Ғарб давлатларининг раҳбарлари Украинадаги сайловлар натижаси Оврўпонинг энергия таъминотига таъсир қилиши эҳтимолидан огоҳлар.
Оврўпо газининг тўртдан бир қисми Россиядан келади ва айни миқдорнинг аксарияти Украина орқали ўтган газ қувурларидан етказилади.
Ўтган бир неча йил ичида Москва ва Киев ўртасидаги зиддиятлар туфайли Газпром қувурлардан газ оқимини тўхтатиб қўйганди.
Ўтган йил январ ойида Россия Украинани Оврўпо мижозларига аталган газдан яширинча ишлатаётганликда айблаб қувурларни яна ўчириб қўйганди.
Марказий ва Шарқий Оврўподаги юз минглаб инсонлар қиш чилласида иссиқликсиз қолишди.
Саноат ва бизнес ишлаб чиқаришни ярмига камайтиришга мажбур бўлди.
Ўтмишда бу каби зиддиятлар учун Оврўпо Иттифоқи Россиянинг ўзидан кичикроқ қўшнисига “кучини кўрсатиб қўймоқчи” деб танқид қилар эди.
Бу гал эса Украина ҳам айни масалада “фаришта” эмаслиги аён бўлди.
Украина “наҳанглари” ўйини
Газпром Украина транзит тизимларига эгалик қилмоқчи
Орадан кўп ўтмай Нафтогаз давлат энергия ширкатининг идораси мисли кўрилмаган ҳолатлар билан рўпара келди.
Қора кийимларда қуролланган шахслар ширкатнинг идораларига бостириб кирди, ходимларни сўроққа тутди ва ҳужжатларни мусодара этди.
Украинанинг сиёсий зиддиятлари очиқчасига ўзини намоён эта бошлади.
Президент назорати остида бўлган хавфсизлик хизматлари Бош вазир қарамоғидаги давлат энергия ширкати идорасига рейд уюштирди.
Ҳамма гап бир неча миллиард долларга тенг газ олди сотдиси ва транзитини ким назорат қилишига боғлиқдай…
“Айни соҳада Украина элитаси орасида кўплар яхшигина пул қилишди ва кўплар ҳамон пул қилишмоқда,” дейди Киевдаги Конрад Аденаур жамғармасининг директори Нико Ланж.
Айни жамғарма Олмония Канслери Ангела Меркелнинг Насроний – демократлар партияси билан яқин алоқада экани айтилади.
Ланж жанобларига кўра, Украинадаги сиёсий элита ўз манфаатлари учун ҳам энергия соҳасида ислоҳотлар бўлишини хуш қаршиламайди.
“Газ маликаси “
Президентлик сайловларида иштирок этишга бел боғлаган икки илғор сиёсатчи ҳам газ савдосида ўз қизиқишларига эга.
Омма сўровларида олдинги қаторларда турган Виктор Янукович ва унинг сиёсий “ватани” мамлакатнинг шарқий қисмидадир.
Айнан шу минтақанинг оғир саноати тақдири Россия гази билан боғлиқ.
Янукович жаноблари билан омма сўровларида олдинма кейин келаётган бошқа бир сиёсатчи, унинг рақиби Юлия Тимошенкодир.
Аммо бир қараганда Россия ва Оврўпо Иттифоқи ўртасидаги газ савдосига буларнинг ҳеч бир алоқаси йўқдай…
Россия йирик газ заҳираларига эга.
Оврўпо эса харидор. Аммо Сибирдаги конлардан Оврўпо харидорига қадар бу газни қандай етказиш мумкин деган савол анчайин оғриқлидир.
Сталин даврида Шўролар иттифоқи йирик бир газ қувурлари тармоғини барпо этганди.
Тармоқ мамлакат ғарбигача келган ва Оврўпога бемалол газ етказиб берар эди.
Совуқ уруш даврида ҳам бу савдо ўлмади.
Аммо Шўролар қулаши билан Россиянинг Газпром ширкати даъфатан кутилмаган бир воқеиликка дуч келди.
Газ қувурларининг бир қисми эндиликда мустақил, “яқин хориж” саналган Украинада эди.
“Мустақилликка хавф”
Мустақилликдан кейин қарийб ўн беш йилча газ таъминотида ҳеч қандай муаммо ўртага чиқмади.
Украина газ қувурларининг тушовини Москвага бериб қўйгани учун нисбатан арзон нархда газ олар эди.
Кейинроқ ҳамма нарса ўзгарди.
Норинж инқилоби 2004 йилда ҳокимият тепасига ғарбпараст раҳбарни олиб келди.
Юшченко жаноблари Украина ортиқ Россиянинг сурнайига рақсга тушмаслигини айтди.
Нико Ланжга кўра, Украина газ тизими устидан назорат мамлакат мустақиллиги билан боғлиқ.
Унинг айтишича, Россия бу тизим устидан назорат ўрнатса, унда мамлакат мустақиллиги хавф остида қолади.
Янги келишув
Оврўпо Иттифоқи Украина газ сектори ислоҳ этилиши керак демоқда.
Брюсселдагилар бу масалада Украина сиёсатчиларининг сусткашлигидан ҳафсаласи пир бўлган кўринади.
Бу Январ ойида аввал кутилганидай газ инқирози юз бермади.
Ўтган йил ноябр ойида Бош вазир Юлия Тимошенко ўзининг Россиялик ҳамкасби Владимир Путин билан янги келишувни имзолади.
Россия Украинага солинган жарималардан воз кечди.
Киев қарзларини осонроқ тўлайдиган бўлди.
Путин жаноблари бу каби нозик масалада Тимошенко хоним билан ишлаш “мароқли” эканига ишора қилди.
Бу эса ўз навбатида Путин жаноблари Тимошенко хонимнинг президентлик сайловида дастаклашига ишорадир.
Тимошенко хонимнинг рақиби Виктор Янукович эса айни келишувни Украина учун зарар деб атади.
Москва Украинанинг газ транзит тизимини назорат қилиш ниятидалигини яшириб ўтиргани йўқ.
Оврўпо Иттифоқи эса Россия газига қарамликдан қутилмоқчи…
Москва ва Киев ўртасидаги мавжуд шартнома Январ ойига башорат қилинган инқирознинг олдини ола билди.
Аммо аслида келишув нималарни кўзда тутгани ошкор этилгани йўқ.
Газ савдоси ёпиқ эшиклар ортида ўтказилар экан, бу савдо геосиёсий масала сифатида қолаверади.
Бу эса Оврўпога газ таъминоти масаласи ҳам узил-кесил ҳал бўлмаганини англатади.(Габриэл Гейтҳоуз
Би-би-си, Киев)
Filed under: 1.BOSH SAHIFA, Shu kunning gaplari, Uzbek |
Leave a Reply