кемалар сувга ғарқ қилинган. 188 та учқич темир-терсакка айланган, яна159 таси ишдан чиқарилган. 2403 нафар АҚШ аскари ҳалок этилган. Биргина “Аризона” линкор-корабли портлатилишининг ўзиёқ минг кишининг ўлимига ва мингдан зиёд кишининг оғир жароҳат олишига сабаб бўлган. Олти ой давомида Пёрл-Ҳарбор ярадор шер каби ўзи билан ўзи олишган. Бу эса Япониянинг Ҳонкконг, Бирма, Сингапур, Филиппин ва бошқа давлатларни босиб олишига йўл очган.

Совет даврида биз АҚШнинг Японияга бомба ташлагани ҳақида кўп ўқирдик. Ҳиросима ва Нагасаки даҳшати учун Америка қораланарди. Бу қарорни бугун ҳам оқлаш мумкин эмас.  Лекин атом бомбасини ташлашга қадар бўлган тарихни ҳам унга қўшиб билишимиз керак.

Коалиция кучлари Потсдам шартномаси (1981 йилда Олмония сафари доирасида Потсдамга боргандимда шу ҳужжат имзоланган тарихий жой- бугунги музейда ҳам бўлгандим-ЖМ)  билан Япониядан урушни тўхтатишни талаб қилишган. Ўжар император рози бўлмаган. Бунга жавобан Япониянинг ўнлаб шаҳарлари ўққа тутилган. Лекин императорлик халқни эмас, ўз амбициясини ўйлаб қаршиликни давом эттираверган. Бу орада Олмония таслим бўлган, лекин Япония босиб олган жойларида ваҳшат сочаверган.

Япон йўлбошчиларининг бундай ўжарлиги халқининг бошига бало бўлди. Нафақат урушни ютқазди, нафақат босиб олинган ерлардан қувилди, балки Ҳиросима ва Нагасаки каби шаҳарлари ўлим ёмғири остида қолди. Бир даҳшат бошқа даҳшатларни бошлаб келди…

Урушни бармоқ билан саноқли аҳмоқлар бошлайдилар, лекин урушда сон-саноқсиз ақллилар  ҳалок бўладилар. Бу сафар ҳам шундай бўлганди.

Японлар 1941 йилда ўзлари Пёрл-Ҳарборда  аёвсиз ўққа тутган “Миссури” кораблида таслим ҳужжатига имзо қўйишга мажбур бўлдилар.

Бу воқеа 1945 йилнинг 2 сентябр куни Япония вақти билан соат 9:02да Токио бўғозида юз берган. Бу иккинчи жаҳон урушининг ҳам битиши эди. Ана шундай тарихий воқеанинг гувоҳи – “Миссури” корабли бугун Ҳавайида сув устидаги улкан қалъа каби мағрур турибди.

2009 йилнинг августида Пёрл-Ҳарбордаги ана шу тарихий кораблда бўлганимда таслим ҳужжатини ҳам кўриб, урушга кирмаслик бундай шармандаликдан осонроқ эди-ку деган хаёл кечди кўнглимдан.

АҚШнинг турли бурчакларидан келган уруш фахрийлари, тарихчилар бу корблда туриб, келган сайёҳларга айтиб берган ҳикояларни тинглаш учун бир кун камлик қилади. Лекин уруш даҳшат эканини англаш учун бир кун ҳам етарли. Иккинчи кун учун бу руҳий оғир юк бўлади.

Бу куннинг хулосаси шу бўлди: урушни бошлаганлар барибир ютқазадилар, шармандаларча таслим бўладилар! Ютқазмаслик учун, шармандаи шармисор бўлмаслик учун эса бошламаслик керак! Бу шунчалик оддий, содда ҳақиқатдир!

http://www.jahonnoma.com

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: