Ғафур ЙЎЛДОШЕВ

У Й Ш У Н   О Т А     Ғ О Р И

( Қ и с с а. Д а в о м и)

(3)

– Йўқ, болаларни машина қандай уриб кетганини мен кўрганим йўқ, – дейди Чўғол воқеа тафсилотини сўраб келган қизиқувчиларга. Сўнгра кўрган билганларини ҳикоя қилишга тушади: – Ўчашгандай кеча эрталаб ухлаб қолган эканман. Сал ҳаяллаб турдим. Шу-ууу, соат бешлардан ўтганди-да. Чайладан ташқарига чиқсам, баччағар, бедапоянинг нариги четида иккита сигир бемалол ўтлаб юрибди! Шошганимдан бетни апил-тапил ювиб, мотоциклнинг газини бор кучда бураб, ур-ра ҳайдадим. Асфальт йўл билан мана бунақасига айланиб бораётгандим, шу-ууу… молларга эллик-олтмиш қадамлар қолувди-да, йўл устида иккита ўлик қизил қонга беланиб ётибди! Во-энағар! Мотоциклни тормозини бор кучда босдим, бўлмаса мен ҳам ўликларни тепалаб ўтиб кетардим. Мотоцикл чийиллаб, бунақасига лопанглаб кетди, ома-ўзиям, Худо бир сақлади, ҳўв беш-ўн қадамгача суриб борди. Сал қолдим тепасидан капалакдай учиб кетишимга. Агар рўлга қапишиб ушлаб олмаганимда, ким билади, мени ҳам бугун жанозамга келишармидинг… Эҳ Худойим-эй, бу ярамас Гўшкеттига нима етишмаётганди ўзи, ҳайронман. Очофат, ҳар куни ярим кечада иккита сигирини болаларни қўлига тутқазар экан-да, бедапояда икки-уч соат ўтлатиб, халқ уйғонишидан олдин қайтариб келасан, деб уқтираркан. Бу палидни, пасткашлигини билардим-у, ома-лекин бунчаликка боради деб ўйламагандим. Ўша куни тўнғич ўғли билан сигир ўтлатгани бирга чиқадиган кенжатойни тоби қочиб қолиб ўрнига қизини юборган экан… Бу бола бечоралар нима қилишган: молларни бедапояга қўйиб юбориб, тунги аёзда совқотишган, кундузги қуёшнинг тафти қолган асфальтга қапишиб исиниб ётмоқчи бўлишган. Оҳ, бола бечоралар-а! Нима бўлса-да, бола-да, баданига сал иссиқлик югурганидан кейин кўзи илинган, тамом!.. Уф-ффф, ўзиям йўлга кўндаланг бўлиб, бири оёғини бу ёққа, бошқаси у ёққа қилиб ётишган экан…

– Чўғол ака, босиб кетган машина қанақа машина экан? Чироғи йўқ эканми? – сўрайди қизиқувчилардан бири.

– Ҳаҳ, шофёр уйқусираб келаётган бўлса керак-да, айтяпти-ю, ярим кечаси деб, – дейди бошқаси.

– Йўқ, шофёр ухламаган, фақат, Росияга помидор олиб кетаётган, милиция кўрмасин деб атайин чироғини ўчириб олган машина экан. Кеча ой чиқмасдан қоронғу эди-ю, шофёр ҳам йўлни икки четидаги толларга, тутларга тахминлаб миниб кетаётган бўлган-да. Ҳалиги, каттакон, пизиллаб юрадиган машина бор-у, ўшандан.

– Э тавба қилдим Худойим, ўн олти тонналик “Алка”данми?! Унда болаларни… вой-эй, гапиришни ўзига одамнинг эти жимирлаб кетади, тавба қилдим-эй!

– Айтаяпман-у, иккаласининг ҳам одам аҳволи йўқ, нақ қорнидан эзиб, қовурғаларини асфальтга қапиштириб ташлаган.

– Яхшиям, Чўғол ака, сиз йўлиқибсиз, нима қилсада, кўзингиз сал пишган, Худо кўрсатмасин, ўша пайтда биздақалар бўлса-борми, юрагимиз ёрилиб кетарди.

– Қайда-еэ, мени-ям кўнглимни бир алғов-далғов қип ташлади. Турмадалигимда шунақа бир воқеани кўргандим, ома-лекин унда-ям, бунақа аҳволга тушмагандим.

– Чўғол ака, турмада-ям, бировни машина қорнидан эзиб кетганмиди?

– Ҳа-йўқ, – дея бошини қашиб қўяди Чўғол. – Турмада иккитаси жанжаллашиб қолди. Биттаси ясама пичоғини шундай чиқариб, нариги гириллаётганни қорнини ёриб ташлади. Вей, ўшнақа пайтда одамнинг ичак-чавағи олдига осилиб тушаркан. Қорни ёрилган қўли билан мана шундек қилиб, ичакларини йиғиштириб, устидан чангаллаганича туриб қолди. Кейин аста қайрилиб, индамай олдинга юрди. Ҳаммамиз қотиб қолганмиз. Ҳалиги одам етти-саккиз қадамча босганидан кейин гупиллаб йиқилди…Уф-ф, бу бош, бу кўзлар ҳар не балоларни кўрди-да!

– Чўғол ака, давомини айтинг. Ёвбосар аканинг болаларини машина босиб кетганини кўрганингиздан кейин нима қилдингиз?

– Олдин чайлага бориб, милтиқни опкелиб, шартта Гўшкеттини отиб ташлагим келди. Яна ўзимни босдим. Иккита боласи мундай бўпти, тағин беш-олтитаси бор, ўшаларга жавр бўлади деб ўйладим. Буни устига ҳозир замон кўтармайди-ю. Лекин ўзимни зўрға тўхтатиб қолдим. Хўп, бу ёғини қаранг энди, аблаҳга хабар беришим керак, ноилож бордим. Борсам, ё Худойим – эр-хотин донг қотиб ухлаб ётишибди! Кўзларини ишқалаб чиқди. Шунақа жаҳлим келди, шунақа ғазабим чиқди, қани энди, ҳеч ким индамаса-ю, пешинасига стволни шундек тираб, панғиллатиб отиб юборсам, дедим-да!..

* * *

Ана, Чўғол ана шунақа одам – жангари, қаҳри қаттиқ, қамалиб чиққан… бироқ унинг одамгарчилиги ҳам зиёда: Гарчи ўша пайтда Ёвбосар гўшкеттини ёмон кўрган эса-да, то дафн маросими тугагунча уникида бўлди. Фақат ёлғиз қизи Улжамол жанозага келганини Чўғол кўрмай қолди. Ёвбосарнинг қўшниси Азизбек: “Эрталабдан бери оёқдасиз, юринг, ярим коса иссиқ ичиб олинг”, – деб уни ўз уйига олиб кириб кетганди. Шу боис Чўғол қизининг сочлари ёзилган бир алпозда жанозага келганини кўрмади. Умуман, у ўша куни оиласи аҳволидан бехабар бўлди. Марҳумларни кўмиб, қабристондан қайтганларида эса кеч бўлганди, у тезда чайлага қараб кетди. Қўшниси Алижонга, бизникиларга айтиб қўйинг, кечки овқатни далага элтишсин, деб тайинлади. Шомдан кейин овқат олиб келган бола бўлса, “Ҳозир телевизорда кино бошланади”, деди-да, велосипедини бурганича шошиб жўнади.

Эртасига Чўғол воқеа тафсилотини сўраб, қизиқиб келувчилар билан кунни кеч қилди. Индинига, қош қорайган маҳал, қўшни болакай яна велосипедини ғийқиллатиб, шошганича келди.

– Чўғол тоға уйга бораркансиз, Улжамол опамнинг тоби қочиб қолибди, – деди болакай.

Бу гапдан Чўғолнинг юраги ҳаприқди. Кечаси алғов-далғов тушлар кўргани-ю, кун бўйи кўнгли ғашланиб юргани аён бўлгандек туюлди. Дарҳол мотоциклни ўт олдириб уйга жўнади.

* * *

Чўғол ўғил кўришни орзу қиларди. Хотинининг оғироёқлиги сезилгандаёқ, негадир, албатта ўғил кўраман, деб ўйлай бошлаганди. Лекин ўша кечаси суюнчи сўраган доя аёлдан қиз кўрганини эшитганида, онаси: “Худойимнинг бергани, илоя умри билан ақлу ҳуши билан берган бўлсин! Биринчиси қиз бўлса – давлатбоши бўлади!” – деганидек, у ҳам ўғил эмас, қиз туғилганига, гарчи ўша дамда бир лаҳза кўнгли бўм-бўш бўлиб қолган эса-да, кейинчалик афсус чекмади. Аксинча, қалбида қандайдир ғурур пайдо бўлди: “Учтасига уйланиб, бола туғдира олмади, бунинг пушти кўйиб кетган!” дея оғзига эрк берувчиларнинг гаплари энди пучга чиққанди.

Қолаверса хотинининг қиз туғишини у аввалроқ эшитганди. Бу ҳақда хотини – Холнисанинг ўзи унга айтганди.

…Ўчашгандек ўша куни у даладан кечроқ қайтди.

– Қаерларда юрибсан? – деди хавотирли оҳангда онаси.

– Тинчликми?

– Тинчликмасда, юр, –деди онаси сирли гапирганча ва уни уйга етаклади. Янада сирли туюлгани онаси қўлида ун тўла товоқни ҳам кўтариб олганди.

Уй ичи эса худди тумандек исириқ тутунига тўлиб кетган, қорни дўпайган Холниса бир қўлини белига тираганча, қилпанглаб айланиб юрибди. Кўпчиб кетган юзидаги доғлар устида ёш томчилари сизяпти. Инқиллаб нафас олади.

Онаси келинини тўхтатиб, унли товоқни унинг боши узра баланд кўтарди. Нималарнидир пичирлаб, уч маротаба айлантирди.

– Юринг-юринг. Юриб туринг, туғаётганда қийналмайсиз, юринг, – деди қайнона келинига.

– Ўҳқ-қ! – деркан, Холниса кўзларини юмиб, афтини жийирганча қорни аралаш белини силади. Айни пайт, кўзларидан дувиллаб ёш қуйилиб қайнонасига деди: – Буви, энди ёмон оғрияпти.

– “Тез ёрдам” чақирайликми? – сўради қайнона ҳам дарров, сўнг Чўғолга қараб: – Бор! Йўқ, тўхта… сен шу ерда қолгин, Алижоннинг боласига айтаман, мактабни телепонидан қўнғироқ қилиб чақиради, – деганича чиқиб кетди.

Эшик нариги томондан ёпилиши ҳамон Холниса ётиб олди.

– Уфп-пп! – дея йиғламсираркан, яна боягидек иккала қўли билан бели аралаш қорнини силади.

Чўғол бу ҳолдан гўё аранг турарди. Нима қилишини билмай хотинининг ёнига чўкди. Хотини эса бирдан эрининг юзига қаради-да, ўкириб юборди.

– Энди мендан кўнглингиз қолади, – деди аёли ҳиқиллаган кўйи.

– И-и?!

– Қиз кўраман!.. Бувим айтди, агар тўлғоқ қориндан бошланса – қиз, белдан бошланса – ўғил бўларкан…ҳиқ!

– Ўғилми, қизми… ишқилиб… – каловланди Чўғол. Сўнг, ўзи минг азобда бўла туриб шундай гапларни гапираётган хотинидан жаҳли чиқди. Ўрнидан туриб кетди. Гапга оғиз жуфтлаб хотини томон ўгириларкан, аёлининг аҳволини кўриб тўхтади. Юраги ачиди. Бурилиб нари кетди. Шу асно хотини ҳақида ўйлади. Тўртинчисини у аввалгиларидан минг чандон яхши кўрарди. Боиси, Холниса ниҳоятда покиза аёл эди. Андишали, уятчан. Мана турмуш қуришганига салкам икки йил бўляпти-ю, у ҳалигача хотинининг баданларини тузукроқ кўрган эмас. Олдингилари шир яланғоч ҳолда, тўрсайиб ётишаверарди. Айниқса унинг ёқтирмагани – қўлини тузукроқ ювишни ҳам билишмасди… Бўлиб ҳам анови иккитаси кетини артган сочиққа бет-ю оғзини айлантириб артаверарди… Фаросат шу даражада эди-да. Э-э, Холниса уларнинг олдида олтин аёл-ку!..

Овоз бериб онаси ичкари кириб келаркан, Чўғолнинг хаёллари бўлинди.

– Вой яна ўтириб олдингизми? – деди қайнона келинига. – Юринг, юриб туринг, енгил тортасиз. Туринг ўрнингиздан, у ёқдан бу ёққа юринг, кейин қийналмайсиз.

Онаси Холнисани ўрнидан турғизгач Чўғолга қаради:

– Ўзинг Мейли акани чақириб чиқмасанг бўлмайди шекилли, Запарожасида ғизиллатиб ташлаб келади. Бу “Тез ёрдам”га ишонган одамга Худойим тўзим берсин…

Чўғол кўчага чиқиб, тўрт дарвоза наридаги Мейли акага илтимос қилди. Ҳеч қанча ўтмай “Запорожец”да туман марказига жўнашди. Кейин Холниса рости ҳам қиз туғди. Туғруқхонага келмасидан олдинроқ кўнглида гумон пайдо бўлгани учунми, у бу хабарни ранжимай кутиб олди. Сўнгроқ эса чақалоқни кўз олдига келтираркан, бу чақалоқ ўз зурриёти эканлигини ва ниҳоят, ота бўлганлигини англаркан, қувониб кетди.

Қисқаси, у ота бўлди, қиз кўрди. Туғруқхонадан қайтишда онаси бояги гапларни қайтариб, яна қўшимчалар қилди: “Бу дунёда тирноққа зор бўлиб ўтаётганлар камми! Берган Худойимга шукр! Қиз экан, Худойим хоҳласа, давлатбоши бўлади.”

Янги меҳмонни туғруқхонадан олиб келишган куни Чўғолнинг отаси Тўмиғ бува қизчага Улжамол дея исм қўйишни лозим топди.

– Улжамол раҳматли энамнинг оти эди, – деди отаси. – Тўқсон ёшида ҳам биронта тиши тўкилмаган, оёғидан қуввати кетмаган, бақувват аёл бўлганди. Қизқочган қиридан ўтаётганларида аравага қўшилган отнинг айли узилиб кетиб, жарга қулаб тушишган, бўлмаса энам раҳматлининг умри юздан ошиб кетарди.

Тўрт килою тўққиз юз туғилган Улжамолни рости ҳам “катта энасининг руҳи қўллаб-қувватлагандек” эди: қизча жуда тетик, қўл ва билаклари дўмбоқ, оёқчалари семиз-семиз, дўндиқ бир чақалоқ эди. Одамга тийрак қараб тураркан, бирданига яйраб кулиб юборарди. Гўзал бармоқчаларини юқори чўзиб, чиройли қимирлатади. Шундай пайтда Чўғол қизчасини қучоқлаб олгиси, лўппи юзларидан сўриб-сўриб ўпкиси, жиқиллаганига қарамай унинг исига маст бўлиб, соатлаб бағрига босиб тургиси келарди.

Лекин олти ойлик бўлганида чақалоққа “кўз тегди”.

Биғиллаб йиғлайдиган одат чиқарди. Биққи қўлчалари билан юзини тимдалаб, оёқчаларини иложсиз қимирлатганича чинқирарди. Ота ва онанинг, бобо ва энанинг юраклари қон бўлиб кетди. Чўғол ҳатто бир сафар болага қарашни билмайсан дея Холнисани жеркиб ташлади. Сўнг, яна барибир ўзидан хафа бўлди: хотини бечора шундоқ ҳам озиб-тўзиб кетганди.

Орадан тўрт кунлар ўтгач Улжамолнинг касали аниқланди: сувчечак экан. Чақалоқнинг баданларига майда пуфакчалар тошиб, тошмаларнинг қизарган учидан сув чиқа бошлади. Бунга сайин қизча шўрлик биғиллаб йиғлайди. Холниса кўзида ёз, ўтириб норасидани қашишга тушади. Йиғи бироз пасайгандек бўлади, бора-бора чақалоқнинг кўзи илинади. Аммо хиёл ўтгач яна йиғи олам-жаҳонни тутади. Касалини айтолмай, баданини қашишга ақли етмай жиғибийрон бўлаётган чақалоқнинг бу ҳолатини тушунган одам даҳшатга тушарди.

– Улжамолни Уйшун ота ғорига олиб бориш керак, ўшанинг суви фойда қилади, – деди Тўмиғ чол.

Лекин олти ойлик чақалоқни қаҳратон қишда тоғу тошнинг орасида ечинтириб, сувга туширишни ўйлашнинг ўзи бемаънилик эди.

Чўғол бир жуфт челак кўтариб Уйшун ота ғорига жўнади. Қора совуқ авжига чиққан, чилланинг чирсиллаган кунида ғордан сув олиб келишнинг иложи бўлмади. Илиқ эса-да икки чақиримдан зиёдроқ масофани босиб келгунча челакнинг ичи музга айланди. Истиб кўришди, сарғиш, бироз ҳидли сувдан асар йўқ, бўтқамижоз тус олди.

– Бу сувда болани чўмилтириб, тағин бирйўла баттар қилиб қўймайлик, – деди Тўмиғ чол.

Айни замонда ҳозиргина кўзи илинган чақалоқ яна биғиллаб йиғлашга тушди. Чўғолнинг кўзига дунё тор кўриниб кетди. У яна Уйшун ота ғорига йўл олди. Тиззага еткудай қорни кечиб, совуққа беписанд борди. Қуюқ туманга тўлган ғорнинг ичкарисидан ва оқиб чиқаётган сувдан кета-кетгунча ҳовур кўтарилмоқда. Ҳалигача қандайлигини ҳеч ким аниқлай олмаган дарахт эса ҳамон чаппар уриб гуллаб турибди. Ғорнинг нари-берида инсондан асар йўқ.

Чўғол ғорнинг рўпарасига чўкка тушди. Қўлини юқори кўтариб, овозининг борича нола қилди. Хаёлига, тилига нима келса – ҳаммасини айтди. Кўзларида шашқатор ёш, чарчагунча, оёқлари толиқиб, баданлари совуқдан қақшагунча ғор оғзида турди. Каромат рўй бермади. Ҳеч ким келиб унинг елкасидан олмади.

Тоқати тоқ бўлиб, охири муккасидан тушди-да, жимиб қолди.

У шу кўйи қанча ётди, нима бўлди аниқ билмайди. Кейинчалик қизи тузалиб кетганидан сўнг ҳам бу ҳақда эслашга кўп маротаба ҳаракат қилса-да, хаёллари ўз-ўзидан чалғиб, бу борада аниқ бир тўхтамга кела олмасди. Фақат бир нарса ёдида: ўрнидан турганида вужуди енгил, боши тиниқиб қолган эди. Негадир теваракка қаради. Ғорнинг тепа тарафига қараб юрди. Чапроқда тарвақайлаб кетган баҳайбат тут бор эди. Тутнинг остига айланасига тош терилиб, майдонча ҳосил қилинган, ёзда шифо истаб келганлар шу жойда дам олишарди. Ҳозир бу яланг қаровсиз бир алпозда эди. Кутилмаганда Чўғолнинг хаёлига шу ерга кичкинагина, бор-йўғи уч қадамдан иборат кулба қуриш фикри келди. У ҳаллослаганича уйига қайтди. Борибоқ эшакни аравасига қўшди. Келгуси йили кўча деворларини янгиларман деб саратонда қуйиб қўйган гувалалардан кўтарганча ортди. Боядан бери ўғлининг ҳаракатларини жим кузатиб турган Тўмиғ чол унинг мақсадини сўради. Эшитгач:

– Уринишларинг бефойда, қишда лойга жир битармиди, уқаланиб кетади – деди.

Лекин Чўғол қайтмади. Гувалаларни кўзлаган жойига олиб борди. Тўрт маротаба қатнаб гувала ташиди. Бешинчисида тупроқ ортди. Иккита пақир билан кетмон олиб, молхонада ётган эски деразани аравага юклади. Битта нонни қуруқ ҳолда чайнаб кетди. Етиб боргач дам олмоқчи бўлди-ю, қизчасининг ҳолати кўзига кўриниб, ишни бошлаб юборди. Буғи кўтарилиб турган ғорнинг илиқ суви лой қоришга қўл келди. Айни чоғда тахир эса-да, унинг чанқоғини ҳам ўша сув босди. Жон-жаҳди билан қуёш ботгунча ишлаб, одам бўйидан баландроқ, эшик ва дераза ўрни қолган икки қулочли айлана девор кўтарди. Қош қорайгач ишлаш имкони бўлмай қолди. Аравага ёнбошлаганича эшакни хиҳлаб уйига қайтди. Судралиб иссиқ хонага кирганида хотини чақалоқни тиззасига олиб мудраб ўтирарди.

– Вой!.. Ҳа?! Ким?! – деди Холниса чўчиб кўзини очаркан. Ўзига келиб, эрини кўргач кўксига туфлади.

– Эндигина кўзи илинса бечора боламни, кун бўйи йиғлади, – дея хотини чақалоқни ёнидаги тўшакка аста ётқизиб қўзғолди. Чой қўйишга уринди. Чўғол келиб қизчасига разм солди. Узун-узун киприкларини жипслаштириб олган чақалоқ ҳар замон юзини тириштириб қўярди. Аввалги лўппилигидан асар ҳам қолмаган, сўлғин.

У чақалоқни қўлига олди, бағрига босди. Гўдакнинг ширин ҳиди димоғига уриларкан, бор чарчоғи ёзилиб кетди-ё!

Бу орада Холниса дастурхон ёзди. Чўғол девор дарафга ўтаркан чақалоқни тиззасига жойлаштирмоқчи бўлди. Лекин қизча уйғониб кетди-да, биғиллаб юборди. Чой чойда қолди – нон нонда қолди. Боланинг йиғиси гўё дунёни тутиб кетди. Холниса барча ишини ташлаб, чақалоқни қашишга тушди. Қашиди… қашиди… қашиди… кўзида ёш билан қашиди… яратгандан шифо сўраб қашиди… то норасиданинг овози пасайиб, бора-бора кўзи илингунча қашиди.

Аммо, қизча узоқ ухламади. Холниса энди чойни дамлаб келганида у яна уйғониб кетди Она шўрлик тағин боланинг баданларини қашишга тушди. Яна аввалги ҳол такрорланди. Яна ухлади ва яна уйғонди, яна ва яна… то тонггача бу кўргулик давом этди. Томоғидан қил ҳам ўтмай қолган Чўғол ўтирган жойида саҳаргача мудраб чиқди. Эрталабга яқин чақалоқнинг навбатдаги йиғисидан уйғониб кетаркан, тишини тишига босиб ташқарига чиқди. Бет-қўлини ювиб белидаги чорсига артинди-да молхонага кирди. Ота-онаси сандални афзал кўрганидан, қурилмай қолиб кетган чўян печкани топиб чиқди. Тутун чиқарувчи тунука қувурлар, ўтин, тўсинга хода, томга ишлатиладиган зарур ёғочларнинг ҳаммасини айвонга йиғди. Бу пайтга келиб осмон ҳам ёриша бошлади. Чўғол тағин Уйшун ота ғорига йўл олди.

У ғорга етиб келганида атроф тамом ёришган, тоғнинг этагида бўри увилларди. Дастлаб кеча улгурмагани деразани ўрнатди. Печкани қурди. Ойнанинг бир кўзини олиб, мўрини чиқарди. Ишлар юришиб кетди: оёғининг остига харсанг қўйиб, деворларни яна уч қатор кўтарди. Кейин каттагина тўсин ташлади. Ораларини беркитди. Атрофдан қуруқшаган ўт-ўлан юлиб келиб, самон тайёрлади. Лой қилди. Печка исита бошлагани учун кўпроқ лой қилишнинг имкони бўлди. Сўнг минг машаққат билан томга лой босди. Озгина ошиб қолган лойни деворнинг очиқ жойларига чаплаб чиқди. Ёриқларни беркитиш учун номигагина сувади. Шу билан ҳовурга тўла, лой ҳиди анқиган торгина хона тайёр бўлди-ю, биргина эшик йўқ эди. Бироқ ишни тўхтатишга мажбур бўлди: қоронғулик бостириб келди.

Уйига қайтган Чўғол яна кечагидай аҳволнинг устидан чиқди. На овқат қилишнинг иложи бўлди, на одамга ўхшаб бемалол ухлашнинг. Биргина чақалоқ йиғиси дунёдаги барча нарсадан устун эди.

Эртасига эрталаб Чўғол пиёда йўлга тушди. Бориб эшик ўрнида очиқ қолган жойга эски шолчани икки қават қилиб илди. Тошфонарни ёқиб, печкани роса гуриллатди. Туш пайтига яқин эшак аравада Улжамолни кўтариб, Холниса билан Тўмиғ чол ва Улбиби кампир етиб келишди. Дастлаб Тўмиғ чол анча тиловат қилди. Бунга сайин Улжамол биғиллаб йиғлади. Холниса боласининг орқасини қашиб тинчлантирганича тиловатнинг якунини кутишди. Сўнгра, Холниса билан Улбиби кампир чақалоқни битта калта иштони қолгунча ечинтиришди.

– Ҳозир, мана ҳозир, ҳа-а энанг айлансин-а, мана-мана, бўлди-бўлди қизим, – деди Улбиби кампир. – Йўл бўйи миқ этмай келганди-я. Эна қизим, мана ҳозир-ҳо-оз-ир-рр, бўлди мана, бисмиллоҳу раҳмону роҳим! – деб оқ чойшабга ўраган чақалоқни тоғорадаги сувга туширишди. Чақалоқ бирданига йиғидан тўхтади-қолди. Хиёл ўтгач эса елпуғич киприкларини кўтариб, қора кўзларини кўрсатди. Сўнгра атрофга қараркан, бошини айлантирди.

– Уф-фф! – деди Чўғол.

– Э-Худойимга шукр! – деди Тўмиғ чол.

– Худойимнинг ўзи чевар, ўзига шукр! – деди Улбиби кампир.

Эртасига бу гап қишлоққа ёйилди. Қишнинг бекорчи кунларидан зерикиб уйда биқиниб ётган одамлар ғор томон оқиб келишди.

– Во ажаб, қишда лойга жир битишини энди кўришим! – деди уларнинг бири.

– Уйшун отанинг руҳи қўллаган, – деди бошқаси.

– Бу сувнинг таркибида олтингугурт бор, мана бу шу ернинг тупроғини формуласи, – деб қанақадир сонларни қоғозга тушурди муаллим Қодиров.

Улжамолни эса эртасига ҳам, индинига ҳам шу ҳолда даволай бошлашди. Бир ҳафта ўтиб, чақалоқ аввалгидай ширин жилмаядиган, биққи қўлчаларини чиройли қимирлатадиган бўлди.

Уйшун ота ғорининг суви фойда қилди. Улжамол уч ёшгача умуман касаллик нима эканлигини билмай ўсди. Аммо уч ёшга тўлиш арафасида сариқ касалидай балога чалинди-ю, яна хонадондан файз кетди.

* * *

(Давоми бор)

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: