Жаҳонгир Муҳаммад: “ИАК”

8.ТАШАББУС ГУРУҲИ

Биз Олий Кенгашда ишлаётган депутатлар ўз-ўзидан иккига ажралган эдик. Демократик ўзгаришлар тарафдори бўлганлар ва борига шукур қилувчилар. Биринчи гуруҳга асосан ёшлар ва сайловда катта курашлар эвазига ютиб чиққанлар кирганди. Иккинчи гуруҳ эса ҳукумат рўйхатидан ўтганлар ва келажакларини ҳукуматнинг йўлидан юриш, деб билганлар. Бу бўлиниш аста-секин вилоятлардан Олий мажлис қўмиталарига аъзо бўлганлар орасида ҳам сезилиб қолди. Аммо биринчи гуруҳга кирувчилар бармоқ билан санарли, иккинчи гуруҳдагилар жуда кўпчиликни ташкил этишларига қарамай кўпчилик озчилк билан ҳисоб-китоб қилишга мажбур бўлиб қолаётганди. Биз куч сифатида сочилиб кетмаслик ва “бир мушт бўлиш” ҳақида ўйлаб Олий мажлисдаги депутатларнинг гуруҳини тузишга киришдик.

Тойиба Тўлаганова:

-Жаҳонгир ака бу ишни сиз ташкил қилаяпсиз, раислигини ҳам ўзингиз олишингиз керак,-деди.

-Гап раисда эмаску- дедим мен.- Қолаверса бу ишда фаол қатнашаётганлар ҳам кўп. Ҳатто қўмита раислари орасида ҳам қизиқиш билдирганлар бор.Шунинг учун ҳам раис ҳақида ўйлаш унчалик мантиқли туюлмаяпти.

-Йўқ,- деди,-Тойиба, ҳамма нарса раисга боғлиқ ва гуруҳимиз раёсат билан, Олий мажлис билан юзма-юз тура олиши учун раис кучли бўлиши керак.

-Лекин биз раисни олдиндан белгилаб қўйсак, ҳукуматнинг йўлидан борган бўламиз. Биз демократия тарафдоримиз, шундай экан раис масаласини йиғилишда ҳал қиламиз,-дедим.

Ташаббус гуруҳининг йиғилишини ўтказиш учун Олий кенгаш жойлашган Вазирлар маҳкамаси биносининг биринчи қаватдаги мажлислар хонасига тўпландик. Кутилмаганда мажлисга Муҳаммад Солиҳ кириб келди. Биз ҳайрон бўлдик. Чунки биз аввал Олий мажлисдагилар тўпланиб, бир гаплашиб олмоқчи, кейин четдаги хайрихохларни ҳам таклиф қилиб, кенгайтирилган мажлис ўтказиб, гуруҳ тузилганини эълон қилмоқчи эдик. Аммо мажлисни бошламасимиздан олдин Муҳаммад Солиҳ сўз олиб:

-Ҳар қандай ҳаракат раисдан бошланади. Аввал раисни танлаш, кейин биринчи қадамни ташлаш керак. Орамизда раис бўладиган номзодлар кўп. Лекин Абдулҳай Мирсаидов жуда ҳам муҳим номзод. Техника фанлари доктори, Ўзбекистонда бу соҳада бу поғонога чиққан энг ёш олим шу киши. Менимча ҳозирданоқ бу одамни раис этиб белгилашимиз керак. Қаршилар йўқ бўлса керак,-деди.

Мен Муҳаммад Солиҳ билан нима қилиб бизнинг ишга аралашиб юрибсиз, дея тортишмоқчи бўлдим. Аммо Тойибанинг гапи ёдимга тушди ва бу тортишувим худди раисликни талашаётган каби бўлмасин, дея индамадим. Ҳали кенгайтирилган мажлис ўтказганда раисни демократик йўл билан сайлаб оламиз, дея ўйлаб қўйдим.

Лекин А. Мирсаидовнинг раис бўлишига ҳам қарши эмас эдим. Чунки камсуқум, камтар ва елиб югурувчан одам эди. Муҳаммад Солиҳ дарров уни раис ўтирадиган жойга таклиф қилди. Бу ҳаракатдан баъзилар ранжиди, баъзилар эса эътибор ҳам қилишмади. Чунки гуруҳнинг раиси бўлиш фақат ортиқча ташвиш, дегани эди. Лекин кейинчалик билдимки, биз ўшанда катта хато қилган эканмиз. Мен раисни ҳаракат чиқариши керак, раис ҳаракатни эмас,дея тушунардим. Бу тушунчам бизнинг жамиятга ёт эканини орадан кўп йиллар ўтиб англадим. Бизда кимдир бир ҳаракат ёки ташкилот тузиб кимларгадир мансаб ёки пул ваъда қилса бас экан, унга эргашиб кетишаверишар экан.

Биз ўшанда Олий кенгашнинг демократик депутатлар гуруҳини тузиш учун ташаббус гуруҳи ўлароқ тўплангандик. Аммо катта йиғилишга қадар бормади ишимиз. Шу боис гуруҳимизнинг номи “Ташаббус” ўлароқ қолди. “Раис”ни ўша куни Каримов чақириб гаплашгани ва орадан кўп ўтмай унинг Каримов билан бирга сафарга бориб келганини эшитдик. Шундан кейин унинг гуруҳ ишларига қатнашишига ҳафсаласи ҳам қолмади. У ўз-ўзидан четга чиқиб қолди.

Лекин биз ўзимиз тўпланиб, гуруҳнинг мажлисларини ўтказиб, масалаларни муҳокама қилиб олавердик. Ўшанда бу гуруҳ ишини юритишда Тойиба Тўлаганова, Ойгул Маматова, Тошпўлат Жўраев, Ҳамза Эшназаров, Ринат Мирхонов, Воҳид Аъзамов, Бахтиёр Қодиров, Алижон Қўчқоров ва бошқалар фаол эдилар. Гуруҳимизнинг аъзолари 7-Сессия арафасида олтмишдан ошиб қолганди. Баъзилар мажлисларимизга келмасалар ҳам бизнинг таклифларимиз, баёнотларимизга қўшилишар ва уларни имзолаб беришарди.

Бир куни мени Каримов чақириб қолди.

-Бу “Ташаббус” гуруҳи дегани нима ўзи, нима билан бандсизлар?-деди.

-Ҳамма масалалар билан,-дедим мен.

-Масалан бир-иккитасини мен ҳам билсам бўладими?

-Бўлади,-дедим мен унинг мақсадини англаб, яъни унинг гуруҳнинг сиёсий йўналишдаги фаолиятидан бохабар бўлишни истаётганини сезиб, гапни бошқа томонга бурдим.- Масалан бизнинг иш шароитимиз. Шу масалани ҳам биргалашиб ҳал қилмоқчимиз.

-Биринчи сессияда ўзингиз чиқиб имтиёзларни бекор қилиш керак деган эдингиз, энди имтиёз излаяпсизларми?,- деди Каримов киноя билан.

-Имтиёз эмас, оддий меҳнат шароити излаяпмиз. Масалан, бизнинг Ошкоралик қўмитаси учун битта кичиқ хона берилган. Бир томонда раис Эркин Воҳидов, иккинчи томонда мен ўтираман. Қўмита котибаси Тойиба Тўлаганова учун эса ҳатто стол ҳам йўқ. Меҳмонлар учун ажратилган жойда ўтириб ишлайди. Айни ҳолни ҳамма қўмиталарда кўриш мумкин. Бу аҳволда ишлаб бўладими?

– Тойибани кўп ҳам қўмитага яқин йўлатманглар. Ундан ташқари╔ жой бўлмаса нима қилиш керак? Қандай таклифингиз бор, президентнинг хонасини бўшатиб берайми? Ёки Витсе президентнинг хонаси бўш ётибди, шу ерга келиб ишлай қолинглар,- Каримов Тойибанинг номини эшитиб бироз жаҳлга минганди.

-Менимча Олий Кенгашнинг ўз биноси бўлиши керак. Сессияни келиб сизнинг бинонгизда ўтказаяпмиз, қайтиб бориб Вазирлар маҳкамасидаги тор ханаларда ўтириб қонун лойиҳаси тайёрлаяпмиз. Мана Анҳорнинг нариги томонида, кўп қаватли, катта бир иншоот қурилиши қачондан бери тўхтаб қолган. Шуни мослаб, Олий Кенгашнинг биноси қилиш мумкин эмасми?

-Хўп бу масалани менга қўйинг. Мен ҳал қиламан,-деди у ва эртасига бир мажлисда дабдурустдан ғамхўрлик қилаётганини намойиш этгандек, “Мен кейинги пайтда депутатларнинг қийин иш шароитини кўриб қийналиб кетаяпман. Бунча катта президент аппарати нима учун керак? Ана у партиаянинг биносичи? Анҳорнинг нариги томонида баланд бино қурилмай чала ётибди. Шуни Раёсат аъзолари бориб кўрсинлар. Маъқул тушса, тузатиб Олий кенгашга берайлик. Халқнинг вакиллари учун биринчи навбатда ғамхўрлик қилишимиз керак” деб қолди.

Каримовнинг бундай “ҳунари”ни аста-секин ҳамма билиб олди. Шу боис унинг ҳузурига киришганда, “Ислом ака, мана шу ишни сизнинг гапларингиздан келиб чиқиб қилмоқчимиз, шуни ўзингиз бошлаб юборсангиз” дея бир ўқ билан икки қуённи урадиган бўлишди. Биринчидан, Каримов янги ғоя муаллифи ва иккинчидан, ўша иш битиб кетарди. Шу сабабдан ҳам мамлакатдаги ҳамма ишлар унинг номига боғланиб қолди.

Олий мажлисдаги шароитга қайтсак, фақат бино масаласи билан кифояланган эмас эди. Президент идорасидаги оддий бир ходимга кўрсатиладиган хизматнинг юздан бири ҳам халқнинг вакили бўлган депутатга лозим кўрилмас эди. Депутатлар олти ойдирки меҳмонхонада ётиб, кун кечиришарди. Ҳафтада бир марта икки килограммдан гўшт сотиларди. Бунинг учун улар ишдан кейин Вазирлар маҳкамасининг зах ертўласида соатлаб навбатда туришарди. Президент девонидаги оддий ходим эса оиласига керакли нарсани ёзиб берар ва махсус хизмат ходимлари керакли нарсаларни машинада унинг уйига етказишарди. Ҳатто тушлик ошхонасида ҳам депутатлар бегона эдилар. Аввал Вазирлар маҳкамаси ходимлари овқатланишарди, чунки жойлар уларнинг номига беркитиб қўйилганди, улардан қолсагина депутатларга бериларди. Булар имтиёз эмас, оддий иш шароити эканлигини Каримовга тушунтиришга ҳаракат қилдим.

-Менимча депутатларнинг транспорт масаласини ҳам ҳал қилиш,-керак,- дедим мен охирида.

-Қўмита раисларига яқинда машина берамиз, шуни биргалашиб минишади,- деди Каримов, кейин телефонни олиб Мирсаидовга: -Шукур Раҳматович, ана у машиналар қачон келади? Раисларга “Волга” беринг, қўмитадагилардан базъиларига “Жигули”, ўз пулларига сотиб олсинлар. Келганингизда шуни ҳам гаплашайлик,-деди.

Кейин яна менга юзланиб,

-Нима масала бўлса келиб менга айтиб туринг, ўзим ҳал қиламан,-деди- Ана у Нурали билан Эркин акангиз оғиз-бурун ўпишиб юрибдилар. Улардан эҳтиёт бўлинг…

Чиқиб кетар эканман, ўша кезда нима учун Каримов бу қадар “ғамхўр” бўлиб қолгани ва охирги гапларининг бизнинг “Ташаббус” гуруҳига нима алоқаси борлигини тушуна олмагандим. Кейинчалик билсам у “Ташаббус” гуруҳи кучланиб бораётганидан чўчиган ва гуруҳнинг ҳар бир аъзоси билан ана шундай гаплашиб чиқаётган экан. Олти кишига эса ўз пулига “Жигули” автомашинаси сотиб, кейин уларни вазифасини суиистемол қилганликда айблади. Ўшанда уларга олманглар шу машинасини, десак ҳам, шароитлари қийинлиги, йўл қатновидан безганлари, қолаверса ўз пулларига олишаётганини айтишганди. Аммо бу Каримовнинг тузоғи эди ва кўпчилк бунга илинмади.

“Ташаббус” гуруҳи гарчи бир ташкилотга айлана олмай қолган бўлса ҳам демократ депутатларни бирлаштирувчи куч эди. Айниқса, 7-сессияга тайёргарлик кўришда бу гуруҳ очиқ кучга айланди.
www.jahonnoma.com

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: