Ғафур ЙЎЛДОШЕВ

У Й Ш У Н  О Т А  Ғ О Р И

( Қ и с с а. Д а в о м и)

(4)

Чўғолнинг уйида жамоа жам эди. Улбиби эна қўшни кампирлар билан айвонда ўтирарди. Синглиси – Меҳриниса Холниса билан ичкарида юрарди.

– Келдингизми, ака? – деди синглиси хўрсиниб. Холниса эса рўмолининг учини тишлаб унсиз йиғлади.

– Ҳа-а, тинчликми? – сўради Чўғол. Айни чоғда овози қалтираб чиққанини ўзи ҳам сезиб, сир бой бермаслик учун уйнинг тўрига юрди. Юқорида Улжамол ётарди. Чўғол қизига яқинлашиб, чўкка тушаркан беихтиёр юраги увишди: узун киприкларини жипслаштирганича кўзларини юмиб ётган қизининг ранги сарғайиб кетибди. Куни кечаги чиройидан асар йўқ.

– Қизим – деди у аста. – Қизим, Улжамол! – деди яна.

Улжамол кўзларини очаркан, Чўғолнинг томоғига нимадир тиқилиб келди. Қизининг ич-ичига тортиб кетган кўзлари юзи каби сап-сариқ, шишиб кетганди. Қиз гапирмоқчи бўлдими оғзини базўр очди. Юзлари тиришди, бироқ уни чиқмади. Бу ҳол отанинг жон-жаҳонини куйдириб юборди. Тишлари ғичирлаб кетди. Титраб-қақшаб бошини эгаркан, кўзларидан ёш юмалади. Кўз ёшини атрофдагиларга кўрсатмаслик учун шарт ўрнидан туриб ташқарига отилди.

– Ака, – деди унинг орқасидан айвонга чиққан синглиси. – Ака, Улжамол сизнинг гапингизга кўнади, айтинг, доктор чақирайлик, денг.

– Ким?.. Нима?.. – ҳеч нарса уқмай сўради Чўғол.

– Қизингизни – Улжамолни айтяпман, кечадан бери доктор чақирманглар, фойдаси йўқ, деяпти… Ҳеч ким уни олдидан ўтиб, журъат қилолмаяпти…

– Нима?! Эҳ сенларни ўзи…– Чўғол бор гапни англади-ю, сўкиниб юборди. Жон аччиғида кўчага қараб юрди.

Қишлоқда фақат мактаб биносидагина телефон бор эди. Зарурат туғилганда одамлар шундан фойдаланишарди. Чўғол ҳам ҳозир мактабга қараб кетди. Бош-кети йўқ ўй-хаёллар исканжасида бир чақиримча масофани қандай босиб ўтганини билмади. Мактаб биносига кириб борганида эса қоровул Бозорвой акани диванда ёнбошлаганича телевизор томоша қилаётганини кўрди.

– Қизинг тузукми? – ҳол сўраган бўлди қоровул.

– Шунга доктор чақиргани, – деди Чўғол. Айни замон, қишлоқда гап ётмайди-да, бу киши қаердан эшита қолди экан, деб ўйлади.

Сим қоқишди: қисқа-қисқа товуш. Яна қилишди: бошқача узун-узун товуш. Кутишди. Тағин сим қоқишди: ўша-ўша.

– Давлатвойни келини туғадиган бўлганда, шунақа бўлавериб кейин коммутаторга телефон қилгандик. Ўшаққа телефон қилайликми? – деди Бозорвой ака ва коммутаторга телефон қилишди.

– Кутиб туринг, – деди аёл киши у томондан.

Ноилож диванга ўтиришди. Бозорвой ака ичи сарғайиб кетган пиёлага чой қуйиб Чўғолга узатди. Сўнг салмоқлаб гапиришга тушди:

– Энди ука… Чўғолвой, ҳалиги… буни ўз номи билан ёшлик – бебошлик дейишади. Сен кўп ҳам хафа бўлаверма, ҳозирги болаларни ҳаммаси ўзи шунақа.

Чўғол Улжамолнинг касалига ишора қилиб, бу киши менинг кўнглимни кўтармоқчи, деб ўйлади-да, тасдиқ маносида бош қимирлатиб қўйди.

– Вей-ома, раҳматли шу бола ўзи бир бошқача эди, – дея гапида давом этди Бозорвой ака. – Гўшкетининг бирор тукига ҳам ўхшамасди у бола.

Чўғол аввалгидек бош қимирлатаркан:

– Қайси болани айтаяпсиз? – деб бехосдан сўради.

– Ҳа-шу, Ёвбосар гўшкеттининг катта ўғлини айтаяпман-да, худо раҳмат қилгур жа-жонсарак бола эди. Мактабга ҳам доим азонлаб келарди. Печкаларни мен билан бирга ёқишарди. “Тоғачи-тоға, яна бирор иш борми?” деб ўзини ўтга-чўғга уришдан тоймайдиган бир бола бўлувди-да, жони жаннатда бўлгур… – қоровул бирров тин олди. – Энди ука… Чўғолвой, урганинг билан ҳам, сўкканинг билан ҳам фойдаси йўқ. Ёшлик – бебошлик экан, бу болаларни кўзингни қорачиғидай авайлаб ўстириб қўясан экан-у, охири машнақа экан-да. Дунё шунақа экан, ука. Чўғолвой, бандаси иложсиз экан. Тан бермай иложинг йўқ, энди қанча урганинг билан бефойда…

Чўғол аввалига анграйиб қаради. Сўнг:

– Кимни айтаяпсиз? Ярамас Гўшкеттиними? Э-қ-қанақасига ёш бўлади у?! – деди фиғони ошиб. – Ўша пайтда у ярамасни уриб ўлдириб юбормаганимга афсус қиламан! Қизиқсиз-а, Бозорвой ака, ўша ит эмганни томонини оласиз-ми, қўйинг-эй!

– Ҳе-э, инсон, мен уни гапирганим йўқ. Ёвбосарни шу қилгани учун ўлдириб ташлаган одам савобга қоларди. Мен сени қизинг тўғрисида гапиряпман.

– Ўлай агар, ҳеч нарсага тушунмаяпман! Ҳа, мен нимага ураман қизимни?! Жинниманми мен?!

– Сенинг одатингни яхши биламиз-у, қизингни ургандирсанки, мана энди доктор чақириб юрибсан-да.

– Ҳе йўқ – бе йўқ, нима учун ураман ахир?!

– Урмасанг нимага ҳозир доктор чақиряпсан, ургансанки чақиряпсан-да.

– Ахир қайси айби учун ураман уни?! Ҳе-Бозорвойка, мен бирор маротаба болага қўл кўтарган одам эмасман-э!

– Мендан беркитмай қўявер, қишлоқдагиларнинг ҳаммаси сенинг одатингни яхши билади-ю. Энди гапни очиғи, боласи минг ширин бўлганда ҳам, қизини жанозага ўша аҳволда – сочи ёзиқ, телбаланиб келганини кўрган ҳар қандай ота-она жони ачиса ҳам бари бир боласини урарди. Бу битта сенла эмас…

– Тўхтанг-тўхтанг! Бозорвойка, гапни айлантирмай очиғини айтинг, нима демоқчисиз ўзи, мен ҳеч нарсага тушунмаяпман?!

Мактаб қоровули ҳар бир жумлага урғу берганича тушунтира кетди:

– Қизинг ўша гўшкеттиниг ўғлига кўнгил берган бўлса ҳам аммо-лекин жанозага чакки борди, деяпман! Сени ўрнингда мен бўлганимда ҳам албатта жонини ачитиб урардим, деяпман! Шу билан, қўй энди кўп хафа бўлавермагин, деб сендан кўнгил сўраяп…

– Тўхтанг, қизим жанозага бордими?! – шундай деди-ю, Чўғол бирданига ҳамма гапга тушунди. Бутун вужуди ловуллаб кетди. Бошини ушлаган кўйи диванга чўкди.

Одамга алам қилар экан: йиллаб авайлаб, эъзозлаган яккаю ёлғиз қизи шунақа ишлар қилиб юрса-я! Тағин қандайдир – Гўшкеттидай ярамаснинг боласини ортидан-а!!

Чўғол жойидан қимирлай олмай қолди.

– Бу коммутатор ҳам жим бўлиб кетди, – деди телефонга қўл чўзиб Бозорвой ака, Чўғолнинг авзойидан қўрқиб кетаркан.

– Намунча бетоқатсиз, кутиб туринг, дедим-ку! – шанғиллаган овоз эшитилди гўшакдан. Чўғол шарт ўрнидан туриб Бозорвой аканинг қўлидан гўшакни юлиб олиб, бўкирди:

– Ҳов қанжиқ, бу ерда ахир одам ўлаяпти! Тушунасанми, итдан тарқаган!!!

Гўшакдан қиқса-қисқа товуш эшитила бошлади.

– Ҳе-э, онасини… бунақа дунёни! – Чўғол гўшакни итқитиб юбориб, ташқарига чиқиб кетди.

Тош кўчадан судралиб ортига қайтаркан, дунёда ҳозир Чўғолдан-да бахтсиз одам йўқ эди. Шу қадар тушкунликка тушганидан боши ғувиллаб, нималарни ўйлаётганини, хаёлига нималар келаётганини идрок эта олмай қолди. Юлдузлар сочилиб ётган осмонга, ёришиб нур тўкаётган ойга, танларни яйратиб эсаётган “деҳқон шабода”га эътиборсиз, ҳаётида биринчи маротаба барваста гавдаси букчайиб қолди. Қамоққа тушганида ҳам, “пушти куйган эркак” сўзларини эшитганида ҳам ва ёки чақалоғига сувчечак тошганида-ю, кейинчалик уч ёшга тўлаётган қизчаси сариқ касалдай балога йўлиққанида ҳам унинг гавдаси бу тарзда букчайиб қолмаган эди.

Шу асно қаердадир сигир мўъради. Қабрлар мисоли чўнқайиб турган қишлоқ уйлари орасидаги қинғир-қийшиқ тош кўчада базўр бораётган одам буни ғайришуурий илғади: эндигина соғиндан чиққан сигирнинг товуши… “Эгаси бирор жойга боргандир – кеч соғибди”.

* * *

Ўшанда Улжамол уч ёшга тўлаётганди. Қишлоқда болаларни ёппасига эмлаш бошланиб, йигирмадан ортиқ бола бирданига сариқ касалига чалинди. Чўғолнинг ёлғизи ҳам бошқалар қатори қўшни қишлоқдаги касалхонага ётқизилди. Касалхонанинг кир-чирлиги, дим ва чивинларга тўла эканлиги ҳам бир бўлди-ю, касалхона маъмурияти, болаларни ота-онасиз олиб қоламиз дейишгани ҳам бир бўлди.

Одамлар касалхона дарвозаси олдидан кетишмади.

– Мана! – деди касалхона бош врачи одамларга аллақандай қоғозни пеш қилиб. – Мана бу – вазирликнинг қарори, икки ярим ёшдан ошган барча болалар юқумли касалликка чалинса, ота-онасиз, якка ҳолда ётиб даволаниши керак!

– Бемаъни гап! – деб бақирди тўпланганларнинг ичидан кимдир.

– Бу Соғлиқни сақлаш вазирлигининг қарори! – ўшқирди бош врач.

– Ўша қонун чиқарган вазир ўз боласига шуни эп кўрармикин?! – деди йиғилганлар ичидан яна кимдир.

– Ўргилдим ўша вазирингдан!

– Мард бўлса ўша вазир ҳам ўз боласини шу ерга ташлаб кетсин-чи!

Ғала-ғовур кучайди. Ҳеч ким норасида жигаргўшасини касалхонага ташлаб кетишни истамасди.

– Кетмаймиз! Кечгача ҳал қилмасангизлар болаларимизни ҳам бу ердан олиб кетамиз! – дейишди одамлар. Сўнг йўл ёқасидаги ариқча бўйига ёйилиб ўтиришди.

Тушга бориб колхоз раиси етиб келди. Раисни кўриб одамлар безовталанди. Бир-бир ўринларидан қўзғолишди. “Худди турмадаги аристонлар бошлиқни кўргани каби буларнинг юраги чиқади-я!” – хаёлидан ўтди Чўғолни, бу вазиятдан ғаши келиб.

Раис машинасидан тушиб, гўё барча айбни ўзи қилгандай бошини эгиб, аста одамлар олдига келди. Ҳамма билан бир-бир қўл олишиб чиқди.

– Энди гап мундай, – деди раис. – Мени ҳаммасидан хабарим бор. Ёмон иш бўлибди. Жуда ҳам ёмон иш бўлибди! Энди мен сизларга очиғини айтишга мажбурман. Фақат гап шу ерда қолсин. Келишамизми шунга? Гап шу ерда қоладими? Хўп, унда гапни очиғи бундай: Қодир дўхтир шприсларни алмаштирмасдан, эканом қиламан деб, ҳамма болага битта шприс ишлатган, мана шуни оқибатида ҳаммага касаллик ўтиб кетган. Бугун эрталаб Қодир дўхтирни мелисаяммас ундан каттароғи – КГБ қамоққа олиб кетди. Энди бу гап ташқарига чиқмаслиги керак. Сизлар билан бу тўғрида келишдик-а?! Ёпиғлик қозон, ёпиғлигича қолсин, тамом! Бу бўлган воқеа аслида колхозимиз шаънига ҳам анча иснод олиб келди. Азонлаб шахсан обком секратарни ўзи мен билан райкомни чақирди. Ғизиллаб етиб бордик. Обком секратар мен билан райкомни икки соат тикка тургизиб қўйиб роса обориб-опкелди! “Қаерга қарашаяпсан, нимага бунақа ҳол бўлди!” деб столни муштлади. Столнимас мен билан райкомни бошимизни муштлади, тўғрироғи! Шу битта Қодирни қилган арзимас ишини деб, энди неча йиллаб бошимиз ғалвадан чиқмайди. Хуллас, гапнинг индаллоси шу – ҳозир ҳамма уй-уйига тарқайди. Биз колхоз ҳисобидан битта автобус ажратдик, эртага тайинланган вақтда ҳаммани олиб келади ва болаларни кўриб бўлгандан кейин яна қайтариб олиб кетади. Автобус бепул, пулини колхоз тўлайди. Яна бир гап, касал кўргани келганда, шу равотнинг бу томонида туриб болангиз билан гаплашасиз. Ичкарига кириш йўқ, чунки бу юқумли касаллик. Кейин ўзингизга ҳам юқиш эҳтимоли бор. Бу ерда болангизни ўпиб-қучоқлаб, оқибатда касалликни ўзингизга ортириб, уйингизга борсангиз учинчи, кейин тўртинчи, бешинчи одамларга, қўйинги, мана шунақасига ёппасига юқиб кетиш эҳтимоли бор! Тўғрими, Мамажон? – деди колхоз раиси бош врачга ўгирилиб.

– Тўғри-ю, лекин яна битта гап бор, – деди бош врач. – Ҳар бир палатага, шу ўзларининг ичидан биттадан аёл кишини қўйишимиз мумкин. Фақат қўйилган аёл, олдин эмланади, кейин қўйилади. Мана ҳозир кўпчилик турибди, ўзлари келишиб, ҳар бир палата учун биттадан одам ажратишсин. Аммо айтиб қўяй, бу ерда назорат кучли, тайинланган аёл ўзи турган палатадаги болаларнинг озодалигига, жойини йиғиштирилганлигига, тувагини тозалигига ва яна бошқа нарсаларга жавоб беради.

– Мана бу дуруст гап бўлди, – деб раиснинг чеҳраси очилди. – Қани бўлмаса ўзларинг вакил сайланглар.

Ғала-ғовур кўтарилди. Ҳар ким ўзи томонидан одам қолишини хоҳларди.

– Бўлди-еэ! – ўшқирди раис. – Инсоф борми ўзи сенларда! Кучигим-кучугим деса, бемавдур жойини кўрсатибди, дегандай, кўнгилга қараш шунчалик бўлади-да, ахир! Ахир бу ерда сенларни болангни даволайман деяпти-ю, ўлдираман деяётгани йўғ-у! Бўлди, мен ўзим одам ажратаман, раз сенлар келиша олмас экансан! – шундай дея раис беш аёлнинг номини кетма-кет айтди. Ҳар бир вакилнинг номзодидан кейин полончининг хотини ишчан, болага меҳрибон, тўғрими, дея гапини тасдиқлатиб оларди.

Бешинчи аёлнинг номзодини айтиб, оломонга қараган раис беихтиёр Чўғолга эътибор бериб қолди. Дарҳол бош врачга ўгирилиб нимадир деди, сўнг оломонга қараб, овозини баландлантди:

– Энди яна бир гап, мана мен бош врачдан ҳозир илтимос қилдим. Бу мени раис сифатида битта шахсий илтимосим: шу Чўғолвойнинг хотини ҳам касалхонада қолади. Чўғолвойни хотини ҳамма палаталарга кириб, шу ўзимизни аёллардан, болалардан қайси бирига ёрдам керак бўлса кўмаклашиб юради, маъқулми? Хўп, келишдик. Қани энди ҳамма машинага, – колхоз раиси ўзи билан бирга келган юк машинасини кўрсатди. Жадал бориб машинанинг орқа тўсиғидан тепага чиқди-да, одамлар орасидаги қарияга қараб деди: – Болтавой ака, сиз кабинага, шофёрни ёнига чиқинг!

Одамлар бир-бирига қарашди. Ноилож бўйнидан боғланган ит мисоли юк машинаси томон судралишди. Чўғол охирида лабини тишлаганча бошини сарак-сарак қилиб одамларнинг орқасидан юраркан, “Хаҳ, уйшунлигим-а!” деди ичида афсус билан.

Боланинг қанчалик ширин ва азиз бўлиши жигаргўшанг касалхонада ётганида билинар экан. На даладаги, на уйдаги бирор ишда унум бўлади. Ўрин йиғилмаган, ҳовли-жой супириқсиз, усти бош кир-чир, сигир кун бўйи оч, бироқ хаёл эса касалхонада – болада.

Яхшики, ҳар куни кечга томон боришади, кўришади. Яхшики, касалхонанинг нураган девори бор ўтиб, қизчасини қўлига олади, ярим соат, бир соат ўйнатади. Агар кўрмаганида, уч ёшли қизчанинг ўзини танҳо ташлаб келишганида нима бўларди? Ҳар куни хайрлашиш чоғида Улжамол йиғлайди. Холниса болани бағрига босганича олиб қолади. Касалхонадан ҳар кеч юраги эзилиб қайтади.

Аммо Чўғолнинг бу аҳволи бошқаларникидан тузукроқ экан. Бир кеч қўшниси Адҳамжон ва унинг хотини билан бирга касалхонага боришди. Адҳамжоннинг қизи Улжамол билан деярли тенгдош, уч ёшга тўлиш арафасида эди. Нураган жойдан касалхона ховлисига ўтишганларида, Холниса Улжамол билан Адҳамжоннинг қизчасини боғ ичида ўйнатиб ўтирган экан. Қизчалар буларни кўрибоқ бўзлаганча чопиб келишди. Улжамол йиғлади Адҳамжоннинг қизчаси йиғлади. Болаларга қўшилиб Адҳамжоннинг хотини ҳам кўзига ёш олди. Бир оз ўтгач ҳар ким ўз оиласи билан андармон бўлди. Ва ниҳоят хайрлашадиган вақт ҳам етиб келди: “Худо урган вақт!”

– Отажон, яна жичча ўтиринглар, йиғламайман! Жо-он отажон! Ая-жон, мана, йиғламаяпман яна жичча ўтиринглар, а, жо-он аяжон! – дерди Адҳамжоннинг уч ёшли қизчаси кўзларида ёш шашқатор. Бу аҳволдан Чўғолнинг – дийдаси қотиб кетган Чўғолнинг ҳам кўзларига ёш келди. Унинг Улжамолини ҳар қалай онаси бирга олиб қолади. Бу норасида-чи, ҳали ўз заруратини ўзи эплашга уқуви келишмайдиган бу гўдак қандай қоларкин! Шу боласини ташлаб кетаётган ота-онанинг юраги тошдан бўлганида ҳам чидаш қийин-ку!

Ота-онага қийин эканлиги улар кўчага чиқишганида билинди. Адҳамжоннинг хотини қизчасини олдида ўзини тийиб турган экан, девордан ташқарига ўтишгач, бечора аёл чунонам йиғладики, охири юришга мадори етмай ўтирганича қолди. Адҳамжоннинг ҳам кўзларида ёш, гоҳ хотинига далда берган бўлади, гоҳ пўписа қилиб қаттиқ гапиради. Ҳаётнинг навбатдаги машаққатлари олдида кўйиб турган бу эр-хотиннинг вазияти Чўғолнинг хўрлигини келтирди Томоғига нимадир тиқилиб келди, у ҳам йиғлади–ёв!

Ўша куни ва яна бир неча кунлаб, қўшни қишлоқ йўлида ота-оналар жонсиздай, маҳзун судралиб бориб-келиб юришди.

* * *

(Давоми бор)

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: