Жаҳонгир Муҳаммад: Суратлар тарихи(2)

Йўқолган Туркистон

Ўзбекистон телевидениесига раҳбар бўлиб келишим билан бир неча янги дастурни бошлатдим. Шулардан бири “Туркистон” сиёсий-оммабоп ахборот дастури эди. Мен буни олдиндан орзу қилгандим.  Шу йўл билан Туркистон халқларини бир-бирига яқинлаштириш, қардошлик ришталарини мустаҳкамлашга ҳисса қўшмоқчи эдим.

Дастурни дарҳол йўлга қўйиш учун Ахборот бўлимидагиларга фикрларимни айтдим. Уни жонли равишда узатишни лозим топдик.

Туркистон халқлари ҳаёти билан боғлиқ жуда қизиқ ва жуда долзарб хабарлар, видеотасмалар тўпланди. Уларни тартибга келтиришди. Дастур чизмаси тайёрланганини айтишгач, машқ вариантини кўрмоқчи бўлдим.

Қарасам, диктор Раъно Толибова оддийгина кийимда. Мен унга атлас кўйлакда чиқишни таклиф этдим. У бир жилмайдида:
-Уйга бориб келсам майлими?-деди.
-Бор йўғи икки соaт вақтимиз бор, агар зарур ишингиз бўлса, марҳамат, лекин ҳар эҳтимолга қарши қизлардан бирини ҳам тайёрлаш керак бўлади,-дедим унга.
-Ўзим чиқаман, бу менга жуда катта ишонч. Айниқса бу дастурни бошқа давлатлардаги ўзбеклар ҳам кўришларига ишонаман.
-У ҳолда нега уйга кетмоқчисиз?

У нимадир демоқчи, аммо истиҳола қилаётган эди. Гап нимадалигини сўрасам эшик томонга қаради. У томонда бугунга қадар телевидениега раҳбарлик қилиб келган Элбек Мўсаев ва дастурлар директори туришган экан.

Улар мендан ниманидир сўрамоқчи бўлиб қидириб юришган экан. Уларга жавоб бериб юборгач, Раъно Толибовадан нима гаплигини сўрадим.

Телевидениеда дикторлар учун кийим йўқ ва сиёсий дастурларда дикторларга миллий кийимда кўриниш мумкин эмас экан. Ҳар ҳолда бу Совет даврининг қолдиғи.

-Шахсий пулимизга олган кўйлакларимизни кийиб чиқамиз,- дер экан Раъно Толибова ўзини ноқулай ҳис қилаётганди.

-Сиз уялманг, бояги одамлар уялиши керак бунга!-дедиму бу соҳани ҳам тузатиш кераклигини ўйлаб қўйдим.

Шунда Раъно Толибова нега уйга бориб келай деганини тушундимда, дарҳол хизмат машинасини чақиртириб уни жўнатдим. У бошида дўппи, енгнида атлас кўйлак билан келганда  баъзилар унга:

-Сиз  жиддий дастурни “Адабиёт гулшани” билан алмаштираясиз,- деб киноя ҳам қилишибди.

Аслида улар Раъно Толибовага киноя қилишганда нишонлари мен бўлган.  Лекин “Туркистон” дастури экранга чиқиши билан ҳукумат идоралари ва президент девонидан, ижодкорлар жамоаларидан ўнлаб казо-казолар телефон қилиб, бу катта одим эканлигини айтишган эди. Мен кетгач эса, маълум бир муддатдан кейин бошқа дастурларим сингари бу дастурни ҳам “ўлдиришди”.

1994 йил Измирда Турк дунёси қурултойида Туркистоннинг буюк тарихнависи Боймирза Ҳайит билан суҳбатлашар эканмиз, у киши Ўзбекистонга 1992 йилда борган кезларида кўриб қолганлари бу дастур ҳақида гапирдилар.

-Ҳайрон қолдим… Номи “Туркистон”… Олиб борувчиси Туркистон гўзали… Кўриб кўзимга ёш келди. Қандай қилиб Каримов бу дастурга йўл берибди?

Боймирза отага бу дастур тарихини айтиб берганимда ўринларидан туриб мени қучоқлагандилар. Бу воқеа ана шу сурат олинган кун юз берганди.

Боймирза ота билан беш марта Турк дунёси қурултойларида бирга бўлдик. Доим кузатганим, у кишини ҳамма ардоқларди, қучоқларди, таҳсинлар айтарди… Чет элдагилар ҳам, Ўзбекистондан келганлар ҳам…  У киши ҳаммани бир-бирига боғловчи риштага ўхшардилар. У киши мен учун яшаётган Туркистон эдилар, Туркистон ғояси эдилар.

Бугун айримлар қозоқ ундай, қирғиз бундай, туркман ҳалигидай, тожик фалон, уйғур бисмадон  деб ёзар эканлар, жуда кўп нарса йўқотганимизни англайман ва дилим оғрийди. Биз кун сайин, соат сайин Туркистонни йўқотмоқдамиз! Балки йўқотиб ҳам бўлдикми дейман? Чунки Ўрта Осиёга айлантирилган Туркистоннинг номи Марказий Осиё бўлиб кетди, бўлак-бўлакларга бўлинди…бир-бирини кўрганда бегонани кўрган… бегоналарнинг юртларига айланиб кетди…

www.jahonnoma.com

One Response

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: