Ғафур ЙЎЛДОШЕВ

У Й Ш У Н  О Т А  Ғ О Р И

( Қ и с с а. Д а в о м и)

(5)

– Ака, сизмисиз? Вой, туф-эй, қўрқиб кетдим! Нима бўлди, “Тез ёрдам” чақирдингизми? – Бу ҳадикли овоздан Чўғол ўзига келди. Атрофга разм солди: ойдинда илондай товланиб ётган ўша қинғир-қийшиқ тош кўча, қабрлардай савлат тўкиб турган ўша уйлар. Фақат, қаердан келди экан – ёнида синглиси!

– Ака, нима бўлди? “Тез ёрдам”ни чақирдингизми? – қайтадан сўради Меҳриниса.

– Менга қара, Улжамол Гўшкеттиникига жанозага борганмиди?

Меҳриниса аввалига донг қотиб қолди. Кейин шартта чўккалаб, акасининг тиззаларини қучоқлади.

– Жон ака, ўзингизни болангиз, жигаргўшангиз, ёшлик қилибди, кечиринг, жон ака, кечиринг!! – деди синглиси йиғламсираб.

– Демак, рост экан-да! – Чўғолнинг ичидан нимадир узилиб кетгандай туюлди. Бўшашиб, оғир “уф” тортди.

Акасининг қаҳри бир келса ёмон бўлишини билган Меҳриниса ўзини тутолмай қолди. Чўғолнинг тиззаларини яна-да қаттиқроқ қучоқларкан баралла йиғлаб юборди. Йиғлаб туриб гапирди:

– Жон ака, шу сафарча шайтонга ҳай беринг! Жон ака, ахир ўзингизни болангиз!.. Ахир болангиз-ку, жон ака!!.

Оталик меҳри барча нарсадан устун келди. У – икки маротаба қамалиб чиққан ва бутун қишлоқ қаҳридан қўрқиб турадиган – Чўғол фарзандига бўлган меҳри туфайли “шайтонга ҳай берди”.

– Тур ўрнингдан! – деди қатъий оҳангда синглисига.

Меҳриниса елкасига тепки тушишини, акаси шитоб билан уйга кетиб юборишини кутганди. Бироқ, вазият яхши томонга ўзгарганини тушунди-ю, дарҳол қаддини тиклади.

– Ака, докторни ўзингиз мотоциклда бориб айтиб келмасангиз бўлмайди, – дея сайрай кетди ўрнидан турган Меҳриниса. – Биласиз-ку, “Тез ёрдам”дагилар анча-мунчага келишавермайди. Ака, ўзингиз бориб олиб келганингиз маъқул. Улжамол баттар оғирлашиб қолди. Юринг, ака, тезроқ!

Синглисининг бу таклифи яхши бўлди. Чўғол ҳозир уйга борса яна юраги сиқилиши ва оқибат ўзини тута олмай бирор кори ҳолни содир этиши мумкин эди.

– Ака, борганингизда докторларга қаттиқроқ гапиринг. Ҳозир юрасан, деб туриб олинг. Уларни биласиз-ку, бугун кеч бўлди, эртага борамиз, деб баҳона ишлатиши мумкин… – уйга кетишаркан йўл аро тинмай акасига гап тайинларди Меҳриниса.

Шундай қилиб Чўғол ўн олти чақирим наридаги туман марказига жўнаб кетди. Олдинда эса унинг ҳаётини тубдан ўзгартириб юборувчи тасодифий воқеалар, йўқ, тўғрироғи, бахтсизликлар кутардики, инсонга бу каби муносабатда бўлишлари ҳақида кўпчилик эшитади-ю, тасаввурга эга бўлмайди. Ваҳоланки, қишлоқ одамларининг кўнгилчанглиги айрим кимсаларга қўл келади. Улар тўпори инсонлар устидан ўзларича қонун чиқариб, ҳукм юритишади. Шаҳар ҳаётини кўрган Чўғол бундай пайтларда сира-сира тоқат қилолмасди. Ҳозир у қўшни Қора-янтоқ қишлоғидан ўтиб бораркан шундай воқеалардан бирини хотирлайди.

Қавс ойининг бошлари, Холниса иккинчи бора – Улжамолдан кейинги фарзандга оғироёқ бўлган пайтлар эди. Вақти соати етгач, аввалгидай Мели чўлоқнинг “Запорожец”ида туман марказига жўнашди. Қора-янтоқ қишлоғидан чиқаверишда, “облава”, деб қолди Мели ака. “Облава” сўзи қамоқхонада бошқа маънода ишлатилиши учун аввалига Чўғол тушунмади. Тикилиброқ олдинга қаради: ярим чақиримлар узоқда йўл машиналарга тўлиб турарди. Яқинлашишаркан бир тўда одам ва алақанча милиционерларни кўришди. “Шофёрларнинг ҳужжатларини текширишаяпти шекилли”, ўйлади Чўғол. Лекин “облава” бутунлай бошқа нарса экан.

– Райкомнинг буйруғи: бир этакдан пахта териб бериб, кейин ўтиб кетасизлар, машинадан тушинглар, ана у ерда этаклар бор, – деди уларни тўхтатган милиция сержанти.

Мели чўлоқдан бошқа ҳамманинг кайфи учиб кетди. Чўғолнинг тишлари қисирлади. Ҳалидан буён инқиллаб келаётган Холниса ”Уҳ-қ!” дея ингради.

– Эй Худойим-эй! – дея Улбиби кампир милиционерга вазиятни тушунтирмоқчи бўлди. – Ҳай, айланиб кетай, жон болам, биз туғруқхонага боряпмиз, мана бу келинимни вақти соати яқинлашиб қолди.

– Бу райкомнинг буйруғи, хола, – деди ҳамкасбининг ёнига етиб келган иккинчи милиционер, бунисининг гавдаси наригисининг тамом акси – бақалоқ эди. – Қани бўла қолинглар тезроқ, машинадан тушинглар. Бир этакдан пахта нима деган гап, бир зумда териб ташлайсизлар.

Чўғол – рецидивист: агар ҳозир қаттиқроқ гапириб юборса, жанжал чиқса тамом, бари бир бу айбдор саналади. Кўрибсизки калтак тағин бунинг бошида синади. Шу боис у ўзини қўлга олиб, аста гапирмоқчи бўлди-ю, йўқ, чиқмади:

– Ўртоқ начальник, – дея беихтиёр аристонлар иборасини ишлатиб юборди. Лекин энди кеч бўлганини тушуниб, тутилди. Чиқмаган жондан умид қабилида, юмшоқ оҳангда давом этди. – Биз туғруқхонага кетаётгандик, ўтказиб юборинг, илтимос!

– Бири туғруқхонага бораман дейди, яна бири уйда ёш боласини қолдириб келганман дейди! – тўнғиллади сержант. – Биз бунақада кимга пахта тергизамиз! Бу – буйруқ! Райкомнинг буйруғи! Шу район териториясида яшаётган ҳар бир одам райкомнинг буйруғига бўйсуниши шарт! Қани бўлди машинадан тушинглар, пахта термагунча бу ердан чумоли ҳам ўтиб кетмайди!

Олам гўзал эди. Куз осмони кўм-кўк, қуёш чарақлаб нурларини сахийлик билан мўл-кўл сочарди. Қорайиб турган пахта пайкалларида эса этак тутган одамлар шўх-шодон латифа айтиб, кулиб юришарди. Фақат… фақат Чўғолгина шу дамда дунёга сиғмай қолди.

– Ҳўв итдан тарқаганлар, сенларни ҳам инсон туққан-ку, ахир! – деганича бақириб юборди у.

Улбиби кампир дарҳол ўғлига ёпишди. Аммо кеч бўлганди: “итдан тарқаганлар” машина эшигини шитоб билан очиб, кампирнинг қўлини қайриб ташлаб, Чўғолни ташқарига судрашди. У эса машинадан қаршилик кўрсатмай тушди. Тушди-ю, милиционерларнинг бирини нақ башарасига мушт тушуриб, бошқасини қорнига тепди. Шу замоннинг ўзида атрофдан олти милиционер чопиб келди. Тўс-тўполон бошланиб кетди. Чўғол чопиб келганларни ҳам навбат билан тўғри келган жойига уриб, тепишда давом этди. Аммо ҳеч қанча ўтмай орқасидан яқинлашган кимсани у илғамай қоларкан бошига урилган оғир тошдан кўзлари ола-кула бўлиб, чалқанча қулади.

Йигитдан бахт юз ўгирса шу экан: беҳуш ётган ўғлини ўртага олиб тепишаётганларини кўрган онаизор қалтираганича, оғзидан оқ кўпик сачратиб ўша ерда юмалади-қолди; тепкилардан дабдала бўлган севимли эрига кўзи тушган Холниса эса бола ташлаб, ҳушидан кетди; Мели чўлоқ оқсоқланганича ажратгани борганди, унга ҳам “насибасини” беришди, бечора бир ҳафта касалхонада ётиб чиқди.

Чўғол уйида ўзига келди. Ҳақиқатнинг тўла даҳшатли манзарасини эса бир йилдан кейин билди: Ўша кўргулик сабаб Улбиби кампир тутқалоқ дардини ортириб олганини; ўғлини чала ташлаб, энди хотини бир умрга туғмас бўлиб қолганини унга кейинчалик айтишди. Агар ўша пайтда билганидами, у, албатта, “итдан тарқаганлар”ни бирма-бир кекирдагидан осиб чиққан бўларди. Биладики, арз қилгани билан “хизматдагиларга қўл кўтарган”нинг гапини бари бир ҳеч ким тингламасди. Қолаверса, ўша куннинг эртасигаёқ, туман милиция бошқармасининг бошлиғи ўзи келиб, уни огоҳлантирганди:

– Пахта билан ўйнашасанми, даюс! – деганди бошлиқ. – Хўп, хотинимни раддомга олиб кетверишсин, улар учун ҳам ўзим пахта териб бераман, деганингда олам гулистон эди. Бўлар иш бўлибди, сенинг ўзингда ҳам, бизнинг йигитларда ҳам айб бор. Тағин бирор жойга арз қилиб юрмагин, а! Икки марта қамалган рецидивистсан, бари бир сенинг гапингдан кўра бизникига кўпроқ ишонишади. Энди бундан бу ёғига сен яхши бўлсанг биз ҳам яхшимиз!..

Ана бор ҳақиқат! Шундай қилиб Чўғолнинг хотини Холниса фарзанд кўриш бахтидан бир умрга маҳрум бўлганди. Энди дунёда уларнинг зурриёти биргина шу Улжамол қолиши керак эди.

Улжамол – не бир дардларга, не бир балоларга гирифтор бўлмади унинг бу ёлғизи!

* * *

(Давоми бор)

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: