Ғафур ЙЎЛДОШЕВ

У Й Ш У Н   О Т А   Ғ О Р И

Канадада истиқомат қилаётган таниқли адиб Ғафур Йўлдошевнинг “Уйшун ота ғори” қиссаси 1990 йили “Шарқ юлдузи” журналида чоп этилган ва ўша йили Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида “Йилнинг энг сара асари” деб эътироф этилган эди. Хусусан адабиётшунос олим Раҳмон Қўчқор ва ёзувчи Тоҳир Маликлар қиссага юқори баҳо берган эди.

1996 йили Тошкентдаги Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида қиссалар тўплами таркибида чоп этилган “Уйшун ота ғори” ҳақида қисқача шундай сўзлар бор:

“Дўппидек қишлоқ тақдири каттакон дунё билан боғланган. Дунё одамларининг хулқи, феъл-атвори, юриш-туриши тўпори одамларга юқумли касалликдай юқаяпти. Шу хусусда Уйшун ота образининг ва афсонавий ғорнинг идеал даражасига олиб чиқилиши, халқ ўз тақдирини ишониб топширган кимсаларнинг мунофиқона ҳаракатларидан тўйиб кетган Чўғолнинг ғорга, афсонавий чол руҳига паноҳ истаб бориши қиссанинг бош мавзуи қилиб олинган, бадиийлик меъёри ила таҳлил қилишга уринилган.”

“Туронзамин” таҳририяти муаллиф томонидан қайта ишланиб, айрим ўринлари тўлдирилган “Уйшун ота ғори” қиссасини бўлимларга бўлиб чоп этишни бошлайди.

Ғафур ЙЎЛДОШЕВ

У Й Ш У Н О Т А Ғ О Р И

( қ и с с а )

Ўлим – бу соғиниш экан… Дийдорига, қучоқларига мени ташна қилиб кетган, энди фақат тушларимдагина сўзлашаётган отам –Турғун полвоннинг хотирасига бағишлайман.

Бир замонлар Уйшун қишлоғида ғалати чол яшаганди. Бугун: “Овқатнинг таъмини сезмай қолдим, тиш бўлмагандан кейин аҳволинг шу экан-да”, – дея тарашадай бармоғи-ла лапшайиб қолган лабларини кериб, бесўнақай яккам-дуккам тишларини кўрсатса, эртасига: “Милкларим қичишяпти, э, тавба қилдим, тиш чиқади шекилли”, – деб яна бошқа аломат гапларни гапирарди. Ҳатто бир куни ён қўшнисига: “Оҳ, Мўминжон болам, бошимдан саллани ололмайман – сочларим қорайяпти, жуда уяляпман”, – деганида, қўшниси: “Одам юздан ошганида қайтадан тиши чиқиб, сочи қораяди дейишарди рост экан-да, а”, – дея ҳайратланганди. Қария: “От йилида туғилганман, арпа пишиғида саккиз мучалга кетаман” – деганича одатдагидек эзмаланиб кўрган-кечирганлари ҳақида гапиришга тушганди.

Нуронийинг бу хилдаги гапларига, шунингдек, Уйшун ота ҳақидаги унинг ҳикоясига ҳам ўз вақтида одамлар эътибор беришмади. Баҳорнинг илиқбахш кунларини бирида, қария дарвозаси олдидаги катта тош устига чопонини ёйиб, ёнбошлаганди-да, ўтган-кетганни йўлдан қўйиб, шундай бир ҳикоя бошлаганди:

“Уйшун отани кўрганимда беш-олти ёшлардаги бола эдим. Раҳматли мункиллаб ғордан чиқиб келарди. Устида оҳорли яктаг-у, соч-соқоли ўсиб кетган, ялангбош бўларди. Биз тенг-тўш болалар катта харсангтош орқасида писиб ётганча уни томоша қилардик. Чол эски челакда сойдан сув олиб, бир қўли билан белини ушлаб, энгашганича ичкарига кириб кетарди. Хийладан сўнг қайтиб чиқарди, яна сув олиб, шу кўйи ортига қайтарди. Қиладиган иши шу эди: кун бўйи ғор ичига сув таширди. Биз чолни жинни дердик, на овқат ейишни билади, на бир оғиз сўз айтишни. Эртадан то қош қорайгунча фақат сув таширди.

Оналаримиз: “Жинни дема, ёмон бўлади, унинг олдига бормагин, ким борса ўлиб қолади”, – деб уқтиришарди. Биз яширинча барибир борардик.

Авваллари ҳўв Девонатепанинг орқасида Аҳмадҳожи деган, Уйғурдан келиб қолган бир одам турарди. Ўшанинг биз тенги икки ўғли бўларди. Бир куни кенжаси – Азамат дегани чолнинг олдига бормоқчи бўлди. Ҳаммамиз донг қотиб қолдик. Акаси Алишер, сени онамга айтаман, деди. Азамат қайсарлик қилиб, қўл силтади-да, ўрнидан туриб кетди. Чол сув олиб ортига қайтаётганида рўпарасидан чиқди. Уйшун ота аввалига сезмадими, индамай бораверди. Икки қадамча қолганида бошини шундоқ кўтариб, йўлини тўсган Азаматга қаради-ю, тамом – Азамат ўз-ўзидан додлаб юборди! Қайрилиб югурмоқчи бўлганди, қоқилиб кетиб муккасидан тушди. Шу кўйи қилт этмай қолди. Биз бақирганча қишлоққа чопдик. Одамлар келишди, Азамат ўша мук тушган жойида ўлиб бўлган экан.

Ўғлини кўмганидан кейин Аҳмадҳожининг хотини кунда Азамат ўлган жойга бориб йиғлайдиган одат чиқарди. Уйшун ота ғордан чиқмай қўйди. Аста-секин Аҳмадҳожининг хотини ҳам у ерга бориб йиғлашни бас қилди.

Бир куни болалар, жинни чол яна сув ташияпти экан, деб қолишди. Тағин томошага бордик. Эртасига Алишер катта қайиш кўтариб келди. Укамнинг ўчини оламан, деди у. Уйшун ота ғордан чиқиб сув олиб қайтаётганида, Алишер катта харсангтошнинг устида тик турди-да, қайишга тиззанинг кўзидек тошни солиб, айлантирганича отди. Тош бориб нақ чолнинг гарданига тегди. Шу заҳотиёқ унинг қўлидаги пақир ерга ағанаб, суви тўкилди. Чол эса тебраниб орқасига ўгирилди. Алишерга қаради. Оғзини очди. Кейин чалқанчасига гупиллаб йиқилди. Биз урра қочдик.

Қочиб кетяпман-у, Уйшун отанинг кўриниши кўзимнинг олдида: бетларини соқол босган, сочлари ўсиб кетган, юзининг очиқ жойи оппоқ, кўзлари жуда бир бошқача – йилтираб турарди. Шунча пойлаб чолнинг кўзини ҳеч кўрмаган эканмиз.

Бу воқеадан кейин ғор томонга боргани юрагимиз бетламай қолди. Орада Алишер касалга чалинди. Онам отамга: “Аҳмадҳожининг тўнғичи ҳам касал эмиш, оғир дейишаяпти, тавба қилдим-у, ўзи буларга бир нарса тегди”, – деди. “Алишер, анови жинни чолни урган, уям энди бари бир ўлади”, – дедим мен. Отам билан онам ялт этиб менга қарашди. Сўрашди, бор гапни айтиб бердим. Отам ўйланиб туриб, “Уйшун ота ғорига чироқ ёқиш керак”, – деди. Эртасига онам Аҳмадҳожиникига кетди. У ердан уч-тўрт хотин биргалашиб ғорга жўнашди. Биз уларга эргашдик. Жин-пиндан қўрқиб, бир-биримизнинг пинжимизга кириб бордик. Ғорнинг атрофи ҳувиллайди, ҳеч зоғ йўқ. Ўшанда чолнинг қўлидан тушиб кетган пақир ҳамон думалаб ётарди. Бошқа нарса ўзгармаган.

Аҳмадҳожининг хотини ўғли Азамат ўлган жойни кўрибоқ йиғлаб юборди. Ёнидагилар уни қўлтиғлаб олишди. Улар ҳам йиғлаган бўлишди. Кейин ғорнинг шундоқ оғзига чироқ ёқишди. Тошларга ўтириб тиловат қилишди. Шу билан қайтиб келдик.

Эртасига Аҳмадҳожининг хотини саҳарлаб уйимизга кириб келди. Йиғлаб туриб боласи оғирлашиб қолганини айтди. Онамни мажбурлаб, яна чироқ ёқиш учун ғор томонга судради. Мен эргашгандим, онам уришиб берди. Уларнинг орқасидан беркинганча якка ўзим боргани қўрқдим. Лекин улар тезда қайтишди. Онам ичкари киргани ҳамон: “Ё қудратингдан, э, тавба қилдим-э!” – деркан, косада сув олиб симирди. Кейин отамга қараб: “Ғордан отилиб сув чиқяпти! Икки тегирмонча бор”, – деди.

Бу гап тезда қишлоққа тарқалди. Одамлар йиғилиб ғорга йўл олишди. Биз ҳам бордик. Ҳақиқатдан ҳам ғордан сув отилиб чиқарди. Сувдан буғ кўтариларди. Иссиқ! Ранги сарғишроқ, озгина ҳиди ҳам бор. Ҳаммадан қизиғи, чолнинг пақири думалаб ётган ерда бир дарахт пайдо бўлибди. Одам бўйидан сал баландроқ. Қишнинг нақ чилласи, дарахт ўрикка ўхшаб нимпушти ҳолда, ғарқ гулга кирган. Жийданики каби исиям бор, хушбўй – димоқни ёраман дейди. Ғордан чиқаётган сувнинг бир қисми жилға бўлиб, тошларни оралаб тепаликка қараб оққанича дарахтни тагига етиб, сўнг пастга қараб кетаяпти.

Одамлар қишлоққа қайтишганидан кейин тўпланиб маслаҳат қилишди. Охири, Уйшун ота Алишернинг гуноҳидан ўтибди, энди унга шу сувдан ичириш керак, дейишди. Аҳмадҳожи Позил баққолдан қўй сотиб олди, жониворни етаклаб бориб, ғорнинг ёнида қурбонлик қилди. Қайтишда янги сатилда тўлдириб сув олиб келди. Мулла тиловат қилди. Алишерга пиёлада сув тутишди. Маҳалланинг устаси бўларди, раҳматли Мисиржон – ўша Алишернинг орқасидан тутиб турди. Ҳамманинг кўзи Алишерда, у эса ярим ётган кўйи пиёладаги сувни аста ичди. Афти буришиб, тамшаниб қўйди, аммо индамади. Сувнинг ҳаммасини ичиришди. У яна индамай ичди, афти яна бужмайди. Ётди.

Кейинги куни қишлоқда Алишер овқат сўрабди, деган гап тарқалди. Не ажаб, ҳафта ўтмай Алишер ўрнидан туриб, ҳеч нарса кўрмагандек юриб кетди. Одамларга шу туртки бўлди. Энди ким касалга чалинса ғорнинг сувига югуришни одат қилди. Пақирнинг ўрнида ўсиб чиққан дарахтга латта боғлаш расм бўлди. Бироқ бу қанақа дарахт эканлигини ҳозиргача ҳеч ким билмайди. Барқ уриб гуллайди-ю, мева тугишга келганида тўкилиб кетади. Эртасига, бир кечада яна очилади. Одамлар, бунда ҳам ўзига яраша ҳикмат бор, вақти-соати келганида юзага чиқади, деб юришади.

Уйшун ота авлиё экан, биз унинг қадрига етмабмиз, деган гаплар ўшанда тарқалган. Ғор ҳам ўшандан бошлаб Уйшун ота номи билан аталган.

Қизиғини қаранг-ки, кейин бу одамнинг асли кимлигини суриштириб қолишди. Энди бунинг тарихи ҳам бир ажойиб чиқиб қолади:

Қадим замонларда бу ерда ўзига тўқ бир элат яшаган экан. Йигитлари – барно, паҳлавон, қизлари – сулув, сарвиқомат. Одамларининг кўзида ҳаё, сўзида ибо, кексаларнинг дилию тилида дуо қулф ураркан.

Бир кун жуда узоқдан ғалати шамол эсибди. Шамол эл оралаб бир эсишдаёқ одамларнинг кўксида кибру ҳаво пайдо бўлибди. Эркаклар ўз аёллари қолиб, қўшни келинчакларга ола қарайдиган, қиз-жувонлар сумбати келишган эркакларга кўзлари йилтирайдиган бўлишибди.

Инсонлардан фирибгарлар, амалпарастлар, қўйингки, ҳароми зотлар туғила бошлабди. Туғилган болалар пулга ўч, амалга ўч, шаҳватга ўч бўлиб ўсибди.

Аммо… элнинг қудрати пул билан эмас, юртдаги тож-тахт, амал билан эмас, аҳиллик-бирлик билан, имон билан ўлчанади. Ёмон шамол буни одамларнинг ёдидан ўчириб юборибди.

Шундай бир пайтда, қулай фурсатдан фойдаланган ғаним юртга бостириб кирибди. Фақат ўз жонинигина қутқариш ташвишида бўлганларни осонлик билан мағлуб этибди. Сўнгра халқни ўз измига юришга мажбурлабди. Урф-одатларини оёқ ости қилибди. Кўп талофатлар етказибди. Йигитларни аскарликка, мардикорликка ёллаб, қизларнинг номусига тегибди. Устига-устак, ғанимнинг тутган тутими ҳам асло одамийликка тўғри келмас эмиш: пешоб қилганидан кейин ёки бошқа шундай ҳолларда юз-қўлини ювмай тановулга ўтираркан.

Бу хору зорлик ва азоблардан халқнинг ақли равшанлашибди. Энди улар имон ҳақида, аҳиллик ҳақида, фарзандларининг келажак тақдири ҳақида ўйлай бошлашибди. Оқсоқоллар яширин маслаҳатга тўпланишибди. Шунда Уйшун деган бир йигит:

– Одамлар, – дебди, – мен ўттиз уч ёшимда минг йиллик сарсон кексаликни ва бир бегуноҳ гўдак қотиллигини бўйнимга оламан. Душманни енгишдан ўзга чора йўқ. Бунинг эвазига сизлар имон билан аҳил бўлиб, бир-бирингизни эъзозлаб, ҳалол ва покиза яшашни бўйнингизга олсангиз бас. Тақдирим менга раво кўрган азобларга ризо бўламан, ғаним эса йўқ бўлади. Фақат, ҳаром-харишлик, очкўзлик менинг руҳимни безовта қилади, сизлар шундан эҳтиёт бўлинглар…

– Ризомиз! Биз ризо! Раҳмат! – дебди одамлар.

Эртасига ғаним подшоси аскарлари босиб олган юртни кўриш учун бу ёққа келаётгани маълум бўлибди. Аскарлар ерлик йигитлардан бир қанчасини занжирбанд қилиб, подшо келганда осамиз деб майдон ўртасига олиб чиқиб қўйган экан. Лекин подшо ҳали қишлоққа кириб улгурмай, йўлдаги икки тоғнинг орасидан ўтаётган пайтда ажиб бир воқеа бўлибди. Лак-лак лашкарлар қуршовида келаётган подшо олдини Уйшун тўсиб чиқибди. Ҳамма тақа-тақ ҳайрон тўхтабди. Тирноғигача қуролланган бўлса ҳам лашкарлар-да қилт этолмай қолибди. Бамисоли ғаройиб бир сеҳру-жоду уларнинг кўзини боғлаб, жойидан жилдирмай қўйгандек. “Мен халқимнинг қасосини сендан олиш учун келдим, юр бу ёққа!” – дебди у ғанимларнинг подшосига. Подшо ҳам индамай отдан тушибди-ю, Уйшуннинг орқасидан кетибди. Улар ғорга кириши ҳамон бирданига гумбира-гумбир этиб, чақмоқ чақиб, тоғу тош ларзага келибди. Тепадан катта харсанглар ёғилиб, лак-лак лашкарлар асфаласофинга кетибди.

Ана шундай қилиб, халқ ғанимлардан қутулибди. Яна аввалги ҳаётига қайтиб, аҳил-иноқ, оқибатли, ор-номусли бўлиб яшай бошлашибди.

Уйшун эса одамларни ҳайрон қолдириб, шу бўйи бир йилдан кейин ғор оғзида пайдо бўлибди. Ўттиз уч ёшли йигит ўрнида соч-соқоли оппоқ оқарган бир чол намоён бўлибди. Лекин ҳеч ким билан гаплашмабди. Яқинлари борибди, хотини борибди – на бир оғиз сўз, на-да имо ишора. Аксинча, одам ёнига яқинлашаётганини сезса шошиб ғорга кириб кетармиш. Ғорнинг ичига назар солишса – поёни йўқ. Бир йил давомида бу одам нима еб, қандай яшаб кун кечирганини ҳеч ким билмайди. Шунда халқ ўртасида миш-миш тарқалади. Уйшун ҳалиги ғаним подшосининг гўштини еган эмиш-у, у энди қиёмат-қойимгача овқат емай яшармиш. Фақат сув ичар эмиш. Ҳақиқатдан ҳам одамлар узоқдан кузатишса, чол эртадан кечгача сув ташиш билан овора. Уззукун қиладиган иши – фақат сув ташиш…

Мана энди Уйшун ота ғори дунёга машҳур бўлиб кетди. Не-не жойдан одамлар излаб келиб, унинг сувидан шифо топяпти. Аммо, бу сувнинг хосияти жуда аъло эди-да. Фақат бир йили, ўшанда ҳам от йили эди. Николай пошшо тахтни ташлаб қочибди, деган гаплар тарқалган йиллар, ажнабий биттаси келди. Ғордан хабар топиб, шунга келган экан. Ўша палакат: “Мен шунинг ичига кираман”, – деб, шам ёқиб, калта иштонда, ширяланғоч, табаррук сувни тепалаб, кириб кетди. Кун пешинга борганда қайтиб чиқди-ёв. “Чамаси икки юз қадамча юрдим, каттакон тош қисилган жой бор экан, у ёғига ўта олмадим, лекин бунинг сувини шифобахшлиги рост”, – деб, ялангоёқ топтаб турган сувни, шундоқ оёғининг олдидан олиб ичди.

Ана шундай қилиб ўша падарлаънати ғор сувини булғади! Шундан кейин касал одам сувдан ичса фойдаси тегмай қолди. Халқ шундан сўнг фақат яра-чақа, сўгал чиқсагина ювиниб, шифо топадиган бўлди. Авваллари бу сув минг бир дардга даво эди-я!

Энди яна бир нарсадан ҳадикдаман. Олдинлари дардига шифо истаб ғорга келувчилар сувни пақирда олиб, бир четга ўтиб ювинишарди. Ҳозир ечиниб, шундоқ ичига тушишади. Уйшун ота ниҳоятда покликни ёқтиради. Алалоқибат биронта бетаҳорат аралашиб, ғордан биратўла сув чиқмай қоладими, деб юрагим ғаш. Озми-кўпми халққа фойдаси тегиб турибди. Ҳа, майли, эл-юрт тинч бўлсин.

Э-вой, айтгандек, тағин битта нарса эсимдан чиқай дебди. Буни сизларга айтиб кетиш бизнинг бўйнимиздаги қарз: Худойим Уйшун отага келган руҳни асли азалий қилиб яратган экан. Худойимнинг чеварлигидан, дунё яралибдики бу руҳ одамлардан-одамларга кўчиб, халқни поклаб, шифолаб, бало-қазолардан халос этиб келаркан. Мабодо юртни ҳалокатга олиб келувчи бирон офат ораласа, Худойимдан Уйшун ота руҳини ёрдамга жўнатишни сўраб, илтижо қилиниши лозим бўлган амаллар бор. Тушундиларингизми? Бу гап ҳамиша қулоғингизда турсин. Чунки вақти-соати келиб юрт тақдири сизларнинг қўлингизда қолади…” – қария шу жойда бироз тин олиб, атрофга разм солган, тингловчиларнинг сони камайиб қолганидан кўнгли ўксиганди. “Майли, энди сизлар ҳам бора қолинглар, – деганди ёнида бетоқат турган ҳамқишлоқларига, – қолганини эртага гапириб бераман. Мен ҳам бугун хийла толиқдим.”

Афсуски, Худойимдан Уйшун ота руҳини ёрдамга жўнатишни сўраб, илтижо қилиниши лозим бўлган қандай амаллар борлиги ҳақида ўшанда қарияни ҳеч ким мажбурламаганди. Мана энди Уйшун қишлоғининг тақдири наинки қўшнилари, балки каттакон мамлакат билан боғланган. Каттакон мамлакатни эса таг-зотининг тайини йўқ, қонхўр подшо ва унинг жиноятдошлари бошқармоқда.

(ДАВОМИ БОР)

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: