“Туронзамин” почтасидан

«Доля»нинг каттасини  ким олмоқда?

Бир вақтлар Тошкент нон шаҳри ҳисобланар эди. Бу ҳақда таниқли режиссерлар кино ҳам суратга олишган. Бугунга келиб эса Ўзбекистоннинг пойтахти Тошкент шаҳрида очиқдан очиқ инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари бузилмоқда. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ҳуқуқ-тартибот идоралари – милиция, прокуратура ва суд органи ходимлари мансаб ваколатидан фойдаланган ҳолда, ўзаро жиноий тил бириктириб, ўзлари Ўзбекистон Республикаси Конституциясини ва қонунларини қўпол равишда бузмоқдалар. Натижада қанчадан қанча бегуноҳ халқ ноҳақ жиноий жавобгарликка тортилмоқда. Бунга мен бир жиноят ишини ўрганиш давомида тўлиқ амин бўлдим.

2006 йил октябрь ойида «То-Тем» ХИЧФ директори С.Дунгбаев Ўзбекистон Республикаси Президенти И.Каримовга, Миллий Хавфсизлик хизмати раиси Р.Иноятовга ва Бош прокурор Р.Қодировларга шикоят йўллаб, Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҲТ ва ОАВБАҚ бошқармаси бошлиғи, полковник А.Шарипов мансаб ваколатидан қасддан фойдаланган ҳолда ундан 71 минг доллар миқдорида пора олганлигини таъкидлайди.

Ушбу шикоятга асосан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҲТ ва ОАВБАҚ бошқармаси бошлиғи А.Шарипов ва ИИВ Бирлашган таҳририятининг мансабдор ва моддий жавобгар шахсларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167, 189 ва 205-моддалари билан жиноят иши қўзғатилади. Жиноят иши юзасидан дастлабки тергов ҳаракатларини ўтказиш Тошкент шаҳар прокуратурасининг иқтисодий жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бўлими катта терговчиси Т.Нормухамедов зиммасига топширилади.

Терговчи Т.Нормухамедов жиноят иши материаллари билан танишиб чиқиб, Тошкент шаҳар прокурори Б.Валиевдан Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҲТ ва ОАВБАҚ бошқармаси бошлиғи А.Шариповни Ўзбекистон Республикаси Жиноят процессуал Кодексининг 236-моддаси 2-бандига асосан («Айбланувчи, судланувчи содир этган, Жиноят кодекси 15-моддасининг тўртинчи ва бешинчи қисмларида назарда тутилган жиноятнинг хавфлилиги у суриштирувдан, дастлабки терговдан ва суддан яшириниши мумкин деган ўринли тахмин ҳам қамоқда сақлаш тарзидаги эҳтиёт чорасини танлаш учун асос бўлиши мумкин») зудлик билан қамоққа олиш тўғрисида санкция сўраши, эҳтиёт чораси сифатида А.Шариповни қамоққа олиши зарур эди.

Терговчи Т.Нормухамедов нафақат Ўзбекистон Республикаси Жиноят процессуал кодексининг 236-моддасига зид равишда иш олиб боради, балки Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ўринбосари, Республика Ҳарбий прокурори Ш.Узақовнинг шахсий илтимосига кўра А.Шариповнинг қочиб кетишига имконият яратиб беради. Шундан сўнггина, яъни 2007 йилнинг 26 апрелида А.Шариповга нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси 3-қисми «а, б» бандлари билан сиртдан айб эълон қилиниб, унга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси танланиб, шу куни қидирув эълон қилади. Афсуски, бу пайтга келиб терговчи Т.Нормухамедов ўзининг паст ва ғараз ниятини амалга ошириб бўлган эди.

Дастлабки тергов ишлари ва суд процесси катта терговчи Т.Нормухамедов ва Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг судьяси Ж.Сайдалиевлар томонидан Ўзбекистон Республикасининг ЖПКнинг 11, 15, 17, 22, 23, 46, 82, 85, 122, 173, 179, 290, 321, 485, 487 ва 488-моддаларини қўпол равишда бузган ҳолда олиб борилади. Буни мен собиқ судья сифатида қуйидагича изоҳлайман. Биринчидан, ИИВ Бирлашган таҳририятида жиноят 2005 йил октябрь ойидан 2006 йил август ойларида таҳририят бош муҳаррири, полковник А.Эрназаровнинг 10 та фирмалар билан шартномалар имзолаб, биронта шартноманинг бажарилишини назорат қилмаганлиги оқибатида содир этилади.

Терговчи Т.Нормухамедов қандай бўлмасин А.Эрназаровни жиноий жавобгарликка тортмаслик мақсадида, тирноқ остидан кир қидириб, айбни Бирлашган таҳририятнинг собиқ бош муҳаррири, капитан Ш.Муродовга тўнкаш чораларини қидира бошлайди. Шу мақсадда атайлаб таҳририят билан «То-Тем» ХИЧФ ўртасида 2004 йил 7 январда тузилган шартнома шартлари бажарилмаган, «Ўзбекистон» НМИУ омбор мудири Х.Юсупова томонидан берилган 2004 йил 2 февралдаги 35 «А» сонли накладной ҳамда «То-Тем» ХИЧФнинг бажарилган ишлар далолатномаси сохталаштирилган, оқибатда таҳририятга 300 минг сўм зарар келтирилган деган хулоса чиқаради. Аммо, терговчи томонидан сохта деб топилган «То-Тем» ХИЧФ раҳбари С.Дунгбаевнинг бажарилган ишлар далолатномаси ҳамда «Ўзбекистон» НМИУ маъмуриятининг 2004 йил 2 февралдаги 35 «А» сонли накладнойи экспертизадан ўтказилмайди.

Иккинчидан, «То-Тем» ХИЧФ билан таҳририят ўртасида 2005 йил 28 мартда тузилган шартномага асосан С.Дунгбаев 2005 йил ноябрь ойида таҳририятга 100 тоннадан ортиқ қоғоз топшириб, шартнома шартларини бажарган бўлса-да, терговчи Т.Нормухамедов «То-Тем» ХИЧФ таҳририятга 67844 кг. қоғоз топширмаган, деган хулосага келади. То-Тем» ХИЧФнинг таҳририятга қоғоз топширганлигини дастлабки терговда гувоҳ сифатида сўроқ қилинган АТ “Турон банк” Бектемир филиали бошқарувчиси К.Қўчқаровнинг кўрсатмасидан ҳам билса бўлади. Мазкур гувоҳ ИИВ Бирлашган таҳририятида ишлаб келган ходим 2005 йил 25 ноябрда А.Шарипов номидан банкка расмий хат олиб келиб, “То-Тем” ХИЧФ билан ИИВ Бирлашган таҳририяти ўртасида 2005 йил 28 мартда тузилган шартнома талаблари бажарилганлиги сабабли талабнома ижросини тўхтатишни сўраганлигини айтади. (Айблов хулосаси: 31-бет, К.Қўчқаровнинг кўрсатмаси, 21-26 қаторлар). Демак, шартнома шартлари бажарилганки, А.Шарипов томонидан “инкассо” қилинган талабнома қайтариб олинган.

Учинчидан, «То-Тем» ХИЧФ раҳбари С.Дунгбаевнинг таҳририятга қоғоз топширган ёки топширмаганлигига аниқлик киритиш учун «Ўзбекистон» НМИУ омбор мудири Х.Юсупова бу ҳақда сўроқ қилиниши лозим эди. Лекин кўрсатуви ишни ҳал қилишга таъсир этиши мумкин бўлган Х.Юсуповадан терговчи Т.Нормухамедов ҳам, Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди судьяси Ж.Сайдалиев ҳам бу ҳақда сўраб суриштирмайди. Бу ҳатти-ҳаракатлари билан улар Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 485-моддаси 2-қисмини қўпол равишда бузади.

Терговчи Т.Нормухамедов томонидан тузилган айблов хулосасида ҳам, Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг судьяси Ж.Сайдалиев чиқарган ҳукмда ҳам, Тошкент шаҳар аппеляция инстанцияси суди раиси Р.Расулов чиқарган ажримда ҳам Ш.Муродовнинг айби судланувчилар С.Дунгбаев ва М.Хушвақов, гувоҳлар А.Эрназаров, З.Ашурова, Ш.Суяров ва Т.Юлдашевларнинг кўрсатувлари билан тасдиқланганини билдиришади.

Мен Тошкент шаҳар суди архивида сақланаётган жиноят иши материалларидан судланувчилар С.Дунгбаев ва М.Хушвақовларнинг судда берган кўрсатувларини ҳамда баъзи бир ҳужжатларни олишга мувофақ бўлдим Судланувчи С.Дунгбаевнинг судда берган кўрсатмасидан жумла келтираман: “02.02.2004 йили 90 тн. қоғозни мен пулини бериб ёллаган ёлланма юк машиналари орқали таҳририятнинг хўжалик ишлари мудири Ш.Болтаев Янги-Обод Божхона терминалидан “Ўзбекистон” НМИУ омборхонасига етказиб берган. Шундан сўнг бажарилган ишлар далолатномасини тайёрлаб, Ш.Болтаевга тақдим қилдим. Ҳар икки ташкилот томондан шартнома шартлари бажарилгандан сўнг керакли ҳужжатлар расмийлаштирилди.

Ушбу эпизод бўйича мен томонимдан ҳеч қанақа ҳужжатлар қалбакилаштирилмаган, ҳеч қанақа қонун бузилишига йўл қўйилмаган. Фирмамга таҳририятнинг 90 тн. қоғозини ташиб беришим учун қонунда лицензияга эга бўлишим кўрсатилмаган. Негаки, менинг фирмам хусусий ҳисобланади. Бу ишда Ш.Муродов билан жиноий тил бирикитирмаганман, ҳеч қанақанги далолатномани сохталаштирмаганман. Ушбу суммадан давлат ва мендан бошқа ҳеч ким манфаатдор бўлмаган. Ушбу эпизод бўйича қўйилган айблар ҳаммаси ёлғон. Бу терговчи Т.Нормухамедовнинг ўйдирмалари. 2005 йилнинг март ойида қариндошим Д.Буронов телефон қилиб, М.Хушвақов деган одам келишини, қоғоз масаласида гаплашишини айтди. Шундан кейин М.Хушвақов менинг олдимга келиб, ИИВ Бирлашган таҳририяти билан 100 тн. газета қоғози сотиб олишга шартнома тузишни таклиф қилди. Мен қоғознинг ҳар килограмми 890 сўм эканлигини айтиб рози бўлсанглар пул ўтказинглар, деб 100 тн. газета қоғозига бир томонлама тўлдирилган шартнома бериб юбордим. Шу тариқа улар томонидан 30.03.2005 йил куни фирмам ҳисоб рақамига 89 млн. сўм ўтказиб беришди. Мен 2005 йилнинг ноябр ойи ўртасигача таҳририятга жами 100 тн. 253 кг. қоғоз етказиб берганман. Бундан кўриниб турибдики, мен ҳеч қанақа ўзганинг мулкини талон тарож қилмаганман. М.Хушвақов менга 100 тн. қоғоз етказиб берганлиги тўғрисида ҳеч қанақанги қалбаки накладной тақдим қилмаган. Бу эпизод бўйича қўйилган айблар ҳаммаси нотўғри, терговчининг тазйиқи асосида ўйлаб топилган бўлиб, мени бундай кўрсатмаларга имзо чекишга терговчи мажбур қилди. Аслида, 1, 2-эпизодлар тергов ҳаракатларининг 2-ойида Ш.Муродовга қарши қизғин компания бошланиб кетди. Терговчи менга шарт қўйдики, яъни А.Шариповнинг алоқалари кучлилигини ва келтирилган зарарни ҳамда 71 минг доллар қарзимни қайтариб бермаслигини, Ш.Муродовнинг орқасида эса ҳеч кими йўқлигини ва 300 млн. сўмлик зарарни Ш.Муродовнинг бўйнига қўйишини, у бу зарарни уйини сотиб қутилиб кетишини, мен фақат солиқлар бўйича жавобгар бўлишимни таъкидлади ва ҳамма кўрсатмаларни Ш.Муродовга қарши берсам фирмамнинг тўланмаган солиқларини минимал суммага камайтириб беришини айтди” (Судланувчи С.Дунгбаевнинг судда берган кўрсатмаси: 1-бет, 8-42 қаторлар).

Судланувчи С.Дунгбаевнинг судда берган мана бу кўрсатмаси жуда кўп нарсаларга ойдинлик киритади. “…шартномаларни менга Ш.Муродов бермаган, у билан ҳеч қачон жиноий тил бириктирмаганман. Менинг тергов давомида берган кўрсатмаларимни терговчи Т Нормухамедов 5-6 маротаба ўзгартирди. Айникса, А.Шарипов қочиб кетгандан кейин унга нисбатан берилган кўрсатмалар ҳаммаси Ш.Муродовга қарши қилиб ўзгартирилди”. (Судланувчи С.Дунгбаевнинг судда берган кўрсатмаси: 3-бет, 49-52 қаторлар).

Энди судланувчи М.Хушвақовнинг судда берган кўрсатмасига эътиборингизни қаратаман. Қани, судьялар Ж.Сайдалиев ва Р.Расуловлар томонидан чиқарилган ҳукм ва ажримидаги “исботи” ҳақиқатга тўғри келармикан? «Менинг Ш.Муродовга ҳайдовчи бўлиб ишлаганлигим, ҳар ойида 200 минг сўм пул тўлаганлиги, уйига қурилиш материалларини олиб борганлигим нотўғри. Менга терговчи шундай ёзсанг, чиқиб кетасан, деб ваъда берган эди». (Судланувчи М.Хушвақовнинг судда берган кўрсатмаси: 2-бет, 19-23 қаторлар).

Мана сизга мустақил Ўзбекистон давлатида одил судловнинг «адолатпарвар» судьяларининг ўз лавозим вазифаларига бўлган муносабати. Дарвоқе, Ўзбекистонда терговчи томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 22-моддаси қўпол равишда бузилиб, судланувчи ва гувоҳларни зўрлаб, қўрқитиб, ҳуқуқларини чеклаб, мажбурлаб олган кўрсатувлари инобатга олинадими? Ёки суд мажлисида ўз хоҳишлари билан ҳақиқатни айтган сўнгги кўрсатувлари эътиборга олинадими?

Дастлабки терговда терговчи Т.Нормухамедовнинг гувоҳларни зўрлаб, қўрқитиб, алдаб, мажбурлаб олган кўрсатувлари эътиборга олинадиган бўлса, суд мажлисини ўтказишнинг, Ўзбекистон Республикасининг ЖПКнинг 22-моддасига «…Гумон қилинувчидан, айбланувчидан, судланувчидан, гувоҳдан ва ишда иштирок этувчи бошқа шахслардан зўрлаш, қўрқитиш, ҳуқуқларини чеклаш ва қонунга хилоф бўлган ўзгача чоралар билан кўрсатувлар олишга ҳаракат қилиш ман қилинади» деган сўзларни киритишнинг нима кераги бор?

Терговчи Т.Нормухамедов мансаб ваколатидан фойдаланган ҳолда Ўзбекистон Республикаси ИИВ Назорат тафтиш инспекцияси инспектори Д.Носировни таҳририятни тафтиш қилганлиги тўғрисидаги далолатномасини ўзбошимчалик билан 3 марта ўзгартиришга мажбур қилади. ИИВ НТИ инспектори Д.Носиров менинг айбимни бўрттириб кўрсатиш мақсадида терговчининг топшириғини бажариб, Германиянинг «Грамекс» компаниясидан сотиб олинган «Шинахара» дастгоҳини ҳеч бир асоссиз, далил исботсиз таҳририятнинг газета ва журналларини босиш қувватига эга эмас, деган хулоса чиқаради.

Ушбу дастгоҳ 2006 йил февраль ойида ўрнатилиб, фойдаланишга топширилиб, бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Б.Матлюбовга ахборот берилганлиги, А.Эрназаров 2006 йил 20 февралда «АБВ» фирмаси билан полиграфия бўёқлари ва хом-ашёларини сотиб олиш тўғрисидаги 122 ПТ сонли шартномасини имзолаб, фирманинг ҳисоб рақамига 63 млн. 985 минг 500 сўм ўтказиб берганлиги, таҳририят билан Германиянинг «Грамекс» компанияси ўртасида тузилган контрактнинг 5.1, 5.6, 5.7, 5.10 ва 5.12-банларида белгиланган шартлар таҳририят бош муҳаррири А.Эрназаров ва таҳририят ҳуқуқшуноси А.Музаффархоновлар томонидан умуман назорат қилинмаганлиги терговчи Т.Нормухамедов, судьялар Ж.Сайдалиев ва Р.Расуловлар томонидан умуман ўрганиб чиқилмайди. Терговга таъсир этиши мумкин бўлган бу ҳужжатлар ўрганиб чиқилганда жуда кўп нарсаларга ойдинлик киритилган бўларди. Шунинг учун ҳам улар бу ишни ўрганиб чиқишни исташмайди. Бу ҳатти-ҳаракатлари билан улар Ўзбекистон Республикасининг ЖПКнинг 82-моддаси 2 ва 3-қисмини қўпол равишда бузади.

«Шинахара» дастгоҳи таҳририятнинг газета ва журналларини босиш қувватига эга эмас экан, нима сабабдан А.Эрназаров томонидан таҳририятга 63.985.500 сўмлик полиграфия бўёқлари ва хом-ашёлари сотиб олинди? Полиграфия бўёқлари ва хом-ашёларининг 4 ойдан ортиқ вақт ичида етказиб берилиши, қолаверса 18.376.400 сўмга қиммат нархда сотиб олиниши терговчи ва судьяларни қизиқтириши лозим эди-ку! Афсуски, улар бу нарса билан қизиқишмайди. Бундан дастлабки тергов ишларининг фақат бир томонлама олиб борилганлигини билса бўлади.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Назорат тафтиш инспекцияси инспектори Д.Носиров таҳририятнинг 2004 йил 1 апрелдан 2006 йил 1 июнига қадар хўжалик фаолиятини текшириб, бу ҳақда далолатнома тузган бўлсада, терговчининг тазйиқи остида далолатномага текширилмаган даврдаги: ”Кумуш оқ халқа” МЧЖ томонидан 114 млн. 930 минг 700 сўмлик қоғоз маҳсулотлари 03.07.2006 йилдаги 36/275-сонли юк хати билан таҳририятга топширган” деган маълумотларни мажбуран киритади. (Айблов хулосаси: 23-бет, 56-58 қаторлар, ҳукм: 79-бет, 38-41 қаторлар)

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Бирлашган таҳририяти бош муҳаррири А.Эрназаров «Жалол Омад», «Кумуш оқ халқа» МЧЖлари ва «То-Тем» ХИЧФ раҳбарлари билан шартномалар имзолаб, фирмаларнинг ҳисоб рақамига 637 миллион 200 минг сўм ўтказиб бериб, ўз айбига иқрор бўлиб, (Айблов хулосаси: 18-бет, 1-57 қаторлар, хукм: 16-бет, 32-57, 17-бет, 1-30 қаторлар) таҳририят ҳуқуқшуноси А.Музаффархонов А.Шарипов ва А.Эрназаровларнинг буйруғини бажариб, «Кумуш оқ халқа» МЧЖнинг 2006 йил 2 августдаги 321, 322-сонли счет-фактураларини ўз қўли билан расмийлаштириб, сохталаштирганлигини тан олиб турса-да, терговчи Т.Нормухамедов, судьялар Ж.Сайдалиев ва Р.Расуловлар бунга эътибор беришмайди.

Таҳририятда жиноят содир этилганда Ш.Муродов ҳеч қаерда ишламай, бирон бир мансабни эгаллаб турмаган, ҳеч ким унга ўзганинг мулкини ишониб ёки унинг ихтиёримга топшириб қўйган бўлмаса, қандай қилиб у Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 167, 205 ва 209-моддаларини бузиши мумкин? Демак, у жиноят содир этилганда бошқа жойда бўлган. Бу (алиби) унинг айбсиз эканлигини билдирувчи ҳолат эмасми?

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг 2005 йил 15 сентябрдаги 11-сонли буйруғига асосан таҳририятнинг мулки А.Эрназаровга топширилган ва унинг ихтиёрида бўлган. Демак, жиноят асослари, қораловчи далиллар (мотивы преступления, улики доказательства) А.Эрназаровга қаратилиши лозим эди. Наҳотки, шунга терговчи ва судьяларнинг ақли етмаган бўлса? Бундан терговчи ва судьянинг Ш.Муродовга нисбатан тухмат, бўхтон (инсинуация) қилаётгани маълум бўлиб турибди.

Мустақил Ўзбекистон давлатида оддий халқнинг уй-жой қуриши қатъи таъқиқланган кўринади. Негаки, терговчи Т.Нормухамедовнинг нияти Ш.Муродовнинг турмуш ўртоғининг номида уй борлигини билгандан сўнг бузилади. Қандай бўлмасин зарарни Ш.Муродовнинг турмуш ўртоғининг уйини мусадора қилиш йўли билан ундиришга қаратади.

Тошкент шаҳар Сергели тумани ҳокимиятининг 2007 йил 14 майдаги 35 ПЖИ сонли маълумотномаси Ш.Муродовнинг турмуш ўртоғига тегишли уйнинг 2005 йил 18 мартда тузилган уй-жой режасига асосан 2002-2003 йиллар оралиғида қуриб битказилганлигини тасдиқлаб турибди. Бу пайтда таҳририятга зарар етказилмаган бўлса, қандай қилиб Ш.Муродов Ўзбекистон Республикасининг ЖКнинг 243-моддасига асосан жиноий фаолиятдан олинган даромадларни ошкорлаштириши мумкин?

Судья Ж.Сайдалиев томонидан Ш.Муродовнинг турмуш ўртоғига тегишли бўлган уйни қуриб берган усталар, қўни-қўшнилар, уй Ш.Муродов томонидан қурилганлигини тасдиқловчи гувоҳлар суд мажлисига чақиртирилиши, судда қораловчи сифатида қатнашган Тошкент шаҳар прокурорининг ёрдамчиси О.Эшбаков буни ашёвий далиллар, ҳужжатлар, гувоҳларнинг кўрсатувлари билан исботлаб бериши керак эди-ку! Ёки терговчи бу уйлар Ш.Муродовга тегишли деса, уй унга тегишли бўлиб қолаверади-ми? Қани бу ерда Ўзбекистон Республикасининг ЖПКнинг 23-моддасида белгиланган айбсизлик презумпцияси?

Ўзбекистон Республикасининг ЖПКнинг 290-моддасида «Гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи ва фуқаровий жавобгар оиласининг нормал турмушини таъминлаш учун зарур бўлган уй-жой, квартира, уй анжомлари ва жиҳозлари, кийим ва буюмлар хатланмайди. Турар жойлар ёки яшаш учун мўлжалланмаган жойлар, мулк шаклидан қатъи назар, давлатга хоинлик қилиш, конституциявий тузумга, Ўзбекистон Республикаси Президентига тажавуз қилиш, терроризм, қўпорувчилик жиноятлари содир этиш учун фойдаланилган ёхуд бу жиноятлар қасддан одам ўлдириш, босқинчилик, талончилик ёки бошқа оғир, ўта оғир жиноятлар билан боғлиқ бўлган ҳолларда – бу жойлар хатланади» дейилган.

Ш.Муродовнинг турмуш ўртоғига тегишли уй давлатга хоинлик қилиш, конституциявий тузумга, Ўзбекистон Республикаси Президентига тажавуз қилиш, терроризм, қўпорувчилик жиноятлари содир этиш учун фойдаланилмаган ёхуд бу жиноятлар қасддан одам ўлдириш, босқинчилик, талончилик ёки бошқа оғир, ўта оғир жиноятлар билан боғлиқ бўлмаган бўлса, терговчи Т.Нормухамедов ва судья Ж.Сайдалиевлар қандай қилиб уйни зарарни қоплашга қаратиши мумкин? Уларнинг мақсадлари қандай бўлмасин А.Шарипов, А.Эрназаров ва А.Музаффархоновларни жиноятдан кутқариб қолиб, зарарни эса Ш.Муродовдан ундириш бўлганлигини мана шулардан билиб олса бўлади.

Терговчи Т.Нормухамедов томонидан тузилган айблов хулосаси диққат-эътибор билан ўрганиб чиқилса, А.Эрназаров томонидан таҳририятга келтирилган зарар миқдори 800 миллиондан ошади. Лекин терговчи ўзи тузган айблов хулосасида атайлаб зарарнинг умумий миқдорини кўрсатмайди. Бу ҳатти-ҳаракати билан у Ўзбекистон Республикасининг ЖПКнинг 82-моддаси 1-қисмини қўпол равишда бузади.

Суд мажлисига раислик қилган Ж.Сайдалиев эса Ўзбекистон Республикаси ИИВ Бирлашган таҳририяти бош муҳаррири А.Эрназаров томонидан “Агропринт”, “Кутлуғ Нишона” ва “Ниҳол Рада” МЧЖларига арзонга сотиб юборилган қоғозлар натижасида таҳририятга етказилган 79.868.459 сўмлик, “Султон Увайс бобо” фирмасига ортиқча тўланган 1.468.921 сўмлик, “Пантера Сервис” ва “Виртек Биг бизнес” МЧЖлари ҳисоб рақамларига ортиқча ўтказилган 1.779.000 сўмлик, обуна пулларининг касса ордерига кирим қилинмаган 4.413.100 сўмлик зарарларнинг ундирилишини мансаб ваколатини суъиистеъмол қилган ҳолда яширади.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Бирлашган таҳририяти бош муҳаррири А.Эрназаров дастлабки терговда берган кўрсатмасида у бош муҳаррир лавозимига тайинланганда унга ҳеч ким бухгалтерия ва бошқа ҳужжатларни қабул-қилиш ва топшириш далолатномасига асосан топширмаганлигини, шу боис у бухгалтерия ишини тартибга солиш мақсадида таҳририятнинг молиявий хўжалик фаолиятини тўлиқ текшириб беришларини сўраб, вазирликнинг молия-иқтисод бошқармаси бошлиғи Ў.Аҳмедовга ёзма равишда билдирги билан мурожаат қилганини, текшириш ўтказиш учун тафтишчилар режа-топшириқ билан келганини, бироқ А.Шарипов бунга мутлақо қарши чиқиб, вазирлик раҳбариятига мурожаат қилганини, натижада тафтиш ўтказилмасдан, бухгалтерия ҳужжатлари ўрганиб чиқилмасдан шундай ҳолда қолиб кетганини айтади.

Дарҳақиқат, А.Эрназаров вазирликнинг молия-иқтисод бошқармаси бошлиғи Ў.Аҳмедовга ёзма равишда билдирги билан мурожаат қилган бўлса, унинг ушбу билдиргиси ҳамда тафтишчилар томонидан тузилган режа-топшириқ Ўзбекистон Республикасининг ЖПКнинг 485-моддаси 2-қисмига асосан жиноят иши материалларига тикилиши лозим эди. Нима учун терговчи Т.Нормухамедов томонидан ишни ҳал қилишга таъсир этиши мумкин бўлган юқоридаги ҳужжатлар жиноят иши материалларига тикилмади?

Дастлабки терговда гувоҳ сифатидан сўроқ қилинган Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари Х.Ибрагимов ўз кўрсатмасида А.Эрназаровнинг таҳририятда тафтиш ўтказиш бўйича мурожаат қилмаганини, тафтишни тўхтатиш бўйича кўрсатма бермаганини айтади. Демак, бу ерда илгари сўроқ қилинган икки шахс кўрсатувлари ўртасида жиддий қарама-қаршиликлар бўлмокда. Бунга кўра, терговчи Т.Нормухамедов Ўзбекистон Республикаси Жиноят процессуал Кодексининг 122-моддасига асосан А.Эрназаров ва Х.Ибрагимовлар ўртасида юзлаштириш сўроғини ўтказиши шарт эди.

Бундан ташқари Х.Ибрагимов ўз кўрсатмасида 2006 йилнинг охирида Бирлашган таҳририят фаолиятида жуда катта миқдорда сотиб олинган қоғоз ва бошқа анжомларнинг пули тўлангандан сўнг омборхонага олиб келинмаганлиги тўғрисида назорат тафтиш инспекциясининг ахборотини олгандан сўнг, А.Эрназаровни ҳузурига чақирганини ва йўл қўйилган камчиликлар бўйича ахборот беришини сўраганини, А.Эрназаров бу ишларда нафақат унинг айби, балки А.Шариповнинг ҳам айби борлигини айтганлигини айтади. (Айблов хулосаси: 20-бет, 11-18, 22-бет, 12-18 қаторлар) Терговчи Т.Нормухамедов, судьялар Ж.Сайдалиев ва Р.Расуловлар Х.Ибрагимовнинг ушбу кўрсатмасидан тегишли хулоса чиқариб олмайдилар. Оқибатда бу ҳатти-ҳаракатлари билан улар Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 15-моддасини қўпол равишда бузади.

Кўрсатувлари ишни ҳал қилишга таъсир этиши мумкин бўлган шахслар – Д.Бўронов, А.Қорабоев, О.Бердиев, М.Тиллаев ва Ш.Аҳмедовлар дастлабки терговга ва суд мажлисига гувоҳ сифатида кўрсатма беришга чақирилиши зарур эди. Лекин нима сабабдандир улар чақиртирилмайди? Натижада терговчи ва судьялар томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 485-моддаси 2-қисми қўпол равишда бузилади.

Дастлаб, 26/07-2612-сонли жиноят иши материалларини суд мажлиси муҳокамасида кўриб чиққан судья О.Исмаилов ҳамда суд процесси иштирокчилари ИИВ Бирлашган таҳририяти ҳуқуқшуноси А.Музаффархоновнинг «Кумуш оқ халка» МЧЖнинг 2006 йил 2 августдаги 321, 322-сонли тўлдирилмаган, аммо муҳр ва имзо қўйилган счет-фактураларини А.Шарипов ва А.Эрназаровларнинг топшириғига асосан ўз қўли билан қалбакилаштириб, бу сохта ҳужжатларни таҳририят бухгалтериясига топшириб юборганлигига амин бўлишади. Бу ҳақда суд мажлисида сўроқ қилинган А.Музаффархонов айбига иқрор бўлиб кўрсатма беради.

Суд процессидан сўнг, судья О.Исмаилов бу ҳақда Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди раиси М.Абдуганевга ахборот беради. А.Музаффархонов суд муҳокамасига гувоҳ сифатида эмас, балки айбланувчи тариқасида жалб этилиши лозимлигини айтади. Тошкент шаҳар прокурори Б.Валиевга «ваъда» бериб қўйган Тошкент шаҳар суди раиси М.Абдуганиев мансаб ваколатидан фойдаланиб, А.Музаффархоновнинг бу жиноий ҳатти-ҳаракатини билса ҳам билмасликка олади. Шундан сўнг О.Исмаилов баъзи бир сабабларга кўра, лавозим вазифасидан четлаштирилади.

Бир ойдан ортиқ вақтдан сўнг, жиноят иши материалларини суд мажлисида кўриб чиқиш «заказ» ишларни суддан «силлиқ» ўтказиб беришда тажрибаси ошиб қолган судья Ж.Сайдалиевга топширилади. Пул деса, ўзини ҳам сотадиган судья суд муҳокамасида Ш.Муродовнинг айби биронта гувоҳларнинг кўрсатувлари билан тасдиқланмаганини, судланувчилар С.Дунгбаев ва М.Хушвақовлар дастлабки тергов давомида терговчи Т.Нормухамедов томонидан зўрлаб, алдаб ва қўрқитиши оқибатида Ш.Муродовга туҳмат қилишганини, бунинг учун суд раиси ва Ш.Муродовдан кечирим сўраганларини ўз кўзи ва қулоклари билан эшитган бўлсада, кўзини чирт юмиб, ҳеч кимдан қўрқмасдан Ш.Муродовни айбдор деб топиб, асоссиз ҳукм чиқаради. Яна уялмай-нетмай Ш.Муродовнинг адвакати М.Адиловга “Ш.Муродовнинг айби йўқлигини биламан, лекин Олий суд раиси Ш.Муродовни айби бўлса-бўлмаса қамайсан, деб мажбур қилганидан сўнг, уни қамаш тўғрисида ҳукм чиқардим” дейди.

Хўш, терговчи Т.Нормухамедов ва судья Ж.Сайдалиевлар кимга ишониб, Ўзбекистон Республикасининг Конституциясини, унда белгиланган қонунларни оёқ ости қилмоқда? Бу ишларнинг бошида Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг тергов ишлари бўйича ўринбосари А.Шарафутдинов, Олий суд раиси Б.Мустафоев, Олий суднинг жиноят ишлари бўйича судлов Ҳайъати раиси Д.Суюнова ва Ички ишлар вазири, генерал-лейтенент Б.Матлюбов ва Ички ишлар вазирлигининг назорат тафтиш инспекцияси инспектори Д.Носировлар турибди. Бўлмаса, терговчи Т.Нормухамедов ва судья Ж.Сайдалиевлар Ўзбекистон Республикасининг ЖПКнинг бир эмас, 16 та моддасини қўпол равишда бузганлиги учун Тошкент шаҳар прокурори Б.Валиев суд қорорига Ўзбекистон Республикасининг ЖПКнинг 511-моддасига асосан протест келтириши шарт эди.

Лекин прокурор ўзининг ва «ҳамтавоқ»ларининг жинояти очилиб қолишдан қўрқиб, мансаб ваколатини суъиистеъмол қилиб, протест келтиришга тиш-тирноғи билан қаршилик қилади. Чунки А.Шарипов ва А.Эрназаровлар Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармасида узоқ вақт бирга ишлаганлар, бир бирининг жиноий ҳатти-ҳаракатларини жуда яхши билишади. Агар А.Шарипов ва А.Эрназаровлар жиноий жавобгарликка тортиладиган бўлса, улар албатта Б.Матлюбов ва А.Шарафутдиновларни ҳам сотишлари мумкин.

Ш.Муродов 2005 йил 23 августда таҳририятнинг мол-мулкини топшириб, ишдан бўшаб кетаётганида А.Шарипов ва А.Эрназаровларнинг таҳририятни талон-тарож қилиши мумкинлиги тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг собиқ ўринбосари А.Шарафутдиновга шикоят ёзиб, текшириб чиқиб, чора кўришини илтимос қилади. Афсуски, А.Шарафутдинов шикоятни атрофлича текширтириб, тегишли хулоса чиқариш ўрнига А.Шарипов ва А.Эрназаровлар билан жиноий тил бириктиради. Бирлашган таҳририятда 800 миллиондан ортиқ пул талон-тарож қилингандан сўнг А.Шарафутдинов генерал-майор унвонига эга бўлади.

Хўш, А.Шарафутдинов қайси хизматлари учун “генерал-майор” унвонига эга бўлди? Ички ишлар вазирлиги тизимида кадрларни жой-жойига қўйишни боши берк кўчага олиб кириб қўйгани учунми? Ёки тажрибали полковник ва генералларни пенсияга кузатиб, уларнинг ўрнига тажрибаси мутлақо йўқларни таниш-билишчилик орқали лавозимга тайинлагани учунми? Оқибатда А.Шарафутдиновнинг бу сиёсий “ўйини” нима билан якунланди? Баъзи бир генералларнинг беҳосдан ўлими билан якунланди?! Нима учун А.Шарафутдинов ўзининг “ҳамтавоғи” А.Шариповни пенсияга кузатмади? Ахир, у ҳам пенсия ёшида эди-ку!

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Матбуот хизмати лавозими подполковник даражасигача бўлса-да, А.Шарафутдинов мансаб ваколатидан фойдаланган ҳолда «ҳамтавоғи» А.Эрназаровга қонунга зид равишда полковник унвонини олиб беради. А.Шарафутдинов кадрлар бўйича ўринбосар лавозимда яхши ишлаганда уни (генерал унвонини олгандан сўнг) яна қайтариб тергов ишлари бўйича ўринбосарликка ўтказилмасди. Ёки А.Шарафутдинов фақат генерал унвонини олиш учун кадрлар ишлари бўйича ўринбосарлик лавозимига ўтказилди-ми? Шундай бўладиган бўлса, Ички ишлар вазирлиги тизимида хизмат қилувчи офицер ва генераллар фақат “махинация” йўли билан унвон олишга эга бўлишар экан-да!

Россиянинг ОРТ телеканалида берилаётган «Федеральный судья» кўрсатувини мен касбим тақоза қилганлиги учун доим кўриб бораман. Ушбу кўрсатув орқали муҳокама қилинаётган суд процессида судьянинг прокурорнинг ҳам, адвакатнинг ҳам суд процесси давомида аниқлаган ҳар бир деталларига аҳамият бершини кўриб, уларга ҳавасим келади. Адолат қарор топиб, тухмат орқали ноҳақ жиноий жавобгарликка тортилган судланувчи адолатпарвар судьянинг қарори билан оқланиб, реабилитация қилинганида, бехосдан кўзимга ёш келади. Ўзбекистонда ҳам шунга ўхшаш адолатпарвар судьялар бўлишини чин юракдан орзу қиламан.

Хулоса қиладиган бўлсак, Ўзбекистон пойтахтида содир этилган ушбу оламшумул воқеа Ўзбекистон халқи ичида шов-шувга сабаб бўлиши турган гап. Лекин бизни бошқа масала қизиқтиради. Ўзбекистон Ҳукуматида назорат қилувчи органлар фаолият кўрсатмайдими? Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Президент давлат маслаҳатчиси, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудцман) қаёққа қарашмоқда? Ёки суд, прокуратура ва милиция органи раҳбарларидан иборат жиноий гуруҳ уларни ҳам «доля» билан таъминлаб турибдими?! Мақоланинг мазмунидан «доля»нинг каттасини Ҳукумат тепасида турган амалдорлар олаётганига амин бўласиз. Бўлмаса, бир жиноят ишида шунча хато ва камчиликларга йўл қўйилмаган бўларди. Ахир бу Ўзбекистон Ҳукумати учун шармандалик-ку!

Дарвоқе, Ш.Муродовнинг жинояти дастлабки терговда ва суд процесси давомида гувоҳларнинг кўрсатувлари, экспертиза хулосалари, ҳужжатлар ва ашёвий далиллар билан тасдиқланган бўлса, иш қўшимча тергов қилинганда ҳам бу тасдиқланиши керак. Нима учун Тошкент шаҳар прокурори Б.Валиев, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг тергов ишлари бўйича ўринбосари А.Шарафутдинов ва Олий суднинг жиноят ишлари бўйича судлов Ҳайъати раиси Д.Суюновалар бундан жуда қўрқишмоқда? Бундан улар ўртасида катта жиноий гуруҳ ташкил этилганлигини билса бўлади. Бу гуруҳга Х.Сулаймонова номидаги Республика суд-тиббий экспертизаси лабораторияси мудири А.Минасяннинг қўшилиши ташкил топган жиноий гуруҳнинг томири ниҳоятда чуқурлашиб кетганлигидан далолат беради. Ахир бу мустақил Ўзбекистон давлатининг юзидаги доғ эмасми?!

Мирза Ахмадов, собиқ судья.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: