Ғафур ЙЎЛДОШЕВ

У Й Ш У Н  О Т А  Ғ О Р И

( Қ и с с а. Д а в о м и)

(5)

– Ака, сизмисиз? Вой, туф-эй, қўрқиб кетдим! Нима бўлди, “Тез ёрдам” чақирдингизми? – Бу ҳадикли овоздан Чўғол ўзига келди. Атрофга разм солди: ойдинда илондай товланиб ётган ўша қинғир-қийшиқ тош кўча, қабрлардай савлат тўкиб турган ўша уйлар. Фақат, қаердан келди экан – ёнида синглиси!

– Ака, нима бўлди? “Тез ёрдам”ни чақирдингизми? – қайтадан сўради Меҳриниса.

– Менга қара, Улжамол Гўшкеттиникига жанозага борганмиди?

Меҳриниса аввалига донг қотиб қолди. Кейин шартта чўккалаб, акасининг тиззаларини қучоқлади.

– Жон ака, ўзингизни болангиз, жигаргўшангиз, ёшлик қилибди, кечиринг, жон ака, кечиринг!! – деди синглиси йиғламсираб.

– Демак, рост экан-да! – Чўғолнинг ичидан нимадир узилиб кетгандай туюлди. Бўшашиб, оғир “уф” тортди. Continue reading