Асрий орзу

Афғон афғони

Денгизга чиқиш йўли бўлмаган Ўзбекистон мустақилликка эришганидан буён Афғонистон ва кейин Эрон ҳамда Покистон орқали денгиз бандаргоҳларига чиқишни орзу қилиб келади.

Афғонистондаги урушнинг ҳамон давом этаётгани эса бу режага тўсқинлик қилмоқда.

Бироқ афғон ерида тинчлик ўрнатишга ҳаракат қилаётган НАТО қўшинлари таъминоти учун янги йўл очиш асносида муҳим рол ўйнай бошлаган Ўзбекистон денгизга йўл очиш режаларига ҳам замин ҳозирлай бошлаган.

Йилнинг бошида Ўзбекистон Афғонистонда темир йўл қуриш лойиҳасини бошлаб юборди ва расмий хабарларга кўра, бу мамлакатга электр узатиш қувватини ҳам сезиларли даражада оширган.

Ўзбекистоннинг қулай жўғрофий жойлашуви ва энергия заҳиралари бутун дунё диққатини тортиб турган Афғонистон иқтисодини тиклашда муҳим рол ўйнаши мумкинлиги айтилади ва бундан Ўзбекистонннинг ўзи ҳам катта манфаатдордир.

Ўзбекистонга ташриф буюрган юқори мартабали АҚШ мулозимлари ҳам буни қайта-қайта такрорлаган, улардан бири Афғонистон пойтахти “Кобулда ёниб турган чироқлар учун Ўзбекистондан миннатдормиз” дея таъкидлаганди.

Ўзбекистоннинг Ўзбекэнергия давлат ширкати шу кунларда Афғонистонга электр узатишни 25 мегаваттдан 150 мегаваттга кўтарган. Расмийларга кўра, ўтган йили Ўзбекэнергия томонидан Афғонистонда 43 километрлик янги электр узатиш тармоғини қуриб битказилгани туфайли бундай имкониятга эга бўлинган.

Қолаверса, Ўзбекистон Марказий Осиё ягона энергия тизимидан чиқиш учун Афғонистон билан чегарадош Сурхондарё вилоятини бошқа ҳудудлар билан туташтирувчи ва Тожикистонни четлаб ўтувчи янги тизимни ишга туширди.

Ўзбек расмийлари ҳозирда Афғонистоннинг Мозори Шариф шаҳри ва пойтахти Кобулга кунига 2.3 миллион киловатт-соат электр энергияси узатилаётганини айтмоқда.

Ёнилғи экспортида имкониятлар чекланган

Айрим кузатувчиларга кўра, Ўзбекистон Афғонистонга электр энергияси ва қурилиш маҳсулотлари етказиб бериш, товарлар учун қулай транзити йўлини ўташда муҳим ўрин тутса-да, нефт ва газ масаласида мамлакатнинг ўзида тақчиллик борлигини айтишади.

“Ўзбекистонда газ ва газ конденсати ишлаб чиқариш суратлари кейинги йилларда камайиб бормоқда. Нефт эса шундоқ ҳам етишмайди. Шу сабаб Афғонистонни ёнилғи билан таъминлаш имкониятлари Ўзбекистонда кам кўринади,” дейди тошкентлик иқтисодий шарҳловчи.

Унга кўра, мамлакатда йилига 1.6 миллион тонна бензин ишлаб чиқарилади ва бу жадал ривожланиб бораётган ички бозор учун жуда кам ва шу сабаб Ўзбекистонда бензин нархи қўшни давлатларга нисбатан баланд даражада қолмоқда. Мамлакатдаги энг йирик ёнилғи тарқатувчи Uzgazoil ширкати эса жадаллик билан ташқаридан бензин сотиб олмоқда.
“Нефтдан олинувчи бошқа маҳсулотлар, масалан мойлаш маҳсулотлари экспорт қилиниши мумкин,” дейди у.

Лекин бошқа кузатувчилар Ўзбекистонда иқтисод давлат томонидан бошқарилиши ва зарур пайтларда у сиёсий мақсадлар учун хизмат қилиши назарда тутилса, бу масала фақат раҳбарларнинг четдан келаётган таклифларни қандай қабул қилишига боғлиқ эканини айтади.

Ўзбекистон яқинда авиаёнилғи ишлаб чиқара бошлагани ҳам Афғонистондаги НАТО қўшинлари таъминотчиларининг қизиқишини уйғотиши мумкин, дейди улар.

Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида кунига 500 тонна JET A-1 русумли авиёнилғи ишлаб чиқариш бошланган.

Расмийларга кўра, бу ёнилғи Боинг русумидаги ва бошқа барча реактив двигателли учоқларда ишлатилади.

Шу ойдан бошлаб “Ўзбекистон ҳаво йўллари” маҳаллий шароитда ишлаб чиқарилган авиаёнилғига босқичма-босқич ўтишни бошлаган ва унинг бир кунлик эҳтиёжи минг тоннани ташкил этади.

Шу боис ҳозирда бу ёнилғи экспорти ҳақида гапиришга ҳали эрта, лекин Фарғонадаги завод ҳам авиаёнилғи ишлаб чиқара бошлагач, экспорт эҳтимоли кучаяди, дейди кузатувчилар.

Суҳбатдошимиз бўлган иқтисодий шарҳловчи эса, бунга шубҳа билан қарайди ва Ўзбекистон Афғонистонга ёнилғидан кўра кўпроқ қурилиш маҳсулотлари, хусусан энг зарур маҳсулот бўлган цемент сотишдан манфаатдор эканини айтади.

“Ўзбекистондаги йирик, жумладан, Қизилқум ва Оҳангарон цемент заводларининг қуввати Қозоғистон ва Россия бозорларига мўлжалланган эди. Инқироз туфайли бу мамлакатларда қурилишлар камайгач, ўзбек заводлари Афғон бозорини ўзлаштиришга киришди ва айнан афғон бозори туфайли инқирознинг таъсири уларга деярли сезилгани йўқ,” дейди иқтисодий таҳлилчи.

Унинг айтишича, Ўзбекистон цементини қўшни Тожикистон ва Қирғизистондан кўра Афғонистонга экспорт қилишни афзал кўриши табиийдир. “Чунки биз қарши бўлган сув тўғонларининг ўзбек цементи билан қурилишини хоҳламаймиз, албатта,” дейди у.

Темир йўл қурилиши

Ўзбекистоннинг давлат темир йўл ширкати ўтган йили Осиё тараққиёт банкининг яқин 175 миллион АҚШ доллари миқдоридаги Ҳайратон-Мозори Шариф темир йўли қурилиши бўйича тендерини қўлга киритган эди. Хабарларга кўра, бир ҳафта аввал 75 километрлик ана шу темир йўлни қуриш учун илк тайёргарлик ишлари бошлаб юборилган.

Лойиҳа доирасида Ўзбекистоннинг чегарадаги Термез шаҳридан Афғонистоннинг Ҳайратон шаҳарчасигача бўлган 21 километрлик темир излар ҳам таъмирланади.

Ўзбек мулозимларидан бирига кўра, ҳозирда Афғонистонда фақат ўзбек лойиҳачилари ишламоқда, афғон томони билан баъзи келишувлар якунлангач, темир изларни ётқизиш ҳам бошлаб юборилади.

“Ўзбек мутахассисларининг хавфсизлигини таъминлаш бўйича музокаралар якунланиш арафасида, ҳозирча қурилишга таёргарлик ишлари бошлаб юборилган” дейди исмини айтишни истамаган мулозим.

Бу лойиҳа АҚШ томонидан ҳам жиддий кузатилмоқда, зеро темир йўли қурилиш битгач, Ўзбекистон ҳудудидан келаётган юклар Афғонистоннинг муҳим стратегик шаҳри бўлган Мозори Шарифга тўғридан-тўғри етказиб берилиши мумкин.

Ҳозирда АҚШ ва НАТО кучлари учун ноҳарбий юклар Ўзбекистон ҳудуди орқали ўтмоқда.

Афғонистон иқтисодида муҳим ўрин тутувчи мазкур темир изни, таъбир жоиз бўлса, Ўзбекистоннинг денгизга чиқиш орзуси томон қўйилган 75 километрлик “қадам” дейиш ҳам мумкин. Осиё тараққиёт банки маълумотларига кўра, келажакда лойиҳа давом эттирилиб, Кобул ва Ҳирот орқали ўтувчи темир йўл Марказий Осиё давлатлари учун денгиз бандаргоҳларига йўл очади.

Афғонистон иқтисодини тиклаш ва халқ хўжалиги ривожида бу лойиҳа аҳамияти жуда каттадир.(BBCUzbek).

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: