Ғафур ЙЎЛДОШЕВ

У Й Ш У Н   О Т А   Ғ О Р И

( Қи с с а. Да в о м и)

(2)

Ёвбосар гўшкеттиникига таъзияга келиб, жигар ранг дарвозанинг икки тарафида қаторлашиб турган одамлар кутилмаганда анграйиб қолди: Чўғолнинг ўн саккиз яшарли қизи – Улжамол, сочлари тўзғиган, ҳатто, рўмоли ҳам йўқ! – бир алпозда келди-да, довдираганча ўзини ичкарига урди. Ичкарида – ҳовлининг ўртасидаги икки тобут атрофида уввос тортаётган хотин-халаж ҳам қизни бу аҳволда кўриб лаб тишлади.

– Мен ўлсам бўлмасмиди, вой болаларим! Болаларим-ов-вв!! – деб бўзлаётган, пастак гавдаси букчайган озғин аёлгина қизнинг келганини сезмади.

– Ўн гулидан бир гули очилмай сўлган укаларим-эй! Жо-оннн укаларм-мм!!! – дея йғлаётган ўрта бўйли, штапель кўйлагини шоҳи қийиқда боғлаган жувон ҳам ким келганига эътибор бермади.

Улжамол эса тўғри тобутларга яқинлашди. Паришон нигоҳи ҳаворанг баҳмалга қадаларкан, бирдан сергак тортди ва юзини тирнаганча ўкириб юборди. Хотин-халаж кўзларини ёпган рўмол ва дураларни озгинадан суриб, бир-бировига маъноли қарашди. Айни чоғда таъзияга келган одам эвазига овозлар яна бир парда кўтарилди:

– “Жувонмарг бўлган жиянларим-эй!”

– “Гул умрида хазон бўлганларим-эй!”

– “Етдим деганда айрилган тоғларим-эй!”..

Талотўп ичида кимдир Улжамолнинг енгсиз, лорсиллаб турган билагидан аста ушлади. “Гапириб йиғланг, ёмон бўлади”, – деди шивирлаб. Қиз бу сўзларни на эътиборга олди, на ўгирилди. Юзлари қонталаш, индамай йиғлай берди.

Тобут атрофдагилар сони аста-секин камайиб борди. Охири озғин аёл билан белини боғлаган жувон ва Улжамолгина қолишди.

Шу маҳал наридаги уйнинг айвонида, хотинлар орасида пайдо бўлган Олтиной дастурхончи:

– Рўмоли бўлса ҳам кошки эди, бу нима қилиқ, а?! – деб хипчабел кўйлакли Улжамолни имо билан кўрсатди.

– Ёш-да, – дея секин гапирди, оқ рўмоли остидан кумуш сочлари кўриниб турган аёл.

– Буларга ўзи қанақа қариндош бўлади? – сўради айвон устунига суянган жувон.

– Ҳеч қариндошли жойи йўқ, – деди дастурхончи.

– Фатҳиддин билан бирга ўқишарди, – орага гап қўшди наридан кимдир.

– Э-э, кўнгил беришганларданми? Ё тавба, муштдек бошидан, а! – кинояли гап қилди дастурхончи.

– Одамлар ўлиб ҳам сиздан қутила олмас эканда, а? Ҳеч бўлмаса бугун тилингизни тийиб туринг! – жеркиб ташлади кумуш сочли аёл.

– Қизиқ гапни гапирасиз, Тўпахон! Биз билан сиз бугун бу гапни гапирмасак, эртага ким гапиради! Ҳай ана, шихтини қаранг – мусулмончиликка тўғри келадими шу!

– Сизни ғийбат қилишингиз мусулмончиликка тўғри келади! – дея Тўпахон Олтиной дастурхончининг юзига тик қаради ва: – Ғийбат қилишдан кўра, Маҳпират билан Салимани энди берироққа олишни ўйлаш керак, бечоралар бир йўла йиқилиб қолишмасин, – деди.

– Бола, минг тўлғоқ билан дунёга келади, илойим, боланинг ўлимини кўриш ҳеч қайси онаизорга насиб этмасин. Тағин бирданига иккитасини бундай ётишини қаранг! Маҳпират билан Салима йиғламай мен йиғлайинми! Фақат анови ғарга ҳайронман, унга бу ерда пишириб қўйибдими! Яхши кўрган бўлса, тиригида яхши кўргандир, энди ўлганида бу ерга келишига бало борми!! – Олтиной дастурхончи бобиллаганча ўртага қараб юрди. Тўғри бориб Улжамолнинг билагидан ушлади. Қулоғига нималарнидир деганича чеккага тортди. Шу кўйи ҳовлининг этагидаги дарчагача қизни деярли судраб борди. Дарчадан ташқарига чиқишгач, дастурҳончи қаддини дол тутиб, қўлларини белига қўйганича:

– Қиз бошинг билан шундоқ юришинг шармадалик! Билдингми! – деганича чийиллаган овозида гапиришга тушди. – Шарм-ҳаёни биласанми! Бор, уйингга кет! Ота-онангни ҳам иснодга қўйдинг бунақада шарманда!

– Чўғолнинг қизи бу гапларга эътиборсиз йиғлай берди.

– Бор кет, эшитяпсанми! Ҳой, сенга айтаяпман! Уят бўлади ахир, қиз боланинг шаънига тўғри келмайди бу иш! – деди дастурхончи, Улжамолнинг қўлидан судраганича дарчадан нарига етакларкан.

Лекин қиз гўё ҳеч нарса эшитмасди. Дастурхончи қўлини қўйиб юборса ҳам боягидай юзини иккала кафти билан тўсиб, елкаларини қисиб йиғларкан, келиб тўхтаган жойида тураверди. Олтиной дастурхончининг фиғони ошиб, атрофга аланглади. Бирдан ҳовлидаги йиғи овозлари кучайиб кетди.

– “Ўртоқларингиз келишди, войдод!” – деган овозлар эшитилди ичкаридан.

– Ана мактаб болалар ҳам келишди, мен борай, сен, бўлди, бошқа ичкарига кирмагин-а! Бўптими, кирма! – деди дастурхончи ва шошилганича ҳовлига қайтди.

Танҳо қолган Чўғолниннг қизи ўзини шундоқ сўқмоққа ташлади-да, овози борича йиғига эрк берди.

Хиёл фурсат ўтгач дарчадан ўрта ёшлардаги жувон чиқди.

– Улжамол, ҳм?! Тинчликми?!! – сўради жувон қиз ёнига келиб тик қотаркан.

Улжамол йиғлай берди.

– Тур-э! Бу нима қилиқ!! – жувон дағдаға билан қизнинг елкасидан олди. Қиз эса “Амма!” деди-ю, ўрнидан тура солиб ўзини жувоннинг қучоғига отди. Аммага бу каби муомала ва жиянининг юрак-бағридан титраб-қақшаётгани ўз таъсирини ўтказди. Гап оҳангини бутунлай ўзгартириб, мулойимлик билан:

– Юр жоним уйга кетамиз, бўлди-бўлди қил, – деди.

Улар бир-бирига суянишганича Ёвбосар

гўшкеттининг ҳовлисидан узоқлашишди.

Қишлоқ аҳли эса бу дамда Ёвбосар гўшкеттининг ҳовлиси томон оқиб келарди. Жанозага келаётганларнинг бири иккинчисидан сўрарди: “Нима бўлибди?” – иккичиси жавоб берарди: “Болаларини машина уриб кетибди”. – “Воҳ бечоралар-эй, ёши неччада эди уларни?” – “Каттаси – ўғил, ўнинчи синфга ўтган экан, кичиги – қиз, саккизинчида экан.” – “Вой-вой-эй, энди қаторга кирган пайтда-я! Тавба қилдим, кўргуликда. Машина қаерда урибди? Шопири ким экан? Ўзимизни қишлоқданми?” – “Девонатепа”нинг қайрилишида дейишяпти-ю. Ярим кечаси уриб кетбди. Ҳайронман, ярим кечаси у ерда нима қилишаётган экан?” – “Ажали етган–да, бўлмаса у овлоқда нима қилишарди. Машина босган бўлса дўхтирлар ичини ёриб текширишгандир?” – “Ҳа, шунинг учун дафн кечга қолди-да”. Шу каби гап-сўзлар билан навбатдаги одамлар жанозага келиб турганларга қўшилишарди. Уларнинг ортидан эса худди шу мавзуда гаплашганча яна бошқалар келишарди. Ёвбосар гўшкеттининг ҳовлиси ва дарвозаси атрофи қишлоқ одамларига тўлиб борарди.

Ниҳоят кимдир:”Жасадларни тезроқ ювиш керак, ҳадемай қош қораяди”, – деди. Шундан сўнг ўғилнинг жасадини бериги хонага, қизнинг жасадини нариги хонага олиб киришди. Буни кўриб болаларнинг онаси – Маҳпират ўзидан кетиб қолди. Кимдир унга сув тутиш билан, кимдир елпиш билан овора бўлди. Жасадларни ювиш хийла чўзилди. Мурда ювувчилар қайтиб чиқишганида эса юзлари бўғриқиб кетган, ҳарсиллаб нафас олишарди. Лекин одамларнинг бунга эътибор бергани вақтлари йўқ эди, қош қорайиб борарди.

Ўша куни бироз шошилинч бўлса-да, маросимнинг барча удумлари ўрнига қўйилиб, Ёвбосар гўшкеттининг икки фарзанди қишлоқ қабристонига дафн қилинди. Бироқ одатдаги маросимлардан бунисининг фарқи: одамлар қабристонгача ёр-ёр айтиб боришди ҳамда қабр учун қазилган жойдан майин тупроқ чиқди. Тупроқнинг майин чиққани марҳумларни пок ўтганлигидан далолат бераркан.

Эртасига эса бу икки норасиданинг ўлими ҳақидаги миш-мишлар қишлоққа ёйилди. Маълум бўлишича, Чўғол болаларни қандай қилиб машина уриб кетганию ва охири нима воқеалар бўлганигача ҳамма-ҳаммасини ипидан-игнасигача биларкан. Бу – ўша Чўғол – ёлғизгина қизи жанозага келиб одамларни лол қолдирган Улжамолнинг отаси – Чўғол эди.

Бироқ:

– Эй, бемаъни гап, машина қандай қилиб уриб кетганини мен кўрганим ёлғон, болаларнинг ўлиб ётганини кўрдим холос, – дерди Чўғол, бедапоя четидаги чайласи ёнига келиб, воқеа тафсилотини қизиқиб сўраганларга. Сўнгра ҳикоя қилишга тушарди.

* * *

Чўғолнинг ҳикоясини эшитишдан аввал ўзи ҳақида қисқача тўхталсак. Чўғол – асли ҳозирги ўзбекларнинг қадимий исмларидан бўлиб, тетик ва паҳлавонсифат маъносини англатаркан. Яна айтишадики: Чўғол ҳамда отасининг Тўмиғ исмлари буларнинг оиласида азалдан авлоддан-авлодга ўтиб, сақланиб келаркан. Чўғолнинг тўқсон олти ёшли отаси Тўмиғ ҳақида мавруди билан тўхталармиз, ҳозир унинг ўзи борасида.

Ўрта бўй, ёши элликдан ошиб қолган Чўғол тенгдошларига қараганда анчайин тетик кўринади. Елкалари кенг. Аскарча этик кийиб, ер-жаҳонни гурсиллатиб юради. Ёзнинг олти ойи енги ҳимарилган бўлади. Билак мушаклари чилвирдай бўртган. Гап-сўзларга қараганда, у қамоқда ётган пайти сил касалига йўлиққан ва қутилиб чиққач, даво истаб ит гўштини еганмиш, ҳозирда ҳамон бақувватлиги шунданмиш.

Чўғол бир эмас икки маротаба қамалиб чиққан. Қамалиш тарихи ҳақида узун-қулоқ гаплар бор: У қишлоқдаги ўрта мактабнинг саккизинчи синфини битирганидан кейин ҳеч кимга индамай бу ердан кетиб қолади. Ота-онаси қидира-қидира чарчайди. Милицияга хабар беришади. Дому дараксиз. Фақат орадан уч йил ўтиб, ота-онага суд чақирув қоғози келади. Боришади. Чўғол ким биландир уришиб, пичоқлаб қўйган экан. Саккиз йилга қамалади. Орқасидан ота-она қамоқхонага боришади. Сабабини айтмаган ҳолда Чўғол улар билан учрашишни хоҳламайди. Шу кўйи у олти йил қамоқда ётади. Кунларнинг бирида гўзапоя сотгани шаҳарга борган Асом аравакаш гап топиб келади: “Э-э, Чўғолни турмадан бўшатишибди. Тартибли бўлгани учун икки йил олдин бўшатишибди. Юрмайсанми десам, эрта-индин ўзим қишлоққа бораман деди!”

Бир ҳафта ўтиб эса сигирини бозорга олиб чиққан Ҳасан сартарош: “В-эй, Чўғолни кўрдим! Уйланяптикан-эй! Ҳаммани тўйга айтди!” – деб яна бошқа гап билан қайтади. Ота-онаси ахтариб боришади. Топишади. Топишади-ю, ўғиллари бой-бадавлат бир хонадонга куёв бўлиб улгурганини, қуда томон буларнинг иззатини жойига қўйиб кутиб олганидан таажжубда, индамай ортига қайтишади. Ўша йили ёзга чиқиб, Чўғолнинг ўзи қишлоққа кириб келади. Гап сўраганларга, хотин билан ирқимиз тўғри келмади, дейди қисқа қилиб. Лекин ҳеч қанча ўтмай хотини уни излаб келади ва қишлоқда у билан яшай бошлайди. Бироқ уларнинг турмуши муқим бўлмайди. Келгуси йили хотини қайтиб кетади. Чўғол ҳам ҳеч қанча ўтмай қишлоқда кўринмай қолади. Йил ўтиб тағин Асом аравакаш гап топиб келади: “Шаҳарда Чўғолни кўрдим. Тан-жони соғ, иккинчи марта уйланибди. Бу хотини аввалгисидан ҳам кетворган, нозанин. Фақат, бир жойи бор, буниси ўзбекмас, нўғой экан”. Яна йил ўтмай, яна янги гап: “Бу Чўғол индамасимиз жа-а хотинбоз чиқиб қолди-ю, а, учинчисига уйланибди!! Унинг бахтини чопгани-чи, ҳозиргиси аввалгиларидан-да юз чандон кетворган!”

Сўнг бир муддат қишлоққа Чўғол ҳақида ҳеч қандай хабар келмай қўяди. Ҳаёт юмушлари билан овора одамлар энди уни унутаёзишган бир вақтда Чўғолнинг ўзи қўққисдан пайдо бўлади. Аммо, ҳамқишлоқлари бу сафар аввалгидай кам гап, ичимдагини топ бир одам ўрнида, бутунлай бошқа – суҳбатдошининг кўзига тик қараб гапирадиган, вақти келганида жангари ва жаҳлдор, вақти келганида ер тагида қимирлаётган илоннинг тусидан заҳригача билиб турувчи бир одамни кўришади. Ҳамқишлоқлар ҳайрон қолишади. “Чўғолни шаҳар ўзгартирибди”, – дейишади. Чўғол эса ҳеч қанча ўтмай ”шаҳар ўзгартиргани рост”лигини исбот этади: колхознинг бош ҳисобчиси Исмат кал билан айтишиб қолади. Бош ҳисобчи Чўғолнинг қўшниси – Носир буванинг томорқасини бошқа бировга хатлаб бермоқчи бўлади. Колхоз раисидан тортиб, яна бошқа раҳбарларнинг ошиқча ерларига тегмай, уруш ногирони Носир буваникига кўз олайтираётган бош ҳисобчининг ишидан Чўғолнинг жаҳли чиқади. Исмат калга, шу ишни қилмагин, деса, у гап қайтаради, Чўғолни менсимай қўлини пешлайди. Чўғол: “Ҳе-э, сендақа Худо танимаснинг онасини..!” дейди-да, мушт туширади. Исмат кал тупроққа гупиллаб ағдариларкан, Чўғол йўлбарсмижоз эпчиллик билан унинг устига миниб олади. Тасирлатиб урганича юз-кўзини қонга белаб ташлайди. Уч-тўрт киши ажратмоқчи бўлиб яқинлашганда эса бир муштдан “насиба”сини беради. То бош ҳисобчи: “Мен билмабман, кечиринг, Чўғолвой”, –деб одамларнинг олдида кечирим сўрамагунча бир тиззасида унинг кўкрагидан босиб, қўйиб юбормайди. Эртасига милиция келади. Чўғолни олиб кетиб, қаттиқ огоҳлантиришади. Бироқ Чўғол туман милиция идорасидан қайтиб келади-ю, одамларни тўплаб Исмат кални роса дўппослайди. Бош ҳисобчининг укалари ёрдамга келганида, шарт ёнидан пичоғини чиқаради-да, яқинлашсанг ҳаммангни сўйиб ташлайман, дейди. Ноилож, Исмат кал қишлоқ одамлари олдида тиз чўкиб ундан кечирим сўрайди. Бироқ, ярим кечага бориб милиция Чўғолни уйидан тутиб кетади. Суд бўлади. Беш йилга озодликдан маҳрум этилади. Суд залидан олиб чиқиб кетишаётганида Чўғол Исмат калга қараб бақиради: “Худо хоҳласа, яна беш йилдан кейин сен билан ҳисоб-китоб қиламан!” Лекин беш йилгача яшаш бош ҳисобчига насиб қилмаган экан, кейинги йили у вос-воса касалига чалиниб оламдан ўтади. Чўғол қамоқ муддатини ўтаб қайтгач бош ҳисобчининг укалари ундан қочиб юради. Кейинчалик Чўғол уларни кечиради.

Ана ўша – ўжар, қаҳри қаттиқ – Чўғол ҳозирда колхознинг ўттиз икки гектарлик бедапоясига қоровул. Ёнига дандон сопли пичоқ осиб, доимо қўшотар милтиқни орқалаб юради. Ҳеч бир инсоннинг мол-қўйи бедапояга яқинлаша олмайди. Бу эса ҳар замонда бир милтиғини кўтарганича ўдағайлаб қўяди: “Қани биронта мол ё қўй колхознинг ҳақига тегсин-чи, нақ отиб юбораман-а!”

Чўғол қоровул бўлганидан бери колхоз ем-хашак режасини ошириб бажаради. Раис ундан хурсанд: “Чўғолвой, ростдан ҳам отворасизми?” – деб ҳазиллашади. Чўғол: “Бу милтиқ аслида пўписага, бусиз ҳам эплайман, жа нари борса битта-яримтасини сўйвораман-да!” – дейди.

Your browser may not support display of this image. Ота-онаси эса Чўғолнинг қишлоқдан кетмаётганига мамнун бўлиб, ниҳоят ўғлини уйлаш тараддудига тушади. Ҳозирги хотини – биргина онаси бор, уйда ўтириб қолган қиз – Холнисани топишади. “Отаси Тўмиғ аканинг ҳурмати учун майли”, – дея Холнисанинг онаси рози-ризолик беради. Орадан йил ўтиб, улар қизлик бўлишади. Улжамол дея исм қўйишади.

Одамларнинг айтишича, Чўғолнинг жаҳли шунчалик тез бўлгани билан Холнисага бирон маротаба қўл кўтармаганмиш. “Хотин кишини уриш эркакнинг иши эмас”, – деркан у ҳайрон бўлганларга. Қизи Улжамолни эса у еру-кўкка ишонмайди. Ҳатто бир воқеа ҳали-ҳануз қишлоқ одамларининг ёдида. Қизи иккинчи синфда ўқиётган кунларнинг бирида мактабдан йиғлаб келади. Ўқитувчи урганмиш. Чўғол қизчасини етаклаб, ранглари бўзариб мактабга боради. Синф хонасининг эшигини тепиб, дарс ўтаётган ўқитувчининг рўпарасига қизчасини олиб келади-да:

– Буни қайси қўлларинг билан урдинг, кўрсат! – дейди ўқитувчига. Муаллим ўзини йўқотганча туриб қолади. – Тиз чўк! – ўшқиради унга қараб. – Қизимни қўлларини ўпиб, кечирим сўра!.. Йўқ! Тегма!!! Сен аблаҳ ҳаром оғзингни қизимни пок қўлларига теккизма!..

Отасининг бу важоҳатидан қўрқиб кетган Улжамол йиғлаб юборади. Чўғол дарров қизини бағрига босади. Шу кўйи синф хонасидан қизчасини етаклаб чиқиб кетаркан, ўқитувчига дейди:

– Агар эртага мактабга яна қадам изи қилсанг, сен ифлоснинг бола урадиган қўлларингни шу ерда кесиб ташламасам одам эмасман!

Муаллим, албатта, шундан кейин бошқа мактабга ишга кетишга мажбур бўлади. Одамлар эса, Чўғолга имон, инсоф теккани рост бўлсин-эй, дейишади.

Қисқача таъриф–тавсифда Чўғол ана шундай одам.

(Давоми бор).

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: